Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Aхборот маконида нима ўзгарди?

Aхборот маконида нима ўзгарди?
19 Kasım 2018 - 23:08 'да юкланди ва 596 марта ўқилди.

Саноқли ойларда Ўзбекистон оммавий-ахборот воситалари манзарасида энг кўзга кўринарли мавқеини эгаллашга улгурган Комил Алламжоновдан кейин…матбуот хизматининг ҳам “чилласи” чиққан кўринади.

Ўзбекистонда одатий саналган эски усул бу гал ҳам қўл келди. Фақат бир киши мисолида…

Алламжоновнинг нима учун ишдан кетгани ёки янги матбуот котиби ким бўлгани ҳақида ҳеч қандай хабар берилмади.

Умуман, президент матбуот хизмати ва ё матбуот котиби деган лавозим ҳали ҳам борми?

Бошқа тайинловлар ҳақида айрим кунлар соатига хабар бериб турилди.

Ўзи таъбир жоиз бўлса, мансаблар ҳам шунақа бўлиб қолди, йиллар эмас, ойлар ва баъзан ҳафталар ичида…курси эмас, курсидагилар алмаштириб туриладиган замонлар…

Алламжоновнинг истеъфога чиқиш сабабларини муҳокама қилмоқчи эмасмиз, биринчидан, бунга ишонч билан айтиш мумкин бўлган маълумотлар ҳали оз. Аммо президент матбуот хизмати Алламжонов кетганидан кейин ўзгаришларга юз тутдими?

Президентнинг Ўзбекистон ҳудудлари бўйлаб сафарлари

Алламжонов даврида: Президентнинг ташрифлари ҳақидаги маълумотлар олдинроқ матбуот хизмати мухтасар, матбуот котиби саҳифасида эса батафсил маълум қилинар эди. Суратлар сифатли танлаб жойланарди, шунингдек, ташриф режалари ҳам аввалдан бериларди. Ташриф давомида ахборот тезкорлик билан, президент учоққа чиқиши билан узатиларди. Жараён кўпи билан ярим соат ичида Ўзбекистон ахборот воситаларида пайдо бўларди. Тезкорлик шу қадар йўлга қўйилган эдики, хориж матбуоти давлат раҳбари фаолиятига доир маълумотларни ўзбек ахборот воситаларидан ола бошлади, аксинча эмас.

Бугунги манзара: Ўзбек ОАВнинг эски касали қайта ҳуруж қила бошлади. Махфийлик ортди, маълумотлар камайди, матбуот хизмати вакиллари билан мулоқот қийинлашди. Биринчи кўзга ташланган ҳолат фотобаза енгиллашиб қолди. Президент ташрифи билан боғлиқ фақат битта сурат тақдим этилади. Россия президенти Путиннинг ташрифини ёритишда ҳам матбуот хизмати ишининг номувофиқлиги яққол намоён бўлди. Яъни, Путиннинг Шреденгер мушуги каби, аввало, Ўзбекистонга қачон учиб келгани маълум бўлмади, ундан сўнг мамлакатдан учиб кетдими ёки йўқ, бу ҳам ёпиқлигича қолди.

Интерфаоллик

Алламжонов даврида: Президент матбуот хизмати саҳифаларида нафақат ташриф дастурлари ҳақида, балки жамоатчиликни қизиқтирадиган масалалар борасида брифинглар тўғридан-тўғри эфирга узатиларди. Гарчанд аксарият журналистлар матбуот анжуманини маъқул кўришса ва баъзилар буни Алламжоновнинг “калондимоғлиги” билан изоҳлашса ҳам, бир томонлама бўлмас ҳам мулоқот бор эди!

Матбуот хизмати аввал кузатилмаган шаклда тезкорлик билан сўровларга жавоб бераётган, матбуот котибининг ўзи саволларга, жамоатчилик танқидига бевосита жавоб қайтаришни бошлаган, оғриқли вазиятларга имкон қадар изоҳ бераётган эди. Масалан, Диана Еникееванинг ўлими, мажбурий меҳнат, президент ташрифи учун тезкорлик билан қилинган “сохта иссиқхоналар” каби масалалардаги чиқишлари аввалги матбуот котибларида бўлганми? Ўзбекистон тарихида илк марта ижтимоий тармоқларда президент саҳифалари очилди ва анча фаол ишлай бошлади.

Ҳозир: Алламжановсиз матбуот хизмати Ўзбекистон президентининг Францияга ташрифини ёритишдаёқ ўзини намоён қилди. Барча журналистлар ортга қайтарилди, ташриф ҳақида фақат ЎзА ва МТРК хабар бера бошлади, хабар берганда ҳам ўзининг эски, анъанавий усулига қайтди. Тўғридан-тўғри эфирлар ҳам ноаниқ ва тушунарсиз бўлди. Янги администрация эса ушбу маълумотларга эга эмас ёки жонли эфирлар нима мақсадда ва қандай ташкил этилишини етарлича билмайди. Ҳар ҳолда Елисей саройи қоровулини ярим соат кузатиш учун ташкил этилмайди жонли эфирлар. Брифинглар, ижтимоий тармоқ орқали алоқалар тўхтатилди. Айни дамда “Twitter”да инглиз тилида аккаунтлар деярли юритилмаяпти.

ОАВ билан ишлаш

Алламжонов даврида: Матбуот хизмати қошида Президент “гуруҳи” ташкил этилган эди, унда нафақат илк марта аккредитациядан ўтган бир неча журналистлар, балки медиа ахборот ходимлари ва блоггерлар ҳам иштирок эта бошлашди. Президент гуруҳи иштирокчиларининг саволларига жавоб ва изоҳ берадиган экспертлар фаолияти йўлга қўйилган эди.

Ҳозир: Президент гуруҳи ишлашдан тўхтади, ЎзА ва МТРК журналистларидан бошқа журналистлар билан алоқалар тўхтатилди, ўзбек ахборот воситалари вакиллари яна хориж матбуоти нашрларига мурожаат қилишни бошлашди. Масалан, Россия президенти Путин ташрифи борасида асосан Кремл фотобазасидан фойдаланилди.

Сўз эркинлигини қўллаб-қувватлаш

Ҳозир: ижтимоий тармоқларда муҳим масалалар кўтарилганда, амалдорлар фаолияти танқид қилинганда Facebook ва Youtube нинг мунтазам блокланиши кузатиляпти, бу жамоатчилик билан боғлиқ масалаларни ечишда аввалги консерватив йўл билан, яъни оммавий тақиқ ва блоклашдан фойдаланилаётганини акс эттиради

Эҳтимол бу ўзгаришлар Алламжоновнинг кетиши билан боғлиқмасдир? Эҳтимол каттароқ сиёсатда ўзгаришлар бўлгандир?

Сиёсатдаги ўзгаришлар ҳақида кейинроқ батафсил ёзамиз…

Нима бўлганда ҳам ҳозирги мавжуд ҳолат президент матбуот хизмати матбуот ишини ташкил этишни тушунмасдан, ҳис этмасдан, шунчаки инерция билан ишлаётганини кўрсатяпти. Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Telegram” каналида Польша президентига йўллаган табригида Польша давлати байроғи ўрнига хатолик билан Монако байроғининг қўйилиши, Путин сўзга чиққанда эфирга узатилишида бўлгани каби қўпол хатолар…

Аҳвол шундай давом этса, мамлакат мавқеига сезиларли таъсир кўрсатади. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг ахборот майдони танқидга, саволга тўлиб боряпти, матбуот хизмати эса жим.

Президент фаолияти етарлича ёритилмаяпти ва кўп нарса мавҳумлигича қолмоқда. Алламжонов ўрнини ким эгаллаши муҳим эмас, муҳими илғор, матбуотни, сўз эркинлигининг кучини тушунадиган, адекват шахс бўлиши лозим.

Манба: Би-Би-Си Ўзбек

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort