Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ҳазрат Саййид Амир Кулол

Ҳазрат Саййид Амир Кулол
01 Ekim 2018 - 8:00 'да юкланди ва 220 марта ўқилди.

ҲАЗРАТ САЙЙИД АМИР КУЛОЛ

«Мақомоти Амир Кулол» китобида «Саййид Амир Кулол» нинг тарихлари тўлиқ баён қилинган. Бу китобнинг муаллифи Шаҳобиддин, Амир Кулолнинг чеваралари, яъни Амир Кулолнинг Ҳамза исмли ўғилларининг невараси (қизларидан). Амир Кулол «саййидлар» дан, яъни пайғамбаримиз Муҳаммад (а.с)нинг уруғларидан. Оталари Амир Ҳамза бўлиб, Ҳижоздан (ҳозирги Саудия Арабистони) Бухоронинг Афшона (Пешку) қишлоғига кўчиб келганлар. Бу ерда у кишини турк машойихларидан Саййид ота (қ.с.) (ваф. 1321 й, Аҳмад Яссавийнинг муридларидан ) кўргани келиб турар эдилар. Саййид ота биринчи бўлиб Амир Кулолнинг келажакда улуғ инсон бўлиш-ликларидан башорат берганлар (ҳиж. 683й. 1284-1285 й.). Кунлардан бир кун Саййид ота Афшонага келадилар ва Саййид Амир Кулолнинг оталарига айтадилар: «Эй биродар, сизга Ҳақ Субхонаҳу ва таъоло бир фарзанд каромат қиладики, унинг файзи жаҳоннинг бошидан охиригача етади. Албатта, унинг исмини Амир Калон қўйинг».

Дарҳақиқат, оз фурсат ўтганидан сўнг Ҳазрат Саййид отанинг айтган башоратлари амалга ошган ва Амир Кулол муҳтарама оналарининг ботиний вужудларида пайдо бўлган ва тезда ўзига хос бўлган сифатларни намоён этган. «Мақомот» да Саййид Амир Кулолнинг оналарининг тилларидан қуйи-дагича баён этилади: «Менинг ботиний вужудимда Аллоҳ таборак ва таоло у кишини вужудга келтирганда, мабодо билмасдан бирор шубҳали луқмани есам, ичимга шундай ҳайбатли оғриқ кирар эдики, хеч нимани билмай ҳушимдан кетар эдим. Бундай воқеалар кўп бўлиб турар эди. Кейин англадимки, бу бизда фарзандимиз қадамларининг баракотидан экан».

Саййид Амир Кулол оналари тилидан келтирилган воқеа шуни кўрсатадики, Ҳазрат ҳали оналарининг ботиний вужудларида энди дунёга келганларидан бошлаб фақатгина ҳалол луқмани истеъмол этганлар. Ҳаром ва шубҳали луқмани у кишининг пок вужудлари умуман кабул қилмаган. Поклик улуғ зотга берилган илохий файз бўлиб, ҳақиқатга етишишнинг асосий воситаси ҳам бу поклик эканлигини кўрсатади.

Саййид Амир Кулол – асл исмлари Саййид Амир Калон ас-Сухорий бўлиб, Бухоро яқинидаги Сухор қишлоғида (ҳозирги Когон туман Янги ҳаёт қишлоғида) туғилганлар. Бу зот тахминан ҳиж. 680й мел. 1281 йилда дунёга келганлар. Кулолчилик ҳунарида машҳур бўлганликлари учун Амир Кулол деб аталганлар. Бу зот – пайғамбар алайҳиссаломнинг насабларидан бўлганликлари учун саййидлардан ҳисобланадилар.

Саййид Амир Кулол (қ.с.) ҳаётларида Бухородан ташқарига чиққан эмаслар, яъни на Макка ва Мадина ва на бошқа жойларда бўлганлар. Ҳижоздан то Туркистонгача муридлари бўлган эсада, бу муридларига таълим беришликларини ҳеч ким билмаган, яъни каромотлари ила бўлган.

Ҳазрат Амир Кулолнинг биринчи устозлари Яссавия тариқатининг пири, турк машойихи Саййид Отадирлар. У киши ҳазратнинг туғилишини башорат қилиш билан бирга, қандай шахс бўлиб вояга етишларини айтиб, номларини ҳам қўйганлар. Кейинчалик бу муҳтарам Шайх Амир Кулолни тарбиялари билан шуғулланганлар.

Ҳазрат Амир Кулолнинг иккинчи устозлари Хўжагон тарикатининг йирик мутасаввуфларидан Муҳаммад Бобойи Самосий (ваф.1354) эди. Бу улуғ зот билан Ҳазрат Амир Кулол 15 ёшда бўлганларида учрашганлар ва 20 йил узлуксиз у кишининг хизматларида бўлганлар.

15 ёшларидан Муҳаммад Бобо Самосийга шогирд тушиб, Қуръон, ҳадис, тасаввуф илмларини ўрганиб ўз замонларида «Султонут тарикат» – тариқат султони, «Муршидус соликин» – ҳақ йўлга кирганларнинг пири ва «Саййидул орифин» – авлиёларнинг саййиди унвонларига эга бўлганлар. Ҳазрат Саййид Амир Кулол силсила омонатини Хўжа Муҳаммад Бобо Самосийдан олиб, ҳазрат Абдухолиқ Ғиждувоний асос солган «Хўжагон» тариқатининг пирларидан ҳисобланадилар. Ҳазрат Саййид Амир Кулол тасаввуфдаги мўътадил ғояларнинг тарафдори бўлган . Саййид Амир Кулолнинг 114 та етук шогирдлари бўлган.

Улардан машҳурлари: Хўжа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Ориф Деггароний, Амир Кулол Воший, Алоуддин Консуруний, Хўжа Шайх Дарзуний, Шамсиддин Кулол, Жалолиддин Кеший. Соҳибқирон Амир Темур ҳам бу зотни ўзига пир-устоз санаган.

Амир Кулолнинг муридлари орасида Мавлоно Ориф Деггароний ва Баҳоуддин Нақшбанд ўз истеъдодлари билан бошқалардан ажралиб турганлар.

Амир Кулолнинг 4 ўғиллари бўлган, Тўнғич ўғиллари Амир Бурҳон (у кишини Бахоуддин Нақшбанд (қ.с.) тарбиялаганлар), иккинчи ўғиллари Амир Шоҳ (у кишини Шайх Ёдгор тарбиялаганлар), учинчи ўғиллари Амир Ҳамза бўлиб оталаридан кейин Хўжагон тариқатини давомчи пирларидан (у кишини Мавлоно Ориф Диггароний тарбиялаганлар), тўртинчи ўғиллари Амир Умар (у кишини Мавлоно Жамолиддин Дехосиёбий тарбиялаганлар). Мақомот китобининг муаллифи ўз китобларида Амир Кулолнинг фақат 2 ўғиллари вафот йилларини аниқ кўрсатганлар, Амир Ҳамза (22 март 1406 й), Амир Умар (14001401 й).

Ҳазрат Саййид Амир Кулолнинг тўртинчи фарзандлари Саййид Умарнинг файзли мозори, Самарқанд шаҳрининг жанубида, шаҳарга туташган Қавола маҳалласидаги ариғнинг ёқасида, чинор остидадир. Саййид Умар Амир Темур замонасида Самарқандда муҳтасиблик (молия вазири) мансабида эди. Ҳижрий 803 (мел. 1400) йил вафот қилганлар. Кейин у кишининг муборак жасадини Амир Темур даҳмасига келтирганлар. Даҳманинг қибла тарафидаги қабр у кишиники эканлиги таъйин қилингандир. Аммо Қавола мавзеидаги чинор тагини у кишининг қадам жойи деб эътиқод қиладилар.

ҲАЗРАТ САЙЙИД АМИР КУЛОЛ ЗИЁРАТГОҲИ

“Саййид Амир Кулол” жомеъ масжиди мустақилликка эришилганидан сўнг қайта 1994 йилда ҳашар йўли билан қурилган. “Саййид Амир Кулол” жомеъ масжиди Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Бухоро вилоят Адлия бошқармасининг 1998 йил 10 августда диний ташкилот уставини №14 – сонли гувоҳнома билан қайта рўйхатдан ўтказган. Масжид ўз фаолиятини ҳозирги кунга қадар давом эттириб келмоқда.

Масжид биносининг олд ва ўнг томонида айвони бор. Шу билан бир қаторда бинонинг олд томонидан киравериш қисмининг ўнг ва чап томонида 2 та хона мавжуд. Масжид биносининг ташқи ўлчовлари, яъни масжиднинг баландлиги – 4,70 метр, узунлиги – 24,4 метр, эни – 18,5 метрдан иборат. Масжид гумбазининг баландлиги – 9 метр, майдони 464,5 м2, хажми эса 2183,2 м3 дан иборат.

Масжид биносининг пойдевори табиий тош, деворлари пишган ғишт билан терилган. Бинонинг томига туника қопланган поли ёғочдан. Масжиднинг икки ён ва олд томонидан деразалари мавжуд бўлиб улар ҳам ёғочдан ўрнатилган. Бинога кириш учун 3 та эшик мавжуд, эшиклар уйма нақшкори қилиб ўрнатилган. Масжид шифтида ганч уймакорлиги ишлари бажарилган. Масжидда бир вақтнинг ўзида, 300 дан зиёд киши намоз ўқиш имконияти бор.

Масжиднинг икки айвони девори ва шифтида хам ганч уймакорлиги ишлари бажарилган. Айвоннинг олд томон устунлари ёғочдан, ўнг томон устунлари темир бўлиб, устидан алюкафон қилинган.

Масжид минораси 2007 йилда қурилган.

“Саййид Амир Кулол” жомеъ масжиди мақбараси 2 та хонадан иборат. иккинчи хонада Саййид Амир Кулолнинг қабрлари жойлашган. У хонага биринчи хона орқали кирилади. Мақбара 2007 йилда Президентимизнинг ташаббуслари билан ўзимизнинг миллий Бухороча услубда гумбазли қилиб қурилган. Деворлари пишган ғиштдан. Иккала хонанинг ҳам ички узунлиги ва эни 6 метрдан. Мақбара биносининг ташқи ўлчовлари, яъни баландлиги – 12 метр, узунлиги – 15 метр, эни – 8 метр, майдони – 120 м², хажми эса 1440 м³ дан иборат.

Масжидда аёллар ва эркаклар учун тахоратхона мавжуд. Иссиқ ва совуқ сув билан таъминланган. Барча қулайликлар зиёратчи ва намозхонлар учун яратилган. Шу билан бир қаторда масжид худудига кириш учун 2 та дарвозаси бор. Имом хатиб хонаси, ошхона, мехмонхона, қудуқ омборхона, қоровулхоналардан иборат.
Масжид атрофи қабристон бўлиб, шарқ томондан Когон – Қизил тепа йўли ўтган. Масжиднинг умумий ер майдони 20000,0 м2 дан иборат.

Манба: naqshband.uz

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort