Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ануштегин-Хоразмшоҳлар давлатининг ташкил топиши

Ануштегин-Хоразмшоҳлар давлатининг ташкил топиши
10 Ocak 2019 - 9:00 'да юкланди ва 390 марта ўқилди.

АНУШТЕГИН-ХОРАЗМШОҲЛАР ДАВЛАТИНИНГ ТАШКИЛ ТОПИШИ

Ануштегинлар сулоласи вакиллари, собитқадамлик билан, узоқни ўйлаб қилинган дипломатик устомонлик, мавжуд сиёсий шарт-шароитдан келиб чиққан ҳолда амалга оширилган оқилона фаолият олиб борганлари натижасида улкан империяни ярата олганлар.

Бунда улар, Салжуқийлар сулоласининг заиф томонларидан усталик билан фойдаландилар, Қорахитойлар, Қорахонийлар, Ғурийлар, Аббосий халифалар билан гоҳ нозик дипломатик усул, гоҳ куч ишлатиш оқибатида буюк салтанатга асос солдилар.

Сулола асосчиси Ануштегин, ўғузларнинг бекдули уруғидан бўлиб, салжуқий ҳукмдор Султон Маликшоҳ (1072-1092 йй) саройида таштдорлик лавозимидан 1077 йили Хоразм шиҳнаси (бошқарувчиси) лавозимига тайинланади. Ануштегин (1077-1097 й.й) ўз фаолияти давомида Салжуқийларнинг ишончига сазовар бўлди. Бу ишонч туфайли, унинг авлодлари Хоразмда ҳукмронлик қилишни қонуний мерос сифатида қабул қилиб олдилар. Ануштегинлар маълум бир давргача вазият тақозоси билан салжуқийларга хизматда садоқат кўрсатдилар. Чунки XI аср бошларидан XII аср ўрталарига қадар бутун Шарқда, мусулмон дунёсида салжуқийлардан қудратли биронта сулола ва давлат бўлган эмас. Ҳатто халифалик пойтахти Бағдод ҳам, улар тасарруфида бўлиб, халифа дунёвий ҳокимиятдан четлаштирилди, амалда эса фақат диний ҳокимиятнигина ифодаларди холос. Салжуқийлар Ғарбда Ўрта ер денгизи ва Европагача чўзилган ҳудудларни эгаллаб шон-шавкатда буюклик даражасига кўтарилган эдилар. Хоразмшоҳлар-Ануштегинлар сулоласи асосчиларининг тарихий хизмати шунда эдики, улар расман салжуқийларга қарам бўлган ҳолда, амалда бўлажак мустақил Хоразм давлатининг пойдеворини яратишга муваффақ бўлдилар.

Сулола асосчиси Ануштегиндан кейин ҳокимият тепасига келган Қутбиддин Муҳаммад (1097-1127) мавжуд вазиятдан усталик билан фойдаланиб, ҳатто салжуқийларнинг энг буюк мавқеини халқаро миқёсда ва шунингдек, ички томонидан ҳам мустаҳкамлашга хизмат килди. Салжуқий ҳукмдорларининг ишончига сазовор бўлган Қутбиддин Муҳаммад Хоразмшоҳ амалда мустақил Хоразм давлатига асос солди. Унинг салжуқийларга қарамлиги номигагина, яъни ҳар йили муайян ўлпон тўлаб туриш тарзида бўлган.

Мазкур ҳукмдор тўғрисида «Тарихий ёдгорликларда Хоразмшоҳнинг унвони «Подшо қутб ад-Дунё ва ад-Дин Абу ал-Фатҳ Муъан Амир ал-мўъминм» («Дунё ва дин қутби, ғалабалар отаси, мўминлар амири – халифанинг ёрдамчиси») сўзлари ҳам Хоразмшоҳнинг обрўи баланд эканидан шоҳидлик беради», – деб ёзган Зиё Бунёдов.

«Қутбиддин Марвда таълим олиб, яхши маърифат олган, адаб ва дин илмларини ўрганган эди. У ҳар томонлама истеъдодли одам эди, олимлар ва дин арбоблари уни яхши кўришар, у ҳам уларни иззат-ҳурмат қиларди. Фуқароларига адолатли, улар ҳам уни яхши кўриб, унинг номини азиз тутар эдилар».

Қутбиддин Муҳаммад бошлаган хайрли ишларни, унинг ўғли Ал-Малик Абу Музаффар Алоуддин Жалолиддин Отсиз давом эттирди. Хоразмшоҳ Отсиз (1127-1156 йй) ҳукмронлик даврини, асосан, икки босқичга бўлиш мумкин:

1127-1138 – йиллар

1138-1156 – йиллар

Агар Хоразмшоҳ Отсиз ҳукмронлигининг биринчи даврида (1127-1138 йй) Султон Санжарга садоқат билан хизмат қилган бўлса, ҳукмронлигининг иккинчи даврида (1138-1156 йй) мустақил Хоразм давлатига асос солди. Хоразмшоҳ Отсиз ҳар бир қулай вазиятдан фойдаланиб, биринчи марта хоразмшоҳлар давлатининг ҳудудларини кенгайтириш сиёсатини бошлаб берди. Хоразмшоҳ, Султон Санжар фармонини бузиб, салжуқийларга тобеликда бўлган кўпгина ерларни босиб олди.

Султон Санжар ҳам Хоразмшоҳ Отсизнинг қудратини тан олишга мажбур бўлди. Натижада сиёсат майдонида кучли давлат – Хоразмшоҳлар давлати пайдо бўлди ва мустаҳкамланди. Стратегик сиёсий мақсадларни кўзлаган Хоразмшоҳ Отсиз қўшни давлатлар билан самарали дипломатик муносабатларни ўрнатишга интилди. В.В. Бартолъд унинг қўшни давлат ҳукмдорларига ёзган мактубларини «Шарқона дипломатия намунаси» деб баҳолаган. Бундай ҳаракатларнинг натижасида кучли, амалда мустақил давлатга асос солган.

Бу албатта, Хоразмшоҳ Жалолиддин Отсизнинг ўз давридаги сиёсий вазиятни чуқур англаган моҳир дипломат сиёсий арбоб бўлганлигидан далолат беради. Хоразмшоҳ Отсиз ҳам барча хоразмшоҳлар каби юксак маданиятли ҳукмдор эди. «Алоуддин Отсиз отасига ўхшаб, Марвда яхши маълумот олди. Отсиз мусулмонлар подшоҳига хос ислом динига ва илоҳиёт олимларига ҳомийлик қилишдан ташқари, турли фанлар ва санъат аҳлини қадрлар, ўзи ҳам форсча қасида ва рубоийлар ёзар, жуда кўп буюк шоирларнинг баётларини ёддан биларди. У Хоразм аҳолисига ғамхўр, адолатли подшоҳлик қилди. Фуқаролар Хоразмшоҳ Отсизни яхши кўрар, унинг замонида халқ хавф-хатардан мутлақо ҳоли, тинчлик ва осойишталикда, адолатда яшади».

Жалолиддин Отсиз вафот этгач, ўғли Эл-Арслон 1156 йил 22 август куни тахтга чиқди (1156-1172 йй). У ҳам ўз сулоласи анъаналарини содиқлик ва собитқадамлик билан ривожлантириб, мамлакат сарҳадларини кенгайтириш сиёсатини давом эттирди. Эл-Арслон 1167 йилга келиб Балх ва Сабзавор шаҳарларини, шунингдек, энг йирик шаҳарлардан бири бўлган Нишопурни эгаллади. Натижада, «Тож уд-Дунё ва ад-Дин молик ут-Турк ва ал-Ажам» («Ажам ва турклар подшоси») номини олди.

Эл-Арслон 1172 йил 17 март куни вафот этди. Эл-Арслон ўлими олдидан кенжа ўғли Султоншоҳни валиаҳд қилиб тайинлади. Аммо давлат ва ҳарбий ишларга унинг онаси Туркон Хотун қўлида бўлган.

Аммо Алоуддин Такаш, яъни Эл-Арслоннинг катта ўғли Хоразм халқи ва қўшинларининг мадади билан расман 1172 йил 11 декабрда Хоразм тахтига ўтирди. Оқибатда салтанатда ака-укалар ўртасида тожу-тахт учун йигирма йил давом этган ўзаро урушлар бошланди.

Султон Такаш укасига курашиш билан биргаликда, салтанатни мустаҳкамлаш ва сарҳадларини кенгайтириш сиёсатини давом эттирди. Такаш даврида Деҳистон қўшиб олинди. Султоншоҳ анча вақтгача Хуросонда ҳукмдорлик қилиб, тахт учун акасига қарши шиддатли кураш олиб борди. Шуни алоҳида қайд қилиб ўтиш керакки, Султоншоҳ ҳам анча қобилиятли ва маърифатли ҳукмдор эди. Аммо, ҳокимиятга интилиш ҳисси унинг ақлидан устун келди. Узоқ курашлардан кейин, яъни 1188 йил баҳорига келибгина воситачилар иштирокида ака-укалар ўртасида сулҳ тузилиб, Султоншоҳ акаси Такаш ҳукмдорлигини тан олди. Шундан кейингина, 1189 йил 4 июлда Родекон (Родгон) шаҳрида Такашнинг султонлик тахтига чиқиш маросими ўтказилди. Аммо Султоншоҳ бузғунчилик ишларини давом эттириб, акасига қарши курашда ғурийлардан мадад сўраб борди. Бироқ, у ўз мақсадига эриша олмади. Фақат 1193 йилда Султоншоҳнинг вафоти бу аёвсиз курашга хотима ясади.

Энди Хоразмшоҳ Такаш ҳеч қандай хавотирсиз ўз давлатини мустаҳкамлаш ва сарҳадларни кенгайтириш сиёсатини янада кучайтириш имкониятига эга бўлди. 1194 йили Марвни қўшиб олди. Ҳатто қорахитойлар юрти Боласоғунгача бўлган ҳудудларни қўшиб олиш сиёсатини олиб борди. 1194 йил 4 март куни Шимолий Эрон ҳудудида бўлган жангда салжуқийларнинг сўнгги ҳукмдори Туғрул III тор-мор келтирилди ва Эрон ҳудудларида салжуқийлар ҳукмронлиги тугади, Хамадон ва Ироқ Ажами (Шарқий Эрон ҳудудлари) ерларини бўйсундирди. Халифа Ан-Носир (1180-1225 йй) қўшинларини бир неча марта енгиб, жуда катта ҳудудларда ўз ҳукмронлигини ўрнатишга муваффақ бўлди.

Такаш 1200 йил 3 июлда Шаҳристон шаҳрида вафот етди. Такаш Хоразмшоҳлар салтанатининг (империясининг) асосчиси эди. Шундай улкан салтанат ҳукмдори бўлиши билан биргаликда у адолатни яхши кўрарди. «Хоразмшоҳ Такаш ўз фуқароларига нисбатан адолатли бўлган, одатдан ташқари қобилиятга эга, буюк дипломат ва лашкарбоши эди», – деб маълумот берилади тарихий манбаларда.

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort