Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ўзбекистон қамоқхонасидаги блогер Акром Маликнинг тақдири

Ўзбекистон қамоқхонасидаги блогер Акром Маликнинг тақдири
10 Ekim 2018 - 11:02 'да юкланди ва 580 марта ўқилди.

(28 ёшли Акром Малик Ўзбекистонда қамоққа ташланган биринчи блогер ва айни пайтда қамоқда қолаётган энг сўнгги журналистдир.)

2016 йил июль ойи охирида интернетда “Абдуллоҳ Нусрат” тахаллуси билан Каримов тузумини фош этувчи мақолалар чоп этиб келган сирли муаллифнинг бирданига ғойиб бўлиши ҳозиргидек ижтимоий тармоқларни ларзага солмаганди.

Кўпчилик дўстлари ва Ўзбекистон ичкарисидаги ҳамкасблари Фэйсбукдаги Акром Малик ва “Абдуллоҳ Нусрат” тахаллус остида мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракати сайтида мақолалар чоп этиб келган муаллифнинг битта одам эканини билишмасди.

Ҳали мухолифат, диндорлар ва ўзгача фикрловчиларга қарши репрессиялар давом этаётган, ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментидагилар ҳозиргидек уюшмаган ва ҳали блогерлар деб аталмиш жамоатчилик шаклланмаган эди.

Акром Маликнинг 2016 йилнинг 22 июлида ҳибсга олингани орадан қарийб бир йил ўтиб, ўртага чиқади.

Бунгача унинг кимлигини билган тор доирадаги шахслар яқинларининг қистови билан Миллий Университет магистратурасининг биринчи курс талабаси ва аллақачон навоийшунос доираларда умидли тадқиқотчи сифатида танилган 25 ёшли Акром Маликнинг ҳибсга олинганини жамоатчиликка ошкор этишмайди.

Унинг ўзи эса, бир неча ой мобайнида ташқи дунёдан ихоталанган ҳолда ҳибсхоналарда ушлаб турилади, руҳий ва жисмоний қийноққа солинади.

Ҳибсга олганларни эса Акром Маликнинг навоийшунослиги эмас, балки ўзи узоқ йиллар тадқиқ қилган тасаввуф ва навоийшунослиги ортида яширинган сиёсий шахсияти, интернетдаги мақолаларига сизган ўткир ва уларнинг назарида “радикал” қарашлари қизиқтирарди.

Шундай қилиб…

ОВИРдаги жанжал

2016 йил баҳорида Акром Малик АҚШдаги Принстон Университетининг “Россия, Шарқий Европа ва Евроосиё тадқиқотлари” дастурининг икки йилда бир ўтказиладиган анжуманига таклифнома олган эди.

Анжуманда у “Алишер Навоий “Ҳамса”сининг феноменологик тадқиқи” мавзусида маъруза қилиши керак эди.

Тошкентдаги Америка элчихонасига виза учун таклифнома юборилган, Акром Малик эса чиқиш визасини олиш учун Тошкент вилоят Ички ишлар бошқармасининг Хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига мурожаат қилганди.

Мурожаатдан 20 кун ўтиб, ОВИРдагиларнинг “визангиз тайёр, оп кетинг” деган қўнғироғи ортидан 22 июль куни ОВИРга йўл олган Акром у ерда ўзини ким ва нималар кутаётгани ҳақида шубҳага ҳам бормаганди.

Дўстларидан бирининг Акром Маликка таяниб, ҳикоя қилишича, паспортини олиш учун навбат кутиб турган Акромга ўша ердаги нотаниш аёллардан бири ташланади ва “мени урди” деб бақира бошлайди.

Жанжалдан қочишга уриниб, бинони тарк этгач, орқасидан бир неча киши таъқиб қилади ва кўчанинг ўртасида қўлларини қайириб, машинага ўтқазади.

Бошини қуйига қилиб, елкасига қўлини қўйиб олган ходимлар уни номаълум томонга олиб кетишади.

15 суткалик қамоқ

Қўли кишанланган Акром Малик Қибрай туман Ички ишлар бўлимига олиб борилади.

У ерда бир неча милиция ходими иштирокида терговчи томонидан ОВИР биносидаги ҳодиса юзасидан сўроқ қилинади ва “ҳақоратланган” даъвогар аёл билан юзлаштирилади.

ИИБ биносига кўчадан олиб келинган бошпанасиз икки “холис” гумондор аёлни “ҳақоратлагани”ни тасдиқлашади.

Терговчи маҳбуснинг қўлидан кишанни ечиб, чўнтагидаги нарсани олишни сўрайди.

Гумонланувчи чўнтагига қўлини тиққан пайт, чўнтагидан яп-янги флэшка чиқади.

Акром Малик бундан ҳайрон бўлади.

Акром Малик қамоқдан онасига ёзган мактуб.

Дўстининг айтишича, у ОВИРга бораркан, эҳтиётини қилган ва ўзи билан ҳеч қандай электрон жиҳоз олмаган, ҳатто қўлидаги андроид телефонини ҳам ташлаб, оқ-қора Nokia-2550 кўтариб олган эди.

Ичида нима борлиги билинмаган флэшка ашёвий далил сифатида расмийлаштириб, Акром Маликдан бармоқ излари олинади.

Кейинроқ МХХ терговчилари флэшкада ИШИДга алоқадор материаллар бўлганини даъво қилишади, аммо гумонланувчи уларни тан олмайди.

22 июль кечга томон Қибрай туман судига олиб чиқилиб, безориликда айбланади ва 15 суткалик маъмурий қамоқ жазосига маҳкум этилади.

Шу куннинг ўзида Акром Малик Тошкентнинг Тузель даҳасидаги вақтинчалик ушлаб туриш марказида жазони ўтай бошлайди.

Руҳий босимлар

Тузелдаги ҳибсхонада бир кеча ётган Акром Малик эртаси куни маҳбуслар учун маҳсус машинада Тошкент вилояти ИИБ ертўласига олиб кетилади.

Бу ерда уни ечинтириб, кўзойнагини олиб қўйишади ва изоляторга жойлаштиришади.

Қоронғу зиндонда икки кун давомида маҳбусларнинг, айниқса, ярим тунда шафқатсиз қийноқларга солинишига гувоҳ бўлади.

“Унинг ўзини қийноққа солишмаган, аммо руҳан синдиришган”, – дея ҳикоя қилади собиқ маҳкум.

Икки кундан сўнг Акром Малик МХХ ходимлари экани айтилган икки киши томонидан сўроқ қилинади.

Ходимлардан бири ундан “Хўш, Каримов турмаларида шароит қандай экан?” деб сўрайди. (Акром Малик 2016 йилда “Каримов турмаларида диндорлар қандай қўроқ қилинади?” сарлавҳали мақола ёзган-таҳр.).

Айни шу саволдан кейин у ўзининг нима учун ҳибсга олинганини тушуниб етади.

МХХ ходимлари Акром Маликдан Ўзбекистон Халқ Ҳаракати веб-сайтида чоп этилган мақолалари, ташкилот раҳбари Муҳаммад Солиҳ билан алоқалари ҳақида сўрашади ва унинг давлатга қарши жиноятларда айбланаётганини айтадилар.

Кейинроқ суд жараёнидаги кўрсатмасида айтишича, терговчи ундан “Ўзбекистоннинг Сурия бўлишини хоҳлаяпсанми?” деб сўраган ва айбига иқрор бўлмагани тақдирда, энг яқин одамларига зарар етиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

Судда қатнашган гувоҳлардан бирининг айтишича, Акром Малик ёзган мақолалари ва ЎХҲ раҳбари билан алоқалари ҳақида бор гапни айтиб берган ва ҳатто терговчилардан “ёзганларимнинг қайси бири нотўғри?” деб сўраган ҳам.

“Терговчилар унинг қандай ёзгани ҳақида эмас, балки нега ёзгани ҳақида савол сўрашган. Ёзганинг ўзи жиноят, деб айтишган”, – дейди судда қатнашган гувоҳ.

Терговдаги кўрсатмаларида Акром Малик Муҳаммад Солиҳ билан “давлатни ағдаришга тил бириктирмагани”, балки ўзи тўғри ва ҳақ деб ўйлаган нарсаларни ёзганини айтган.

Ўзининг судда айтишича, МХХ терговчилари уни жисмоний қийноққа солмаган, аммо мислсиз руҳий босимлар ўтказишган, жумладан, “зўрлаш” билан таҳдид қилганлар.

Ходимлар шунингдек, кўришга қийналаётган маҳбуснинг кўзойнагини қайтариб беришни сўраб, қайта-қайта қилган мурожаатларини рад этганлар.

“Акром терговда ҳатто ўзини ўлдириш ҳақида жиддий ўйлаганини ҳам айтиб берди”, – дейди 2017 йил январидаги судда иштирок этган гувоҳ.

Унинг сўзларига кўра, Акром Малик ўзини ўлдириш фикри ҳақида терговчиларга ҳам айтган ва шундан сўнг руҳий босимлар бироз камайган.

Аммо МХХ тергови тугаганидан сўнг Тошкент вилоят ИИБ терговчиси ундан “шериклари”нинг номларини беришни талаб қилиб, босим ўтказган ва уни дўппослаш билан таҳдид қилган.

Акром Малик терговда ва кейинроқ суддаги кўрсатмасида шериклари бўлмагани ва бир ўзи амал қилганини айтган.

Ўзининг суддаги кўрсатмасида айтишича, тергов жараёнида икки кун Тоштурмада қолган ва унинг бир кунида қийноққа солинган.

22 октябргача Тошкент вилоят ИИБ ертўласида ушланган маҳбус президент Ислом Каримовнинг вафот этганини 2 сентябрь куни янги келган маҳбуслардан эшитган.

Аммо Каримовнинг ўлими жиноят ишининг боришига таъсир қилмаган.

МХХ терговчилари Акром Маликни унинг отаси ёллаган икки адвокатдан воз кечишга мажбурлашган ва давлат томонидан тайинланган адвокат Назира Камоловага розилик билдириш ҳақидаги хатга қўл қўйдириб олганлар.

Бир неча ой мобайнида яқинлари ва ташқи дунёдан ихоталанган ҳолда ушлаб турилган маҳбус суддаги кўрсатмасида уйидагиларнинг ҳолидан хабар олиб туриш учун ҳам давлат тайинлаган адвокатга розилик билдирганини айтган.

Суд жараёнида иштирок этган гувоҳнинг унга таяниб айтишича, адвокат Назира Камолова ҳимояси остидаги шахснинг кимлиги, нимада айбланаётгани, ўзбек мухолифати ва унинг раҳбари Муҳаммад Солиҳ ҳақида судгача ҳеч нарса билмаган.

Ғалати маҳкама

1 ноябрда Тоштурмага ўтказилган Акром Малик устидан биринчи суд жараёнида 2016 йил 10 декабрига (Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинган кун-таҳр. ) белгиланган, аммо судланувчи ҳимоячисиз ва яқинларининг иштирокисиз судга жавоб беришдан бош тортишини айтганидан сўнг, 13 декабрга қолдирилган.

Бироқ номаълум сабабга кўра, 13 декабрда ҳам суд бўлмайди.

20 декабрда бошланган суднинг дастлабки терговига ҳимоячи билан бирга унинг яқинлари, университетдаги устозлари ва курсдошлари ҳам қатнашишган.

“Суд жараёнининг бошидан охиригача сўзга чиққанлар фақат Акромни мақташди”, – дейди иштирокчилардан бири.

Улар Акром Маликнинг шеърлари, тадқиқотлари ва китоблари ҳақида гапиришган.

Биринчи марта прокурор тўлиқ айбномани эълон қилган ва шу куннинг ўзида уни Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 244-модда, 1 ва 2-бандлари (жамоат хавфсизлигига таҳдид солиш) бўйича 7 йилдан 14 йилга, 159-модда 3-қисми билан (давлат тузумига тажовуз) эса 9 йил, жаъми 23 йилга озодликдан маҳрум этиш, айни пайтда “айбига иқрор бўлиб, тавба қилгани учун” 12 йиллик қамоқ жазоси тайинлашни сўраган.

Суд 13 январда Акром Маликка 6 йиллик қамоқ жазоси тайинлаш ҳақида ҳукм чиқарган.

Абдуллоҳ Нусрат (Акром Малик) 2015 йил октябридан 2016 йил июлига қадар интернетда 100га яқин сиёсий мақолалар эълон қилган.

Судда иштирок этган гувоҳнинг сўзларига кўра, судланувчи судга раислик қилган Муҳаббат Ходжаевадан сўнгги сўзни сўраб олган ва сўнгсўз ўрнида ўзи ёзган шеърни ўқиб берган.

Ҳукм чиқариш учун эълон қилинган икки соатлик танаффусдан қайтган судья Муҳаббат Ходжаева Акром Маликнинг “ишини олганидан бери ухламагани, нега бу бола қамаляпти” деб қийналганини айтган.

Аммо шу сўзлардан сўнг 6 йиллик қамоқ жазоси тайинлаган ва панжара ортида ўтирган маҳкумга қараб, “Акромжон, ўғлим, қамалиш ҳамма зиёлининг пешонасида бор, сабрли бўласиз” деб айтган ҳамда залдаги судланувчининг яқинларига ҳам сабр тилаган.

Суд ҳукмида “Акром Маликов Ўзбекистон Республикасида таъқиқланган “Ўзбекистон халқ Ҳаракати” лидери Муҳаммад Солиҳ билан амалдаги конституцион тузумни куч билан ўзгартиришга, ҳокимиятни босиб олишга очиқ ойдин даъват қилиш, жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тарқатиш…” билан шуғуллангани айтилади.

Акром Малик судда Ўзбекистонда сиртдан 15,5 йил қамоқ жазосига маҳкум этилган шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ билан мулоқот қилгани ва мақолалар ёзганини тан олган, аммо мухолифат раҳбари билан “давлатни ағдаришга тил бириктиргани” ҳақидаги айбларни рад этган.

Ҳибсга олинганидан қарийб олти ой ўтиб, 17 январь куни биринчи марта отаси билан кўришади.

Қийноқлар

Би-би-си суҳбатдошларининг айтишича, Акром Малик учун энг оғир қийноқлар Навоийдаги қамоқхонага кўчирилганидан сўнг бошланган.

2017 йилнинг 3 мартида Тоштурмадан “этап” қилинган маҳкумни Навоийдаги 64-29 УЯ қамоқхона маъмурлари “Ватан хоини”ва “Халқ душмани” деган ҳақоратлар билан кутиб олишган.

У “Мен ватан хоиниман” дейишга мажбурланган ва махсус ёлланган маҳкумлар томонидан қийноққа солинган.

Собиқ маҳкумлардан бирининг сўзларига кўра, Акром Малик рецидивистлар билан битта камерада сақланган ва қаттиқ назоратда бўлган.

Диний-сиёсий айблар билан қамалган ва яқинда озодликка чиқарилган собиқ маҳкумнинг айтишича, у 15 кунлик карантин вақтида 3 марта қийноқлардан ҳушидан кетган.

“Акромни отрядга чиқарилганидан кейин ҳам дўппослашарди”, – дейди унинг собиқ қамоқдоши.

Унинг сўзларига кўра, ўша пайт айни жазо муассасасида жаъми 450 нафар диний-сиёсий маҳбуслар бўлган ва Акром Малик ўзининг отрядида “159” билан қамалган 50-маҳбус бўлган.

Диний-сиёсий маҳкумлар эрталаб 5 дан кечқурун 10 гача қамоқхона ҳудудидаги ғишт ва оҳак заводида ишлатилган ва ишдан кейин ярим тунгача қўшимча иш, кўпинча ҳожатхона тозалашга мажбурланган.

“2017 йил ёзигача имо-ишора билан яширинча намоз ўқирдик”, – дейди собиқ маҳкум.

Унинг айтишича, Акром Малик Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ислом дини ҳақидаги баёнотларидан руҳланиб, 2018 йил майида очиқчасига, намойишкорона намоз ўқийди ва бунинг учун қамоқхона маъмурияти томонидан жазоланади.

“Акромни ШИЗОга ташлашди, лекин ўша куннинг ўзида чиқаришди”, – дейди собиқ маҳкум.

Унга кўра, қамоқхонадаги тартиб 2018 йил ўрталаридан юмшай бошлаган ва маҳкумларнинг имо-ишора билан намоз ўқишларига рухсат берилган.

2018 йил баҳорида оҳак заводида ишлаётган Акром Маликнинг кўзига тош кириб, кўзлари сал қолса, кўрмай қолади.

Аммо “ишдан қочди”, деб жазолашларидан қўрққан маҳкум қамоқхона маъмуриятига кўзидан шикоят қилмайди.

“Маҳкумлар, ўзимиз унинг кўзидан тошни чиқариб олдик”, – дейди собиқ қамоқдош.

Унинг сўзларига кўра, Акром Маликнинг “кўзи кўрмай қолгани” ҳақидаги хабарлар интернет нашрларига чиқиб кетиши ортидан Тошкентдан махсус топшириқ билан Акром Малик қамоқхонадаги ишлардан озод қилинади ва 6 ой давомида китоб, асосан, Навоий асарлари мутолааси билан машғул бўлади.

Хотима

Ва ниҳоят, шу йилнинг 22 август куни Акром Малик учун Навоийдаги қамоқ даҳшатлари тугайди.

Махсус комиссиянинг 15 августдаги тавсиясини кўриб чиққан суд жазонинг учдан бирини ўтаб бўлган ва “тузалиш йўлига ўтган” Акром Маликни, яна 44 нафар бошқа маҳкумлар билан бирга, манзил муассасасига ўтказиш ҳақида ҳукм чиқаради.

У 22 августдан буён жазонинг қолган қисмини Оҳангарондаги 64/9 манзил колониясида ўтамоқда.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, айни жазо муассасасидаги 300дан ортиқ маҳкум 23 сентябрдан буён Жиззах вилоятидаги туманлардан бирида пахта термоқда ва Акром Маликнинг ҳам теримчи-маҳкумлар орасида бўлиш эҳтимоли катта.

Би-би-си манбаъларига кўра, маҳкумларга 15 кун давомида 100 килодан пахта териш мажбурияти юкланган ва бу нормани бажарганлар манзил муассасасига қайтарилади.

Манзил колониясида маҳбусларнинг шароити ва уларга қилинадиган муомала яхшилиги айтилади.

Акром Маликнинг жазо муддати 2022 йил 6 августида тугайди.

28 ёшли Акром Малик (Маликов) Ўзбекистонда қамоққа ташланган биринчи блогер ва айни пайтда қамоқда қолаётган энг сўнгги журналистдир.

Манба: Би-Би-Си Ўзбек

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort