Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Тасаввуф

Тасаввуф
12 Ekim 2018 - 8:00 'да юкланди ва 439 марта ўқилди.

ТАСАВВУФ, СУФИЙЛИК

Тасаввуф, суфийлик — исломда инсонни руҳий ва ахлоқий жиҳатдан комиллик сари йўлловчи таълимот.

Тасаввуф сўзининг ўзаги ва мазмуни ҳақида олимлар турли фикр ва тахминлар билдиришган. Улар ичида Ибн Халдуннинг фикри ҳақиқатга яқин деб эътироф этилган.

У “Муқаддима” асарида тасаввуф “сувф” — “жун”, “пўстин” сўзидан олинган бўлиши керак, зеро қадимдан таркидунё қилган зоҳидлар жундан тўқилган кийим ёки пўстин кийиб юришни одат қилганлар, бу билан улар башанг кийиниб юрувчи ахли дунёлардан фарқли ҳаёт тарзини ўзларида намоён этганлар, дейди.

Тасаввуф ва “суфий” сўзлари 9-асрнинг бошларида яшаган Абу Ҳошим Суфийдан бошлаб жорий этилган. Ундан олдинги даврларда бу атама ўрнида “зуҳд” (“зоҳидлик”, “таркидунёчилик”), “тақводорлик”, “парҳезкорлик” каби сўзлар ишлатилган.

Ибн Халдуннинг фикрига кўра, саҳобалар, тобеинлар ва улардан кейинги аср кишиларида ҳидоят, ибодат, тақво ва зоҳидлик каби ҳис-туйғулар мужассам бўлган. Лекин ҳижратнинг 2 асри ва ундан кейинги даврга келиб, одамларнинг кўпчилигида мазкур хусусиятлар ўрнида дунёпарастлик, дин ишларига бепарволик, кибр ва риёкорлик каби салбий хусусиятлар пайдо бўла бошлагандан кейин, обидлик ва зоҳидликни ихтиёр қилган бир гуруҳ кишилар Тасаввуф ва суфийлик номи билан ажралиб чиққанлар.

Тасаввуф турлича талқин қилинган. Масалан, Маъруф ал-Кархий (815 й.в.э.) фикрича, “тасаввуф — ҳақиқат сари интилиш, одамлардан тамагирлик қилмаслик ва фақирликни ихтиёр этишдир”.

Зуннун ал Мисрий (859 й.в.е.), “Суфий бойлик истаб ўзини чарчатмас ва йўқотган бойлигига ачиниб, безовта бўлмас”, деса, Жунайд ал Бағдодий (909 й.в.е.) “тасаввуф — қалбни соф тутмоқ, туғма заифлик ва нохуш ахлоқлардан фориғ бўлиб, ҳайвоний ва нафсоний туйғулар устидан ғалаба қилмоқ”, деб таъриф берган.

Яна у “тасаввуф бир уй бўлса, шариат унга кирадиган эшикдир”, деган. Сўфи Оллоёр бу таърифни қувватлаб:

Шариатсиз киши учса ҳавоға
Кўнгил берма анингдек худнамоға

деб ёзади.

Мисрлик олим Иброҳим Басюний “Исломда Тасаввуфнинг пайдо бўлиши” китобида ҳижрий 3 ва 4-асрларда яшаб ўтган олимларнинг тасаввуф ҳақидаги 40 та таърифини келтиради. Хулоса қилиб айтиш мумкинки, тасаввуф ислом шариати талабларини ҳам ихлос билан бажарган ҳолда зухд, тақво, камтарлик каби олижаноб фазилатларни ўзида мужассам этиб, нафсни поклаш йўли билан комил инсон даражасига эришишга ҳаракат қилишдан ибора.

Тасаввуфнинг ўзига хос истилоҳи мавжуд. Масалан, тасаввуф илмидан сабоқ берувчи шахс — шайх, муршид, пир, эшон, хожа, мавло, мавлоно, махдум каби унвонлар билан танилган.

Тасаввуфдан сабоқ олувчи шахс — мурид, солиҳ, аҳли дил, аҳли ҳол, мутасаввиф каби номлар билан аталган.

Тасаввуф бўйича олий мақомларга эришган соҳибкаромат пирлар — валий, авлиё, қутб, ақтоб, автод, чилтон, абдол, аброр, аҳрор, нужабо, нуқабо, сиддиқ, ғавс ва ҳ.к. дейилган.

Тасаввуф аҳли баъзан ошиқ, фақир, ҳақир, дарвеш, қаландар, зоҳид, ориф, девона, аҳли муҳаббат, аҳли сулук, рижолулғайб, савдойи, гадо каби атамалар билан ҳам ифода этилган.

ТАСАВВУФ истилоҳи асосида ижод этган шоирлар мажоз услубини танлаганлар. Шунинг учун ҳақиқат, мажоз, ташбеҳ, истиора каби мантиқий қоидалардан бохабар бўлмаган китобхон Навоий, Фузулий, Атойи, Умар Хайём каби мумтоз адабиёт намояндаларининг шеърларини тўла англаши қийин кечади.

Тасаввуф тарихида кўпгина олимлар тасаввуфга доир сўзлар изоҳига бағишланган луғат ва қомусларни ёзиб қолдирганлар. Улардан айримлари Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида сақланмоқда.

Тасаввуф тариқатларининг инсоният маънавиятини юксалтиришга қўшиб келаётган беназир ҳиссаси бутун дунё халқи томонидан эътироф этилсада, баъзан ислом оламида тасаввуфга салбий назар билан қараш, унинг тариқатлари, машойихлари ва кароматларини инкор этиш кўзга ташланади.

Бурҳониддин ал Биқоий (1406— 1480)нинг “Тасаввуф инқирози”, Абдураҳмон Димашқиянинг “Нақшбандия тахлили” китоби ва бошқа китобларда тасаввуфнинг барча тариқатлари ва уларга доир асарлар ҳамда машойихлар қаттиқ танқид қилинган.

Азиз авлиёларнинг мақбара ва мозорларини зиёрат қилиш ширк деб саналган. Ваҳоланки, уларнинг бу даъволари шаръан асоссиздир. Ислом ҳуқуқшунослигида, яъни шаръий кўрсатмаларни амалга татбиқ этишда 4 та фиқхий мазҳаб бўлганидек, Тасаввуфда ҳам бир неча тариқатлар шаклланган.

Машҳурлари — тайфурия, жунайдия, ҳакимия, қодирия, яссавийлик, маломатийлар, рифоия, кубровийлик, суҳравардийлик, чиштия, акбария, шозилия, бектошия, мавлавия, нақшбандия, санусия тариқатларидир.

Мустақиллик йиллари мамлакатимизда тасаввуф тариқатларини ўрганиш, унга доир асарларни таржима қилиш, атоқли машойихларнинг мақбараларини қайта қуриш ва таъмирлашга аҳамият берилмоқда.

Ҳаким Термизий, Нажмиддин Кубро, Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Валий, Шайх Зайниддин, Занги ота, Шайх Хованди Тоҳур ва бошқа кўплаб тасаввуф тариқатларига мансуб пири комилларнинг ҳаёт ва ижодларини чуқур ўрганиш, қолдирган асарларидан халқимизни баҳраманд этиш борасида муайян ишлар қилинди.

Адабиёт Комилов Н., Тасаввуф (1-китоб), Т., 1999; Жузжоний А. Ш., Тасаввуф ва инсон, Т., 2001; Ҳаққулов И., Тасаввуф сабоқлари, Бухоро, 2000.

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 1 Yorum )

  • Axmad hoji Xorazmiy ;

    Тасаввуфни фақат Ислом ичидагина тушиниш ва ўрганиш тўғримикан? Тасаввуф – бир Аллоҳни севиш ва Унга етишиш учун покланиш ҳақидаги таълимот ва илмдир.
    Инсоният пайдо бўлибдики, бу таълимот бор ва барча динларда унинг намаёндалари бўлган ва ҳозир ҳам бор.
    Айрим манбаларда биринчи сўфий (Аллоҳнинг ошиғи) сифатида Шис алейҳиссалом тилга олинади.
    Ҳамма динларда ҳам улар каромат соҳиблари, авлиёлар, деб эътироф этилади. Бундайлар насроний ва бошқа динларда ҳам кўплаб бўлган.
    Афсуски, тасаввуфни тушинадиган Н.Комилов, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, О.Усмон, С.Бухорий ва шунга ўхшаган олимлар ўтиб кетишди, Аллоҳ раҳмат қилсин уларни.
    Аллоҳга шукурки, тасаввуфни тушинадиган И.Ҳаққул, М.Солиҳ каби олимлар ҳаёт. Шундай олимлар тасаввуф ихлосмандларига, бу таълимот ва илм (тасаввуф), динидан қатъий назар, ҳар бир Аллоҳсевар шахс учун, дунё таълимоти экани ҳақида тадқиқотлар қилиб, бир нарсалар ёзиб қолдирсалар яхши бўларди.

    12/10/2018 23:55
Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort