Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Мирзиёев ҳокимларни тарбиялашга муваффақ бўлдими?

Мирзиёев ҳокимларни тарбиялашга муваффақ бўлдими?
09 Ocak 2019 - 18:12 'да юкланди ва 464 марта ўқилди.

Бугунги раҳбар, ҳоким қандай бўлиши керак? – бу саволга яқинда тошлоқликларни “ҳароми” ва “падарингга лаънат”, дея қилган ҳақорати учун ижтимоий мулоқот тармоқларини том маънода жунбушга келтирган Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев жавоб берган.

Вилоят ҳокими билан суҳбатни Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги уюштирган.

Шуҳрат Ғаниев агентликнинг “Бир саволга бир жавоб” рукни меҳмони бўлган.

ЎзА Фарғона вилояти ҳокимига энг аввало, “Баъзи ижтимоий тармоқларда вилоятда ҳокимлар қўл остидаги ходимларга қўпол муносабатда бўлаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Сизнинг назарингизда, бугунги раҳбар, ҳоким қандай бўлиши керак?”, – деган саволни қўйган.

Ҳоким ўз жавоби аввалида давлат раҳбари таъкидини тилга олиб, “танқидий таҳлил, қатъий интизом ва шахсий жавобгарлик ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиб қолиши керак”лигини айтган.

Баъзан ижтимоий тармоқларда раҳбарларнинг ходимларга қўпол муносабатда бўлганлиги ҳақидаги хабарлар ҳам тарқалиб қолиши тўғри эканини эътироф этган.

“Бу воқеъликка ҳеч ким бефарқ эмаслиги, жамоатчилик назоратининг кучайиб бораётгани далолати” эканини билдирган.

“Тўғри, раҳбар ҳам инсон, у ҳам хато қилиши мумкин, аммо у ҳеч қачон қўл остидагиларни таҳқирлашга қонунан ҳам, маънан ҳам ҳақли эмас”лигини баён қилган.

Хабарлар…

Тошлоқликлардан аввал Шуҳрат Ғаниевнинг вилоят тиббиёт мулозимларини “ҳайвон”, деб атаган аудиоёзуви ҳам интернетда кенг тарқалган.

2016 йил августидаги селекторда ҳам Фарғона вилояти ҳокими соҳа раҳбарларининг “калласини сапчадай узиб ташлаш” билан таҳдид қилган.

Тошлоқликлар билан боғлиқ сўнгги ҳодиса эса, ўтган йил бошида юз берган.

Вилоят ҳокими бошчилигидаги махсус селектор мажлиси Қозоғистоннинг Ақтўбесида элликдан ортиқ ўзбекистонликнинг ўлимига олиб келган фожиа ортидан бўлиб ўтган.

Ўшанда Би-би-сига етиб келган аудиоёзувда Шуҳрат Ғаниев фожианинг сабаблари, жумладан, вилоятдаги ишсизлик ва турмуш шароитларига эмас, балки оқибатларига эътибор қаратган.

Мазкур фожиада бутун Тошлоқ аҳлини масъул тутган, Ақтўбе фожиасида 16 нафар фарзандидан айрилган тошлоқликларни “ҳароми” ва “падарингга лаънат”, дея ошкора ҳақорат қилган.

Шуҳрат Ғаниев, шунингдек, тошлоқликларнинг Ҳаж зиёратига боришларини ҳам тақиқлаган, Тошлоқ тумани ҳокимига, “Чиқиб кет залдан, йўқол!”, дея ўшқирган.

У ўзини ахборот воситаларида танқид қилишларидан қўрқмаслигини таъкидлаган.

Матбуот котиби эса, ҳокимнинг қурбонларга “жигари куйгандек куйгани” ва “алам устида гапиргани”ни айтган.

Шуҳрат Ғаниевнинг сўзлари бир томонлама талқин қилинаётганини иддао қилган.

Абдулазизхон Абдасов ҳокимнинг ўз сўзларига изоҳ бериш ниятида эканини ҳам баён қилган.

Шуҳрат Ғаниев ушбу аудиоёзувнинг интернетга сиздирилгани ва унга билдирилаётган муносабатлардан хабардор эканини ҳам қўшимча қилганди.

Аммо ҳали-ҳануз Фарғона вилояти ҳокимининг айтган сўзлари учун, кўпчилик талаб қилганидек, узр сўраган-сўрамагани маълум эмас.

Ҳокимнинг ҳақоратли овози интернетга сиздирилгач, фойдаланувчиларнинг қаҳру ғазабларига сабаб бўлган.

“Ўзининг миллатини ҳақорат қилиб тургандан кейин қаёқдан ривожланиш бўлсин? Қўллаб-қувватлашни ўрнига”, – деб ёзганди ўшанда интернет фойдаланувчиларидан бири.

“Намуна, ўрнак…”

Тошлоқ воқеасидан қарийб бир йилча ўтиб, ЎзАга берган интервьюсида Шуҳрат Ғаниев раҳбар “ўзининг юриш-туриши, гап-сўзи, муомала-маданияти билан барчага ибрат бўлиши лозим”лигини таъкидлаган.

“Ҳар қайси раҳбар – у ҳокимми, корхона, ташкилот раҳбари бўладими, бу лавозимни унга берилган синов деб билиши керак”лигини айтган.

Буни “ўзидан яхши ном ва яхши из қолдиришга, фарзандларига ўрнак бўлишга берилган имконият деб кўриши лозим”лигини урғулаган.

Фарғона вилояти ҳокимига кўра, “Раҳбар талабчан бўлиш билан бирга, мудом халқ дарди, одамлар ташвиши билан яшамас экан, уларни ичига кира олмайди, ислоҳотларнинг ижросини ҳеч қачон таъминлай олмайди”.

Аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимлар ўзининг жойлардаги вакили эканини баён қилган.

ДХХ ва прокуратурани уларга нисбатан ўзбошимчалик билан чора кўришдан огоҳлантирган.

Бироқ Ўзбекистон раҳбарининг ўзи бундай хулқ-атворни қабул қилмаслигини ҳам айтиб чиққан.

Уч ҳоким айнан шу масала туфайли лавозимидан бўшатилганини ҳам ўз сўзларининг мисоли қилиб келтирганди.

Фарғона ҳокими билан боғлиқ бу каби воқеалар манзарасида, “агар, ҳокимларни халқ сайлайдиган бўлса, Ўзбекистонда амалдорлар орасида одатий тус олгани кўрилувчи бу каби салбий воқеъликлар барҳам топиши”га оид фикрлар ҳам ўртага ташланган.

Ҳокимларни бевосита халқ томонидан сайланиши таклифи билан бундан ҳали икки йил аввал шахсан президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи чиққан эса-да, бу ғоя ҳалича ўзининг амалий ижросини топмаган.

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев билан Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлигининг суҳбат уюштириши эса, бугун “Мирзиёев ҳокимларни тарбиялашга муваффақ бўлдими, бўлаяптими?”, – қабилидаги саволларни пайдо қилмай қўймаган.

Манба: Би-Би-Си Ўзбек

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort