Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Россия, Исроил, АҚШ, СССР ва умуман дунё бўйлаб сиёсий қотилликлар – давлатларнинг асрларга татигулик машғулоти (ми?)

Россия, Исроил, АҚШ, СССР ва умуман дунё бўйлаб сиёсий қотилликлар – давлатларнинг асрларга татигулик машғулоти (ми?)
09 Kasım 2018 - 14:18 'да юкланди ва 700 марта ўқилди.

(Суратда: Гай Юлий Цезарь)

“Фитначилар ҳурмат изҳор қилмоқчи бўлгандек ёнига яқинлашиб, уни ўраб олдилар. Тўсатдан фитначиларнинг бири унинг тогусидан маҳкам ушлаб, томоғига ханжар санчди. Сўнг уларнинг ҳар бири ханжар билан унга биттадан зарба беради – 23 та ҳалокатли зарба.”

Тарихчи Гай Светониянинг қўлёзмаларига кўра, чексиз ҳокимиятга эга бўлиб бораётган император Юлий Сезар Сенат биносида сенаторлар томонидан айнан шундай ўлдирилади.

“Сезарнинг ўлдирилиши республика номидан мустабид ҳукмдорнинг йўқ қилинишига оид тарихдаги биринчи ҳолат ҳисобланади. Бироқ бу амал сенаторлар кутгандек натижа келтирмайди. Тез орада республика қулайди,” дейди Англиядаги Лофборо Университетининг халқаро муносабатлар факультети профессори Керолайн Кеннеди Пайп.

Минглаб йиллар давомида сиёсий қотилликлар янада такомиллашиб, айёрроқ усуллар билан амалга оширила бошланади.

Замонамизнинг энг сўнгги, энг шов-шувли сиёсий қотиллиги саудиялик журналист Жамол Хашоқжи билан рўй берди.

Аммо бу сўнггиси бўлиб қолмаслиги ҳам бор гап.

Хўш, давлатлар сиёсий қотилликлар орқали ўз кўзлаган мақсадига қанчалик даражада ета олади?

Мазкур мақола BBC Radio 4’нинг Analysis дастури материалларига асосланиб, тайёрланган. Дастур муаллифлари сиёсий қотилликларга аҳлоқ ёки ҳуқуқий нуқтайи-назардан қарашга уринмаганлар. Уларни фақат бундай амалларнинг қанчалик самарадорлиги ва қурбонни йўқ қилишнинг қандай усуллари мавжудлигини ўрганиш қизиқтирган.

«Биз, асосан, давлат бош буюртмачи ролини ўйнаган қотилликларга эътибор қаратганмиз,» дейди Analysis дастури муаллифларидан бири Эдвард Стертон.

Моссад – Махсус хизматларнинг ишқий ўйинлари

Исроиллик журналист Ронен Бергман саккиз йил давомида Исроил махсус хизмати бўлмиш Моссад томонидан уюштирилган қотилликларни ўрганган. У ўзи томонидан олинган минглаб интервьюлар асосида «Бош кўтар ва биринчи бўлиб ўлдир: Исроил суиқасдларининг сирли тарихи» китобини ёзади.

“Давид Бен-Гурион [Исроилнинг биринчи Бош вазири] яҳудийлар давлатининг оз сонли қўшини етти араб давлатини бемалол тор-мор қила олишига чин дилдан ишонган эди. Бироқ у Исроилга яна нимадир етишмаётганини англайди ва Моссад ташкил этилади. Бу махсус хизмат бошиданоқ нафақат махфий маълумотларни тўплаш, балки ёш Исроил давлатига қарши кучларга нисбатан саботажлар уюштириш ҳамда жисмонан йўқ қилишларни амалга ошириш мақсадида яратилган эди. Тадқиқотимиз давомида Исроил махсус хизматининг бутун мавжудияти йилларида 2,700 та жисмонан йўқ қилиш амалга оширилганини ҳисоблаб чиқдик. Иккинчи Жаҳон Урушидан сўнг Исроил бундай амалиётдан Ғарбда, эҳтимол, бутун дунёда энг кўп фойдаланган давлатга айланган.”

Буларнинг бари қўшни давлатлар ёш Исроил давлатига хавф солиши ортидан бошланган. Айниқса, 1950 йиллар ўрталарида Мисрда харизматик етакчи Жамол Абдул Носирнинг ҳокимиятга келиши Исроилнинг ўз хавфсизлиги юзасидан хавотирларини янада кучайтириб юборади.

“1962 йил июль ойида Қоҳирада бўлиб ўтган ҳарбий парад чоғида Носир ‘ер-ерʼ типидаги ва узоқ масофага учувчи баллистик ракеталарни намойиш этади. У бу ракеталар билан Бейрутнинг жанубидаги исталган нуқтага зарба бера олишини маълум қилади. Бейрутнинг жанубида Исроил жойлашганини эса ҳаммамиз яхши биламиз. Шундан сўнг Моссад ваҳимага тушиб қолади. Мазкур ракеталар ўз вақтида Гитлерга ишлаган немис олимлари томонидан ишлаб чиқилгани аён бўлганда эса, ҳақиқий васваса бошланади,” ҳикоя қилади жаноб Бергман.

Моссад қарши чоралар қўллашга кириша бошлайди. Бироқ бу чоралар шунчаки нишондаги шахсни кўчада отиб кетишдек жўн эмас эди. Воқеалар ривожи сиёсий қотилликлар тарихида кузатилмаган тарзда қизиқарли тус олади.

“Кейинчалик Исроил Бош вазирига айланган Исхак Шамир етакчилигидаги Моссад махсус гуруҳи немисларни йўқ қилиш учун Европага йўл олади. Исроилликлар Пилс номли олимнинг рафиқаси билан муносабатлари ёмонлашгани ва эр-хотин ажрашишга тайёргарлик кўраётгани ҳақида хабар топадилар. Улар муҳр ва почта маркаларини сохталаштириб, гўё хотинининг адвокати номидан олимнинг ишхонасига мактуб юборадилар. Конвертда ‘Олувчининг шахсан ўзига топширилсинʼ эслатмаси бор эди. Моссад агентлари конвертни олимдан бошқа ҳеч ким очмайди, деб ўйлайдилар, аммо улар Пилснинг ўз котибаси билан ишқий муносабатда эканини билмас эдилар. Олимга тегиб олиш илинжида юрган котиба хатнинг ажрашишга алоқадорлигини англаб, конвертни яширинча очади. Тўсатдан конверт ичига жойлаштирилган кичик портловчи қурилма ишга тушиб кетиб, котиба бармоқлари, қулоғи ва тишларидан айрилади, кўр бўлиб қолади,” давом этади жаноб Бергман.

Бундай муваффақиятсизликдан сўнг Моссад ўхшаш усуллар билан Миср ракета дастурини тўхтатиб бўлмаслигини тушуниб етади. Исроилликлар энди Носирга ишлаётган немис олимларига яқин бўла олувчи икки томонлама жосус излашга тушади.

Моссад излаган одам бир вақтлар яҳудийларга қарши қирғинга бош бўлган фашистларнинг СС тузилмаси собиқ ходимлари орасидан топилади. Янги агентнинг исми Отто Скорсени эди.

Скорсени Иккинчи Жаҳон Уруши даврида Австрия пойтахти Венада СС батальонига бошчилик қилган эди. У яҳудийларни ўлдирган, синагогаларни ёққан, аммо исроилликлар миллий хавфсизлик нуқтайи-назаридан ўтмишдаги хафагарчиликларни унутишга қарор қиладилар. Айни вақтда Скорсени президент Носирга маслаҳатчилик қилаётгани сабабли ҳам унинг номзоди Моссадга ҳар томонлама маъқул тушади.

Моссад Скорсени билан боғланиш йўлида турли усулларни қўллаб кўради – секс, ўлим, пул, таҳдид ва ҳоказо.

Исроил Скорсени олдига бошқа бирор давлат қўя олмайдиган таклифни қўяди – хавфсизлик кафолати. Иккинчи Жаҳон Уруши якунланганига 20 йил бўлган бўлса ҳам, дунёда собиқ фашистларга нисбатан нафрат ҳануз кучли эди ва Скорсени тез орада бу таклифни қабул қилади. Натижада у Миср ракета дастури устида ишлаётган немис олимлари жамоасига яширинча киритилади.

Скорсенидан олинган маълумотлар асосида Моссад немис олимларининг фашист Германиясида амалга оширган ишлари тўғрисида кўп нарсаларни билиб олади. Сўнг исроилликлар олимларга хат юбориб, уларнинг инсониятга қарши жиноятларга тўла ўтмишини фош этиб ташлаш билан таҳдид қила бошлайди. Оқибатда олимларнинг баъзи қисми ракета дастуридан ўз ихтиёри билан чиқиб кета бошлайди ва лойиҳа тўхтаб қолади.

Айни ҳолатда жисмонан йўқ қилишлар эмас, балки ўлим олдидаги қўрқув исроилликларга омад олиб келади.

«Исроил бундай усулдан бир неча ўн йиллардан сўнг ўтиб ҳам, қайта фойдаланган. 2007 йилда Эрон ядровий дастурида ишлаётган олимлардан бири сирли тарзда ҳалок бўлади. Кўпчилик бунда Исроилнинг қўли борлигини гумон қилади,» дейди Analysis дастури муаллифи Эдвард Стертон.

“Моссад рўйхатида 15 нафар олим бор эди, уларнинг олтитаси ўйиндан чиқариб ташланади. Эрондаги бутун олимлар жамияти қўрқувга тушиб қолади. Уларнинг ҳамкасблари ва дўстлари ‘бахтсиз ҳодисаларъда бирин кетин ҳалок бўлади, бошқалари қўл, оёқ, кўзидан ажралади,” сўзлайди жаноб Бергман.

1960 йилларда президент Носирнинг ракета дастури билан содир бўлгандек, олимлар Эрон ядровий дастурини тарк эта бошлайди.

Ронен Бергманнинг сўзларига кўра, у билан суҳбатлашган АҚШ Марказий Истихборот Агентлиги собиқ директори Майкл Ҳайден Эрондаги диверсиялар ортида Исроил турганига ишора қилиб ўтган. Бироқ ҳозирча ҳеч ким ҳаммага аён бу ‘ҳақиқат’ни исботлашнинг уддасидан чиқа олмаган.

Давид Бен-Гурион хавфсизлик хизматларининг аҳамиятини яхши тушунарди

«Боши олинсин» – Тиш пастасидаги заҳар

Таҳдид сифатида кўрилган тизимни парчалаб ташлашнинг яна бир номақбул усули – уни боши, яъни етакчисидан маҳрум қилиш. Бошқа сўз билан айтганда давлат раҳбари ёки гуруҳ етакчиси жонига суиқасд қилишдир.

Совуқ Уруш даврида жосуслик ўйинлари шу даражада қонли тус олган эдики, бирор дипломатик йўл билан бу ҳолатга чек қўйиб бўлмас эди.

“Совет Иттифоқи ва АҚШ тўқнаш келган икки қутбли дунёда рақибларни жисмонан йўқ қилиш одат тусига айланган эди. Бироқ суиқасдлар нишони нафақат юқори мартабали ва аҳамиятга эга шахсларга, балки қуйи табақа инсонларга ҳам қаратилар эди,” дейди Лофборо Университетидан Пайп хоним.

Совуқ Уруш сиёсий майдонида шундай қуйи табақа шахслардан бири 1960 йилда Белгиядан мустақилликка эришган Конго Республикаси Бош вазири, СССРнинг «пиёдаси» Патрис Лумумба эди. Лумумба воқеаси етакчиларни йўқ қилиш қанчалик кутилмаган салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини кўрсатади.

Мустақилликдан ҳеч қанча ўтмай, мамлакат армиясининг бир қисми исён кўтариб, Конгода фуқаролар уруши бошланиб кетади. Лумумба исёнчи кучларни бостиришда ёрдам сўраб, АҚШ ва БМТга мурожаат қилади. Рад жавобини олгач, СССРга юзланади. Мазкур инқироз, мантиқан, СССР ва АҚШ, Британия, Белгия ўртасидаги билвосита уруш эди. Мамлакати қудратли давлатларнинг жанг майдонига айланган Лумумба бу учун ўз жони билан ҳақ тўлайди.

“Лумумбанинг ўлимида айнан ким айбдорлигини исботлаш жуда мушкул. Расман у белгияликлар томонидан тайёрланган конголик исёнчилар қўли билан отиб ташланган, MI6 ва Марказий Истихборот Агентлиги бу ишларнинг ортида турган,” тушунтиради Вашингтонда махфий хизматлар тарихини тадқиқ этаётган профессор Рори Кормак.

Эронлик олимларнинг ўлимига алоқадорлиги тўғрисидаги саволларга мутлақо жавоб қайтармайдиган Исроилдан фарқли ўлароқ, Британия ўзининг MI6 махфий агентлиги Лумумбанинг ўлдирилишига умуман бош қўшмаганини таъкидлай бошлайди.

Профессор Кормакнинг фикрича, британларнинг бу усули бирор ижобий самара бермайди – агар бирор томон ўзининг алоқадорлигини рад этаверса, унга нисбатан шубҳа-гумон шунчалик ортади.

АҚШда эса шахсларнинг махфий хизматлар томонидан жисмонан йўқ қилиниши доимо мамлакат миллий хавфсизлик сиёсатидаги энг мунозарали мавзу бўлиб келган.

“1970 йилларда АҚШ Конгресси Марказий Истихборот Агентлиги (МИА)дан гўё қатор давлат раҳбарлари, биринчи ўринда, Фидел Кастрони йўқ қилиш бўйича мавжуд дастур тўғрисида изоҳ талаб қилган эди. Бундай дастурнинг мавжуд бўлгани ҳақиқатга анча яқин. МИА ўзининг Африкадаги резиденти Ларри Девлинга Лумумбани заҳарланган тиш пастаси билан ўлдириш бўйича бевосита кўрсатма юборади,” изоҳлайди профессор Кормак.

Жаноб Девлиннинг ўзи бу борада Би-би-сига шундай деган эди:

«Биринчи галда мен бу буйруқ айнан ким томонидан берилганини сўрадим. Бундай мавзуда гап кетганда, мен ҳаммага ҳам бўйсунавермайман. Бу мен учун қотиллик эди. Тўғри, фаолиятим давомида кўп ҳалол бўлмаган ишларга қўл урганман, аммо ҳеч қачон одамларни бекордан бекор ўлдирмаганман ҳам. Шу сабабдан мен пастани Конго дарёсига ташлаб юборгандим.»

Лумумбанинг ўлдирилиши жуда жиддий ва узоқ давом этган оқибатларни келтириб чиқарди. Ҳокимиятга диктатор Мобуту келди, сиёсий бошбошдоқлик ва зўравонлик бутун Конгони эгаллаб олди. Бундай вазият узоқ йилларга чўзилди.

Эрон ракетаси

Моссад адашганми?

Кўплаб таҳлилчилар Совуқ Уруш даврида Ғарб томонидан ривожланаётган давлатларда амалга оширилган махфий амалиётлар ижрочиларнинг ўзига зарар келтирган, деган хулосада.

“Ҳатто, нишондаги шахс ёки шахслар муваффақиятли йўқ қилинган бўлсада, бунинг ортидан узоқ йилларга татийдиган сиёсий беқарорлик бошланган ҳолатлар анча. Натижада тарғиб қилинаётган демократик қадриятларнинг ўзига путур етган,” ҳисоблайди профессор Кормак.

Исроил етакчиларни йўқ қилиш орқали доим ҳам ўзи кўзлаган мақсадга эриша олмаган. 1980 йиллардан бери мамлакат шиаларнинг Хизбулло радикал ташкилотига қарши курашиб келади. Ташкилотнинг асосий кучлари Ливанда жойлашган, бирламчи мақсади – Исроил давлатини йўқ қилиш.

“1992 йил февраль ойида Исроил илк бор ҳаводан йўқ қилиш амалиётини қўллайди. Натижада Хизбулло бош котиби Сайид Аббос ал-Мусави ўлдирилади. Суиқасд амалиёти бошидан охирига қадар усталик билан олиб борилади. Бироқ исроилликлар унинг оқибати ҳақида ўйламаган эдилар. Амалдаги таъсири диний раҳнамоликдан ташқарига чиқмаган, бирор харизма ва етакчилик қобилиятига эга бўлмаган Мусави ўрнига Хасан Насралла келади. Насралланинг етакчилигида Хизбулло Исроил учун янада хавфлироқ кучга айланади,” ҳикоя қилади журналист Бергман.

Патрис Лумумба

Россия – Сотқинларга ўлим!

Сиёсий қотилликларни амалга ошириш услублари ўзгаришга учраётгани билан улар ортидан туғиладиган хавф-хатар кўлами Юлий Сезар давридан бери ўша-ўшалигича қолмоқда.

Келинг, буни сиёсий қотилликлар бўйича катта малакага эга давлат – Россия мисолида кўриб чиқамиз.

Россиялик махфий хизматлар собиқ агенти Александр Литвиненконинг 2006 йили Лондонда радиоактив полоний моддаси билан заҳарлаб ўлдирилиши қочқиндаги бошқа шахслар учун огоҳлантирув белгиси вазифасини ўташи лозим эди.

Ўша йилларда Британиянинг Россиядаги элчиси бўлган Тони Брентон бу огоҳлантириш кутилгандек натижа олиб келмагани ҳақида сўзлайди.

“Бизда Литвиненконинг ўлими ортида Россия турганига бошиданоқ деярли шубҳа йўқ эди. Биз Путин режими ўта кетган разил одамлардан ташкил топганини яхши билардик. Бундай элитага қўшилмоқчи бўлганларга қўйиладиган асосий талаб – раҳбарга сўзсиз садоқатли бўлиш. Литвиненко эса мана шу ёзилмаган қоидани бузди, Британияга қочиб келди ва бу режим ҳақида ҳаммани даҳшатга солган маълумотларни ошкор этди. Натижада у ўз ‘садоқатсизлигиʼ қурбонига айланди.”

«Нима деб ўйлайсиз, руслар бу ишни айнан улар қилганини бошқалар ҳам билишини истаганми ёки нимадир хато кетганми?» сўрайди жаноб Брентондан журналист Эдвард Стертон.

“Суиқасдда қўлланилган заҳар – жуда камёб ва бир зумда ўлдирадиган модда. У шунчалик камёбки, аксар шифокорлар бу модда ҳақида яхши билмайди, ундан заҳарланган шахс вафот этганда эса бу модда мутахассисларнинг ҳаёлига келмайди ҳам. Русларнинг нимани ўйлагани аниқ: Литвиненко заҳар қўшилган чойни ичади, қисқа муддат ичида ҳалок бўлади ва шифокорлар ўлим сабабини бошқа жойдан излаш билан овора бўлиб қолади, оқибатда ҳақиқат очилмай, қолиб кетади. Бироқ барчаси улар ўйлагандек бўлиб чиқмади – Литвиненко чойдан атиги икки ҳўплам ичди, танага заҳар миқдори кам киргани учун узоқ вақт қийналиб, жон таслим қилди. Бу мутахассисларга қондаги полоний изини топишга имкон берди,” дейди жаноб Брентон.

Александр Литвиненко

Вазир билан учрашув

Литвиненкони йўқ қилишдан олдин Россия олдида қийин вазифа турган эди. Бир томондан мамлакатдан қочган «сотқинлар»га огоҳлантириш сигналини юбориш, уларни қўрқувга солиш орқали овозини бўғиш, иккинчи томондан эса суиқасдни бирор из қолдирмасдан амалга ошириш.

Бундан ташқари Москва ўзи учун АҚШ ва Германиядек муҳим бўлмаган Буюк Британия билан алоқаларнинг совуқлашиши эҳтимолидан у қадар чўчимаган, деб ҳисоблайди собиқ элчи Брентон.

“Литвиненко воқеасидан сўнг муносабатлар мисли кўрилмаган даражада ёмонлашган, Москвада олдин мен учун очиқ бўлган эшиклар тақа-тақ ёпилганди,” эслайди жаноб Брентон.

Рус вазирларидан бирининг ишхонасига ташриф, айниқса, унинг эсида қолган.

“Одатда, бу вазир мени Кремлдаги шоҳона кабинетида ҳурмат-ла кутиб олар эди. Бироқ бу сафар мени бино пастидаги буфетга олиб тушдилар. Стол оддий кленка билан қопланган, идишлар эса пластмасса эди. Руслар шу йўл билан муносабатларимизга қанчалик даражада дарз кетганини намойиш қилмоқчи бўлганди.”

Дипломатнинг фикрича, Россияда сиёсий қотилликлар сабаб давлатлараро муносабатларнинг бузилиши кўпчиликни у қадар қизиқтирмайди. Улар учун муҳими «сотқиннинг ўлдирилгани.»

Тони Брентон Британия Александр Литвиненко воқеаси юзасидан Россияга унча жиддий муносабат кўрсатмагани борасида билдирилган танқидларнинг аксариятида жон бор, дейди.

“Ўша пайтлари кўп соҳаларда Россия билан муҳим ҳамкорлик олиб бораётган эдик. Британ компаниялари Россияда ўз фаолиятини давом эттиришини истаган эдик, аммо биз панжа ортидан қараб, хато қилган эканмиз. 12 йилдан сўнг содир бўлган Скрипал воқеаси қанчалик катта хатога йўл қўйганимизни кўрсатиб берди.”

Тони Брентон Британиянинг Россиядаги элчиси бўлган

Путиннинг сўйлоқтишлари

Россиялик собиқ жосус Сергер Скрипалнинг Британияда заҳарлаб кетилиши икки давлат ўртасидаги алоқаларни энг қуйи даражага тушириб юборди.

“Скрипалга уюштирилган суиқасд шунчалик уқувсизлик билан амалга оширилганки, Россия бу иш ортида ўзи турганлигини кўрсатиб қўйиш учун атайин шундай йўл тутганмикан, деб ҳам ўйлаб қоласан,” дейди жаноб Брентон.

Бу суиқасд Британияга қочиб борган собиқ рус махфий агентларига огоҳлантириш белгисими ёки Британиянинг ўзигами?

«Путин Британиянинг ҳаракатларидан анча бери ғоят ғазабда. У Британия ўзининг режимини бурчакка қисиб қўйишга уринмоқда, деб ўйлайди. У Ғарбга Россиянинг кучи борлигини кўрсатиб қўйишни истайди, бутун дунёдан ҳурмат кутади. У ўзини ўта қудратли шахс ҳисоблайди ва бошқа давлатлар унга етарлича иззат кўрсатмаётганидан аччиқланади,» фикр юритади собиқ элчи.

“Путиннинг одатий уруш бошлашга юраги бетламайди, сабаби мағлуб бўлишини яхши билади. Шу учун ҳам у ўзининг сўйлоқтишларини бошқача йўл билан кўрсатиб қўйишга уринмоқда. У Россияни жиддий қабул қилинг, деган хабарни Ғарбга бутун бошли махсус хизматлар орқали жўнатмоқда.”

Демак, Литвиненкони йўқ қилиш «ватан хоинлари»га огоҳлантириш бўлса, Скрипалнинг заҳарланиши бегоналарга ўз кучини кўрсатиб қўйиш бўлганми?

“Ҳа, айнан шундай. Россия махсус хизматлари ўзини Ғарб билан уруш ҳолатида, деб ўйлайди. Россия ички ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков яқинда шундай баёнот билан чиқди. Унинг тахминий маъноси мана бундай: «Ғарб бизнинг ҳаракатларимиздан ғазабда, аммо у бизга душман. Шундай экан, душманнинг фикри нега бизни ташвишга солиши керак экан?»

Сергей Скрипалнинг заҳарлаб кетилишига жаҳон ҳамжамияти қаттиққўл жавоб қайтарди. Россия дипломатия ва иқтисодиёт соҳаларида деярли яккалаб қўйилди. Таҳлилчилар Москванинг бундай кескин муносабатни сира кутмаганини тахмин қилади.

Юлия ва Сергей Скрипал

Васвос

Ҳозирда Саудия Арабистони ҳам айни Россиянинг аҳволида турибди. Истанбулдаги Саудия консуллиги ичида саудиялик агентлар томонидан нимталанган журналист Жамол Хашоқжи можароси яна қанча давом этишини фақат тахмин қилиш мумкин.

Юқорида сиёсий мақсадларда шахсларни жисмонан йўқ қилиш ортидан узоқ вақт давом этувчи беқарорликлар бошланиб кетиши мумкинлиги тўғрисида суҳбатлашган эдик.

Профессор Керолайн Кеннеди Пайп сиёсий қотилликнинг асл оқибатлари, ўртача, бир авлоддан сўнг юзага чиқиши ҳақида сўзлайди.

“11 сентябр воқеалари мисолида айтиш мумкинки, жисмонан йўқ қилишлар қисқа истиқболда яхши самара беради. Масалан, бу хуружни ташкиллаган етакчиларнинг аксарияти йўқ қилинди, Бен Ладенни ҳам охир оқибат топиб, ўлдирдилар. Сиёсат нуқтайи-назаридан – бу муваффақият. Бироқ мазкур амалиётлар Ал-Қоиданинг етишиб келаётган авлодига қандай таъсир қилишини биз ҳали билмаймиз. Балки улар Ғарбдан аждодларидан ҳам кўра кўпроқ нафратланадиган, васвосга учраган авлод бўлар.”

Ушбу мақолада энг кўп тилга олинган давлат Исроил бўлди. Жаноб Бергман сиёсий қотилликларни амалга ошириш бўйича қарор олувчи исроиллик вазирларнинг деярли бари бир вақтлар ўхшаш амалиётларда иштирок этганини яна бир бор эслатади.

«Исроил махфий хизмати – дунёда энг зўр. Улар доим мақсадига эришади, миллий хавфсизликка таҳдидларни доимо тўхтатиб қола билади. Бироқ мамлакат сиёсий етакчилари бундай улкан малакадан тўғри хулоса чиқармаганлар. Улар душманни ўз ҳудудида ўлдириб келишни муаммонинг ечими, деб ҳисоблайди. Улар ўзи кўзлаган мақсадга етишиш учун душман билан музокаралар столи атрофига ўтириш шарт эмас, деб ўйлайди ва катта хато қилади.»

Манба: bbc.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort