Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Даъвогар Ички ишлар вазири ва шаҳар прокурорини судга келишини талаб қилди

Даъвогар Ички ишлар вазири ва шаҳар прокурорини судга келишини талаб қилди
06 Aralık 2018 - 16:18 'да юкланди ва 568 марта ўқилди.

2018 йилнинг 4 декабрь куни, Тошкент шаҳар судида бўлиб ўтган аппеляция маҳкамасида айбланувчи Шаҳноза Бойқунусова маҳкамага Ўзбекистон Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновни ва Тошкент шаҳар прокурори Шерзод Облоқуловни чақиришни талаб қилди.

“Мен бу прокурорга раддия бераман. Судимда айбловчи сифатида Тошкент шаҳар прокурорининг ўзи қатнашсин. Шерзод Облоқулов бу ерга оддий прокурорларни юбормасдан, судга ўзи келсин ва ўзининг туҳмат “заказ” ини ўзи асослаб берсин”, – деди Шаҳноза Бойқунусова.

Биринчи босқич судининг ҳукмидан норози бўлиб, аппеляция шикоятини ёзган айбланувчи маҳкамага Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирини олдиришни ҳам талаб қилди. “Бу ерга Пўлат Бобожонов ҳам келишини талаб қиламан. Нега атиги уч ой ёки нари борса олти ой давом этиши керак бўлган тергов нақ 11 ой чўзилганини асослаб берсин! Менга қарши очилган ҳар уччала жиноят ишида асосий жабрланувчилар – банк пластик карталарининг ҳақиқий эгалари – мени танимаслигини ва менга қарши бирон бир даъвоси йўқлигини айтишди. Шунга қарамасдан Пўлат Бобожоновнинг терговчилари мени уч ярим ой давомида қамоқда олиб ўтиришди. Ички ишлар вазири нега мени ноқонуний тарзда қамоқда сақлашганини тушунтириб берсин!” – деди Ш. Бойқунусова.

Айбланувчи Пўлат Бобожоновдан ҳам ҳафсаласи пир бўлганини айтмоқда. “Тергов давомида мен унинг қабулида бўлганман. У менга ишим адолатли кўриб чиқилишини ваъда қилди. Лекин амалда айнан акси рўй берди”, – дейди Ш. Бойқунусова.

“Тошкент шаҳар прокурори Шерзод Облоқулов ички ишлар вазири Бобожоновдан ҳам ўтган ваъдабоз экан. Прокурор жанобларининг адолат ҳақидаги ваъдасидан кўп ўтмай мени ҳибсга олишди”, – дейди Шаҳноза Бойқунусова.

Унинг айтишича, айбланувчи терговда ҳам, судларда ҳам ўзининг айбсизлигини етарли далиллар билан исботлаб бўлган. Лекин шундай бўлса ҳам, жиноят ишлари бўйича Шайҳонтохур, Миробод туманлари ва Тошкент шаҳар судлари тергов органлари – Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси ва прокуратураси қўйган айблов бўйича адолатсиз ҳукм чиқаришган.

Шу сабабдан Бойқунусова мазкур суд инстанцияларини “прокуратура ва ички ишларнинг нотариал идоралари” деб атади. “Чунки судлар нотариал идораларнинг вазифасини бажаришмоқда: ўзларига келиб тушган айблов хулосаларини тасдиқлаш билан шуғулланишяпти холос” – деди Шаҳноза Бойқунусова.

“Туҳматлиги очиқ-ойдин бўлган айбловни тасдиқлашдан бошқа нарсага ярамайдиган идора суд эмас, нотариус, – деб аталади” – дея такрорлади айбланучи кечаги судда қилган нутқида.

Ш. Бойқунусованинг айтишича, 2017 давомида пойтахтнинг Шайҳонтохур, Сирғали ва Чилонзор туманлари Ички ишлар бўлимларида унга қарши алоҳида уч жиноий иш қўзғатилган. Уччала туманда ҳам терговчилар  Бойқунусовани Ўзбекистон Жиноят Кодекси 168-моддасининг турли банд ва қисмларида кўрсатилган жиноятларни (фирибгарлик) содир этганликда айблашган. Биронта жиноят ишида Бойқунусованинг айбини исботловчи далил йўқ.

Мамлакат Жиноят-процессуал кодекси мазкур уч жиноят ишини бирлаштирилишни талаб қилса-да, терговчилар кодекснинг мазкур талабини бажаришмаган: уч ишни алоҳида кўриб чиқишган.

Қизиғи шунда-ки, уччала ишда ҳам бир хил шахслар ҳам жабрланувчи, ҳам гувоҳ сифатида иштирок этишган. “Шайҳонтохур РОВДисида очилган ишда менга қарши жабрланувчи бўлиб кўрсатма берганлар, Чилонзор РОВДисидаги ишда менга қарши гувоҳ бўлиб кўрсатма беришди. Ҳудди шу шахслар Сирғалида очилган ишда яна жабрланувчи бўлиб келишди”, – деди Ш. Бойқунусова “Eltuz” нашрига берган интервьюсида.

Бойқунусованинг “Eltuz” нашрига билдиришича, тергов ва суд жараёнида унга қарши ички ишлар ходимлари ҳам гувоҳлик беришган. “Мисол учун, Абдукарим Йўлчиев деган милиция командири менга қарздор бўлатуриб, олган пулларини қайтармаслик учун менга қарши гувоҳлик беришдан чарчамади. Биронта кўрсатмасини исботлаб беролмади”, – дейди Шаҳноза Бойқунусова.

Ушбу жиноят ишларида Шаҳноза Бойқунусовага қарши кўрсатма берган барча гувоҳлар айбланувчидан қарздорлиги ҳам киши диққатини тортади. “Уларнинг олдимдаги умумий қарзи 398 миллион сўмни ташкил қилади. Қарзимни ундириб беришларини сўраб Сирғали, Учтепа, Шайҳонтохур, Юнусобод, Яккасарой, Яшнабод туманлари ички ишлар бўлимларига расман мурожаат қилганман. Лекин аризаларим ўрганиб ҳам чиқилмади”, – дейди Ш. Бойқунусова.

Айбланувчининг айтишича, унга қарши асосий даъво қўзғатган Ҳамид Содиқов (“Ўзбекистон” санатория-курорт акциядорлик жамияти ходими) терговда ҳам, судда ҳам “Шаҳнозага қанча суммалик банк пластик карточкасини қаерда ва қачон берганимни ҳам, карточкалар кимларга тегишли эканлигини ҳам билмайман”, – деб кўрсатма берган. Шундай бўлса ҳам, “курортчи”нинг кўрсатмалари терговчи ва судьялар томонидан жон деб қабул қилинган.

Шаҳноза Бойқунусова бу ҳолатдан норози бўлганида Ҳамид Содиқов очиқдан-очиқ: “Ман мартабали “акахон”ларимни  курорт путёвкалари билан таъминлаб қўйганман. Кўрсатмаларимни ўзлари келиштириб ёзишади”, – деган.

Шаҳноза Бойқунусованинг айтишича, асосий жабрланувчилар Регина Пишченко, Ғулом Маликов, Собит Билолов, Раҳматилла Раҳмонов тергов ва суд давомида Шаҳноза Бойқунусовани танимасликларини, айбланувчига қарши ҳеч қандай даъвоси йўқлигини айтишган. Шунга қарамасдан, тергов идоралари Бойқунусовани барибир фирибгарликда айблашган ва уни уч ярим ой давомида Тоштурмада ноқонуний ҳисбда сақлашган.

Жиноят ишлари ёпилгач, Тошкент шаҳар прокуратураси ҳам ноқонуний айбловни тасдиқлаган ва ишни судга оширган. 2018 йил 18 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Шайҳонтохур тумани суди ҳам ички ишлар ва прокуратура идораларидан ўрнак олган: айбловни тасдиқлаган ва Бойқунусовани 14 ой ва 6 кунлик аҳлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилган.

Бугунги кунда Бойқунусова айнан шу ҳукм устидан аппеляция шикояти ёзган. Унинг айнан шу аризаси кеча, 4 декабрь куни, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида кўрила бошлади.

Аппеляция маҳкамаси очилиши билан судья Даврон Шоазизов даъвогардан: “Прокурор, судьянинг шахсларига эътирозингиз борми?” – деб сўради. Шунда Ш. Бойқунусова: “Ҳа, бор!” – деб, мақола бошида келтирилган талабларини баён этди.

“Менга қарши очилган ишда мендан жабр чеккан ёки моддий зарар кўрган одамнинг ўзи йўқ. Лекин барибир мен айбдор, деб топилдим. Бу ҳолат ташқаридан комедия бўлиб кўриниши мумкин, лекин мен учун бу трагедия”, – дейди Шаҳноза Бойқунусова “Eltuz” нашрига берган интервьюсида.

Шаҳноза Бойқунусова берган аппеляция шикояти бўйича кейинги маҳкама Тошкент шаҳар судида 11 декабрь куни соат 12.00 га белгиланган.

Элбарсхон Валиев
Eltuzнинг Тошкентлик мухбири тахаллуси

Манба: eltuz.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort