Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Каримов, Тоҳир Йўлдош, Мирзиёев – энди ўзаро ишонч қайта тикландими?

Каримов, Тоҳир Йўлдош, Мирзиёев – энди ўзаро ишонч қайта тикландими?
07 Kasım 2018 - 14:27 'да юкланди ва 574 марта ўқилди.

Минтақавий таҳлилчиларга кўра, президент Шавкат Мирзиёевнинг афв тўғрисидаги махсус фармонига қарамай, яқинда собиқ аъзолари устидан Ўзбекистонда бўлиб ўтган маҳкама иши Афғонистон ва Покистондаги аксарият ўзбек жангариларини ортга қайтиш фикридан қўрқитиб қўйган.

Ўзбекистон янги президентининг шу йил сентябрь ойида эълон қилган фармони бу каби гуруҳларга “адашиб кириб қолган ва пушаймон бўлган” фуқароларини афв этишни кўзда тутган.

Шу йил июль ойида Туркиядан Ўзбекистонга қайтарилгани хабар берилган Зокир Раҳимов устидан маҳкама жараёни эса, куни-кеча ўз поёнига етган.

Асли навоийлик судланувчининг Ўзбекистон Жиноят Кодексининг “ўта оғир моддалари бўйича айбланаётгани” маълум қилинган.

Зокир Раҳимов ўзига қўйилаётган айрим айбловларни тан олишини айтган, аммо “шу қилмишларидан қаттиқ пушаймон”лигини изҳор этган.

Кун.уз интернет нашри судланувчининг, “Мен хато қилганимни ва адашганлигимни тушуниб етиб, ЎИҲ (Ўзбекистон Исломий Ҳаракати – таҳр.) таркибини 2003 йилдаёқ тарк этганман”, – деган сўзларидан иқтибос келтирган.

Сўнгги сўз айтиш имкони берилганида, Зокир Раҳимов “барчадан, ўзбек халқидан, Президент Шавкат Мирзиёевдан, маҳалладошларидан кечирим сўраган”.

“Президент Шавкат Мирзиёевнинг Афв этиш тўғрисидаги фармонидан умид қилиб турган”ини айтган.

Аммо ўтган пайшанба куни Ўзбекистондан олинган хабар тафсилотларидан унинг “узил-кесил” 17 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилингани маълум бўлган.

Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят судининг ҳукми Ўзбекистон президентининг ана шу фармонидан саноқли ҳафталар ўтиб қабул қилинган.

Бу – Ўзбекистон янги президентининг қарийб икки йиллик бошқаруви мобайнида кузатилган энг узоқ йиллик қамоқ жазоларидан бири бўлган.

Афв тўғрисидаги фармон эълон қилиниши ортидан кечган вақт давомида бирор бир ўзбек жангарисининг “пушаймонлик аризаси” билан Ўзбекистоннинг хориж ва ёки ўзидаги масъул идораларига мурожаат қилган-қилмаганига оид расмий маълумотлар ҳозирча кенг матбуотга имконли эмас.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва Исломий Жиҳод Иттифоқи сўнгги икки ўн йилликда минтақада фаол икки асосий ўзбек жангари гуруҳи бўлади.

Улар ана шу вақт давомида Ўзбекистонга бевосита чегарадош Афғонистон ва унга қўшни Покистонда фаолият юритиб, бошпана топиб келишган.

Расмий Тошкент сўнгги бор “Ўзбекистон номини суиистеъмол этаётган гуруҳдан хавотир”ини ўтган йил август ойида изҳор этган.

Шундай экан, Ўзбекистон янги президентининг Афв тўғрисидаги фармони нимани англатадию, унга ўзбек жангариларининг жавоби қандай бўлади?

Би-би-си Ўзбек Хизмати Навоийдаги маҳкама иши манзарасида худди ана шундай савол билан Покистондан етакчи тадқиқотчи ва журналист Раҳимуллоҳ Юсуфзайга мурожаат қилди:

Раҳимуллоҳ Юсуфзай: Бу каби кутилмаган амнистия билан чиқишига Ўзбекистон янги ҳукуматини бир неча важ ундаган бўлиши мумкин. Энг аввало Ўзбекистондаги хавфсизлик билан боғлиқ аҳвол. Чунки Ўзбекистон бу яқин йиллар ичида бирор бир ҳужумга саҳна бўлмади. Ундан кейин, назаримда, расмий Тошкент Ўзбекистон Исломий Ҳаракати заифлашиб қолганига ишонмоқда. Чунки аввалига Покистоннинг қавмлар яшовчи минтақаларида йирик ҳарбий амалиётлар йўлга қўйилди. Кейин ўзбек жангарилари Афғонистонда маҳаллий толиблар билан қақшатқич жангларга юз тутишди. Бунинг натижасида, ҳам Покистон ва ҳам Афғонистонда оғир йўқотишларга учрашди. Бундан ташқари, Исломий Жиҳод Иттифоқи ҳам кучая олмади. Минтақадаги энг кичик жангари гуруҳлардан бирилигича қолди. Менимча, яна ўзбек ҳукумати айнан ҳозир таслим бўлиш, ортга қайтиш истагида бўлган жангарилар бор, деган фикрга келган. Ва шу каби истакда бўлган жангариларнинг нормал ҳаётга қайтишлари учун имкон бермоқчи. Ўзбекистон томонининг бу каби хулосага келишига улар қўлга киритган жосуслик маълумотлари, Покистон, Афғонистон ва бошқа давлатлар масъуллари билан ўзаро мулоқотлари ҳам асос берган бўлиши мумкин. Лекин, шунда ҳам, бунинг ўзбекистонлик барча жангариларни бирдек назарда тутувчи умумий афв эмаслигини назарда тутиш лозим. Яъни ҳар бир иш алоҳида ўрганилиб, кейин якуний қарор берилади.

Би-би-си: Агар, биргина Пешовар, Покистон мисолида айтадиган бўлсак, ўзбекистонлик жангарилар президент Мирзиёевнинг Афв тўғрисидаги фармонидан қанчалик бохабар? Бу ҳақда билишадими? Чунки фармон расман эълон қилинганига ҳам икки ойча бўлиб қолди…

Раҳимуллоҳ Юсуфзай: Бу каби янгилик ўзбекистонлик жангариларга осонлик билан етиб боради. Чунки улар доимо энг сўнгги хабарлардан огоҳ бўлиб боришади. Чунки доимо ўзларини ҳар томондан таҳдид остида ҳис этишади. Шу боис ҳам, ҳамиша ҳушёр туришга мажбурлар. Иккинчидан, улар маҳаллий аҳоли билан қоришиб кетишган. Ҳар қандай янгилик, хабарни улар орқали ҳам билиб олишади. Тўғри, газета ўқиш, телевизор кўришга ҳар доим ҳам имконлари бўлмаслиги мумкин. Аммо радиони муттасил тинглаб боришади, канда қилишмайди. Кейин ҳозир ҳар бирининг уяли телефони бор. Ўзбек жангарилари яшириниб юрган айрим ҳудудларда интернетга уланиш ҳам муаммо эмас. Менимча, Ўзбекистон ҳукуматининг ўзи ҳам Афв тўғрисидаги хабарнинг барча ўзбек жангариларига етиб боришидан манфаатдор. Шу боис ҳам, бу масалада бирор бир мушкуллик йўқ.

Би-би-си: Шундай экан, ўзбекистонлик жангариларнинг бу янгиликка муносабатлари қандай? Улар Афв тўғрисидаги фармонга ишонишдими? Ортга, Ўзбекистонга қайтишга қанчалик шай?

Раҳимуллоҳ Юсуфзай: Энг аввало мазкур хабарнинг уларга етиб борганига ишончим комил. Аммо бу хусусда бир қарорга келишдан бурун уларнинг яхшилаб маслаҳатлашишлари тайин. Чунки икки ўртада ҳануз ишонч йўқ. Ўзбекистонлик жангарилар шундоққина таслим бўлиб, ортга қайтишмайди. “Ростдан ҳам афв этишармикан, бу таваккалчилик бўлмасмикан?”, – деган хаёлда ҳар томонлама ўйлаб, кейин бир қарорга келишади. Яна кўпроқ маълумотлар олишга ҳаракат қилишади. Ўзбекистоннинг ўзида бўладими, Афғонистон, Покистон ва ёки бошқа давлатларда қўлга олинган бошқа сафдошларининг тақдири нима бўлгани билан қизиқиб кўришади. Улар афв этилишганми ёки қамоққа ташланишган, бундан хабардор бўлишади.

Би-би-си: Ҳам Покистон ва ҳам Афғонистон назарда тутилганда, омон қолган ўзбекистонлик ёки ўзбек жангарилари ҳозир асосан қаерлардан бошпана топишган?

Раҳимуллоҳ Юсуфзай: Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва Исломий Жиҳод Иттифоқи жангариларининг аксарияти Шарқий Туркистон Исломий ҳаракати, Афғонистон Толибон ҳаракати, “Ҳаққоний”, “Ал-Қоида” тармоғининг кўпчилик аъзоларига ўхшаб, 2014 йил ўрталаригача асосан Покистоннинг қавмлар яшовчи Вазиристон минтақасидан бошпана топиб келишган. Покистон Қуролли Кучлари худди ўша йили минтақада кенг кўламли ҳарбий амалиётлар йўлга қўйишади. Натижада ўзбекистонлик жангарилар ҳам Афғонистонга қочиб ўтишади. Асосан Афғонистоннинг Покистонга бевосита чегарадош уч шарқий вилояти – Хост, Пактиё ва Пактикадан бошпана топишади. Аммо, бизга маълум бўлишича, кейинчалик улардан аксарияти жанубий-шарқий Зобул вилоятига ўтишади. Бунга етакчилари билан ораси қочиб қолган ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига яқин Толибон қўмондонининг даъвати сабаб бўлади. Аммо бу икки иттифоқчи Зобулда рақиб толиблар томонидан қақшатқич ҳужумга тутилишади. Мулла Мансур Дадуллоҳ ва унинг жангариларидан аксарияти ўлдирилади. Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари ҳам жиддий йўқотишларга учрашади. Кўплаб жангарилари ўлдирилади, яраланади ёки қўлга олинади. Бу – Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига берилган жиддий зарба бўлади. Бу жанглар амалда ҳаракатнинг Зобулдаги ҳозирлигига якун ясайди. Кейин биз омон қолган ўзбек жангариларининг Афғонистоннинг икки шимолий – Жаузжон ва Фарёб вилоятларига қочиб ўтишганидан хабар топдик. Маълум бўлишича, уларни бу ерга Афғонистон Толибон ҳаракатидан юз ўгириб, ИШИД гуруҳига байъат келтирган маҳаллий қўмондон Қори Ҳикматуллоҳ таклиф этади. Аммо бу ерда ҳам улар толибларнинг давомий ҳужумларига юз тутишади. Яна йўқотишларга учрашади. Айрим хабарларга кўра, юздан ортиқроғи Афғонистон Қуролли кучлари ҳимояси остига ўтади. (Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларини ҳимоя қилиб, уларга бошпана бериб келгани ишонилган бу қўмондоннинг шу йил апрель ойида дрон ҳужумида ўлдирилгани хабар қилинган – таҳр.).

Би-би-си: Ҳам Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва ҳам Исломий Жиҳод Иттифоқи назарда тутилса, бу ҳарбий амалиётлар ва жанглардан омон қолган ўзбек жангарилари ҳозир қандай аҳволда? Қандай шарт-шароитда?

Раҳимуллоҳ Юсуфзай: Қолган жангарилар ҳам ораларида Ўзбекистон Исломий ҳаракати аъзолари билан бирга собиқ Толибон жангарилари-да бўлган ана шу юздан ортиқ ИШИД жангчисининг йўлини тутишлари, афғон ҳарбийларига таслим бўлишлари мумкин. Чунки, бизга маълум бўлишича, таслим бўлганлари ҳибсга олинишган тақдирда ҳам, жазодан қутулиб қолишган. Аммо ҳаракатнинг омон қолган айрим лидерлари ҳақида бундай деб бўлмайди. Чунки улар оддий жангарилар эмас. Ўзларининг афв этилмасликлари муқаррар эканини билишади. Улардан айримлари катта эҳтимол билан ҳозир Афғонистон, бошқалари эса, Покистон Толибон ҳаракати билан бирга. Аммо сонлари жуда саноқли, мураккаб ва оғир шароитдалар. Чунки омон қолишлари жуда қийин. Ҳозир иккита танлов қаршисида қолишган дейиш ҳам мумкин. Ё жангда ҳалок бўлиш ва ё таслим бўлиб, омон қолиш. Лекин, ҳатто, шунда ҳам, Афғонистон ёки Покистон масъулларига таслим бўлишса, ўзларининг ортга, Ўзбекистонга эксрадиция қилинишларидан жиддий хавотирдалар. Чунки бу давлатлар билан икки ўртада бу хусусда қонун имзоланган. Унга мувофиқ, расмий Тошкент таслим бўлган ҳар қандай фуқаросининг ортга қайтарилишини сўрашга ҳақли. Мавжуд вазият ҳам бу жангариларни, таъбир жоиз, икки ўт орасида қолдирган.

Би-би-си: Шундай экан, бу жангариларнинг тақдири қандай якун топиши мумкин? Уларни олдинда нималар кутмоқда?

Раҳимуллоҳ Юсуфзай: Менимча, уларни олдинда умидсиз бир келажак кутмоқда. Ҳозир юз тутиб турган муаммолари озмунча эмас. Айримларининг оилалари ҳам ўзлари билан бирга. Сафдошларининг аксарияти ўлдирилган, ярадор қилинган ёки қўлга олинган. Бундай бир шароитда жон сақлашнинг ўзи бўлмайди. Тақдирлари, бир маънода, афғон толибларининг қўлида. Аммо Ўзбекистон Исломий Ҳаракати 2015 йилда Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳига байъат келтириши ортидан, ўз вақтида яқин иттифоқчи бўлган бу икковлон ҳозир деярли юз кўрмас бўлишган. Толиблар собиқ иттифоқчиларини ҳужумлар нишонига айлантиришган. Бундан ташқари, улар собиқ аъзолари устидан яқинда Ўзбекистонда бўлиб ўтган маҳкама жараёнини ҳам яқиндан кузатиб туришибди. ЎИҲ собиқ аъзоси Зокир Раҳимовнинг 17 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилиши уларни таслим бўлиш ва ортга қайтиш фикридан бундан-да чўчитиб қўйиши мумкин. Улар, “ҳаммамиз маҳкамага тортилишимиз, аксариятимиз ҳатто жазолансак ҳам керак”, – деган хаёлга боришлари табиий. Шунинг учун ҳам улар ҳозир бошпана топган ерларида қолиб, яна бироз кутишни афзал билишлари, вазият яхшиланиб қолар, деган умидда жон сақлашда давом этишлари мумкин.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати 90-йиллар охирларида Ўзбекистонда, мавжуд тузумни ағдариб, ўрнига исломий халифат барпо этиш нияти билан дунёга келган.

Расмий Тошкент сўнгги бор “Ўзбекистон номини суиистеъмол этаётган гуруҳдан хавотир”ини ўтган йил август ойида изҳор этган.

Ўзбекистон томонининг бу каби сўзлари Афғонистон Миллий Хавфсизлик Кенгаши маслаҳатчиси бошчилигидаги ҳайъатнинг Тошкентга қилган сафари чоғида янграган.

Кузатувчилар ва таҳлилчилар Ўзбекистон томони бу қабила “хавотир билдирган” гуруҳни Ўзбекистон Исломий ҳаракатига йўйишган.

Ҳаракат қарийб йигирма йилдирки, Ўзбекистон ташқарисида – Афғонистон ва Покистонда худди шу ном остида фаолият юритиб келади.

Сўнгги йилларда Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош қатор шимолий вилоятларида ИШИД байроғи остида қайта фаоллашиш ҳаракатида бўлган.

Шу йил бошида Ўзбекистон Исломий ҳаракати ҳамасосчиси ва биринчи лидери марҳум Тоҳир Йўлдош ўғлининг дастлаб шимолий Сарипул вилояти, орадан қисқа вақт ўтмай, унга ва Туркманистонга бевосита қўшни Жаузжон вилоятига ўтганига оид хабарлар олинган.

Унинг маҳаллий ёшлар орасидан ўзига янги аъзолар ёллаётгани ва афғон ҳукуматига қарши жанг олиб боришга ҳозирлик кўраётганидан жиддий хавотирлар янграган.

Афғонистонлик масъулларнинг сўнгги ойлардаги чиқишларидан улар жангариларининг сони юзлаб экани англашилган.

Зобулда толиблар билан кечган қақшатқич жанглардан уч йил ўтиб ҳам, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати лидери Усмон Ғозийнинг тақдири ноаёнлигича қолмоқда.

Орада ҳаракатнинг ўзи сафларининг парчалангани, ажралиб чиққан ўзаги ИШИД дан юз ўгиргани, қайта Афғонистон Толибон ҳаракатига мойил эканини билдириб, баёнот билан чиққан.

Ўзини яна Ўзбекистон Исломий Ҳаракати, деб номлашларини билдирган. Аммо “хавфсизлик билан боғлиқ сабаблар” туфайли изоҳи билан янги лидерининг номини очиқламаган.

Ҳаракат қолган қисмининг тақдири ва янгисининг қаерда, қандай фаолият олиб бораётгани тафсилотлари маълум эмас.

Исломий Жиҳод Иттифоқи

“Исломий Жиҳод Иттифоқи” гуруҳига 2002 йилда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати сафларидан ажралиб чиққан жангарилар томонидан Покистонда асос солинган.

Халқаро ҳарбий таҳлилчиларнинг ишонишларича, гуруҳ шу пайтгача Ўзбекистон Исломий ҳаракатидан мустақил фаолият олиб боришга ҳаракат қилиб келади.

Агар, гуруҳнинг 2015 йил ўрталарида эълон қилган баёнотига ишонилса, Афғонистоннинг жанубий ва шарқий минтақаларидан ташқари, Марказий Осиёга бевосита чегарадош шимолий-шарқий Қундуз ва Бадахшон вилоятларида ҳам Толибон ҳаракати, “ал-Қоида” тармоғи ва Шарқий Туркистон Исломий ҳаракати жангарилари билан бир сафда жанг олиб боришган.

Афғонистон шимолидаги жангарилари аллақачон Афғонистон Толибон ҳаракатининг янги лидери Мулла Ахтар Мансурга байъат келтириб бўлишган.

“Исломий Жиҳод Иттифоқи” гуруҳи аъзоларининг бугунги сонига оид аниқ рақамлар йўқ. Аммо 2008 йилги маълумотларда уларнинг сони 200 нафар атрофида экани тахмин этилганди.

Агар, айрим хабарларга ишонилса, уларнинг орасида ўзбекистонликлардан ташқари, яна Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Покистон фуқаролари ҳам бор.

Гуруҳга Нажмиддин Жалолов номли шахснинг бошчилик қилиши ишонилади.

Бош қароргоҳи Покистоннинг Афғонистонга чегарадош Шимолий Вазиристон минтақасида экани айтилади.

“Исломий Жиҳод Иттифоқи” орада Оврўпода террорчилик амалларини режалаштиришда ҳам гумон қилинган.

Гуруҳ Олмониядаги Америка муассасаларига ҳужумлар уюштиришни режалаштиргани айтилганди.

Иттифоқ 2015 йилда Афғонистоннинг “Тожикистонга чегарадош кўплаб ҳудудларини назорат қилаётганликлари”ни иддао қилган.

“Маҳаллий халқ орасида кўплаб “тарафдорлари ва мухлислари бор”лиги, “Амударё соҳилларида бемалол ҳаракат қилишаётгани”ни айтган.

Гуруҳ чегаранинг “заиф нуқталарини ўрганаётгани ва маълумот тўплаётгани”ни ҳам даъво қилган, аммо кейинги режалари ҳақида бирор бир маълумот бермаганди.

“Исломий Жиҳод Иттифоқи”нинг Афғонистон ёки Покистондаги “Исломий Давлат” жангарилари билан қандай алоқада экани, ҳозирча, маълум эмас.

Би-би-си: Ўзбекистон янги президенти Шавкат Мирзиёев бошчилиги сўнгги йилларда афғон можаросига сиёсий йўлда ечим топиш ҳаракатларига ҳам қайта зўр берган.

Яна бир минтақавий дипломатик воситачи сифатида ўртага чиққан, йирик халқаро анжуманга мезбонлик қилган, Афғонистон Толибон ҳаракатининг Доҳадаги сиёсий идораси ҳайъати билан учрашган, расмий музокаралар олиб борган биринчи Марказий Осиё давлати бўлган.

Афғонистондаги рақиб томонлар ўртасидаги бирор бир шартларсиз музокараларга исталган пайтда мезбонлик қилиш ниятини ошкора ва расман изҳор этган.

Аммо расмий Тошкентнинг бу саъй-ҳаракатлари қанчалик ўзбек жангари гуруҳларини кўзда тутиши-тутмаслиги маълум эмас.

Манба: Би-Би-Си Ўзбек

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort