Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Европарламентнинг икки юзи!

Европарламентнинг икки юзи!
04 Kasım 2018 - 21:58 'да юкланди ва 646 марта ўқилди.

ЕВРОПАРЛАМЕНТНИНГ ИККИ ЮЗИ!

Европарламент делегация аъзоси Ўзбекистон аҳлини таҳқирлади!

1 ноябрь куни Европарламент билан учрашувдан ниҳоятда хафа бўлиб чиқдим!

Учрашувга таклиф қилинган Европарламент аъзолари биз ҳуқуқбонларга қарата илк берган саволи шундай бўлди: “Биз “Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга барҳам берилганлиги ҳақида эшитмоқдамиз. Аслида ҳам шундайми?”

Ҳарҳолда айнан шундай бўлмаса-да, аввал инглиз тилида айтилган ва кейин рус тилига ўгрилган сўзлар мазмуни ана шундай эди.

Биринчи бўлиб ҳуқуқбон Елена Урлаева сўз олди.

Шўрлик Елена Михайловна ниҳоятда содда ва софдил.

Улар 2018 йил пахта йиғим-терими мавсумида олиб борган мониторинг натижаларига таянган ҳолда асл вазият хусусида гапира кетди.

Урлаеванинг фикрларини бир оғиз сўз билан ифодалайдиган бўлсак, “Афсуски, мажбурий меҳнат барҳам топган эмас, аксинча, вазият оғирлашиб кетди” деган мазмунни ўқиш мумкин эди.

Ва яна Европарламент аъзоларининг “Биздаги маълумотларга кўра теримчиларнинг асосий қисми ўзлари ҳоҳлаб пахта тераётганларини тасдиқлашмоқда”, “Нимага асосланиб мажбурий меҳнат статусини бермоқдасиз бу ҳолатларга….” каби саволлар кўлами қамраб олганди.

Елена опа имкон қадар барча саволларига ўз кузатувлари, тажрибасидан келиб чиқиб жавоб беришга уриндилар.

Ва яна Европарламент вакилларини қийноқлар муаммоси ҳам қизиқтирди.

Елена Михайловна тадбиркор Жаҳонгир Умаров, Раҳима Очилова, Баҳром Суванов, Бобомурод Абдуллаевлар мисолида қийноқлар ҳамон давом этаётганлигини таъкидлади.

Очиғи, мен бунингдек виқорли давраларда жуда кам бўлганман.

Менингдек деҳқон қизи бунақанги элита ичида ўзини қандай тутишни ҳам билмайди, рости.

Урлаева гапираяптилару, таржимон таржима қилаяпти-ю, Европарламент аъзоларидан бири асабийлашиб столга гоҳ ручкасини отиб уради, гоҳ жаҳл ва зарда билан столни блокноти билан “солиб” қолади…

Синчков шахс сифатида буни пайқамаслик мумкин эмасди.

Мен содда “Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларининг топталишини эшитган меҳмоннинг фиғони фалакка чиқмоқда!” деб тушунганимни қаранг.

Бир маҳал Елена Михайловна сўзларини тугатиши билан худди ўша жаҳл билан бесаранжом бўлиб ўзини уёқдан буёққа бетоқат бўлиб ураётган жаноб – олдидаги бир парча қоғозга “Андрей Мамукинс Латвия” деб ёзиб қўйилган Европарламент вакили бошлаб қолса бўладими:

– Кечирасиз, сизнинг исмингиз нима эди?! – деди-да қораланган қоғозларидан Урлаеванинг исм-шарифини бир муддат қидириб қолди. Мен уларга кўмаклашиб юбордим, “Елена Михайловна” дедим. – Ҳа, Елена Урлаева, кечирасиз, менинг кўриш қобилиятим заиф, яхши кўрмайман. Мана, шу сабаб кўзимда кўзойнагим бор… Айтингчи, мана мен яхши кўра олмаяпман, сизнинг устингизда қандайдир либос борми, ёки сиз қаршимизда ялонғоч ўтирибсизми?! – деса бўладими?

Унинг бу сўзлари шунақнаги захарханда билан айтилдики! Заҳарханда билан бирга бу сўзлар ҳақорат, беписандлик ва қахр-ла йўғрилган эди.

Ҳаммамиз ҳайрон!

Шунда даҳо жаноб Мамукинс ўз саволига ўзи жавоб қилди:

– Адашмасам, энгингизда пахтадан бўлган либос бор-а?… Масалан, мен фарзандларимга пахтадан бўлган буюм харид қилишни истайман…. Сиз маъломат ёғдирмоқдасиз. … Қўл билан термаса, ишсизликни қандай бартараф этади… Яна қийноқлар ҳақида қандай қилиб гапирасиз, қачонки, ўзингиз умрингизда қийноқни кўрмаган бўлсангиз.. – дея иллатли гаплар қилди Андрей ака. Менинг эса Мамукинснинг захархандага тўла иллатли нописанд гапириш монераси, камситувчи овоз оҳангидан этларим жунжикиб, қулоғимга унинг гаплари бир кириб-бир кирмасди. Даставвал, ҳеч нарсага тушуна олмасдан қолдим. Елена опанинг эса аҳволини ўзингиз тасаввур қилиб кўраверинг. Бутунам эсанкираб қолдилар ва мулойимлик билан: “Сиз савол бердингиз, мен ўз билганларим асосида саволингизга жавоб бердим” деб жилмайиб қўйдилар.

Шахсанм ен Жаноб Андрейнинг бу ҳамласини провокация деб атаган бўлардим.

Биласиз, олдинги ҳукумат бир неча маротаба Елена Урлаевани руҳий касалликлар шифохонасига ташлади ва Халқаро жамият олдида Урлаеванинг руҳий носоғлом эканлигини исботлашга уриниб келди.

Назаримда, бундан хабардор бўлган Мамукинс жаноблари Елена Михайловнанинг руҳий ҳолатларини издан чиқариб юбориш ва Урлаеванинг қарши ҳужумига эришиши мақсадида атай ўзини дипломатларга нохос, айтиш мумкинки, ўзини тентакона тутди ва ҳаммани кўз ўнгида Елена Урлаевани таҳқирлади.

Шу ўринда мен шуни айтмоқчи эдимки, Европарламент аъзосининг бу каби ахмоқона сўзлари ва ҳғаракталари нафақат Урлаевага нисбатан, балки бутун бир Ўзбекистон аҳолисига нисбатан ҳақорат, камситиш, таҳқир деб тушунаман.

Бир нарса аниқ эди: Бунингдек таҳқирли муомаладан “портлаб” ктеган Урлаева унга худди Андрейнинг ўзи каби қўполлик билан жавоб қайтаришини, ҳурматсизлик қилишини кўтган эди!

Яхшиямки, Урлаева оғирлик қлиди!

Йўқ, мен бунақнаги киборлар давраси учун яралмаганман!

Мен деҳқон боласиман! Ва мен охирги нафасимда ҳам юрагимда борини шартта-шартта айтиб қолишим шарт! Акс ҳолда айтилмаган сўз мени бўғзимни кудириб, ўлдиради!

Шу сабаб сўз олдим-да шундай дедим:

– Сиз биздан қандай жавоб кутгандингиз, билмадиму, мен сизлардан бир нарсани сўрамоқчиман: мажбурий меҳнат ана барҳам топди, мана барҳам топди деган ёлғон гапларни эшитишдан толмадингнизми, тўймадингизми? Шундай ёлғон гапларни эшитиш ёқадими сизларга?! Сизларни билмадиму, шахсан мен мажбурий меҳнат борасидаги ёлғонлардан тўйиб кетганман!

Биринчидан, қайсидир ҳорижлик фарзандига пахталик либос харид қилишни орзуласа, бунинг учун ўзбек, ўзбекистонлик айбдор дегани эмас! Бунинг учун Ўзбекистонлик заҳматлари эвазига пахта етиштириши, пахта териши шарт дегани ҳам эмас!

Ўзи шахсан мен Халқаро Меҳнат ташклиотининг 3-4 йилдан бери тарқатаётган ёлғон ҳисоботларидан безиб кетганман. Ҳар йили мажбурий меҳнатга барҳам берилди деган ёлғон ҳисобот тарқатишдан чарчамайди. Мен МОТ ходимларининг ўзларига ҳам айтганман: Бу ёлғонлар бизнинг халқимиз, Ўзбекистонликлар учун ҳақорат! Бизда, мамлакат ичкарида битта ёлғончи бор – номи ҳукумат. Бизга иккинчи бир ёлғончи – МОТ отлиғ Халқаро ташклиотнинг кераги йўқ!

“Ўзбекистонда ана тугади мажбурий меҳнат, мана тугади мажбурий меҳнат!” деган алдовблардан толиқиб кетдим.

Мен бир қишлоқ деҳқонининг қизи сифатида, ўша пахтазорда пахта териб катта бўлган бир инсон сифатида мажбурий меҳнат борасидаги ҳар қандай баҳсларга нуқта қўйувчи охирги гапимни айтаман: Агарда сизга ҳақиқат керак бўлса, кимдаки, “Мажбурий меҳнат Ўзбекистонда барҳам топди” деса, ишонманг!

Ҳақиқат шуки, пахта йиғим-терими мавсумида мажбурий меҳнатдан воз кечишнинг мутлақо имкони йўқ.

Тўғри, Президент мажбурий меҳнатдан воз кечишни истайди. Бироқ мавжуд шароит бунга йўл қўймайди.

Биз ҳаммамиз мажбурий меҳнатнинг қурбонларимиз.

Нега?

Нега мажбурий меҳнатга барҳам бериб бўлмайди?

Негаки, пахта гектарлари кўп, майдонлар катта, ишчи кучи эса саноқли. Битта фермерда 200-300 гектарлаб пахта майдони бор, лекни қўлидаги ишчиси 4 та нари борса, 10 та. Бу одалмар билан пахтани йиғиб-тери олиб бўладими, яна қўл меҳнати билан?!

Пахта териш қўл меҳнати билан бажарилмоқда-ку!

Негаки, пахта териш машиналари йўқ. Бўлсаям сорти тушиб кетмасин деб қўлда тердирадилар, пахта териш машинасининг бориям битта-иккита. Пахта териш машиналари чарчаб қолган, қишлоқ хўжалиги кети билан ўтириб қолган. Ишки кучи эса йўқ, одамлар хорижга иш излаб кетиб қолган.

Мен сизга бир ҳақиқатни айтмоқчиман, токи Ўзбекистон пахта монополиясидан қутилмас экан, пахта майдонларини кескин қисчқартирмас ва пахта ўрнини ўзга сердаромад экинларга бўшатиб бермас экан мажбурий меҳнат яна 100 йил давом этаверади.

Пахта монополиясига барҳам бермасдан туриб Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга қарши курашиш ва бу курашга сармоя сарфлаш ахмоқлик.

Мажбурий меҳнатга қарши курашишнинг бирдан бир-йўли бу пахта майдонларини кескин қисқартириш ва пахта монополиясидан қутилиш! Ўшанда мажбурий меҳнатга қарши курашишга ҳеч қандай ҳожат ҳам қолмайди. Мажбурий меҳнат ўз-ўзидан барҳам топади.

Ўзингиз ўйлаб кўринг, пахта майдонлари катта, ишчи кучи йўқ. Пахта эса пишиб, етилган. Териш керак, терилмаса, қор-ёмғир тагида қолади! Бу дегани – “Менинг отамни, онамни, жигаримнинг пешона тери увол бўлади, рисқи қийилади, меҳнатидан бунёд бўлган маҳсулотнинг тан нархи жаҳон бозорида тушиб кетади!” деган гап! Ўз мамлакатининг бир ватанпарвар фарзанди сифатида мен буни истармидим?!

Асло истамайман!

Қор тагида қолдирмасам, сортини бузмасам, ўз вақтида териб олсам дейман! Истак кучли. Бироқ имкониятим йўқ. Шу саба нима қиламан? Бюжет ташкилоти ходимларидан кўмак сўрашга мажбурман: “Кўмаклашинг, меҳнатимиз қор тагиад увол бўмласин!” дейишга мажбурман!

Мана, сиз “Одамлар ўзлари истаб пахта термоқдамиз дейишмоқда. Сиз мажбурий меҳнатлигини қаердан биласиз?” деб сўрадингиз.

Биринчидан, мажбурий меҳнат бор жойда план бўлади, кунлик пахта териш режаси бўлади.

Агарда мен оиламнинг иқтисодий аҳволини ўнглаш мақсадида пахта теримига чиқадиган бўлсам, менга 100 000 сўм керак бўлса, 100 кг тераман, менга 200 минг сўм керак бўлса, 200 кг. тераман. Бу менинг истак-ҳоҳишимга боғлиқ. Нега энди кимдир менга “Сен шунча теришинг шарт” деб норма қўйиши, қўйлиган нормани бажара олмасам, жазолаши керак? Ахир норма қўйилишининг ўзи мажбурий меҳнатнинг мавжудлигидан далолат эмасми?

Ва яна, мана, масалан, 2018 йилда Олий милиция академиясининг 2 мингта курсантлари ва 80 та ўқитувчиси Жиззах вилоятининг Зарбдор туманидаги газ идорасининг, маданият уйининг биносида ётиб, пахта теришмоқда.

Бир нарса қизиқ: Наҳотки 2 мингта курсанднинг барчаси айнан Жиззах вилоятининг Зарбдор туманида пахта теришни истаган бўлса? Улар орасида самарқнадлик курсандлар йўқмиди? Нега улар ихтиёрий пахта теримига чиққан бўлса, Самарқнадга, уйига бориб, ўзининг қишлоғида пахта термаяпти? Нега ҳаммаси битта манзилда пахта термоқда? Ахир буларнинг барчаси тепадан уюштирилган ҳолда буйруқ билан қилинаётганлиги шундайин ҳам маълум-ку! Наҳотки буни фаҳмлаш учун илмий иш ёқлаш ва ё америка кашф этиш шар бўлса?!

Нега фақат ўзимизниям, ўзгаларниям алдашга уринамиз!

Мана, сиз “Қийноқларни кўзинг билан кўрмагансан!” дедингиз.

Масалан, мен қийноқ қўлланилган юзлаб одамлар билан суҳбатлашганман. Улар орасида тирноқларига ниналар тиқилган ва ойлаб қонталаш излари кетмаганлар бор, баданлари маматалоқ бўлганлари бор…. Уларни гапларини эшитсангиз, кўзингизга ёш келади.

Қийноқ қурбонларининг сўзларини эшитиб туриб-да қандай қилиб уларга ишонмаслик, қийноқ ҳақида гапирмаслик керак!

Мана, сиз “Умрингда қийноқ қўшлланилганини кўрмагансан!” дедингиз.

Куни кеча Елена Урлаева иккимиз Тошкент вилоятининг Жиззах туманида бўлдик. Биздаги тасвирларни йўқ қилиш мақсадида ИИБ ходимлари бизни мажбурий тарзда ИИБ биносига олиб келди ва 3 соатдан ортиқ ушлаб ўтиришди. Флишкаларимизни йўқ қилиш мақсадида Урлаевани фотоаппаратини куч ишлатиш йўли билан тортиб олиш учун сумкасини йиртишди, ИИБ ходимлари менинг телефонимни синдиришди! Сизнингча бу қийноқ эмасми? Бу руҳий ва жисмоний қийноқ эмасми? Сиз учун бу балки арзимаган нарсадир! Аммо бу биз учун қийноқнинг бир тури. Сизга яна қанақанги ҳақиқат керак! Биз бошқача ҳақиқатни билмаймиз. Сизга ҳақиқат керак бўлса, юринг, мен билан Ўзбекитсоннинг энг чекка вилоятларига, чекка қишлоқларига юринг, пахтакорларнинг ҳақиқий аҳволини ўз кўзингиз билан кўринг” дедим…..

Мен бу гапларни изтироб, ғазаб ва ўта ҳаяжон билан гапридим.

Ўзбек тилидаги сўзларимни инглиз тилига ўгиришга таржимоннинг маҳорати нечоғлик етди, ёки йўқ, бунисини билмадим….

Шунда Елена Урлаева “Бизни ИИБ мониторинг давомида ноқонуний ушлаб, флешкаларни қидириш мақсадида ИИБ хонасида хатто мажбурий тарзда гнекологик текширувлардан ўтказишган.Бу ҳам қийноқнинг бир тури” дедилар.

Европарламент вакиллари билан учрашувдан дилим ниҳоятда хуфтон бўлиб чиқдим.

Ҳали-ҳамон ўзимга келолмайман.

Хулосам шу бўлди: “Ҳамма жойда ҳам хўроз бир хил қичқирар экан-да-а?!”

Раҳматлик онам дердилар: “Оч бола билан тўқ бола ўйнамас, тўқ бола ҳеч нарсани ўйламас!”.

Мен Европарламентнинг икки юзини кўрдим, иккиюзламачилигига гувоҳ бўлдим.

Кейин менда ҳақли бир савол туғилди:

Халқаро жамиятни, Европарламентни ростанам Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ҳақиқий ҳолат қизиқтирадими, ташвишга соладими?

Ёхуд “инсон ҳуқуқларининг ҳимояси” масаласи сиёсий саҳнада шунчаки ўзоро манфаатлар тўқнашиб, тўғри келмай қолганида қурол вазифасини ўтаб берувчи омилми?

Мен ҳеч нарсани тушуна олмасдан қолдим.

Мен қишлоқ қизига тушунтириб қўйинглар!

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
мустақил журналист, ҳуқуқ ҳимоячиси

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort