Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Рауф Парфи Мирзиёев ҳукуматининг ҳам “қора рўйхати”дами?

Рауф Парфи Мирзиёев ҳукуматининг ҳам “қора рўйхати”дами?
26 Eylül 2018 - 10:18 'да юкланди ва 428 марта ўқилди.

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, Ўзбекистонда атоқли шоир Рауф Парфининг 75 йиллик юбилейини нишонлашга қарор қилдилар.

Ташкилотчилар хотира кечаси Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона биносида ўтказилиши ҳақида эълон қилдилар.

Кечага “Туркий дунёнинг ғолиб хаёли” деб ном берилди.

Мўлжалланган санага бир ҳафта қолганида Рауф Парфи кечасининг Миллий кутубхона биносида ўтказиши тақиқланди.

Ким, нега тақиқлади, деган саволларга кутубхона раҳбарияти ҳам жавоб беришга қийналиб қолди.

Юбилей кечасининг Тошкентдаги Ойбек уй-музейига кўчирилгани хабар қилинди.

25-сентябрь куни тадбирни ўтказишга бош-қош бўлиб юрган тошкентлик тарихчи Анвар Назир Рауф Парфи хотира кечасини Ойбек уй-музейида ҳам ўтказиш тақиқланганини маълум қилди.

“Бу Рауф Парфининг шахси билан боғлиқ эмас. Биз кутмаган эдик, тасодифий бўлди”, деди Би-би-си билан суҳбатда тарихчи Анвар Назир.

“Расман сабаблар ҳақида бир оғиз гап йўқ. Изоҳ берилмаган. Сабабсиз. Ва биз билмаймиз шахсан ким ўзининг ролини ўйнаган”, деди Анвар Назир.

Рауф Парфи оламдан ўтди

2005-йил 29-март

Паҳлавон Содиқ, Би-би-си, Лондон

“Рауф Парфи оғир касал экан”, деган хабарларга қарамасдан, шоирнинг ўлими энг яқин дўстлари учун ҳам кутилмаган ҳодиса бўлган.

Унинг қандай хасталикка чалинганини ҳеч ким билмас, аммо авваллари ҳафтанинг тайинли бир куни “тайинли бир жой”да шогирдлари билан кўришиб турадиган шоирнинг кўздан йўқолгани унинг соғлиги борасидаги хавотирли гап -сўзларга сабаб бўлган эди.

Яқинларининг айтишича, Рауф Парфи шу йил бошларида микроинсультни бошидан кечирган ва тўшакка михланиб қолган.

Душанба куни Тошкентдан “Рауф Парфининг дўстлари унинг даволаниши учун ёрдам тўплашаётган экан”, деган хабарлар келганди.

Аммо кечга бориб, унинг вафот этгани ҳақидаги машъум хабар тарқалди…

“Пропискасиз” фуқаро

Ўтган йилнинг кеч кузи. Ярим тунда ҳофиз Дадахон Ҳасан билан Рауф Парфининг эшигини қоқдик. Тошкент четидаги қайсидир завод ётоқхонасининг қоронғу йўлагига “Рауф акам йўқлар” деган овоз эшитилди.

Дадахон Ҳасаннинг “хат ёзиб кетамиз” деган қистовидан сўнг, унинг аёли эшикни очди.

Уй бекасининг қоғоз – қалам олиб чиқиш учун ичкарига кириб кетганидан фойдаланган Ҳофиз ижозат ҳам сўраб ўтирмасдан, йўлак тўғрисидаги қоронғу ошхонага кириб, чироқни ёқди.

Ичкаридан шоирнинг “мен сизларни мелиса деб ўйлабман” деган овози эшитилди.

У кўрпага ўраниб олган ва бошига китоблардан ёстиқ қилган-ча, ниманидир қоралаб ўтирганди.

Милиция ходимлари уни “пропискангиз йўқ” деб қидириб келавериб, безор қилишган экан.

Шоир ҳар сафар милиция қўлидан ўзининг “Ўзбекистон Халқ Шоири” деб ёзилган гувоҳномасини кўрсатиб, қутулиб қолишини айтди.

“Бу ҳужжатни фақат шунинг учун олиб юраман” деди у Президент Каримовнинг имзоси қўйилган қизил гувоҳномани кўрсатиб.

Халқ шоири

1999 йил, Мустақиллик байрами арафасида ҳукуматнинг Рауф Парфига “Ўзбекистон Халқ Шоири” унвонини бериш тўғрисидаги қароридан ҳамма хурсанд бўлган эди. Унинг ўзидан бошқа….

Умрида унвон олмаган шоир уни қутлаётган дўстларига “унвонини бошимга ураманми” деб жавоб берарди.

Рауф Парфи ўша куни Би-би-сига мана бундай деган:

“Халқ зулмдан қон қусаётган бир пайтда бу унвон мен учун ҳаромдир!”.

Орадан бир кун ўтиб, Президент Каримов унвонларни эгаларига тантанали равишда топширган, аммо ҳукумат ва Президентнинг эътибори учун қуллуқ қилаётганлар орасида Рауф Парфи йўқ эди…

“Ўзбекистон Халқ шоири” деган унвон ҳам унинг китобларини чиқаришга ёрдам беролмади.

Рауф Парфига норасмий таъқиқ қўйилганди.

Ҳеч ким, яқин дўстларининг айтишича, хатто президент девонидагилар ҳам унинг “буюк шоир”лигини инкор этишмас, аммо мустақилликдан кейин номи “қора рўйхат”да бўлган шоирнинг китобини босишга ҳам журъат қилишмас эди.

Мухолифатчи ва ҳуқуқ ҳимоячиси

Рауф Парфи Ўзбекистондаги икки йирик мухолифат ташкилоти – “Бирлик халқ ҳаракати” ва “Эрк” партиясининг бошида турган шахслардан эди.

У мустақил инсон ҳуқуқлари ташкилотининг аъзоси ҳам бўлган.

2000 йилда Рауф Парфи қамоқдаги адиб Мамадали Маҳмудовни озод этиш учун кампания бошлайди.

Бир гуруҳ адиблар ёзувчини озод этишни сўраб, Президент номига ёзилган Мурожаатга имзо қўядилар.

Аммо бу мурожаат нафақат рад этилади, балки унга имзо қўйганларни таъқиб этиш бошланади.

Улардан кўпчилиги ишдан ҳайдаладилар.

Фақат ишсиз Рауф Парфи ва нафақахўр Шукруллогина бу таъқибдан “омон қолишади”.

Бу – амалда бир пайтлар озодлик ва мустақиллик ҳаракатининг бошида турган ўзбек адиблари ва зиёлиларининг энг сўнгги акцияси эди.

Ўтган йилнинг ноябрида шоирни уйига кузатиб қўярканман, ёнимда фотокамера борлиги эсимга тушиб, “келинг, бир суратингизни олиб қўяй”, дедим.

Рауф ака “суратимни нима қиласиз?” дея ўнғайсизланди, аммо менинг қистовимдан сўнг, камерага қаради.

Суратга олиб бўлганимдан кейин эса, “расмга тушмаганимга ҳам анча бўлган эди”, деди.

Мен эса, “энди тез -тез расмга олиб турамиз”, деб ҳазиллашдим, аммо бу – шоирнинг сўнгги сурати бўлишини хаёлимга ҳам келтирмагандим.

Худди шоир айтган Такурнинг охирги шеъри сингари.

Бу шеърни Шоир ўзи ҳақда ёзгандай…

ТАКУРНИНГ ОХИРГИ ШЕЪРИ

Айролиқ кунидир туғилган куним

Робиндранат Такур

Сохир Сарасвати! Надир бу ақлим,

Надир тану, надир дилу, надир жон?

Бу қандай каҳкашон, бу қандай иқлим?

Алдандимми туғилиб? Ростми? Ё ёлғон?

Эй, менинг паришон, эй шўрлик халқим,

Бағрим, қачон туғиласан, сен, қачон?!

Қорайиб тиркашар ўз музтар кўлкам,

Изиллар сўзимнинг маъюс жарангги.

Визиллар музларга бурканган кўклам,

Очиқ поёнларнинг баёнсиз рангги.

Совуқ қоронғунинг оппоқ садоси,

Бўғзимда бўғилар мусиқам, уним.

Ҳажр сахаридир ҳижрон саҳроси,

Ал-видо кунимдир туғилган куним.

2. Ай сен, она халқим, лойларга ботдим,

Пилла ҳаловатнинг ғилофидан чиқ!

Сўйилган сағримга заҳролуд қотдим,

Камолот сўқмоғи нақадар аччиқ.

Тириклар! Ёндирманг эски маъвони,

Сувларга бостирманг. Тириклик битар.

Ҳавони қизғонманг, озод ҳавони,

Тупроқни булғатманг. О, Шива, етар!

Ерга қўйинг мени. Онамдир тупроқ,

Топиниб ўпайин онамнинг изин.

Онамнинг юзини, ой юзида доғ.

Яшин беринг менга, чатнайин ўзим,

Менга денгиз беринг, дарёлар урфоқ.

Нафас беринг менга, берингиз Сўзим.

3. Изғирдим саргардон мен сизни излаб,

Товонимни тешди сирабон ёмғир.

Ўзимни лаънатлаб, сизимни сизлаб,

Ўлмай туриб ўлдим, сиз учун охир.

Ёниб айтдим, чексизликнинг чеки бор,

Чексизликнинг чекларига етармен.

Мендан рози бўлинг, тириклар, дўст-ёр,

Бир чимдим меҳрингиз олиб кетармен.

Менинг соғинганим қайларга кетди?

Тамом! Бор-йўғимни совуриб бўлдим,

Ўлимим соғинган додига етди.

Агар мен коинот бўлсам, мен – тўлдим.

Хайр, хайр энди. Биз нетдик? Ул нетди?

Мен букун туғилдим. Мен букун ўлдим.

4. Ўзимни топканда сизни йўқотдим,

Унутдим ўзимни, топдим еримни.

Мен сизга бир дунё дунё қолдирдим,

Мен сизга қолдирдим қонли шеъримни.

Сафарим олдидан яна ўйладим,

Начора, қарзларим кўп эди, эсиз.

Яманинг руҳига сокин сўйладим-

У ёқларда қандай яшайман сизсиз?

Сизсиз бор нарса йўқ, томирда тугун,

Юзингизда кўрдим Аллоҳ жамолин.

Охирги сафарим – мен туғилган кун.

ЎХҲ ахборот бўлими

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort