Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Амир Темур даврида ер эгалиги ва солиқ тизимлари

Амир Темур даврида ер эгалиги ва солиқ тизимлари
12 Ocak 2019 - 9:00 'да юкланди ва 520 марта ўқилди.

Суғориладиган ерларнинг катта қисми давлат мулки ҳисобланган. Бу ерларга мамлакат ҳукмдори, амирлар, шаҳзодалар эгалик қилганлар.

Давлат ерларини ҳукмдор сулола вакилларига, йирик ҳарбий раҳбарларга, давлатнинг юқори лавозимли амалдорларига суюрғол тарзида инъом қилиш кенг тарқалган эди. Бутун бир шаҳар ёки йирик вилоятлар ҳам суюрғол сифатида берилганлиги манбалардан маълум. Суюрғол эгаси ўзига инъом қилинган ерларга амалдорлар, солиқчилар тайинлаш ҳуқуқига эга бўлган. Суюрғол ёрлиғига эга бўлган вилоят ҳукмдорлари марказий ҳокимиятга фақат номигагина қарам бўлганлар. Аммо бу уларнинг тўлиқ, мустақил бўлганликларини билдирмайди, суюрғол эгалари марказий ҳокимият чиқарган қонун ва фармонлар доирасидан четга чиқа олмаган. Суюрғол эгаси бу тартиб-қоидани бузган ҳолларда ерга эгалик қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилган.

Экиладиган ерларнинг салмоқли қисмини мулк, яъни хусусий ерлар ташкил этарди. Мулк ерларнинг катта қисми зодагонлар, ҳарбий ва диний арбоблар қўлида эди. Давлат учун катта хизмат кўрсатганларга тархонлик ёрлиғи бериш кенг жорий қилинган. Тархонлик ёрлиғини олганларга катта имтиёзлар берилган, улар барча солиқлардан озод қилинган. Тархонлик ёрлиғи кўп ҳолларда алоҳида хизматлари учун амирлар, беклар, сайидлар ва юқори табақага мансуб шахсларга берилган. Бундай ёрлиқни олган шахсларнинг исмига “тархон” сўзи қўшиб ишлатилган. Аста-секинлик билан мамлакат ижтимоий ҳаётида тархонларнинг нуфузи ошиб боради ва улар у ёки бу ҳокимнинг тақдирида ҳал қилувчи роль ўйнай бошлайдилар.

Амир Темур даврида катта-катта ерларни масжид, мадраса ва мозорларга вақф қилиб бериш кенг тарқалган эди. Ўша давр одатига кўра, ер ва сувдан ташқари, дўконлар, тегирмонлар, устахоналар, бозор, обжувоз ва карвонсаройлар ҳам вақф қилиб берилган. Вақф мулкидан тушган даромадлар масжид, мақбара, мадрасалар, мусофирхона ва беморхоналарнинг эҳтиёжи учун сарфланган.

XIV-XV асрларда деҳқончилик ерларининг айрим қисмлари қишлоқ аҳолисининг, жамоаларнинг мулки ҳисобланган. Мулкчиликнинг бу шакли ҳам сувли ва тоғолди ҳудудларида бирмунча кенг тарқалган. Ерга жамоа бўлиб ишлов берилган. Амир Темур давлатчилик қонун-қоидаларини бир неча асрлик тарихга эга бўлган ўзбек давлатчилиги анъаналарига ҳамда шариат қоидаларига асосланиб яратган эди. Амир Темур жорий этган солиқ тизимлари ва иқтисодий тартиб-қоидалар бугунги кунда ҳам жаҳоннинг етакчи давлатларида қўлланилиб келинмоқда. Масалан, бугунги кунда барча давлатларда даромаддан олинадиган солиқ турини дастлаб Соҳибқирон жорий этган эди. “Тамға” номи билан аталган бу солиқ савдо-сотиқ ва ҳунармандчиликдан олинган бўлиб, Соҳибқирондан олдин жорий қилинмаган эди. Европа давлатларида ҳали давлат бюджети ҳақида тасаввур ҳам бўлмаган бир даврда Амир Темур ўз давлати миқёсида бюджет жамғармасини жорий қилган эди.

Амир Темур ўз давлатида адолатли солиқ тизимини жорий қилганлиги кўплаб тарихий манбаларда қайд этилган. Солиқлар ундиришда тўрт тамойилга амал қилинган. Биринчиси – солиқ солиш ва ундиришда адолатпарварлик принципларига асосланиш. Бу – солиқлар миқдорини фуқароларнинг даромадларидан келиб чиқиб белгилашни билдирар эди. Солиқ ундиришнинг иккинчи тамойили аниқлик тамойили эди. Унга биноан солиқ тўлови, унинг ҳисоблаш усули, тўлаш муддати олдиндан аниқ белгиланган. Учинчи тамойил бу солиқ ундиришни аҳолига қулай вақтда амалга оширищдан иборат эди. Фуқароларга ғамхўрлик қилиш мақсадида жорий қилинган тўртинчи тамойил – солиқ тизимларини доимий равишда такомиллаштириш, солиқ йиғиш харажатларини муттасил камайтириб боришни кўзда тутар эди. Солиқ йиғувчиларнинг иш ҳақлари солиқ тўловчиларнинг зиммасида эди. Бу ҳол фуқароларнинг елкасига қўшимча юк бўлиб тушар эди. Амир Темур халққа енгиллик бериш учун солиқ тўпловчиларга хазинадан махсус ойлик белгилаб қўйган.

Амир Темур янги ерларни ўзлаштирганлар, ташлаб кетилган ерларга ишлов берганлар, чўлга сув чиқариб, обод қилганларни маълум муддат солиқдан озод қилган. Шунинг учун катта-катта шаҳарларнинг аҳолисини бир неча марта солиқлардан озод этган, айрим солиқ турларини батамом бекор қилган. Бу ҳақда Амир Темур ўз “Тузуклар”ида “Амр этдимки, ҳеч бир шаҳар ва қишлоқда одамлардан жон солиғи, уй солиғи олмасинлар. Сипоҳийлардан бирон киши раъиятнинг хонадонига зўрлик билан келиб тушмасин, раиятнинг от-уловини тортиб олмасин”, деб ёзган эди. Юқорида келтирилган маълумотлардан англашиладики, Амир Темур донишманд, тадбиркор давлат арбоби сифатида ўз давлатида адолатли солиқ тизимини жорий этган ва бунинг самараси туфайли давлатнинг иқтисодий қудрати ошиб борган.

Қўзибой МАМАРАИМОВ,
Халқаро Амир Темур жамғармаси вилоят бўлими раиси.

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort