Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

1868 йилда Самарқанд (рассом хотиралари) – IV

1868 йилда Самарқанд (рассом хотиралари) – IV
17 Kasım 2018 - 7:00 'да юкланди ва 369 марта ўқилди.

Василий Верешчагин. 1868 йилда Самарқанд (рассом хотиралари)

IV

Ҳаво исиб кетди. Хотираларимни қайд этиб ббрадиган дафтарларим ҳозир қўлимда йўқлиги учун ойнинг қайси куни эканини аниқ айтолмайман, аммо майнинг охирлари эди, қуёш аёвсиз қиздирарди, дарвозамиз атрофида ётган мурдалар бадбўй ҳид тарқата бошлади, чидашдан ўзга илож йўқ, узлуксиз ҳужум қилиб туришгани учун девордан ташқарига чиқиб бўлмасди — ортиқча қурбон беришни хоҳламасдик. Салгина осойишталик бошлангач, Назаров ўликларни йиғиштириб олиш учун ташқарига чиқишга қарор қилди, бу кўнгилсиз иш билан банд бўлган чоғимизда алоҳида бир гуруҳ бизни қўриқлаб турди, мурдалардан чиқаётган ҳиддан қаттиқ жирканишимга қарамай, асосий хизматни тағин ўз зиммамга олишимга тўғри келди. Ишонасизми, ҳеч ким бетлаб боролмасди, аскарларнинг ҳаммаси қусиб юбораверди. Черкасов-ку амаллаб буйруқ қилиб турди, лекин қадрли Воронец бир неча уринишдан кейин кўзлари қизариб, зўрға бир чеккага чиқиб олди. Илож йўқ, мен илинадиган жойларга найзасанчиб, мурдаларни судраб йўл четидаги катта ариқ, яъни зовурга ташлаб келавердим. Шундоқ девор ёнида даҳшатли илк ҳужум чоғидаёқ ўқ еган бўз от чўзилиб ётарди, афтидан эгаси бошлиқлардан бўлса керак, мана шу бақувват тулпорни ўйнатиб, олдинги сафда келаётганида ўққа учганини кўргандим, уни шу заҳотиёқ суяб олиб кетишди, ўлик отнинг эса, мана энди яқинига йўлаш ҳам қийин бўлиб турибди. Уни жойидан қўзғатганимизда ириб ётгани учун бўғим-бўғимидан титилиб кетди — бу манзарани тасвирлашнинг ўзи машаққат — ҳаммамиз ўқчий бошладик, баъзилар икки букилиб, баъзилар эмаклаб чекка-чеккага қочди —сассиғига туриб бўлмасди! Ахийри, қатъий буйруқлар таъсирида инсофли одамлар чиқиб, отнинг сочилган лош-лушини йиғиштириб, бир чеккага олиб кетишди.

Қайд қилишим керакки, аскарлар орасида яққол кўриниб турган хавф-хатарга тикка бораверадигани кам топиларди, аммо ажойиб, ботир йигитлар бор эди. Масалан, бақувват, каллахум малла Иванов буюрилган ҳар қандай топшириқни тап тортмасдан бажарарди. У қўрқувни писанд қилмасди. Ичида нима борлигини билмайман-у, сиртдан қараган-да у ўта ялқовга ўхшаб кўринар эди. Самарқанддаги жангу жадаллардан омон чиқди, аммо, кейинчалик менга айтишларича, босқинлардан бирида ўққа учибди. Мана шу паҳлавон йигитнинг ношудлиги оқибатида минорага ўқ отиш учун чиққан 10—20 чоғли одам ўлиб кетишимизга оз қолди. Қамал қилаётганлар девор остида қандайдир ишга зўр беришаётган эди, лаҳм кавлаётган бўлишса керак, деб ўйладик, бунинг устига пойлоқчилар ҳам қўйиб қўйишганди, ҳамла уюштириб, одамларимизни хавф остида қолдиргандан кўра, қўл гранаталари билан саранжомлаб қўя қолишни мўлжалладик. Бу ишни Иванов қойиллатмоқчи бўлди, у баландликка ўрнатилган харига осилганча ўртоқлари билан шивирлашиб, сўкиниб гаплаша бошлади. «Нега қараб турибсан, узат!», «Ма, ол, тағин сал баландроқ чиқ!» «Баландинг нимаси, керак бўлса ўзинг чиқ, ҳали ташқариниям хоҳлаб қоларсан!» Ниҳоят, у қўлига гранатани олди, қулочкашлаб улоқтираман деганда, фало-кат босиб, нақ ўртамизга тушириб юборса бўладими!.. Ҳамма, шу жумладан мен, қўр-қувдан донг қотиб қолдик, сўнг аҳвол чатоқлигини сезиб, қуёндек сакраб чиқар эканман, қичқирдим: «Қочинглар, биродарлар!» Ҳаммамиз, шу қатори Иванов ҳам, қочиб улгурдик, даҳшатли портлаш эшитилди, у тор жойда ёрилгани учун бир дунё ғишт ва тошларни устимизга ёғдирди. Ивановнинг ўртоқларига баҳона топилди денг. Эртадан-кечгача уни мазах қилишарди: «Ҳаммамизни шу ерда ўлдириб қўйганингда нима бўлар-ди, а, Ивануф? Йўқ, ҳаммасиям майли-ю, Василий Васильевични саранжомлаб қўяй деганини айтмайсанми?» Иванов хижолатдан ўзини қўйишга жой тополмас эди. Доим ёнига тушардим: «Бўлди-да энди, ўтган ишга салавот, ҳадеб хафа қилаверасизларми?» Аммо ҳазилкашлар ўрни келиши биланоқ тегажоқликни бошлашарди: «Қани, Ивануф, қандай қилиб бизни портлатиб юбормоқчи бўлдинг, айтиб бер-чи!»

Қамалнинг биринчи куниёқ қутвол ерлилардан бирини генерал Кауфманга чопар қилиб юборган экан, у қандай қилиб бўлмасин бизга жавоб олиб келишга ваъда берипти. Топшириқни бажаргани эвазига бу йигитга 100 сўм пул ҳамда қўшимча имтиёзлар ваъда қилинган экан, ундан дарак бўлмагач, ўлдиришгандир, деб ўйладик, дарҳақиқат, шундай бўлиб чиқди. Ҳар куни майор Серов катта мукофотлар эвазига ишончли кишиларни изларди, бизнинг ночор аҳволимизни бош қўмондонга етказишни зиммасига олувчилар кўпайиб кетди. Қутвол немис тилида қисқагина хат битиб, ҳужумлар тўхтамаётгани, тоза сув, туз етишмай қолаётгани, ўлган ва ярадорлар кўплигини, хуллас, аҳвол оғирлигини маълум қилганди… Жавоб йўқ эди! Кейинроқ эшитдимки, кучли ҳужумдан сўнг, яъни иккинчи куниёқ қутвол ҳарбий кенгаш чақирган экан, унда охирги имконият қолгунча курашамиз, м.абодо мағлуб бўлсак, яъни қалъага ёриб киришса, ҳаммани амир саройига тўплаб, охирги нафасгача ҳимояланамиз, кейин эса бинони портлатиб юборамиз деган қарорга келишибди. Шунисигаям раҳмат!.. Назаров эса, менга айтишларича, бунга кўнмапти, агар қалъани топширишга тўғри келса, гарнизоннинг қолган-қутган кучлари билан ёриб ўтиб, асосий отрядга етиб олишни таклиф қилипти. Мулоҳазаси инобатга олинмаган бўлса-да, кейинроқ менга вазият тақозо этса, барибир шундоқ қиламан, яъни таваккал қилиб, ўзим ёриб ўтаман, деб гапириб юрди. Штемпелга келганда, бу заиф, ажин босган, ёқимтой, камгап рус немиси, аслида немис тилини зўр-базўр гапирар-ди, буйруқни беками-кўст адо этиб, бизларни аввало ҳавога тўзғитиб, сўнгра ҳеч ким қайтиб келмайдиган маконга жўнатиб юборишдан тап тортмаган бўларди.

Биз, ёшлар, ҳали ҳеч нарсани билмасдик, командирларимиз шунчалик қонхўр қарор чиқариб қўйгани хаёлимизга ҳам келмасди. Учинчи кунда, Серовнинг айғоқчилари етказган маълумотга кўра, генерал Кауфман бизни қутқариш учун келаяпти, деган гап тарқалди, қутвол кўнглимизни кўтариш учун бу хабарни бутун гарнизонга эшиттириб чиқди, аммо бунга тўла ишониб бўлмасди. Кейинчалик билдикки, юқоридаги маълумотларни Кауфманга элтаётган йигитларнинг биронтаси ҳам унинг ҳузурига ета олмапти; уларнинг ҳаммасини йўлда тутиб олиб, сўйиб юборишибди. Пиёда ҳолда, яшириниб, эмаклаб кетаётганлар ҳам омон қолмабди. Генерал эса Зирабулоқ атрофида амир қўшинини енггандан кейин ҳужумни тўхтатган экан, бу хабар одатдагидек шамол тезлигида тарқалиб, Самарқандни қамал қилаётган довюракларнинг шаҳдини анча бўшаштириб қўйибди.

Амир тор-мор этилгач, Кауфман ҳарбий кенгаш чақириб, олға юрамизми ёки қайтамизми деган масалани муҳокамага қўяди. Менинг қадрдоним, генерал Гейнс тўхтовсиз Бухорога юриш, уни кунпая-кун қилиб, шу ерда амир билан сулҳ тузишни маслаҳат беради; генерал Головачёв қарши фикр билдиради; у Самарқанддан хабар келмаётганига диққатни тортади, шаҳарда қўзғолон кўтарилиб, айрим миш-мишларга қараганда қалъа қамал қилинган ёки шаҳрисабзликлар кўмагида забт этилган бўлса керак, дейди. Биздан хабар йўқлигидан қаттиқ хавотирга тушаётган генерал Кауфман ҳам кейинги мулоҳазага қўшилади, шундай қилиб биз қутулиб қолдик, отряд Бухорога юрганда, қалъани ушлаб туролмаслигимиз аниқ эди. Мисол учун, шахсан ўзим, жасур ва толмас ҳимоячилардан бири сифатида дадил айта оламанки, чарчаганимни сеза бошлагандим: иккинчи кунги кучли ҳужумдан кейин мутлақо самимий ҳолда ўзимга-ўзим агар аҳвол мана шундай давом этса, «кучимиз етадими-йўқми?» деб савол берган ва «даргумон» деб жавоб қайтарган эдим.

Худо бечораларни ўз паноҳида асрайди, Дейишади. Г.ларнинг бири жуда ақлли, истеъдодли эди, иккинчи Г. эса ботир бўлса-да, қобилияти ёрқин сезилмасди, қарангки, биринчиси янглишганди, иккинчиси эса вазиятни тўғри баҳолади, бунинг учун раҳмат, энг муҳими, уни тангри ёрлақасин, у яқинда қора-юришлардан бирида ҳалок бўлди.

Асосий отряд ёрдамга келаяпти, деган хабарни эшитдик, аммо кунлар ўтса-да, ундан дарак йўқ эди. Одатдагидек, эртадан-кечгача отишма тўхтамасди, гоҳ у, гоҳ бу ёқ-дан ҳужумга ўтишарди-ю, аммо у илгаригидек шиддатли эмасди. Ҳужумчилар камайиб бораётганини кўриб турардик, кейин билсак, Шаҳрисабз қўшини Ярим подшоҳ ғазабидан қўрқиб, улар генерал-губернаторни шундай аташарди, кетиб қола бошлабди ва тез орада бутунлай ғойиб бўлибди.

Шу вақт ичида савдогарларимиз ҳам анча тетиклашиб қолишди, бир тўда бўлишиб, бирга истиқомат қиладиган таъминот бошлиғи ҳамроҳлигида девор устига чиқишди. Ҳайҳот! Шу заҳотиёқ отахон командир, таъминот бошлиғи ўқ еб ўлди, таъзирини еган бутун гуруҳ иккинчи дадиллик қилмайдиган бўлиб, уйга қараб жуфтакни ростлашди.

Биз бошқа ҳамлага чиқмай қўйдик, бусиз ҳам талафот кучли эди, қутвол таваккал қилишни маъқулламади, аммо девор яқинидаги уйларни ёндиришда давом этдик. Назаров отряд келиши кутилаётган Бухоро дарвозаси тарафдаги уйларни битта қолдирмай ёндириб чиқди, ўзининг тан олишича, шу йўл билан қўмондонга сафарга чиқишдан ол-дин қалъа хавфсизлигини таъминламаганини таъкидлаб кўрсатиб қўймоқчи экан.

Кўпдан-кўп фазилатларга эга бўлган Кауфман юксак даражадаги олижаноб инсон эканини ҳам айтиб ўтсак зарар қилмайди: Самарқанд забт этилганда аҳолига тирноқча озор етказмади, шунинг учун у қалъа атрофида яшайдиган ва бизга тўғридан-тўғри қаршилик кўрсатмаган беҳисоб одамларни хонавайрон қилишни хоҳламаган эди, албатта — қалъани мудофаага шайламасдан туриб, амирга қарши юриш бошлаганига сабаб шу эди.

Ғалламиз етарли эди, эслатиб ўтганимдек, туз камайиб борарди, гўштимиз ҳам кўп эди, аммо от ва молларга ем-хашак етишмай қолаётганди, ҳарбий ҳолат тақозосига кўра ўзимизча пичан ғамлашга киришдик. Девор тагидан қазилган лаҳмдан чиқиб, пойлоқчилик қилиб турардик, ўроқчи аскарларимиз чор атрофдаги боғлардан беда ўришарди, мўлжалдаги миқдорга етгач, ҳеч қандай зиён-заҳматсиз тичгина қалъага кириб олардик.

Тезда халос бўлишимизни кутиб ётганимизда артиллерия бошлиғи минорасидан ярадорларимизга қарата ўқ отилган мачитни вайрон қилмоқчи бўлипти. Мачитларга ишқибозлигимни билган савдогар Трубчанинов мени дараклаб келди:

— Василий Васильевич, сувоқларини кўчириб юборишади-ку!

У сувоқ деб мачитни бошдан-оёқ безаб турган ва мен ҳар доим завқланиб томоша қиладиган ганчларни айтаётган эди.

— Қаерда? Қандай қилиб?!

Мен М.нинг олдига югуриб бордим ва минорага заҳмат етказмасликка зўрға-зўрға кўндирдим, аммо бир неча ядро отишга улгуришган экан.

Қамалнинг бешинчи ёқи олтинчи куни, яхши эслолмайман, дарвоза олдида қоғоз силкитаётган бир одам кўринди. Назаров отманглар, деб тайинлади ва уни чақирди. Сер-соқоя, ўлимни писанд қилмайдиган баҳодир йигит экан, ўқталиб турган милтиқларимиз-дан тап тортмай мактубни олиб келди, ёзуви бошқача бўлгани учун Назаров менга уни қутволга етказишни буюрди. Мен қоғозни олиб, милтиғимни елкамга осдим-да, ўз из-затини билиб, мағрур турган элчини ҳайдаб кетдим; амир саройи бўсағасида ярадорла-римиз ва бошқа ҳар хил ҳарбий асбоб-анжомлар ётган эди, дастрўмол билан кўзини боғлар эканман, унга ерлилар[11] тилида:

— Қўрқма,— дедим.

— Ҳеч нарсадан қўрқмайман, — деб жавоб берди у.

Елкасидан ушлаган ҳолда, қутволнинг хонасигача етаклаб бордим ва боғични ечдим. Штемпель ҳузурида ерлилар[12] тилини яхши биладиган Серов ўтирган экан. У қоғозни қўлига олиб, кўз югуртиргач: оғзига олиб бўлмайдиган энг болохонадор сўзлар билан йигитни сўка бошлади, маълум бўлишича, у таслим бўлишга даъват этувчи мактуб олиб келган экан. «Қутулишингизга йўл йўқ,— деб ёзишганди қамал қилувчилар,— қалъани топширсанглар, соғ-саломат чиқариб юборамиз».

—- Бошқа керагим йўқми?!—сўрадим бошлиқлардан.

— Йўқ, кетишингиз мумкин.

Мен қайтиб келиб, таслим бўлишга даъват этишгани ва бу таклифдан жазавага туш-ган қутвол элчини ниҳоятда ёмон қаршилаганини ўзимизникиларга сўзлаб бердим.

Ёрдам келаяпти, деб эшитган ва ҳеч қандай дарак йўқлигини кўриб тоқати тоқ бўлган аскарлар орасида яна: «бу ерда қишлаймиз, шекилли, бизни унутиб юборишди», деган гаплар оралаб қолди. Ниҳоят, еттинчи куни, саҳар чоғида генерал ҳузурига эсон-омон етиб борган ёш бир йигит жавоб мактубини олиб келди. Уни нақ ҳаласкоримиз сифатида қаршиладик, чанг-тўзонга ботган, афти-башараси ифлос, иркит латта-путталарга ўранган бўлса-да у ҳамманинг кўзига оловдек кўринди. Бунинг устига, унинг ўзи ҳам қанчалик муҳим топшириқни адо этгани ва жасорати учун 300 сўм пул мукофоти ҳамда аскарларга бериладиган авлиё Георгий нишони билан (агар янглишмаган бўлсам) тақдирланганидан хабардор эди. «Бардам бўлинглар,—деб ёзган эди генерал Кауфман қутволга,—эртага мен олдингизда бўламан». Мактуб мазмуни билан танишганимиздан кейин қалъа бўйлаб шунақанги кучли «ура!» садолари жарангладики! Албатта, қўзғолончилар ютқизишаётганини англашди ва бир неча ғазабнок ўқ узишдан бошқа чора топишолмади, энди улар бизни жиддий ташвишга солмай қўйишганди. Маълум бўлишича, бояги йигитгина отрядга ўтиб олишга ва қайтиб келишга улгурган экан, қолган олтитасини йўлда ушлаб ўлдиришибди.

Отишмалар давом этиб турди, ҳатто кечаси тревога кўтарилди, қоронғида қисқа ҳужумга ўтиб кўришди, аммо, барибир, бизнинг жангномамиз охирига етган эди.

Шу тунда отряд шаҳардан салгина узоқда тунади, отишма овози эшитилиб турар, айниқса, замбараклар товуши генерал Кауфманни хавотирга солипти. Кейинчалик Г.нинг менга айтишича, қалъа қўлдан кетиб қолмасин, деб туни бўйи ухламай чиққан экан.

Кейинги куни Назаров ва бошқа зобитлар отрядни бирга кутиб олайлик, деб қисталанг қилишларига қулоқ солмай ҳужрага йўл олдим ва саккиз кун мобайнида биринчи марта тоза чойшаб устида ётиб, ухламоқчи бўлдим. Аммо бунинг уддасидан чиқолмадим, асаблар ҳамон таранг эди. Энди мудрай бошлаганимда хонамга Николай Николаевич Назаров бостириб кириб келди.

— Василий Васильевич! Менга янги батальон беришди, юринг, шаҳарни ёндирамиз!

— Йўқ, бормайман,— жавоб бердим мен.

— Наҳотки, бормасангиз?!

— Йўқ.

— Унда ёлғиз боравераман, майли Назаров Самарқандга ўт қўйди, деб ҳамма гапирсин!!!

Тез орада кўтарилган улкан қора тутун устуни Назаров ишга киришганидан дарак берди — каттакон бозор гуруллаб ёнар эди.

Олижаноб Кауфман кескин чоралар зарурлигини мутлақо англаган ҳолда атайлаб Самарқанддан бир неча чақирим узоқликда тунаган, бу билан кўп сонли аҳоли, айниқса, аёллар ва болалар қочиб кетишига имкон қолдирган эди. Энди бўлса шаҳарни росманасига вайрон қилиш, ҳеч кимни ва ҳеч нарсани аяб ўтирмаслик тўғрисида шафқатсизларча буйруқ берганди.

Ўз ихтиёри билан жазоловчилар тўдасига қўшилган ҳарбий таъминотчи маъмурлардан бири менга сўзлаб берди: «Бир қанча аскарлар билан бир уйга бостириб кирдик, қариб қоқ суяк бўлиб кетган кампир бизни «Омон, омон!» деб қаршилади. Ўтирган чилтасининг остида бир нарса қимирлайди — қарасак, 16 ёшлардаги йигитча яширинган экан! Судраб чиқдик ва, албатта, бувисига қўшиб, найзага тортдик».

Аскарларга дўконларни талашга рухсат берилганди, у ёқдан нималарни олиб чиқишмади дейсиз! Улар ерлиларнинг бири-биридан чиройли ва нафис кийимларини кийиб, тақинчоқларини тақиб шундай ғалати кепатага тушишгандики, кўрган киши кулгидан ўзини сира тиёлмас эди. Бу ерда арзимаган бир-икки сўмга этнограф учун бутун бошли ҳазинага арзийдиган буюмларни сотиб олиш мумкин эди.

Ёнғин пайтида қанчадан-қанча мўъжизалар: кўҳна ёдгорликлар, ўймакор дарвоза-лар, устунлар ва бошқа нарсалар ёниб кетдики, эслашнинг ўзи даҳшат!

Назаров саккиз кунлик қамал чоғида бесаранжомлик келтирган кўҳна шаҳар билан ана шу тарзда ҳисоб-китоб қилиб, таскин топаётган эди: айниқса, у минорасидан туриб ярадорларимиз ва замбаракларимизга қараб ўт отилган Шердор мадрасасига бутун қаҳру ғазабини сочганди, «Лаънати мачитдагиларнинг ҳаммасини найзага санчдим», деб мақтанганди кейин у. Мана шу мачитда мен танийдиган мулла хизмат қиларди, гарчи бизга қарата машъум ўқ узилган пайтда у ҳам иштирок этган, деб зимдан тусмол қилсам-да, унинг тақдирига бефарқ қарай олмадим, Назаров билан қирғинда бирга қатнашган зобитларнинг биридан мачитда одам кўп эдими, деб сўрадим. «Йўқ, кўп эмасди,—деб жавоб берди у.

Лаънатилар қочиб қолишибди!» Енгил нафас олдим. «Фақат бир кекса муллага дуч келдик, ишонасизми, у худди мушукка ўхшаб қочиб, миноранинг учига чиқиб олди».

— Кейин-чи?

Кейинми? Албатта, найза санчиб улоқтириб юборишди.

— Уф!!

Генерал Кауфман кўз ўнгимда аниқ жонланиб турибди, шунча алғов-далғовдан кейин у ёнида қурол топилгани учун ушланган ёки бошқа нохуш ишларда гумонсираб қўлга олинган турли-туман одамларни саройда судлаб, жазога ҳукм қиларди. Зобитлар қуршовида сафар ўриндиғига ястаниб олган олижаноб Константин Петрович тўхтовсиз папирос чекар ва мутлақо шафқатсиз оҳангда: «Отиб ташлансин, отиб ташлансин, отиб ташлансин, отиб ташлансин!» деган гапни такрорларди, холос.

Шу ердан ўтиб кетаётиб, тасодифан бу манзарага кўзим тушиб қолди: маҳкумлар орасида сулҳ таклиф қилиб дарвозамиз олдига келган таниш элчи ҳам бор эди.

— Наҳотки уни ҳам отиб ташлашса,— сўрадим шу ерда турган генерал Г.дан,— бу одамни мард ва интизомли киши деб биламан.

— Константин Петровичга айтинг, — жавоб берди у. — Сиз учун қўйиб юборар. Генерал-губернаторга мурожаат қилишдан олдин қутволдан сўраш учун ўзимда

журъат топдим:

— Майор, нима учун элчига жазо берилаяпти ёдингизда бўлса, у ўзини жуда сипо тутган эди-ку?!

— Аксинча, у ниҳоятда сурбет эди, марҳамат қилиб, менга бошқа нарсаларни аниқлашда кўмаклашинг.

Кўрдимки, аралашувдан ҳеч қандай натижа йўқ, чекинишга мажбур бўлдим: битта кўп ўлди нима-ю, битта кам ўлди нима!..

Шу фурсат ичида элчига ҳам «отиб ташлансин!» деган машъум ҳукм ўқилди, у ҳамма гапни англаб турган бўлса керак, жиққа терга ботган эди. Саройдан чиқар экан, бечора сув сўради, унга сув беришди, у ичди, енги билан лабини артди ва «ҳеч қандай ғам-ғусса, нолаюзор» йўқ бўлган маконга қараб итоаткорлик билан юриб кета бошлади.

«Русская старина» ойномасининг 1888 йил 9-сонидан олинди
Ортиқбой Абдуллаев таржимаси.
«Шарқ юлдузи» журнали, 1991 йил, 4-сон.

[12] Бу ерда ҳам, шундай.
 
Манба: ziyouz.uz
Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort