Матназар АБДУЛҲАКИМ
ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд
“ҚОР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН
СОҒИНИШ
1
Кўзларингда зангор тиниқлик
Қийнар қушдек безовта жонни.
Лоқайдгина ерга бир қараб,
Сен яширдинг икки осмонни.
Бир маҳаллар порлоқ бу осмон
Сачратганди юлдуз-юлдуз чўғ.
Учмоқ истар кўксимдаги қуш,
Жовдирайди… осмонлари йўқ.
2
Туйғуларим висол пайтида
Жуфт юракка туғён солдилар,
Айрилиққа дуч келиб энди
Бирдан ювош тортиб қолдилар.
Куч берганди уларга меҳринг,
Лоқайдлигинг, балки, ўлдирар.
Оҳу бўлиб қолган арслонлар
Юрагимдан сенга мўлтирар.
3
Наҳот, шунча мукаммал бўлса
Фариштамас, оддий бир одам.
Сўзинг ёниқ булбулларники,
Ўзинг бошдан-оёқ тиллодан.
Бу дийдорга тўйиб бўлмайди
Шеърлар ёзиб, торларни чертиб.
Юрагимга жо қилай энди
Кўзларимда сени эритиб.
4
Кел, яхшиси, севгимдан ҳайиқ,
Бир умр бўл мендан эҳтиёт.
Яширмайман, мен бахтга лойиқ,
Лекин… лекин сен бахтдан зиёд.
Такрорланмас энг авж пардасан
Қилар бўлсам ўртаниб наво.
Сен шу қадар юксаклардасан —
Ўзимга ҳам кўрмайман раво.
5
Ёмғир маҳзун-маҳзун ёғади,
Ҳар бир томчи дилга ташлар нур.
Нимқоронғу, ҳазин айёмда
Нурафшон бир суҳбат бошланур.
Теграмдами ё хотирамда
Уйғонади шивир-шивирлар.
Ёғаётган ёмғир эмас, йўқ,
Ёғаётган саноқсиз сирлар.
Дийдорингга ташна юрагим
Бу сирларни бир-бир теради.
Унутилар борлиқ…
Сен ёққа
Кетиб қолгим келаверади.
6
Сени соғинганимдек, балки,
Соғинади бармоқлар торни.
Соғинади қушчани осмон,
Соғинади дарахт баҳорни.
Меҳрибоним! Шафқат қил ўзинг,
Шунда тағин титрай бошлар тор.
Учиб чиқар қушча осмонга,
Гуллатади дарахтни баҳор.
* * *
Майлига — даъват қил. Майлига, унда.
Борай десам, йўқдир иложим.
Бўрон меҳмон бўлган бир вақтлар унда,
У ерга бир вақтлар қўнгандир лочин.
Юксак орзуларни қилмасман канда,
На лочин ва на-да, бўронман бироқ…
Бораман бўрондан қаттиқ эсганда,
Учганда лочиндан баландроқ.