Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Акром Малик ва унинг босилмаган мақоласи

Акром Малик ва унинг босилмаган мақоласи
01 Ocak 2019 - 10:49 'да юкланди ва 1077 марта ўқилди.

АКРОМ МАЛИК ВА УНИНГ БОСИЛМАГАН МАҚОЛАСИ
(редакциямизга келган мактуб)

Хуллас, мен илк дафъа кашф этган “осий адабиётшунос” ер-у кўкда йўқ эди. Аммо ўзим ҳам кўп бош қотирмадим уни топгани, ўзи қайтиб алоқага чиқса керак деб ўйладим, шекилли. Қолаверса, ташвишлар. Кейин унинг қамалиб кетгани хабари келди. Сабаби жуда мавҳум эди. Аммо қандайдир қўрқинчли сир бордек эди бу мавҳум сабабда. . .

Жамиятимиз инсон тақдирига бениҳоя бефарқ. Акромнинг мухолиф мақолалари таҳлилга тортилмайди, одилона баҳо берилмайди, уни танийдиган “номдор” донгдорлар эса бир ёш боланинг тақдирини ўйламайдилар ҳам. Чунки ўзларига бирор зиён етишидан хавфсирайдилар.

Кечиккан мақола

Дўстим Акром Малик 2016-йилнинг 18-июлида менга қўнғироқ қилиб “Биз тинглаётган сўзлар” туркумида бир қанча адабий-таҳлилий мақолалар ёзмоқчи эканини, бошлаб “Ўзбегим” ичидаги қуллик” деган материал тайёрлаганини, ўқиб фикримни билдиришимни илтимос қилди. Хўп дедим. Электрон почтамга йўллади. Мен уни Абдуллоҳ Нусрат эканидан бехабар эдим, шу боис мақоладаги исёнкор ва “бетийиқ” фикрлардан ҳайрон қолдим. Мен Ўзбекистон халқи жўр бўлиб куйлаётган матнни шундай жиҳатлари борлигини ўйлаб ҳам кўрмаган эдим. Даставвал ҳазм қилолмадим. Адабиётга, яна машҳур қасидага бундай “адабсиз” шарҳдан жаҳлим чиқди. Лекин муаллиф фикрини рад этиш учун асосли раддия ахтаришга мажбур эдим. Аммо бунга ҳожат қолмади: 2016-йил, тахминан, августнинг илк ҳафтасида Акромни ҳеч қаердан тополмадим: телефони ўчган, ижтимоий тармоқларда “офлайн”, уйдагиларини танимайман, университетда эса ўқиш бошланмаган.
Қизиқки, жуда лидер бўлмаса-да, номи танилган ёш адабиётчининг ғойиб бўлиши ҳеч кимни қизиқтирмади. На университет, на яқинлар, на танишлари, на шоир улфатлари. . .

Яқинда баъзи хориж сайтлари эълон қилган тафсилотларни ва яна бир-икки ўзбек сайтларининг хабарчаларини ҳисобга олмасак, Акром Малик масаласи расман эътиборга олинмади. Ватанда яшовчи ҳеч бир шоир ёки ҳамкасблари бирор ерда Акром ҳақида “миқ” этганлари йўқ. Ижтимоий тармоқлардаги фойдаланувчилар ва бир икки блогернинг муносабатлари эса деярли кўпик каби бир кўриниб йўқ бўлмоқда.

Мен узоқ мулоҳаза қилиб унинг “Биз тинҳлаётган сўзлар: “Ўзбегим” ичидаги қуллик” мақоласини эълон қилдиришга қарор қилдим. Умид қиламанки, муаллиф бу учун мени койимас.

Мақсадим: ўзаро бефарқ зиёлиларимиз, Акромнинг эҳтиёткор “дўстлари, устозлари” фикри сабаб доимо муаммолар ичида юрган, қизиққон ва таваккалчи танишлари Акром Маликнинг самимияти ва салоҳиятини бир бор эсласалар ва унинг қамоқдаги умри ҳақида ҳам мулоҳаза этсалар. Мен чинакам дўстлар ўз дўстлари учун то уни қутқармагунларича курашадилар деб ҳисоблайман. Акромга озгина ачиндим: у учун охирига қадар курашадиган дўстлари йўқ экан. Акром ўзи тушган майдонда ниҳоятда ёлғиз экан. Албатта, бу нисбий бир гап. Ҳар ишда ҳикмат бор. Лекин ёш шоир тақдирига бутун жамиятнинг ўта бефарқлиги шуни кўрсатяпти.

Ёш шоирга озодлик тилаб И. С.

* * *

БИЗ ТИНГЛАЁТГАН СЎЗЛАР: “ЎЗБЕГИМ” ИЧИДАГИ ҚУЛЛИК

Адабиёт фақат эстетик завқ ёки тарбия воситаси десалар, мен бу ёндашувни ўта қуруқ ва ўта саёз бир хулоса деб қатъиян таъкидлайман. Модомики, умрлар сарфлаб яратилаётган адабиёт ҳақиқат баёни, адолат байроқдори бўлмас экан; ёхуд шоир ва ёзувчилар ҳақиқат ҳимоячиси ўлароқ сўз майдонига қадам босмасалар; ёхуд қалам аҳли адабиётнинг вазифаси эрк ва ҳуррият, ҳақиқат ва адолатни инсонлар кўзига ҳеч қандай алдовларсиз кўрсатиб бериш деб тушунмас экан, адабиёт маддоҳлар, майдакашлар, майдагаплар касб-корига; ғийбатлар, нолишлар, йиғи-сиғилар, тушуниксиз, хира ва ноаниқ, ақийдасиз тасвирлар йиғиндисига айланиб қолади.

Биз бугун ана шу ҳолатга гувоҳ бўлмоқдамиз. Нафақат гувоҳмиз, балки ана шу туманли ва бўғиқ муҳит тутқунларимиз.

Ёзаётганимиз “асар”лар тугал ғоя, қатъий ёндашувларда ўта йироқ; қуруқ ташбиҳ ва заиф шахсимизнинг минғирлашларидан иборат.

1967-йилдан буён Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” қасидасини тинглаймиз. Авлодлар шу сатрларни тинглаб мияларни қотиряптилар, бу сатрларни юксак бадиият, миллатпарватлик намунаси деб биладилар. Аслида, бу шеър ўзбек халқини нотавон ва бечораҳол кўрсатадиган, коммунистик мафкура занжирига чирмаб боғлаган бир шеърдир.

Матнга боқсангиз, муаллиф тарихнинг минг асрлар пинҳонлигини, бу тарих Помир ва Тёншон тоғларига тенгдош деб таъкидлайди. Қизиқки, шоир халқнинг асл насли “балки ўзлуқ, балки тархон” дея иккиланади.

Сўзда давом этаркан шоир ўзбекнинг кўкси Рум қайсарининг найзасидан доғ.

Ўзбекнинг кўкси Чингиз ва Ботунинг тиғига қалқон дейди.

Ва шу тариқ фақат ва фақат халқнинг аччиқ ўтмиши, дард-у фиғонларидан гапиради: шеърият гулшанида сўлган Нодира, оламга оҳи ўт солган Бобур, нолишидан Ҳинд ва Афғон афғон қилган ўзбек.

Баъзи сатрларда шоир фахр ва ғурур ҳам туяди: Навоийдек бобоси бор, осмон тоқига нарвон қўйган ўзбек.

Бошидаги дўпписи билан ғоз юрадиган ўзбек. Совет даврига келибгина ваҳми кетиб захми кетган ўзбек.

Алал-оқибат шоир нон ва туз ҳурмати ёзган бу шеърини халқидан қабул этишини сўрайди. Халқ қабул қилди: ҳеч қандай курашга шижоатлантирмайдиган, мақтов ва мажолсиз фикрлар, қашшоқ эмоциялар жамланган шеърни ҳатто ош еб тинглайди.

Мен шарҳни чўзмоқчи эмасман. Чунки қалбида ҳуррият ва эрк бўлган уйғоқ инсон бу сатрлар моҳиятини теран тушунади. Гап шундаки, биз чинакам уйғоқ қалб ва эркин фикр соҳиби, ҳур бир ҳаёт яшовчиси бўлишни истасак, адабиётга бўлган ёндашувларимизни ҳам кескин таҳрир қилиб, халқни ҳақиқатга етаклайдиган, жасоратлантирадиган, равон ва равшан адабиётни ҳам юзага келтиришимиз шарт. Акс ҳолда, норизолик, бўшанглик ва ғийбатлар ижодчиси ўлароқ ўлик руҳ бойланган ланж танани кўтариб юраверамиз. Мен шундай ўйлайман.

Акром Малик,
ЎзМУ магистранти
(2016-йил, 16-июл)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort