Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Миллий меъморчилигимизнинг қадим намунаси

Миллий меъморчилигимизнинг қадим намунаси
09 Ocak 2019 - 9:00 'да юкланди ва 244 марта ўқилди.

МИЛЛИЙ МЕЪМОРЧИЛИГИМИЗ ҚАДИМ НАМУНАСИ

Ўзбек халқи ўзининг узоқ тарихи мобайнида бир неча элга етгудек бой бир маданият яратди, десам, бу гапни мақтанчоқликка йўймассиз.

Афсус, мустамлака даврида бу мулкимизнинг қадрига тўла етган эмас эдик. Биргина мисол келтираман. Шарқ тарихининг жаҳондаги энг йирик билимдони бўлмиш академик В. Бартольд 1922 йили 1006/1007 йили қурилган Қобус минорасини, мусулмон меъморчилиги ичидаги энг қадимий ёдгорлик, деб қайд этган эди.

Ҳолбуки, мусулмон дунёсидаги ҳозиргача сақланиб қолган санаси аниқ меъморий биноларнинг энг кўҳнаси ҳам – ўзимизнинг Ўзбекистонда. Бу Самарқанд вилоятидаги Нуробод туманининг аҳоли нисбатан зич яшайдиган жойлардан 60 чақиримча нарида – бир ёғи тоғ, бир ёғи чўл бир овлоқ ердаги Тим қишлоғида.

Бу ерда аҳоли Араб Ота қабристони деб юритадиган мозорда бир гўзал мақбара бор. Бино пештоқига кўфий ёзувда унинг ҳижрий 367 йилнинг раби ул-соний ойида, яъни милодий 977 йилнинг октябрида қуриб битказилгани қайд этилган. Демак, иморат тугатилган пайтда Бухоро мамлакатида сомоний ҳукмдор Нуҳ ибн Мансур тахт сўрар эди. Бу амирни улуғ алломамиз Абу Али ибн Сино таржимаи ҳолидан яхши биламиз. Бўлғуси буюк табиб ана шу подшоҳни даволаб, эвазига сарой кутубхонасидаги китобларни ўқиш бахтига муяссар бўлган эди. “Ўшанда мен жуда кўп хонали бир бинога кирдим, – деб эслайди кейинчалик Абу Али ибн Сино. – Ҳар хонада сандиқлар тўла китоблар. Мен кўрган ва ўқиган ҳар хил китобларнинг номини кўпчилик, ҳатто, эшитмаган ҳам. Мен ўшандай китобларни илгари ҳам, кейин ҳам кўрмадим” .

Демак, Бухородаги оламга машҳур Исмоил Сомоний мақбарасидан қолишмайдиган Араб Ота ёдгорлиги юртимизда ана шундай юксак маданият гуллаб-яшнаган Х асрда яратилган. Бу даврнинг жаҳон маданияти тарихида тутган ўрни беқиёслигини айтиб ўтирмаса ҳам бўлар. Бу мақбара тарихини ўрганган Пўлат Зоҳидов яна шундай деб ёзади: “Меъмор тарихий номини ганчга битган йили Абу Райҳон (яъни Беруний) беш яшар бола эди. Ибн Сино эса икки йил кейин туғилди” .

Ана шундай миллий меросимиз, ҳатто, ўзбек фанининг ўзига ҳам бор-йўғи ўтган асрнинг 50-йилларига келибгина маълум бўлгани маданиятимизга жаҳондаги илғор халқлар даражасида эътибор бермаганлигимизнинг оқибати эмасмиди?

“Тим” сўзи – карвонсарой, усти ёпиқ бозор, савдо растаси деган маънони англатади. Тим борми, ёнида, албатта, катта очиқ бозор ҳам бўлган.

Араб Ота мақбараси ундан сал олдинроқ Бухоро шаҳрида қад ростлаган Исмоил Сомоний мақбарасига айнан ўхшайди. Бу мақбара ҳам – тузилиши жиҳатидан куб шаклидаги ва гумбазли бир хонадан иборат. Худди шундай мақбара Навоий вилоятининг Кармана туманида ҳам бор. У Мирсаид Баҳром мақбараси дейилади. У ҳам айнан шу сомонийлар даврида – ХI аср бошларида бунёд этилган.

Ўша даврда Кармана туманида яна бир иморат қад ростлаган. Бу Деггарон масжиди. Бироқ олимлар, у VIII – IX асрларда бунёд этилган иморат ўрнига XI асрда қурилган, деган хулосага келишган. Бизнингча, буни ҳам Марказий Осиё ва Хуросондаги энг қадимий обидалар сирасига киритиш керак.

Тим, шу тумандаги қадимий Жом қишлоғи каби, Буюк ипак йўлининг чорраҳаларидан бирида жойлашган. Бухоро ва Карманадан Қаршига ўтиш йўли устида бўлгани учун ҳам у шундай вазифани бажарган.

…1993 йили бир гуруҳ зиёлилар билан ана шу қишлоқни зиёрат қилгани бордик. Мақбара тасаввур қилганимиздан кўра гўзалроқ санъат асари ва ўйлаганимиздан кўра ҳам яхшироқ сақланган экан.

Араб Ота мозоридаги мақбарадан сал пастроқда яна бир обида бизни лол қолдирди. Меъморий санъати жиҳатидан ана шу мақбарадан қолишмайдиган бу ёдгорликни маҳаллий аҳоли Оқмачит (Оқмасжид) деб атар экан. У мақбарадан бор-йўғи 20 йилгина кейин қурилган. Уни ҳам ўша машҳур меъмор бунёд этган, деб ўйлашга тўла асосимиз мавжуд. Бор-йўғи бир гумбаз шаклидаги бу иморатнинг қарийб минг йилдан бери деярли шикастсиз сақлангани, ҳозир ҳам тап-тайёр масжид вазифасини ўтаётганига қойил қолмай илож йўқ.

Тимдаги бу икки мўъжиза таъсири гирдобидан чиқолмай турган бир пайтимизда қишлоқда жойлашган мактабдаги учрашувга бориб, ҳайратимиз минг чандон ортди. Мактаб ҳовлисида ана шу икки қадим обидани бунёд этган одамларни кўрган, ким билади, ўшалар тарафиданми ўтқазилган минг йиллик арча бор экан. Қадим юртимизнинг бошқа бирор ерида бундай ёши улуғ арча бўлмаса ҳам керак. Жаҳонда ҳам, ким билади, унинг тенгдоши топиларми-йўқми?

Аммо…

Минг афсус ва надоматлар бўлсинким, бундан икки йилгина олдин бир нодон “доно”нинг кўрсатмаси билан шундоқ ҳам кўм-кўк бўлиб кўкариб турган арчани янада яхшироқ ўстирмоқ илинжида тагига гўнг солиб, суғоришибди. Кўп ўтмай дарахт буткул қуриб қолибди. Қош қўяман, деб, кўз чиқариш шу бўлса керак?! Ким билади, агар шундай ўта қўпол ҳаракат қилинмаганда, эҳтимол, бу арча яна минг йил яшар эди?!

Ана шу уч мўъжиза шундан далолат берадики, Тим шу атрофлардаги қадимий маданий марказлар – Самарқанд, Бухоро, Насаф (ҳозирги Қарши) ва Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз) шаҳарларидан қолишмайдиган бир маданият ўчоғи бўлган.

Оҳ, кўҳна юртимизнинг қанчалар кўп маданий ўчоқлари бўлган-а!

Биз эса қадим обидаларимиз ҳақида гап кетганда, асосан, Самарқанд, Бухоро, Хиванигина тилга олиб келганмиз.

Қани, энди Ўзбекистонда жаҳоннинг энг ривожланган мамлакатларидаги каби сайёҳларга хизмат қилиш маданияти кўтарилса! Ана шунда юртимизга дунёнинг турли бурчакларидан одамлар оқиб келмайдими, дейсиз?!

Ўша 1993 йили, яъни биз Тим зиёратига борган кунларимиз матбуотда Вазирлар Маҳкамасида “Мерос” дастури муҳокама қилингани ҳақида хабар босилган эди. Ўзбекистонимизда туризмни ривожлантириш бўйича улкан ишлар амалга оширилди. Юртимизга келаётган сайёҳлар сони йил сайин кўпайиб боряпти. Бу борада қабул қилинган қонун ва қонуности ҳужжатлари, амалга оширилган дастурлар, қадимий шаҳарларимизни обод қилиш, улардаги обидаларни асраб-авайлаш, таъмирлаш, янги-янгиларини бунёд этиш, меъморчилигимиз тарихини ўрганиш борасида қилинган ишлар ёритилса, бир катта китоб бўлади.

Умид қилиш мумкинки, яқин келажакда Ватанимизнинг энг муҳим қадимий қадамжоларини бир йўла зиёрат қилиб чиқиш имкони бўладиган саёҳатлар уюштиришнинг узоқ йилларга мўлжалланган пухта ва пишиқ дастурлари ишлаб чиқилади. Чунки сайёҳ Ватанимизга бир юртдан ўз-ўзини кўтариб келмайди-ку, ахир. Ҳар бир хорижий сайёҳнинг мамлакатимизга қадам ранжида қилиши маблағ дегани – валюта дегани.

Бир пайтлар жаҳондаги энг маданиятли масканлар энди ҳам маданий тараққиётнинг ана ўша олдинги ўринларига чиқиши керак. Бу мақсадларимизга етишимиз йўлида ота-боболаримиз яратиб кетган қадим иморатлар бизга қанчалар асқотишини энди кўрасиз. Бир кун келади, ана шу минг йиллик уч ёдгорлиги билан Самарқанднинг Тим қишлоғи ҳам жаҳон сайёҳлари қўлидаги хариталарда, албатта, акс этади. Ўшанда ана шу маданият ёдгорликларининг меросхўрлари бўлган тимликлар кишига бир мартагина бериладиган умрни бутунлай бошқача мазмун-моҳият билан ўтказа бошлайди. Тим яна қайтадан обод бўлади – шаҳарлашади.

Чунки бир замонлар еб-ичиш ташвишларидан ортиб, шундай санъат намуналарини яратган қадим маданий қишлоқ аҳлининг мустамлака йилларида қолоқлашиб қолишида халқнинг заррача айби йўқ. Зотан, чинакам санъат асари яратиш учун, аввало, инсоннинг усти – бут, қорни – тўқ, дастурхони – тўкин бўлиши керак.

Катта-катта шаҳарларимиз тугул, ўзбекнинг бир овлоқ қишлоғи ҳам жаҳон маданияти ривожига шунчалар улкан ҳисса қўшган эканми, ўзбек халқининг ўтган ота-боболари каби мағрур, бой ва юксак турмуш маданиятига эришган ҳолда яшашга тўла ҳаққи бор.

Султонмурод ОЛИМ,
«Нақшбандия» журнали бош муҳаррири

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort