Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Абдулла Қодирийнинг фарзанди Масъуд Абдуллаевнинг 1956 йилда СССР Бош прокурори номига берган шикоят аризаси

Абдулла Қодирийнинг фарзанди Масъуд Абдуллаевнинг 1956 йилда СССР Бош прокурори номига берган шикоят аризаси
05 Ekim 2018 - 8:00 'да юкланди ва 691 марта ўқилди.

Эътиборингизга Абдулла Қодирийнинг фарзанди Масъуд Абдуллаевнинг 1956 йилда СССР Бош прокурори номига берган шикоят аризасининг матнини тўла ҳолича келтирмоқдамиз.

****

Сўсалистик Шўро Жумҳуриятлари Иттифоқининг Бош прокурорига

Тошкент шаҳар, Сталин депараси,
Самарқанд дарвозаси мавзеи, Термиз кучасидаги 19-уйда
истиқомат қилувчи Масъуд АБДУЛЛАЕВдан

Назорат тартиби бўйича шикоят

Менинг отам Абдулла Қодирий, Абдулла ҚОДИРОВ ҳам ўша киши (адабий тахаллуси ЖУЛҚУНБОЙ) Ўзбекистон Шўро Сўсалистчи Жумҳурияти Жиноят Мажмуасининг 57-моддаси, 66-моддасининг 1-банди бўйича Ўрта Осиё Ҳарбий ўлкасининг Ҳарбий трибунали ёки Шўро Сўсалистчи Жумҳуриятлари Иттифоқи Олий суди Ҳарбий Ҳайъатининг ҳукми билан ўн йил муддатга озодликдан маҳрум этилган эди.

Ҳозир мен отамнинг тақдири тўғрисида ҳеч нима билмайман. Чунки мана шу ўтган йиллар мобайнида биз бирор марта ҳам хат беришиб-хат олишганимиз йўқ.

Отамнинг ҳаётидан билганларим, таниш-билишларидан эшитганларим асосида ушбу ариза билан Сизга мурожаат этишни лозим топдим.

Мен отамга қандай айб қўйилганини, унга қандай жазо берилганини аниқ билмайман. Шунинг учун унинг ҳаёти, жамоатчилик фаолияти ҳақида билганларимни баён этиш билан чекланаман.

Отам 1897 йил (ёки 1895 йилда) Тошкент шаҳрида (собиқ чакана савдогар) боғбон оиласида туғилган. Оиласи ниҳоятда камбағал эди. Маҳаллий ўрис мактабини битириш имконияти бўлмагани туфайли, отам ўн уч ёшида рўзғор тирикчилигига кўмаклашиш мақсадида хизматга ёлланади.

Қобилиятли бўлган Абдулла Қодирий ёшлигидан адабий асарлар ёзишни машқ қила бошлайди.

Ўктабр инқилоби ғалаба қозонгач, отам ҳеч иккиланмасдан Шўро ҳокимиятини кутиб олади. Касаба уюшмасида, шунингдек, «Муштум» жаридасида ишлайди. Маълумоти камлиги учун отам инқилобдан сўнг ўз билимини ошириш мақсадида мустақил ўқийди. Ўша даврда руҳонийларга қарши йўналтирилган «Калвак махзумнинг хотира дафтаридан» ҳажвий асари, «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён» романлари нашр этилади. Отам адабий асарларида руҳонийлар устидан кулади, хотин-қизлар жабрланишига қарши чиқади, феодал хонликнн савалайди.

Отамнинг бутун жамоатчилик фаолияти оддий меҳнаткашни ҳимоя қилишга қаратилган эди.

У 1926 йилда «Муштум» жаридасида Икромовга қарши ҳажвий мақола эълон қилгани сабабли халқ душмани Акмал Икромовнинг топшириғига кўра қамоққа олинади. Ана шу воқеадан сўнг отам то 1932 йилга қадар адабий фаолият билан шуғулланиш имкониятидан маҳрум этилади, оилани боқиш учун хўжалик ишлари билан машғул бўлади.

1933—34 йилларда жамоа хўжаликлари қурилиши хақида Абдулла Қодирий «Обид кетмон» деган катта қисса ёзади.

Асарларининг маълум қисми ўрис тилига таржима қилинган эди.

Кези келганда эътироф этиш лозимки, отамнинг асарлари адабий қусурдан холи эмасди, айрим ўринларда у хато қилган, адашган. Бироқ, шак-шубҳасиз, отам Шўро ҳокимиятига содиқ эди. Мен отамнинг халқ душмани бўлганига мутлақо ишонмайман.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг ўша пайтлардаги собиқ раҳбарлари отамни шикастлантирдилар, уни таъқиб қилдилар: менимча, ўшаларнинг касофати туфайли охир-оқибат отам қамалди. Отам қамоққа олинишидан аввал узоқ вақт бетоб бўлиб ётган эди: шундай фурсатдан фойдаланган ғаламис кимсалар отам ҳақида бўлмағур миш-мишлар тарқатишди, фитна тайёрлашди.

Абдулла Қодирий Шўро ҳокимиятига ҳамиша хайрихоҳ бўлган, уни яхши кўрарди. Қолаверса, у ўз табиатига кўра, ҳеч қачон Ватанига қарши сиёсий жиноят қилолмасди. У ниҳоятда ҳалол, тўғрисўз инсон эди. Шунинг учун Икромов ва бошқа халқ душманларининг ғазабига учради.

Айни пайтда мен бир нарсани диққат марказида тутишингизни илтимос қиламан: тўғри, отам ҳаётда рўй бераётган барча ҳодисаларни бирдек қабул қилолмасди, уларни баҳолашда янглишарди. Биз—Шўро ҳокимияти тарбиялаган кишилар барча янгиликни тўғри баҳолаймиз. Эски замон одамларида эса маълумот, тажриба, маданият етишмасди.

Менинг билишимча, отам билан биргаликда — битта иш бўйича Сулаймонов, Сиддиқов, Ғози Юнусовлар жиноий жавобгарликка тортилганлар. Аммо улар отамдан анча илгари ҳибсга олинганлар. Отам эса орадан беш-олти ой ўтгач, 1937 йил 31 декабр куни қамалади ва унинг иши ҳам сунъий равишда юқорида номлари зикр этилган шахслар билан боғлиқ ҳолда кўрилади.

Абдулла Қодирийнинг рафиқаси — онам 1943 йилда вафот этган. Биз ота-онадан икки ўғил ва уч қиз қолганмиз. Қизларининг иккитаси турмушга чиққанлар; куёвларимиздан биттаси ўқитувчи, бошқаси темир йўлда ишлайди. Қатта қизларида бешта, ўртанчасида иккита фарзанд бор.

Узим Тошкент шаҳрининг Арис бекатидаги Темир йўл касалхонасида дўхтир бўлиб ишлайман.

Фақат отам учун эмас, «биз — унинг фарзандлари учун ҳам Абдулла Қодирийнииг ноҳақ қамалиши шаънимизга доғ туширди; отамнинг оқланиши — айни пайтда, бизнинг оқланишимиздир.

Бу ишни назорат тартиби бўйича текшириб кўришингизни, ШЖСЙ Олий суди Ҳарбий Ҳайъатига эътироз билан мурожаат этишннгизни, ноҳақ ҳукмни бекор қилдириб, жиноий ишни ҳаракатдан тўхтатишингизни сўрайман.

Қарорингиз. тўғрисида юқорида кўрсатилган унвон бўйича каминани хабардор этишни илтимос қиламан.

Абдуллаев (имзо)

Англатма

Мен отамнинг ким томонидан жавобгарликка тортилганини, унинг жиноятномаси ҳозир қаерда сақланаётганини аниқ билмаганим учун Сиздан ана шуларни аниқлаб беришингизни сўрайман.

Абдуллаев (имзо) 1956 й. 9 январ.

(А. Қодирийнинг жиноятномаси, «Тафтиш ашёлари» бўлими, 1—3-бетлар)

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort