Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Мирзиёев ҳақиқатан очилишни истаганди, кейин-чи?..”

“Мирзиёев ҳақиқатан очилишни истаганди, кейин-чи?..”
12 Ekim 2018 - 12:11 'да юкланди ва 1095 марта ўқилди.

АҚШ да чоп этилувчи “Форбс” нашри сайланишидан йил ўтмай, янги президентини Хитойнинг ислоҳотчи лидери Дэн Сяопинга қиёслаган Ўзбекистоннинг паспорти бу галги рейтингда Роберт Мугабе Зимбабвесиникидан ҳам кучсиз бўлиб чиққан.

Ўзбекистоннинг паспорти янги рўйхатда дунёнинг 200 га яқин давлатиники орасидан 82-ўринни эгаллаган.

Бу паспорт билан Ўзбекистон фуқароларининг ҳозир жаҳоннинг бор-йўғи 59 та давлатига чиқа олишлари маълум бўлган.

Улар асосан Боливия, Эквадор, Никарагуа, Уганда ва Мадагаскар каби, таъбир жоиз, “учинчи дунё” давлатлари бўлиб чиққан.

Ўзбекистондан 5 ўрин юқорида келган зимбабвеликлар эса, бугун ўз паспортлари билан бемалол 64 та давлатга бора олишлари мумкин экан.

Янги рейтинг “Henley&Partners” ташкилоти томонидан куни-кеча эълон қилинган.

Мамлакатлар эса, рўйхатда фуқаролари визасиз бора олишлари мумкин бўлган давлатлар сонига қараб жойлаштирилган.

Муаллиф Кеннет Рапоза эса, ўзининг “Форбс”даги мақоласида мамлакатни узоқ вақт бошқарган Ислом Каримовнинг ўлимидан сўнг ҳокимиятга келган Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни дунёга кўпроқ очадиган лидер бўлишига ишонаётгани ҳақида ёзганди.

Ўзбекистон каби чиқиш визаси ҳануз амалда бўлган дунёнинг бор-йўғи иккита давлатидан биттаси бўлган Шимолий Корея эса, Ўзбекистондан 17 поғона қуйида келган.

Шимолий Кореянинг паспорти билан сиз ҳозир дунёнинг 42 та давлатига визасиз сафар қила олишингиз мумкин экан.

Шу йил май ойида эълон қилинган рейтингда Ўзбекистон паспорти қудратлилик бобида 76-ўринни эгаллаган, янги рўйхат эса, ўзбек паспортининг ўтган беш ой ичида 6 поғонага кучсизланганига ҳам далолат қилган.

Ўзбекистон ва чиқиш визаси…

Ўзбекистон янги президентининг бошқаруви остида кечган ўтган икки йилча вақт назарда тутилганда ҳам, ўз мустақиллигини эълон қилиши ортидан ҳали-ҳануз чиқиш визаси тартибини амалда сақлаб қолган ягона МДҲ давлати бўлади.

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг минбаридан туриб, “Хорижга чиқиш визалари сингари умрини мутлақо ўтаб бўлган ўтмиш қолдиқлари бекор қилинган”ини баён қилган.

Ўзбекистон янги президентининг бу сўзлари ўша пайтнинг ўзидаёқ қатор ижтимоий мулоқот тармоқларида акс-садо берган.

Кўплаб ўзбекистонликлар бундан ўз таажжуб ва тушунмовчиликларини ошкора изҳор этишгача боришган.

“Бу гап ёлғон-ку, ҳозир чет элга чиқиш визасиз (ОВИРсиз) бўлдими?! Қачон бекор қилинди? Бехабар эканмиз…”, – деган изоҳларни қолдиришган.

Ўзбекистондаги оғир иқтисодий вазият, рисоладагидек иш топиш имкониятларининг ҳаминқадарлиги ва глобализация жараёни сабаб, сўнгги йилларда четга кетиш истагида бўлган фуқароларнинг сони кескин ортгани кузатилган.

Худди шу воқеълик манзарасида чиқиш визаси тартиби ўзбекистонликлар орасида энг кўп муҳокама этилаётган мавзулардан бирига айланган.

Ҳам мамлакат ичкариси ва ҳам ташқарисида ОВИР тизимини буткул бекор қилишга оид даъват ва талаблар кучайган.

Қудратга янги президентнинг келиши эса, уларда, “ва ниҳоят чиқиш визаси бекор бўлиши”га оид умидларни ҳам кучайтирган.

Аммо Ўзбекистон 2019 йил 1 январидан хорижга чиқиш учун алоҳида биометрик паспортлар жорий этишга қарор қилинган.

Айни шу муносабат билангина чет элга чиқиш рухсатномаси (стикер)ни расмийлаштириш тартибининг шу санадан бошлаб бекор қилиниши айтилган.

Маҳаллий кузатувчилар ва инсон ҳуқуқлари фаоллари эса, бунинг сабабини расмий Ўзбекистоннинг барибир ўз фуқароларини қатъий назорат остида тутиб туриш истагида экани билан изоҳлашган.

Фаоллар, ўз ўрнида, агар Ўзбекистонда чиқиш визаси тартиби бекор қилинса, инсонлар бемалолроқ ҳаракат қилиш ҳуқуқини қўлга киритишлари, бунинг ҳам давлат ва ҳам фуқароларга фойдаси озмунча бўлмаслигини таъкидлашади.

Улар амалдаги чиқиш визаси тартиби мамлакат конституциясига зид бир амал эканини ҳам урғулашади.

“Аммо, лекин, бироқ…”

Худди шу манзарада янги президенти Шавкат Мирзиёев бошқаруви остида кечган қисқа вақтнинг ичида Ўзбекистоннинг минтақадаги қўшнилари билан ўз чегараларини очгани ҳам бор гап.

Расмий Тошкент, бундан ташқари, Индонезия, Сингапур, Малайзия ва Туркия каби қатор йирик мусулмон давлатлари фуқароларининг ҳам Ўзбекистонга визасиз киришларига рухсат берган.

Фуқаролари бир ойлик муддатга Ўзбекистонга визасиз келишлари мумкин бўлган бу давлатлар сафига яна Япония, Жанубий Корея ва Исроилни ҳам қўшган.

Куни-кеча амалга оширган илк расмий ташрифи арафасида Франция фуқароларига ҳам виза тартибини бекор қилишга қарор қилган.

Шу йилнинг 1 февралидан бошлаб дунёнинг қирққа яқин давлати фуқаролари учун сайёҳлик визалари расмийлаштиришнинг соддалаштирилган тартиби амалга киритилиши маълум қилинган.

Аммо ўша пайтда муваққат президент бўлган Шавкат Мирзиёевнинг Буюк Британия дохил жаҳоннинг 27 мамлакати фуқаролари учун 2017 йилнинг 1 апрелидан бошлаб кириш визаларининг бекор қилинишига оид 2016 йилги фармони амалга ошмаган.

Президентнинг бу илғор фармони ўша пайтда кенг жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинган.

Худди шу боис ҳам, ижросининг орадан бор-йўғи 20 кун ўтиб, нақ беш йилга кечиктирилиши мамлакат ичкариси ва ташқарисида ҳам озмунча таажжубларга сабаб бўлмай қолмаган.

Сиёсий шарҳловчиларга кўра эса, фармон президентники бўлгани боис, бу “Ўзбекистонга нисбатан бир қадар ишончсизликнинг пайдо бўлишига ҳам” замин яратмай қолмаган.

Ўзбекистон янги президенти Шавкат Мирзиёев бошқаруви остида мамлакатнинг иқтисодий асосларини турфалаштириш ҳаракатида экандек кўринади.

Сўнгги икки йил ичида туризмни кучайтиришга қаратилган ҳаракатларга зўр берилган, Ўзбекистонга бугун нафақат тарихий ва маданий сайёҳлар, балки диний зиёратчиларни ҳам жалб этиш режа ва истаклари изҳор этилган.

Ўзбекистон тарихида илк бор мамлакат раҳбари миқёсида “туризмнинг пахта етиштиришдан кўра фойдалироқ” экани расман ва ошкора эътироф этилган.

Расмийларга кўра, Ўзбекистонда тарихий, маданий ва диний обидалар сони икки ярим мингдан зиёд. Сайёҳлар потенциали ростдан ҳам улкан.

Аммо хориждан келаётган сайёҳлар сони ҳамон оз. Минтақа ва собиқ Совет Иттифоқи давлатларини қўшиб ҳисобласа, бир йилда 2 миллиондан сал ошиқ турист келган, холос.

Минтақавий экспертларга кўра эса, “хоҳлайсизми-йўқми, туризм сиёсат билан ҳам боғлиқ”.

“Туризм – очилиш, авваламбор, ташқи дунёга очилиш, деганидир”.

Уларнинг айтишларича, сўз айнан очилиш ҳақида кетганда, “расмий Тошкентда ҳануз чўчиш бор”.

“Ҳукумат интеграция-мулоқот натижасида, халқнинг уйғонишидан хавотирда…”.

МДҲ даги қолганлар-чи?

Янги рейтингда ҳам бирор бир МДҲ давлати паспортининг қанчалик қудратлилиги бобида юқори ўнталикка киролмаслик баробарида қуйи ўнликка ҳам тушмаган.

Собиқ Шўро давлатлари орасидан 12-ўринда келган Эстония энг яхши натижа қайд этган.

Уларнинг паспорти фуқароларига дунёнинг 178 давлатига визасиз бориш ҳуқуқини бераркан.

41-ўрин ва аҳолисига дунёнинг 128 давлатига бориш имконини бериш билан Украина паспорти энг кучли иккинчи МДҲ давлати бўлиб чиққан.

Пост совет ҳудудида учинчи натижа қайд этган Россия бу гал 47-ўринни эгаллаган.

Россия паспорти билан жаҳоннинг 119 давлатига эркин, бирор бир виза машмашаларисиз чиқиш мумкин экан.

Марказий Осиё давлатлари орасидан Қозоғистоннинг паспорти яна энг қудратли(69-ўрин)си экани маълум бўлган.

Қозоғистон паспорти сизга жаҳоннинг 76 давлатига эмин-эркин сафар қилиш имкониятини бераркан.

Қирғизистон янги рўйхатда Ўзбекистондан тўрт поғона юқори ўринни эгаллаган.

Фуқароларига дунёнинг 63 давлатига эркин саёҳат қилишга изн бериш билан Қирғизистон Қозоғистондан кейин минтақада энг яхши натижа кўрсатган иккинчи давлат бўлиб чиққан.

Тожикистон (83-ўрин, 58 та давлат) ва Туркманистон(88-ўрин, 53 та давлат)нинг паспорти эса, Марказий Осиёда энг кучсизлари экани аён бўлган.

Дунёда паспорти энг қудратлиси, деб янги рейтингда Осиё қитъаси вакили Японияники якто эътироф этилган.

Агар, сиз Япония фуқароси бўлсангиз, дунёнинг нақ 190 давлати эшиклари сизга очиқ экан.

Ўзбекистон шу йил виза тартибини бекор қилган Франция ва Жанубий Корея эса, Германия билан бирга юқори учликни тўлдиришган.

Фуқароларига Япониядан бор-йўғи биттагина кам давлатга бемалол чиқишга изн бериши билан Сингапурнинг паспорти бугун дунёдаги энг қудратли иккитасидан биттаси бўлиб чиққан.

Янги рўйхат жорий пайтда Ироқ ва Афғонистоннинг паспорти жаҳонда энг кучсизлари эканини кўрсатган.

Бу паспортлар билан сиз бугун дунёнинг бор-йўғи 30 тагина давлатига бора олишингиз маълум бўлган.

Манба: Би-Би-Си Ўзбек

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort