Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Адабиёт – ҳақиқат жарчиси

Адабиёт – ҳақиқат жарчиси
02 Ekim 2018 - 18:00 'да юкланди ва 287 марта ўқилди.

Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол билан суҳбат:

– Мақолаларингиздан бирида зиёлиларни жамият ҳавосининг озон қатламига менгзагансиз. Бугун адабиёт аҳлининг ҳаётдаги ўрни қандай?

– Дунё ҳар бир миллатни, аввало, унинг олиму фузалолари, шоиру удаболари, яъни адиблари орқали танийди. Боболаримиз илму адаб, деб бекорга айтишмаган. Фарзандларни ҳамиша илм олиб, адаб ўрганишга ундаган. Оламни билиш одамни билиш, Аллоҳни билиш – илм. Адаб – одамийликдир.

Мавлоно Жалолиддин Румий демишлар:

Одамийро одамият лозимаст,
Гул агар хушбў набошат, ҳезумаст …

Яъни, одам фарзандига одамийлик лозим. Гулнинг атри бўлмаса, у гул эмас, хашак… Ҳамма нарса парваришга муҳтож бўлганидек, бу фазилатлар ҳам тарбияга муҳтож. Тарбиячи ким? Тарбиячи – адабиёт. Адабиёт назму наср воситасида ҳар лаҳза таъкидлаб туради: “Ҳой инсон, Аллоҳнинг ер юзидаги халифаси, севимли бандаси, зоти шарифдирсан! Шу ному мақомга муносиб бўл! Назарингни баланд тут, балойи нафсга қул бўлма! Сўнгги борар жойинг Ҳақ даргоҳи эканини унутма!”.

Адабиёт ўқиб, уни ўрганиб, шу хулосага келдимки, дунёда ҳамма фанлар бир тараф, адабиёт бир тараф. Ҳамма фанлар танингга хизмат қилади, адабиёт эса жонингга, руҳингга қувват беради. Танинг тупроқдан, руҳинг – Аллоҳнинг даргоҳидан. “Илҳом” сўзининг таг-тагида “илоҳ” ётишини эсласак, манзара аён бўлади. Илҳом шоирга берилган Аллоҳнинг гўзал неъматидир. Илҳомга йўғрилган сўз, адабиёт – руҳият, маънавият фани. Келишган қадду қоматинг бўлсаю шунга ярашиқ руҳиятинг, маънавиятинг бўлмаса, баҳойинг сариқ чақа. Адабиёт ўқиган билан ўқимаганнинг фарқи бор. Адабиёт ўқиганларда сўз туйғуси, адолат туйғуси баланд бўлади. Юриш-туриши, сўз-муомаласида кўнгил софлиги, самимият акс этиб туради. Демоқчиманки, яшасин адабиёт! Савияси баланд, байроғи юксак, фикри теран, тасаввури чексиз, инсонда инсонни тарбиялаб, уни ҳимоя қиладиган адабиёт. Миллат адабиёти билан гўзал, адабиёт ҳақиқати билан. Адабиёт – ҳақиқат жарчиси, ҳақиқат – адабиёт байроғи. Замирида ҳақиқат қони гупуриб оқмаган адабиёт адабиёт эмас.

– Бугун қалам аҳлига эътибор анчайин баланд. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси учун муҳташам бино, ёзувчилар учун янги шинам уй-жойлар… Хуллас, ижод қилиш учун барча шароит муҳайё. Шундай муҳитда ижодкорларимиздан етук, баркамол, ҳикмати асрларга татигулик асарлар кутишга ҳақлимизми?

– Албатта, ҳақлимиз. Қулай шароит бўлиши, бўлмаслигидан қатъи назар, ҳамиша етук асарлар яратилишини кутиб, умидвор бўлиб яшаймиз. Унутманг, устоз Ойбек “Навоий” романини танчада ўтириб, керосин лампа ёруғида ёзган…

Илҳом Аллоҳдан, деб бекорга айтмадим. Истеъдод ва ғайрат қўшилган жойда эса мўъжиза юз беради, уни адабиёт, деб аташади. Шу ўринда афсус билан айтишим керакки, ёш ижодкорларимизда етарлича шижоат, ҳаракат кўрмаяпман. Улар жаҳон адабиётини, айниқса, Шарқ адабиёти дурдоналарини ўқиши, таъбир жоиз бўлса, симириб ичиши керак.

Мен Ҳазрати Али девонини ўқидим. Шайх Атторнинг “Мантиқут тайр” ёхуд “Асрорнома”, Мавлоно Румийнинг “Маснавий”сини ўқидим, деган бирорта ёш каламкашни ҳали учратмадим. Нега “Қуш тили” олти ёшли Алишерни шунчалар мафтун этган? Нега “Асрорнома” ўн икки ёшли Жалолиддинни маҳлиё қилган? Наҳотки, бу саволлар ёшларни қизиқтирмаса? Сўраб кўринг-чи, улар Навоийнинг неча ғазалини ёд билишар экан? Айниқса, Зулфия мукофотини олаётган ёш шоиралардан. Биладиганлари оз.

Ижод – машаққатли меҳнат, узлуксиз ўқиш, изланиш, интилиш демак. Бу меҳнатни бўйнига олганлар мақсадига эришади. Енгил-елпи муносабатдан ҳеч нарса чиқмайди.

– Ижодкор сифатида бугунги миллий журналистиканинг ҳолатини қандай баҳолайсиз. Сизни қониқтирадими?

– Йўқ, қониқтирмайди… Президент Шавкат Мирзиёев бир чиқишида қабул қилаётган янги фармонларимиз, қонунларимиз жамиятининг қуйи қатламларида етарлича ишламаяпти, деб куйиниб гапирганини эшитдим. Нега ишламаяпти? Сабаби нима?

Сабабки, ўша қуйи қатламларда маҳаллий амалдорлар устидан ўрнатилган жамоатчилик назорати ҳали-ҳамон суст. Улар ҳамон ўша-ўша, ўзи хон, кўланкаси майдон. Пора билан қўлга тушган амалдорларни эшитаяпмиз. Уларга жазо тайин, лекин ҳали ҳам кўпчилиги порасини олиб, ялло қилиб юрибди. Уларни халқ матбуот орқали назорат қилиши керак эди. Матбуот эса жонсиз.

Хўш, нима қилиш керак? Ҳукумат ёки парламент органи бўлмиш газеталар обунасига бир оз қарашиб, бошқа газеталарга эрк бериш керак. Токи улар аравасини ўзи тортсин. Шунда мусобақа бўлади. Халқ дардига дармон бўлгудек мақолалар билан чиқа олган газеталар яшайди, қолганлар майдонни тарк этади. Айтмоқчиманки, тўртинчи ҳокимият ишлаши керак. Уч ғилдираги ишлаб, бир ғилдираги ишламаса, машина юрадими? Жамиятимиз ҳозир айни шу ҳолатни бошдан кечирмоқда.

– Сиз тажрибали таржимонсиз. Яқинда Тошкентда ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётни халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишга бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтди. Унда бугунги таржимонлик мактабининг оғриқли масалалари ҳам муҳокама этилди. Бу ҳақда сизнинг фикрингиз қандай?

– Афсуски, ўша анжуманга мени таклиф этишмади.

Таржима – олийжаноб санъат, қудратли қурол, восита. Элларни элларга, дилларни дилларга улайди. Таржима воситасида бошқа халқларнинг ҳаёт сабоқлари, кўнгил тажрибаси билан танишамиз, руҳониятимизни бойитамиз.

Жаҳон адабиётидан қилган таржималаримни бир чеккадан тизса, ўттиз жилдга етади. Мавлоно Жалолиддин Румийнинг олти китобдан иборат “Маснавий”си, Шайх Фаридуддин Атторнинг олти китоби, Вильям Шекспирнинг ўн икки драмаси, бир юз эллик тўрт сонети, Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийнинг (“Фоний“ туркумидаги) ғазаллар ва қасидалардан иборат китоблари, Шайх Маҳмуд Шабустарийнинг “Гулшани роз”, Радий Фишнинг “Жалолидин Румий”, Сотим Улуғзоданинг “Абулқосим Фирдавсий” романлари, Қуръони карим маъноларининг адабий-назмий таржимаси шулар жумласидандир.

Таржимада фақат маъно аниқлиги ва тиниқлиги кифоя қилмайди. Унда муаллиф руҳи ҳам акс этиши керак. Бу сатрлар, мисралар ва жумлаларнинг қандай жаранглашига боғлиқ. Таржимон муаллиф руҳини ҳис этиши, уни юрагидан ўтказиб, қоғозга тушириши лозим.

– Шу кунларда нималар билан машғулсиз?

– Озарбайжон Республикаси элчихонаси Маданият марказининг таклифи ва ёр-дўстларнинг ташвиқоти билан оғир юкни елкамга олдим. Бундан уч йил аввал Шайх Низомий Ганжавий “Хамса”си таржимасига киришдим. Жами беш достон, олти китоб. Бугунга келиб, “Махзанул асрор”, “Лайли ва Мажнун”, “Иқболнома” нашр этилди. “Шарафнома” чоп этилмоқда. “Хусрав ва Ширин” босмага тайёр. “Ҳафт пайкар”, яъни “Етти гўзал” таржимасини яқинда тугатдим.

Биласиз, Шайх Низомий Ганжавийнинг “Хамса”си Шарқ адабиётида хамсачиликни бошлаб берган асар. “Уммул хамса“ деган шуҳрати бор, яъни “Хамса”лар онаси“. Буюк бобомиз Алишер Навоий “Хамса”си ҳам ана шу китобга пайров қилиб яратилган. Ҳазратнинг ўзлари буни алоҳида таъкидлаганлар:

Эмас осон бу майдон ичра турмоқ,
Низомий панжасига панжа урмоқ.
Керак шер ҳамласига шер жанги,
Агар шер бўлмаса, бори паланги.

Шундай асар таржимаси менга насиб этгани учун Худойимга шукроналар айтаман…
– Устоз, суҳбатимиз якунида янги шеърларингиздан тақдим этсангиз.

– Марҳамат:

МЕН ШУКРУЛЛО ДЕСАМ…

Бир улфатим тутди саволга мени:
Изҳор айламоққа, ана, келди пайт,
Шукрулло деганда кўрасан кимни?
Бир сўз билан унинг таърифини айт…

Ҳай, осон эмишми? Жудаям мушкул,
Бир сўз билан буни қандоқ айтаман?
Бир асрга яқин шоир умри ул,
Қара, қайга бориб, қайдан қайтаман…

Мен Шукрулло десам ҳар сафар, илло,
Бир инсон бўй чўзар қаршимда буюк.
Ҳақ сўзини доим айтгувчи бурро,
Элига ардоқли, халқига суюк.

Мен Шукрулло десам, осонмас менга,
Юрагим тирналиб, бағрим қонланар.
Замонлар кўринар бурканиб тунга,
Мустабид тузумнинг турқи жонланар.

Мен Шукрулло десам, ёдимга шу дам
Топталган элимнинг фарёди келур.
Ҳар ўн йилда бир бор боши кесилган
Халқимнинг мунаввар авлоди келур.

Мен Шукрулло десам, жоним увушар,
Фитрату Қодирий, Чўлпонлар ҳамон,
Усмон Носир, Элбек ёдимга тушар,
Боту авахтада чекади фиғон…

Мен Шукрулло десам, кўринар албат
Ҳориб, ҳансираган, тани жиққа тер,
Олис Магаданда чекиб машаққат,
Қорнига тош бойлаб, ғалтак сурган эр!

Мен Шукрулло десам, тасаввур аро
Бир сиймо кўринар метин бардошли.
Элим, ватаним деб кўксида яро,
Кулса, йиғласа ҳам кўзлари ёшли.

Мен Шукрулло десам, кўраман шаксиз,
Ярқираб саф чекар неча китоблар.
Истиқлол нашъаси ила ёниқ сўз,
Юксак минбарлардан учган хитоблар…

Мен Шукрулло десам, меҳрим жўш уриб,
Қалбимда ғурурим бўлур зиёда.
Бир юрак қаршимда ёнар гупириб,
Юлдуздек чарақлаб турар ирода.

Ўқиб шоиримиз қисмат номасин,
Жоиздир ҳар сафар, ё Оллоҳ, демак.
Жам этиб шодлигу ғами ҳаммасин
Бир сўз билан айтсак, Шукрулло демак!..

* * *

ЁЛҒОН ГАПИРМАСЛИК

Малайзияликлардан сўрашибди: “Тараққиётга қандай эришдингиз?”
Улар жавоб беришибди: “Биз ёлғондан воз кечдик…”

Башарнинг дардига бўлгай даво ёлғон гапирмаслик,
Азалдин бандага амри Худо ёлғон гапирмаслик.

Саҳарлар, одамийга не нажот деб сен фалакдин сўр,
Келур авжи фалакдин бир нидо: ёлғон гапирмаслик!

Кишига аввалин ҳусну шараф не, тингласанг, айтай,
Анга ҳусну шарафдир аввало ёлғон гапирмаслик.

Ўқи, минг бир китоб ичра, илоҳий ҳар хитоб ичра,
Буюрмиш анбиёву авлиё ёлғон гапирмаслик.

Ҳаётинг бўлса беравнақ, замона бўлса бешафқат,
Аламга чорадир, эй бенаво, ёлғон гапирмаслик.

Эшик ортидами пойинг, баланд минбардами жойинг,
Шиор эт, эй гадо, эй подшо, ёлғон гапирмаслик.

Битар кўнгилда армонлар, яшар осуда инсонлар,
Муяссар бўлса гар олам аро ёлғон гапирмаслик.

Жамолга ҳақ жамолингдин, бериб росту ҳалолингдин,
Насиб этгил анга, эй Раббано, ёлғон гаримаслик!

* * *

ҲАҚИҚАТ, МЕН СЕНИ СЕВДИМ …

Ҳақиқат, мен сени севдим,
келур сендин саодатлар,

Агарчи гоҳи севмаслар,
бўлакдир бизда одатлар.

Ҳақиқат, мен сени севдим,
ўзинг масжиду меҳробим,

Сенинг пойингда қилгаймен
дуо бирлан ибодатлар…

Ҳақиқат, мен сени севдим,
кўнгил офтобни севмасму,

Қуёшга ошиқ эрмасму,
саҳар бонг урса соатлар?

Ҳақиқат, мен сени севдим,
йўлимда бўлмасанг пайдо,

Қани жонимга роҳатлар,
қани жисмимга тоқатлар?

Ҳақиқат, мен сени севдим,
мунофиқларни севмасман,

Улардан кутганим ҳар дам
маломатлар, маломатлар.

Ҳақиқат, мен сени севдим,
бировлар севсалар мендек,

Очилгайди саховатлар,
кўмилгайди адоватлар.

Ҳақиқат, мен сени севдим,
сенинг бағрингда жо эрмиш

Буюклардан – буюкларга
насиб этган омонатлар.

Ҳақиқат, мен сени севдим,
агарчи масканинг осмон,

Сени тупроққа қоргайдир
иҳонатлар, хиёнатлар.

Ҳақиқат, мен сени севдим,
хиёнатпешалар севмас,

Улар кўп, сен эсанг танҳо,
тиларман сенга омадлар…

Ҳақиқат, мен сени севдим,
башарга қайда бор сенсиз

Бу дунёда диёнатлар,
у дунёда ижобатлар?

Ҳақиқат, мен сени севдим,
сени хор айласа миллат,

Қуюндек боши узра айланур
ҳар кун қабоҳатлар…

Ҳақиқат, мен сени севдим,
ўзинг Раббимсан, Оллоҳим,

Сени дерман, сени, гар келса
бошимга қиёматлар.
Ҳақиқат, мен сени севдим…

Манба: uza.uz
Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort