Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Кўплар донишманд деб билдилар ўзни…”

“Кўплар донишманд деб билдилар ўзни…”
29 Ekim 2018 - 11:57 'да юкланди ва 480 марта ўқилди.

Яқинда “Бахтли ва фаровон ҳаёт билан руҳ хотиржамлигини таъминловчи фазилатлар” деб номланган 472 бетлик бир китоб қўлимга тушди. Майли-да, номи тумтатароқ бўлса ҳам, балки муаллифнинг ҳаяжони ошиб-тошиб, ниятини дуруст ифодалай олмагандир, сарлавҳа – бор-йўғи бир либос-ку, ичи яхши бўлса бўлди-да, дея 40 минг сўм ақчани қуртдай санаб бериб, сотиб олдим. Чунки масъул муҳаррир – техника фанлари доктори, профессор Зокирхонҳожи Шокирхон ўғли Афзалов, маъқуллаб тақриз ёзганлар – фалсафа фанлари доктори Зиёд Давронов, педагогика фанлари доктори Мамаражаб Тожиев, фалсафа фанлари номзоди Гулсанам Тиллаевадай унвондор олимлар бўлса. Ҳам техника, ҳам фалсафа, ҳам педагогика алломалари маъқул топган бу “фалсафий-маърифий асар”нинг сарварағида “Бу китоб ҳар кимга керак, ҳар кунга керак” деб битиб қўйилибди. Асарга бунча таърифлар ҳам кам кўринган шекилли, муаллиф – фалсафа фанлари доктори Бўри Зиямуҳамедов ўзи ҳам лутфан бир манзума илова этибдилар:

“Мазкурни ўқиган доно бўлади,
Жаҳолатдан чиқиб, онги тўлади”

Бай-бай, демак, нимаики битибдурлар, бари илму ҳикмат экан-да! Боз, “Қадимда яшаб ўтган алломалар билан шу замон олимлари фикридан келиб чиққан ҳолда, муаллифнинг ўттиз йиллик тадқиқотлари натижасида ишлаб чиқилган ва Туронзамин халқларида шакллантириш зарур бўлган 13 фазилат туронликларнинг ахлоқ кодекси сифатида қабул қилинса, халқимиз ижтимоий ривож пиллапояларидан кўтарила бориб, бу дунёда бахтли ва фаровон ҳаётга ҳамда руҳий хотиржамликка эришиши муқаррар эканлигини исботлашни ҳам ўз олдига амалий мақсад қилиб қўйганини айтмайсизми!

Мунча билим ва маърифат беришга ҳиммат қилган валломат ҳар томонлама етук, фозил, оқил ва комил бир аломат инсон бўлиши керак. Бу китоб билан танишгач, биология, философия, педагогика, дидактика ва ҳоказо илмларнинг қаймоғи жамулжам бўлганини кўриб, каминангиз ҳайрат бармоғини тишлади-қолди. Ана, ўзингиз бир қаранг (имлоси китобдагидай): “Овқатни истеъмол қилганидан кейин у ошқозонга тушиб яхшилаб эзилиб бўтқага айланади, сўнг ингичка ичаклардан ўтиб йўғон ичакка тушади(73-бет); “Акс ҳолда у устозининг ўғити ва китоб мазмунига тушунмайди” (173-бет); магистрант “илмий раҳбари ёрдамида фандаги ечилмай турган муаммолор ичидан шу кунумизга зарур бўлганларини, яъни долзарб муаммоларни ажратиб олади”(193-бет); “Иккинчиси, ўқув машғулотини лойиҳалаш ва уни амалиётда қуллаш жараёнида, албатта умуммажмулар назариясига асосланувчи, объектив борлиқга «мажму ёндашув» (системный подход) тамойили қонунларига амал қилиш” (396-бет); “Ёзишда давом этинг!” (421-бет).

Домла ҳам ёза берибди, алҳол шундай универсал китоб юзага келибди.

Чучмал мулоҳазалар, масъулиятсиз масъуллар…

Эвоҳ, биз асардан иқтибос олишга берилиб кетиб, сиз азизларнинг дилини ҳаприқтириб турган “Икки дунё саодатига эриштирувчи” анов масала – жами Туронзамин аҳли ахлоқ кодекси бўлажак 13 бандли “фазилатлар” нималигини баён қилишни, сал қоптики, унутаёзибмиз. Мана, улар: 1. “Эзгу ният ва соғломлик”. 2. “Мустақил фикр ва маълумот”. 3. “Имон-эътиқодлилик”. 4. “Меҳр-муҳаббатлилик”. 5. “Ахлоқ ва одоб”. 6. “Мулкий муносабат”. 7. “Уддабуронлик ва тадбиркорлик”. 8. “Меҳнатсеварлик ва шиддат”. 9. “Ҳуқуқий ва экологик маданият”. 10. “Миллий ғурур ва ватанпарварлик”. 11. “Толерантлик ва инсонпарварлик”. 12. “Мардлик ва жасорат”. 13. “Сабр-қаноат ва саховат”. Ана кўрдингизми! Шуларни шакллантириб олсак, марра бизники бўлиши аниқ экан, юз фоиз жавоб экан!

Яхши бир ашула ё шеър эшитган, куй тинглаб мазза қилган одам “Жуфт бўлсин!” деб олқишлайди, тилак билдиради. Мен ҳам нафақат туронликлар, балки бутун башариятнинг ахлоқ кодекси бўлса ҳам бўлаверадиган бу “13 фазилат”га “жуфт бўлсин” деб 14-сини – “Андиша ва камтарлик”ни ҳам қўшиб қўйсам, қандоқ бўларкин?

Ана ўшанда муаллиф ёзаётган ҳар бир сўзини ўйлаб ёзади, глобал мавзуларда “донишмандлик” қилмайди, лоақал, муқаддас китоблардан олинган иқтибосларга эҳтиёт бўлади. Масалан, асарининг бир ерида “бўлажак жамият қомуси тамойиллари”дан бири қилиб бизга ибрат сифатида “Тинчлик ўрнатувчилар бахтлидир, чунки улар Худо ўғиллари дейилур”, дея Инжилдан парча берилади. Билмадим, бир мусулмон сифатида, мен “Худонинг ўғли” дейилишдан истиғфор қиламан, унинг бандасиман, алҳамдулиллоҳ.

Китобнинг масъул муҳаррири ҳам, уни маъқуллаб тақриз ёзган алломалар ҳам зиммаларидаги масъулиятни сезмаптилар, афсус. Улар Бўри оға “Инжилни ўқимаган одам Қуръони каримни тўлиқ тушуниб етмайди” дея (19-бет) Инжилни Қуръондан устун қўйишини, Оллоҳ “Мен инсонни обид эмас, балки олим қилиб яратдим, билим излаган Мени топади” деб марҳамат қилган” (86-бет) деб Қуръону Ҳадисларда йўқ гапларни ёзишдай ғайриисломий “кашфиёт”ларга жазм этаётганини наҳотки пайқашмаган бўлса?

Афсуски, шундай. Бизнингча, масъул муҳаррир ҳам, тақризчилар ҳам китоб қўлёзмасини ўқимаган, унинг мазмуни билан, ҳатто у босилиб чиққач ҳам, хабардор эмас. Ёки бўлмаса, уларнинг илм-билими ҳам муаллиф қатори.

Бўри Зиямуҳамедов фан билан динни қовуштиришга жазм этади: “Биз ҳам китобимизда бу икки билимни бир-биридан ажратмай, бирини биридан келтириб чиқариб, бирини бирига сингдириб, бирини бошқаси билан исботлашга ҳаракат қилдик” (58-бет), деган эклектикага мойил гапларни ўқиб, бир ҳайратим ўн бўлди. Илмни далиллаш, динни эса тарғиб этиш ўрнига уларни қориштириб, “бирини бошқаси билан исботлаш”нинг не ҳожати бор?

“Бахтли ва фаровон ҳаёт билан руҳ хотиржамлигини таъминловчи фазилатлар” китоби ўзи аслида эклектиканинг классик намунаси бўлиб, бир-бирига боғланмайдиган тўрт масала – инсон ва унинг моҳияти ҳақида чучмал мулоҳазалар, бояги 13 бандлик “бўлғуси ахлоқ кодекси”, “Янгича қараш – “Умуммажмулар(?) назарияси” ва “Ўқув машғулот лойиҳасини тузишга оид йўриқномалар” борасидаги битиклар бир мавзудаги яхлит китоб дея тақдим этилган. Муаллиф эса, фан билан динни “бир-бирига сингдириш” билан ҳам кифояланмай, “Курравий динлар бўлиб ҳисобланган яҳудий, насроний ва ислом динларини ўзаро яқинлаштиришни ҳам кўнгилга тугиб қўйганмиз”, дея янада каттароқ нияти ҳам борлигини айтиб, суюнчилайди (18-бет). Астағфируллоҳ, “ўзаро яқинлаштириш” учун нима қиларкин – исломнинг бирон арконини рад этиб, ўрнига анов динлардаги қай бир тартиботни жорий этармикин? Бизнингча, ҳеч қайси динга реформатор керак эмас. Дин – ўта нозик масала: кўриб турганимиздай, теран билими бўлмаган одамни алжиратиб қўяди. Ким билади, дейсиз, Умар Хайём “Кўплар донишманд деб билдилар ўзни…” деб бошланадиган машҳур рубоийсини балки ўз замонидаги мана шундай донолар билан мубоҳаса асносида битгандир?

Китоб дегани, ёзсанг ёзилаверади, деб тайёрланмайди, ўқувчининг савиясини, бир баҳя бўлса ҳам, кўтаришга қодир бўлиши керак у. Мен тилга олган нашрда эса, минглаб, ҳа, минглаб имловий ва услубий нуқсонлар ҳам бор, улар қалашиб, бир-бирининг устига айқашиб ётибди! Шунинг ўзиёқ, ҳатто у доҳиёна бир асар бўлса ҳам, нашр этмаслик учун асос эди-ку!

Борингки, айнан шу китобни “тасодифан” нашриётда ҳам ҳеч ким ўқимагандир. Хўш, муаллифнинг ўзи-чи? Дариғки, она тилида иншо ёздирсангиз “икки” оладиган, олий ўқув юртига кириш имтиҳонлари топширса, “йиқилиши” муқаррар бундай профессорлар бугун икки юзталаб топилади.

Алмойи-алжойи китоблар, “тадбиркор” ноширлар…

Илмийлик даъвосидаги алмойи-алжойи китоблар, ажабки, кейинги йилларда кўпайиб кетяпти. Уларнинг энг биринчи белгиси – муаллиф шу соҳага оид адабиётларни ўқимаган бўлади, “кашфиёти”ни эълон қиларкан, ўзидан аввалги олимларнинг асарларига мурожаат қилмайди, ўзини – доҳий тутиб, ҳар бир гапини эса мутлақ ҳақиқат тарзида баён қилади.

Юсуфжон Рўзи Байкандийнинг “КОИНОТ ТУЗИЛИШИ ва Ерда ҳаётнинг пайдо бўлиши ҳақида энг янги ГИПОТЕЗАЛАР” деган ном билан чоп этилган асари ҳам ана шундай ажабтовур нашрлардан экан. Мактабда физика ва астрономия муаллими бўлиб ишлайдиган тадқиқотчининг китобига физика-математика фанлари доктори, профессор К.Насриддинов “Во ажаб” деган сўзбоши ёзиб, “муаммога тизимли ёндошилгани”ни мамнуният ила қайд этган бўлса, ҳайратини яшира олмаган химия фанлари номзоди доцент Н. Севинчов шу китобга иккинчи тақриз-сўзбошисини “Тасанно” деб номлаб, асарни “теран фикрлар маҳсули” деб баҳолабди.

Шунча олқишлардан сўнг китобни ўқимай бўладими?! Коинот, ҳаёт масалаларига қизиқмаган одамнинг ўзи йўқ-ку.

“Гипотеза” – далилланмаган, илмий назарияга айланмаган тахминдир. Шундай бўлса ҳам муаллиф уни эълон қилишга жазм этибди, коинот ва Ерда ҳаёт пайдо бўлиши ҳақида 31та тахминини атиги 23 саҳифада Нострадамуснинг “Центуриялар”ига ўхшаб кетадиган бир услубда баён қилибди. Албатта, 23 саҳифалик нарса китоб бўла олмайди, аммо кашфидан олам аҳли баҳраманд бўлиши учун астойдил жазм қилган муаллиф уни бояги тақризлар билан қўшиб рус ва инглиз тилларига таржима ҳам қилдириб, барини қўшиб, алоҳа, 88 бетлик китоб қилиб чиқарибди.

Ори рост, ҳар қандай илмий янгилик гипотезадан бошланади. Жўяли гипотеза тафаккур парвозига йўл очади, айниқса, космология соҳасида бирон янгилик усиз юзага чиқмайди. Хўш, Юсуф Рўзи Байкандийнинг гипотезалари қай даражада асосли, унинг мантиғи, илм ҳозиргача қўлга киритган ютуқларга асосланганлиги, янги билим ва тушунчалар беришдаги салмоғи қанча, хуллас, бу кашфиётлар тўғри бўлиб чиқса, нимага эришамиз?

Афсуски, китобдан бу саволларга жавоб ололмайсиз. “Коинотнинг –200Сга яқин совуқлигида сув муз парчаларига айланган ва у атрофидаги чанг, қум ва турли элемент молекулалари, суюқ ҳолдаги газларни ўзига тортиб катталашаверган, – деб уқтиради муаллиф. – Катталашишни олдинроқ (?) бошлаган” (8-бет). Унда, музлашдан аввал сув суюқ ҳолда бўлган экан-да?

Замонавий астрономия бир-биридан узоқлашиб бораётган галактикаларнинг спектрал таҳлили асосида коинот бундан 12-13 миллиард йиллар аввал “Буюк портлаш” орқали пайдо бўлган, деб уқтирса, муаллиф “сахийлик” билан бунга яна 15 миллиард йил қўшиб беради, коинотда “бундан 27,5-28 миллиард йиллар илгари бўшлиқ бўлмаган” деб ҳукм этади. Асослашни эса, лозим ҳам топмайди, чунки бу – гипотеза-ку.

Алқисса, орадан яна 7-8 миллиард(!) йил кечганмиш. Кейин, ўзаро тортилаётган жисмлар газ молекулалари орасидан ўтаркан, қизиб оловлана бошлапти, нима учундир, бу оловланишнинг тезлиги шунча катта самода атиги товуш тезлигига яқин бўлибди, холос. Уёғини сўрасангиз, буларга “тахминий аниқлик”(?) киритса ҳам бўлар эмиш (13-бет, Гипотеза №5).

Биз бу “оламшумул” кашфларнинг ҳеч бирига батафсил тўхтала олмаймиз, чароки бунга ҳожат ҳам йўқ. Ҳақиқат мантиғи билан хомхаёлнинг “қатиғи” омухта бўлиб кетган бу “янгилик”ларни гипотеза эмас, метатеза деб баҳоласак, тўғрироқ бўларди. Аммо сўз қуруқ бўлмасин, биргина 30-гипотезани кўриб боқайлик. Бунда одамнинг руҳ-жони ҳақида сўз юритилади: “Одамлар ва бошқа жонли мавжудотлар атрофида биомайдон борлигини биламиз, – деб ёзади Юсуф Рўзи Байкандий. – У майдон таъсирида одамлар бир-бирига, ҳатто жисмларга ҳам ўзининг масофадан таъсир қила олишини кўп марталаб кўрганмиз. Демак, биомайдон энергияга эга. Бинобарин, энергия бордан йўқ бўлмайди. Инсон вафот этгач, у руҳ бўлиб унинг танасидан коинотга чиқиб кетади. Коинотда қайта-қайта ҳаёт юзага келгач, у руҳлар яна бошқатдан ўз эгаларига қайтадилар”(29-бет).

Бу… шунчаки бир “гипотеза”ми? Йўқ. Юсуф Рўзи, “одам ўлгач, унинг жони кейин туғиладиган бошқа бир одам танасида яна ҳаёт кечиради”, деб даъво қиладиган таносух (реинкарнация) тарғиботчиларига қўшилиб, ислом динида қаттиқ қораланадиган муртад бир ғояни “илмий” тақдим этяпти.

…Биламиз, айрим одамлар маълум ёшга боргач, ўз билимини мукаммал ҳолда деб тасаввур қила бошлайди, ҳаммага сабоқ беришга чоғланиб қолади. Аслида, бунинг унча зарари йўқ. Аммо ўшандай гапларни китоб қилиб нашр этмаслик учун эса, инсоф ҳам керак. Савияси ҳаминқадар, диний, фалсафий, илмий ё маърифий жиҳатдан хато ёки гоҳо зарарли ҳам бўлган бундай китоблар, афсуски, чиқиб ётибди. Нимага десангиз, валломат муаллиф пулни опкелиб ташлайди, пул бор экан, китоб чоп эттириш нима бўпти?

Бу каби нашрларнинг зарари шундаки, улар бирон соҳадаги жузъий масалада эмас, энг глобал, методологик, умумфалсафий масалаларда ўқувчилар дунёқарашини бузади. Шундай экан, уларнинг олдини олинса, тўғри бўлади. Мазмуни саёз, диний, фалсафий жиҳатдан хато, зарари эса нақд бўлган нашрлар йўлига тўғон солиш эса “ҳурфикрлик”ни бўғиш эмас. Назаримизда, бунинг йўли – ҳар бир китоб қўлёзмасини нашриёт томонидан мустақил тақризга бериш ва унда маъқул топилсагина босиш. Илгари шундай тартиб бор эди ва шу орқали заиф асарлар бозорга чиқиб кетмасди. Албатта, тақризчи текин ишламайди, унинг гонорари деб нашриёт озгина чиқимдор бўлади. Аммо шу ўринда ҳурматли ноширларимизга бир савол: нашриёт очиб, шу соҳада “тадбиркорлик” қилишдан мақсад – нима қилиб бўлса-да, пул топиш холосми, ё эл маърифатини юксалтириш ҳамми? Агар ҳар иккиси ҳам бўлса… қай бири муҳимроқ?

Зуҳриддин Исомиддинов,
адабиётшунос.

Манба: mspressa.uz

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort