Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Қўрқувнинг нариёғида” китоби русчада чоп этилди

“Қўрқувнинг нариёғида” китоби русчада чоп этилди
03 Ocak 2019 - 17:55 'да юкланди ва 521 марта ўқилди.

Истанбулдаги “Yitik Şifa Yayinlari” нашриётида таниқли собиқ сиёсий маҳбус, журналист Муҳаммад Бекжоннинг Ўзбекистон қамоқхоналаридаги ҳаёт ҳақидаги “Қўрқувнинг нариёғида” (“По ту сторону страха”) китобининг биринчи қисми рус тилида нашрдан чиқди.

Муҳаммад Бекжон 18 йил умрини қамоқда кечирди ва узоқ йиллар давомида қийноққа солинди.

Эътиборингизга таниқли ўзбек ёзувчиси Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг “Қўрқувнинг нариёғида” китобига ёзган сўзбошисини ҳавола қиламиз:

“МУҲАММАД БЕКЖОН ХОТИРАЛАРИ ҲОШИЯСИГА БИТИК

Ушбу хотираларни кўзда ёшсиз ўқиб бўлмайди.

Мана шу сўқир кўзлардан тирқираб отилиб чиқадиган ёшнигинаайтмаяпман. Юракдан сизиб чиқадиган, одамнинг ичига оқадиганёш ҳам бор – буниси оғир, бунга дош бериш қийин.

Албатта, ушбу асарда битилган ҳолатларга ўхшаш воқеаларнибошқа собиқ маҳбуслар ҳикояларидан ҳам ичларимиз ачиб эшитганмиз, аччиқ-аччиқ ёзма хотираларини юракларимиз эзилиб ўқиганмиз. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳисоботларида балки бундан баттар қийноқ-азоблар ҳақидаги маълумотларга кўзимиз тушган. Ўшанда ўзимизни чорасиз, ғариб сезганмиз, чиқар йўл топа олмай ўксинганмиз.

Булар орасида Муҳаммад Бекжоннинг аччиқ тақдири ҳамда унинг баёни ўзига хослиги, фақат ва фақат кўрган-кечирганлари асосида ёзилгани билан ажралиб туради.

Китобда тасвирланган бир воқеадан қаттиқ таъсирландим. На йиғлашимни биламан, на кулишимни. Сиртдан бундай қарасангиз, қип-қизил масхарабозликка ўхшайди, лекин ҳодисага синчиклаб боқсангиз, ўта фожиали аҳволимизни кўрасиз!

Ўша куни уйимизга бир неча меҳмон келган эди. Ораларида ёш бир олим йигит ҳам бор эди. Атай чақириб, менга таъсир қилган ўша парчани ўқиб бердим. Олим йигит озгина ўйланиб турди-да:

‒ Ий, бу ёқдаги ҳаёт билан бир хил-ку! ‒ деб юборди.

Ўйлаб айтдими, ўйламай айтдими ‒ ёш олимнинг оғзидан буюк бир ҳақиқат отилиб чиқиб кетган эди.

“Бу ёқдаги ҳаёт” деганда ёш олим ташқаридаги – сиз билан бизнинг ҳаётимизни назарда тутган эди, албатта.

Мен ўқиётган китобда эса “ичкари”нинг ҳаётига қисқача саёҳат қилинган.

Зотан, Ўзбекистонда чорак аср давомида Ислом Каримов қурган, буюк қўрқувга асосланган ёввойи тузумда “ташқари” билан “ичкари” ўртасида деярли фарқ қолмаган, бири иккинчисининг акси эди, десак бўлади: унисига қарасангиз, бунисини кўрасиз, бунисига қарасангиз, унисини кўрасиз. 

Яъни, ҳар бир фикрли, онгли, кўзи очиқ инсон англаб турган ҳақиқат шуки, “ташқари”да нималар бўлаётган бўлса, “ичкари”да ҳам деярли айниси, ёки аксинча, “ичкари”даги ишлар барчаси “ташқари”да ҳам деярли ўхшаши содир бўлаётган эди!

Ойнанинг сифатига қараб акссурат айнисидан бир оз фарқ қилганидек, “ташқари” ҳаёти билан “ичкари” ҳаёти орасида ҳам бир оз фарқлиликлар бор, албатта: кийинишларда, яшаш шароитларида, маконда, емакларда… Аммо моҳиятда бир-бирининг такроридир.

“Қўрқув салтанати” қонун-қоидаси шундай ‒ ҳақсизликка юракдан рози бўласиз, зулмга ҳатто ташаккур айтасиз!

Муҳаммад Бекжоннинг бу хотира китоби, гарчи фақат қамоқ ҳаётидан ҳикоя қилган бўлса ҳам, аслида, Ислом Каримов даври Ўзбекистонининг умумий манзарасини чизиб беради бизга. 

Эртадан кейин болаларимиз бу ўтган алғов-далғов даврга баҳо бераркан, мана шунақа ёзма хотираларга катта эҳтиёж туяди.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон”.

Китобнинг ўзбекча ва русча вариантларини қуйидаги манзилдан сотиб олишингиз мумкин:
Манзил: Zeyrek mahellesi, Fazilet sokak, №4. Fatih/Istanbul
Телефон: +90 531 918 86 06

ЎХҲ ахборот бўлими

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort