Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Бугунги қора ишларга бугун муносабат билдириш чинакам марднинг иши!

Бугунги қора ишларга бугун муносабат билдириш чинакам марднинг иши!
01 Ekim 2018 - 21:51 'да юкланди ва 1101 марта ўқилди.

БИЛДИРИШ

Чет элга чиқишимга рухсат берилмагани орқасидан Қастамону анжуманига бора олмайдиган бўлдим.

Ҳозиргина билсам, у ёқдаги ташкилотчилар шошилинч равишда менинг номимни анжуман дастуридан ўчириб ташлашибди.

Тушунмай қолдим: кимдан ва қаердан уларга топшириқ бўлди? Кимларнинг йўл-йўриғига юради улар?

Қатағонни қоралаб анжуман ўтказаётганлар ўзлари янги қатағонга шерик бўлдилар бу ишлари билан.

Мен ҳар қандай ҳолда давлатимнинг қарорини ҳурмат қиламан ва тўғри тушунаман. Бунинг устига, менга чет элга чиқишга изн бўлмаслигининг сабаби бор. Ҳозир масала бунда эмас. Ташкилотчилар менинг номимни дастурдан чиқариб ташлаганлари ғариб ҳодиса! Менинг шаънимни ҳақоратлаш деб баҳоланса ҳам бўлади.

Ушбу Баёнотим шу учун ҳам ўзимизникиларга эмас, балки “Кавказ ва Туркистон 1938 йилги совет қатлиоми ва оқибатлари” мавзуида анжуман ташкил қилган мутасаддиларгадир.

***
БАЁНОТ

1938 йилги Совет қатағонининг 80 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган анжумандан бир адиб қатағон қилинди.

Бу иш ўтган асрда қилинмади, ўрис-совет ҳукумати қилмади, коммунистлар қилмади, бу ишни бугун, қатлиом ва қатағонларни қоралаш учун уюштирилаётган анжуманнинг ташкилотчилари қилди!

Анжуманга расман таклиф этилган, маърузаси қабул қилинган ва анжуман дастурига киритилган бир одамнинг номи шошилинч равишда дастурдан чиқариб ташланибди!

Менга боғлиқ бўлмаган айрим сабабларга кўра анжуманга бора олмай қолганим бошқа масала, бу нарса менинг муаммоим ва мен насибам қўшилмаганидан заррача хафа эмасман.

Мамлакатдан чиқишга менга рухсат берилмаганининг ички сабаби бор, албатта. Аммо бу ҳодисадан қўрқиб кетиб номимни дастурдан ўчириб ташлаш энди ташкилотчилар бўйнига тушадиган айбдир, қатағоннинг янгича кўринишидир!

Вазиятдан бошқача чиқиб кетилса бўларди. Масалан, маърузани ўзимиздан борган бошқа бирон киши ўқиб берса ёки замонавий технологиядан фойдаланиб, онлайн маъруза қилинса ҳам бўларди. Йўқ, ташкилотчилар муаммони анжуманга бора олмай қолган бир ёзувчининг исм-фамилиясини дастурдан осонгина ўчириб ташлаб (қатағон этиб) ҳал қилган. Шундай кишилар ўтган аср 37 – 38-йиллар қатағонини ёмонлашга, у машъум ҳодисанинг 80 йиллигини нишонлашга маънавий ҳаққи бўладими?!

Бугунги қатағонларга очиқ қарши тура олмаган тақдирда ҳам, ҳеч бўлмаганда орқадан уни қоралай олмаган, аксинча, асоссиз равишда устидан “Иш” очилган адибнинг номи дастурда туришидан қўрққан кимсалар ўзи ҳам қатағонларга маънавий шерикдир! 37 – 38-йиллар қатағонига томошабин бўлиб турган, қўрққан ёки олқишлаган ўша давр зиёлиларидан асло фарқи йўқдир!

80 йил наридаги воқеани муҳокама этиш осон, бугунги қора ишларга бугун муносабат билдириш чинакам марднинг иши!

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort