Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Фундаментал илм-фан қўллаб-қувватланиши керак”. Нобель мукофоти совриндори Азиз Санжар билан интервью

“Фундаментал илм-фан қўллаб-қувватланиши керак”. Нобель мукофоти совриндори Азиз Санжар билан интервью
22 Ekim 2018 - 9:32 'да юкланди ва 515 марта ўқилди.

Turon24 олдин хабар берганидек, туркий халқлар оламида машҳур олим, кимё бўйича 2015 йилда Нобель мукофотини олган Азиз Санжар Ўзбекистонда бўлиб турибди.

Turon24 Ўзбекистон миллий университети ҳамкорлигида профессор Азиз Санжардан эксклюзив интервью олишга муваффақ бўлди.

Суҳбатда Азиз Санжардан унга Нобель мукофотини олишига сабаб бўлган илмий тадқиқотлари, генетика соҳаси келажаги ва Ўзбекистон билан боғлиқ саволлар сўралди.

Ўқувчиларга суҳбатнинг матнини ва видеосини тақдим этамиз.

Turon24: Келинг, суҳбатимизни сизга Нобель олиб берган ишингиз билан бошлаймиз. Унга ҳозир тўла тўхталишнинг иложи йўқ. Аммо бу ғоя сизга қандай келган? Ўзингиз айтганингиздек, янги илмлар олдинги илмий ишлар устига қурилади…

Азиз Санжар: Тўғри.

T24: Адашмаётган бўлсам, сиз илмий раҳбарингизга “Менда янги ғоя бор” дегансиз ва у сизга “Майли, бошла” деган экан. Шулар ҳақида озгина гапириб берсангиз…

А.С. Мен докторлик ишимни бошлаганимда “рекобин ДНК” соҳаси янги эди ва фақат Стэнфорд университетида шуғулланишарди. Рекобин ДНК биокимёвий усул бўлиб, унинг ёрдамида янги ДНК молекулалари, яъни кўплаб биоматериаллар ҳосил қилиш мумкин. Бу соҳа шу даражада янги эди ва фақат Стэнфордда шуғулланишарди. Мен бу ҳақда илмий журналда ўқиганман. Илмий раҳбарим олдига бориб, шу методни ДНК тикланишига қўллашни хоҳлашимни айтдим. Раҳбарим “Муаллиф яхши олим эмас”, демади. “Бундай ишни фақат Стэнфордда қилишинг мумкин”, демади. “Сен янги талабасан, бундай ишни қила олмайсан”, демади. Шунчаки “Бўлди, бошлайвер!” деди. Шу сабабли илмий раҳбарим идеал профессор эди. Мен айтган ғоямни амалга оширдим. Стэнфорддаги методдан биринчилардан бўлиб фойдаланганман.

T24: Ўз соҳангиздаги топ олим сифатида, биофизика ва генетиканинг келажаги ҳақида нима дейсиз. Генетикадаги “CRISPR” методи инқилоб ясайди, дейишмоқда. Шулар ҳақидаги фикрларингиз…

А.С. Биринчидан, мен нимага ДНК тикланиш соҳасини танлаганимни олайлик. ДНК тикланиши саратоннинг олдини олишда ва даволашда ишлатилиши мумкин. Илм-фанда энг қийин иш кўпчилик эътибор бермаётган истиқболли йўналишни топишдир. Менимча, ўша пайтда ДНК тикланишини танлаб, тўғри қарорга келганман. Натижада Нобель мукофотини олдим. “CRISPR” методига келадиган бўлсак, бу услуб мутацияланган ҳайвон ҳужайралар тармоғини генерация қилиш ва осон мутациялаш имконини беради. Ундан олдин ҳам мутация қилиш методлари бўлган, аммо улар секин ва қийин эди. “CRISPR” буни жуда осонлаштирди. Шу сабабли бу янги метод инқилоб ясайди.

Кеча ҳам айтгандим, яна айтаман, бу фундаментал тадқиқотлардан келиб чиқди. Бу биотехнология лабораториясида эмас, балки микробиология лабораториясида кашф қилинди. Кашфиётчилардан бири кичик давлат бўлган Литвадан эди. Тўғри, америкалик ва франциялик олимлар ҳам бир вақтда “CRISPR”ни кашф қилишган. Бу шуни кўрсатадики, агар фундаментал илмий лойиҳаларга эътибор берилса, охир-оқибат жуда муҳим кашфиётлар бўлади. Бундай кашфиётлар эса Биотиббий тадқиқотлар ва биотехнологияда инқилоб ясаши мумкин.

T24: Кўпчилик “CRISPR” методи билан боғлиқ этик масалалар борлигини таъкидламоқда, сиз буларга қандай фикр билдирасиз?

А.С. Хавотир олишга асос йўқ. Менинг фикримча, ҳозир бундай масалалар йўқ. Бу жуда кучли метод, у биотиббий тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида бурилиш ясайди. Ўтган йили озарбайжонлик талаба лабораториямга қўшилди ва унга “Cен “CRISPR”ни ўрганишинг керак”, дедим. Умид қиламанки, у ўрганади ва бу билимларни Озарбайжонга олиб кетади.

T24: Яъни туркий давлатлардан бирига, демоқчисиз…

А.С. Худди шундай.

T24: Сизни нима руҳлантирган ва руҳлантирмоқда, карьерангиз давомида қандай қийинчиликлар бўлган, шулар ҳақида озгина гапириб берсангиз…

А.С. Бу қандайдир клише, аммо менинг давримдаги туркиялик одамларнинг ҳаммаси Отатурк ундовларидан руҳланган. Сабаби Отатурк “Илм-фансиз бу давлат рақобатбардош бўла олмайди, айниқса, Европа билан” деган. Унинг саъй-ҳаракатлари билан ўша пайтда Туркияда таълим ва илм-фанга эътибор кучайган ҳамда ижобий фикрлаш шакллантирилган. Бу мени руҳлантирган. Бундай сиёсат туфайли идеалист ўқитувчилар авлоди пайдо бўлган. Улар марказдан узоқ, мен яшаганга ўхшаш қишлоқларда дарс ўтишган. Янги ғояларни бизга сингдиришган. Ақидалар ва иримлардан кўра таълим ва ижобий фикрлаш муҳим эканини ўргатишган. Бунга қўшимча равишда, отам меҳнаткаш одам эди. У мен учун намуна бўлган. Отамнинг маслаҳатларига амал қилганман.

T24: Ўзбекистон ҳукумати илм-фан ва инновацияни ривожлантиришга эътибор қаратмоқда. Сизнинг Тошкентда эканлигингизнинг ўзи бундан дарак…

А.С. Тўғри.

T24: Шу сабаб, ҳозир илм-фан ва инновацияни ривожлантиришга қаратилган ҳар хил фикрлар айтилмоқда. Сиз қандай фикр билдира оласиз?

А.С. Мен фундаментал илм-фанни ривожлантириш керак, деган фикрга қаттиқ ишонаман. Мен биотехнологияни ривожлантирманглар, демайман, кеча шундай лабораторияни кўриб келдим. Аммо фундаментал илм-фан ҳамма нарсанинг асосидир. Шу сабабли фундаментал лойиҳаларга пул ажратиш жуда муҳим, деб ўйлайман. Улардан “Сен амалиётда қўллаш мумкин бўлган нима берасан?” деб талаб қилиш хато бўлади. ДНК тикланиши қандай бўлишини кашф қилганимда, мен саратонни даволамаганман. Ҳозир биляпмизки, мен қилган кашфиёт саратонни ва бошқа касалликларни даволашда ишлатилади. Фундаментал илм қўллаб-қувватланиши керак, деб ҳисоблайман.

Манба: Turon24

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort