Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Қуддуснинг сўнгги навбатчиси: Иғдирли ўнбоши Хасан

Қуддуснинг сўнгги навбатчиси: Иғдирли ўнбоши Хасан
20 Kasım 2018 - 18:15 'да юкланди ва 636 марта ўқилди.

ҚУДДУСНИНГ СЎНГГИ НАВБАТЧИСИ: ИҒДИРЛИ ЎНБОШИ ХАСАН

Биринчи жаҳон урушининг энг шиддатли жангларига майдон бўлган жабҳалардан бири Сино-Фаластин жабҳаси эди.

Усмонли давлати ҳужум жабҳаси ўлароқ очган Сино Фаластинда, Сувайш ва Мисрни олиб, инглизларнинг Ҳиндистон билан алоқасини кесишга ҳаракат қилаётган эди. Англия эса Фаластин билан бирликда, Араб яриморолига ва бу орқали нефт конлари устидан тўла ҳокимиятни қўлга олишни мўлжаллаган эди.

Жамол пошо(генерал)нинг 1915 йилда 14 минг туя билан Сувайш канали учун амалга оширган дастлабки ҳарбий амалиёти муваффақиятсиз бўлди. 1916 йилда иккинчи ҳаракат бошланди. Аммо у пайт бошланган Араб исёнини бостириш учун аскар бирлигининг бир қисми Ҳижозга юборилгач, қўшиннинг қолган қисми Ғазо-Шерия-Бируссеба йўналиши бўйлаб мудофаага чекинди.

1917 йилнинг баҳорида инглизлар Ғазога қарши ҳужумга ўтдилар. Илк икки ҳужум муваффақиятсиз бўлди. 1917 йилнинг 24 октябрида инглизлар Ҳиндистондан тупланган қувватлар ёрдамида, яъни 138 минг аскар билан сўнгги ҳужумни бошлади. Ва, Усмонли давлати қўшинидаги олмон зобитларидан бири полковник Von Kress ўз хотираларида, “шамол қор аралаш эсаётган эди, чигиртка истилоси Ибин Воҳасини сўнгги япроғига қадар тўккан эди. Жуда иссиқ бир кун эди ва йигитлар сувсизликдан изтироб чекаётган эдилар. Бугун ҳам қулоқларимда уларнинг “сув…сув…” дея ёлвораяётган умидсиз бақиришларини эшитмоқдаман”, деган кун, 2017 йилнинг ноябрида Қуддус қулади. Усмонли қўшини талончиликнинг олдини олиш мақсадида кичик бир бирликни қолдириб, Қуддусни тарк этди. Ҳалабга қадар ортга чекинди.

Тўрт йил давом этган бу жангларда Усмонли қўшинининг йўқотиши 200 минг кишидан ортди.

Орқада қолдирилган ҳарбий бирликдан Иғдирли Хасан ўнбоши, ушбу воқеадан 55 йил ўтиб, 1972 йилда тарихчи ёзувчи Илхон Бордоқчи билан Туркиядаги ўзининг қўмондонига ҳисобот жўнатган эди:

Бордоқчи бу ҳисоботни шундай ҳикоя қилади:

“Қуддус шаҳри, ер Ал-Ақсо масжиди, 1972 йилнинг 21 май куни, жума. Мен ва раҳматли журналист дўстим Саид Тарзиўғли, Исроил ташқи ишлар вазирлиги раҳбарларининг ёрдами билан бу муборак маконни кезаётган эдик.

Қуддуснинг ёпиқ бозорида шамол каби елаётган қаҳвачиларнинг қўлларидаги осқиларга урилиб кетмасдан бироз юрсангиз, олдингиздан чиққан эшик сизни Масжид Ал Ақсога олиб боради. Меърож мўжизасининг амалга ошган илк Қибламиз… Айни шу ерда бир ҳовли бор ва у ҳали ҳам бизнинг лақабимиз билан эсланади. “12 минг шамдонли ҳовли” дейдилар у ерни.

Ёвуз Султон Салим 1517 йилнинг 30 декабр куни Қуддусни давлатига қўшиб олди. Ёвуз Салим бутун қўшини билан биргаликда хуфтон намозини шу ҳовлида ўқир эди. Шамдонларни ёқар эдилар. Нақ 12 минг шамдон… Бу ном шундан қолгандир. Саккиз-ўн босамоқли зинапоядан одимладингизми, у муқаддас масжиднинг иккинчи ҳовлисига улашасиз.

Уни ўша зинапоя бошида кўрдим. Икки метрга яқин, узун бўйли… Озғин вужудида бир ғалати кийим… Палто?… Йўқ, чопон, пардосу ёки кафтан?… Йўқ. Ишқилиб, шунга ўхшаш бир нарса кийган бир инсон зоти.

Бошидаги қалпоқми, тақёми, фесми? Ҳеч бирига ўхшамайди. Ўша жойда тим-тик турибди. Юзига боқдим-да, чўчидим. Юзи – янги сурилган тошли тупроқ каби. Юз минглаб чизиқ, ажинли бир тери қатлами.

Ёнимда Исроил Ташқи ишлар вазирлиги бўлим бошлиғи Юсуф бор. Бизнинг эски ватандошимиз. Истанбуллик. Унга, “Ким бу одам?”, дедим.

“Билмайман”, деб, елкаларини қисди. “Бир телба бўлса керак. Эшитишимча, у йиллардир шу ерда турар экан. Бир тош каби, ҳали ҳам турибди, мана… Ҳеч кимдан бир нарса сўрамайди, кимсага қарамайди, кимсани кўрмайди.”

Қон тортдими билмайман, қандай, нега, нима учун ҳали ҳам билмайман. Ёнига бордим, туркчада, “Салому алайкум, бобо”, дедим.

Осилиб қолган кўз қовоқлари ортидан сўлиб қолган кўзлари ялт этиб очилди. Юзи ҳаракатга келди ва менга ўзимизнинг жон Онадўли туркчамизда жавоб берди:

– Ва алайкум салом, ўғил…

Қотиб қолдим. Қўлларини қучоқлаб олдим, ўпдим, ўпдим..

– Сен кимсан, бобо?, дедим.

Айтиб берди. Мен ҳам сизга айтиб бераман.

Аммо, аввало шуни билиб олинг: У жоним давлат (Усмонли) чўкар экан, биз Қуддусни 401 йил 3 ой 6 кунлик бир ҳокимиятдан сўнг тарк этамиз. 1917 йилнинг 9 декабр куни. Тутишга имкон йўқ. Қўшин бузилган, чекинаяпти. Давлат таназзул остонасида. Инглизлар киргунга қадар ўтган вақт ичида талон-тарож қилинмасин дея, у ерда бир ҳарбий қисм ташлаб кетамиз. Одат шудирки, шаҳарни забт этган ғолиб, жамоат ичида тартибни сақлаш учун шаҳарда қолган мағлуб қўшин аскарларига асирга муомала қилгандек муомала қилмайди.

Айтиб берди дедим-ку, унинг давомини айтайин.

– Мен, Қуддусни қўлдан бой берганимизда бу ерга ташлаб кетилган ҳарбий қисмданман…, деди бобо.

Бироз сукут сақлади. Сўнгра, қўлидаги хаёлий қуролни отишга шай ҳолга келтириб:

– Мен, ўша кун бу ерда қолдирилган 20-Корпус, 36-баталён. 8-қисм, 11-Оғир машина қуроллари тақими қўмондони ўнбоши Хасанман…, деди.

Ё Раббим. Қарадим, бир минора каби елкалари устидаги боши худди санжоқ каби эди!..

Яна бир карра қўлларига узандим. Ғўлдираб, шундай деди:

– Сенга бир омонатим бор, ўғлим. Неча йилдир-ки сақлайман. Омонатни ерига таслим қиласанми?

– Албатта, айтинг,- дедим.

У шундай деди.

– Мамлакатга қайтишингда, йўлинг Тўқотга тушса… Бор, бу ерни менга омонат қилган қўмондоним капитан-юзбоши Мусо афандини топ. Қўлларини мен учун ўп. Унга айт-ки…” Бирдан қўмондони бўлган гуруҳнинг автоматчиси каби гулдурос овозда гапира бошлади:

– Унга айт, “11-Оғир машина қуроллари тақими қўмондони Иғдирли ўнбоши Хасан, у кундан буён қўйиб кетган ерингда, навбатининг бошидадир. Ҳисоботим тугади қўмондоним, деди”, дегин…

Ўлаёздим.

Сўнгра у яна ростланиб турди. Яна бир бор унга қарадим. Ёпиқ кўзлари ортидан, тўрт минг йиллик Пайғамбар ўчоғи қўшинимизнинг сарҳот навбатчиси каби эди. Уфқларни кўзлар эди. Навбатининг бошида эди. Нақ 55 йил уни унутиш каби нодонлигимизга қарамай давлатимиздан хафа эмасди.

– Хўп, дедим.

Бир ёндан кўз ёшларимни яширишга, бошқа тарафдан у айтган гапларни қайд илишга ҳаракат қилар эдим. Қўлларини қучоқлаб ўпдим, ўпдим.

-Оллоҳга омонат бўл, – бобо дедим.

– Соғ бўл, ўғил. Биз учун дунё кўзи билан у муборак Онадўлини кўриш мумкин эмас. Бор, сен таниган, танимаган барчага саломимни етказ, – деди.

Ортга қайтдим, гўёки бутун тарихимиз китоблардан жонланди-да қаршимга чиқди. Мени кузатиб юрган кишига вазиятни тушунтирдим, ишониш қийин эди. Манзилимни бердим, бу аскарни таъқиб қилишини, бирор нарса бўлса, менга албатта хабар беришини илтимос қилдим.

Туркияга келиб, берган сўзимнинг устидан чиқиш учун Тўқотга бордим. Аскарий қайдлардан капитан-юзбоши Мусо афандининг изини топдим. Вафот этганига кўп йиллар бўлган экан. Сўзимнинг устидан чиқаолмадим.

Сўнгра йиллар ўтди, 1982 йил бир куни агентликка келганимда менга бир телеграф борлигини айтишди. Менга Қуддусда рафақот қилган кишидан келган бир жумла ёзилган эди унда:

“Масжиди Ақсони қўриқлаган сўнгги Усмонли аскари бугун ўлди.”

Туркия туркчасидан ўзбекчалаштирилди

ЎХҲ ахборот бўлими

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort