Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Бухоро амири Музаффархонга унинг амалдори Усмонбек тўқсабо нега хиёнат қилди?..

Бухоро амири Музаффархонга унинг амалдори Усмонбек тўқсабо нега хиёнат қилди?..
13 Ocak 2019 - 9:00 'да юкланди ва 558 марта ўқилди.

Бухоро амири Музаффархонга унинг амалдори Усмонбек тўқсабо нега хиёнат қилди? Ёҳуд Усмонбек тўқсабонинг жангдаги жумбоқли чекиниши ҳақида

Барча бухороликларни даҳшатга солган бу воқеа 1866 йилнинг муборак Ражаб ойи олтинчи тунида содир бўлди. Тун яримлаб қолганида осмон гумбазидаги барча юлдузлар оловли дум ҳосил қилганича ерга тутдек тўкила бошлади.

Юлдузлар ёмғири тонггача давом этиб, бомдод намозини ўқиш учун уйғонган бухороликларнинг кўнглига ғулғула солди. Зероки, Қуръони Каримнинг Таквир сурасида “қуёшнинг ўралиб нурсизланиб қолиши, юлдузлар ҳам ўз фалакларидан тўкилиши қиёмат яқинлашганида” рўй берадиган ўн ҳодисанинг бири сифатида изоҳланади. Эртасига эса Бухорога ҳолдан тойиб етиб келган чопар рус қўшинлари Жиззах қўрғонини ишғол қилганликларини, мусулмонларнинг қони дарё бўлиб оққанини маълум қилди.

Жиззах қўрғони чоризм қўшинлари Марказий Осиёда ишғол қилган биринчи аҳоли маскани эмас эди. Ҳали 1860 йилдаёқ рус подшоси фармони билан юришга чиққан рус аскарлари Марказий Осиёдаги дастлабки қўрғон – Тўқмоқни ишғол қилишди. 1863 йил Сирдарё бўйидаги Сўзоқ қалъаси рус полковниги Черняев бошчилигидаги қўшин томонидан эгалланди. Кейинчалик Оқ мачит, Авлиёота, Чимкент ва Тошкент шаҳарлари бирин-кетин босиб олинди. Навбат Бухоро амирлигига келмоқда эди. Буни ҳис қилган уламо ва умаро Насруллохоннинг вафотидан кейин тахтга чиққан унинг ўғли Музаффархондан душмандан ҳимоя қилиш учун амалий тадбирларни талаб қила бошладилар.

Шуни таъкидламоқ лозимки, Музаффархон тахтга ўтирган дастлабки йилларида отаси яратган ҳарбий куч-қудратдан фойдаланиб, амирлик ҳудудини Ҳисордан Болжувонгача, Қўқондан Насафгача кенгайтириб, Аркдаги хазинани даҳлсиз сақлади. Аммо рус қўшинлари собиқ Қўқон хонлигининг анчагина қисмини босиб олганликлари тўғрисида хабарлар келишига қарамай хотиржам тахтида ўтириб, айшу ишратини сурди, эрта-индин худди шундай қисмат унинг ҳам салтанатини кутишини ўйламади. Ваҳоланки, фуқаролар ҳукмдордан ғайридинларга нисбатан ғазот эълон қилинишини истамоқда эди.

Аҳвол шу даражага бориб етдики, Арки олий оломон томонидан қуршаб олиниб, Амир жаноби олийлари қўрғонидан чиқа олмай қолди. Бир сафар амир ҳазратлари катта қўшин ҳимоясида қасрдан чиқиб, душмандан нажот истаб Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилгани йўлга чиққанида оломон йўлини тўсиб ҳукмдор карвони Ғиждувон сари бурилиш ва Абдухолиқ Ғиждувоний мақбараларини зиёрат қилиш билан чекланишга мажбур бўлди. Бухорога қайтиш пайтида яна йўлни тўсган оломон уни шу яқиндаги хонадонларнинг бирига кириб яширинишга мажбур қилди. Хонанинг ичига тошга ўраб ташланган мактубда халойиқ вакиллари дарҳол русларни Туркистондан қувиб чиқаришни талаб қилишган, агар амир жаноблари бунинг тадбирларини кўрмаса ўзи тошбўрон қилиб ўлдириши маълум қилинган эди…

Шундан кейин Музаффархон Аркдаги хазинани очиб, Жиззах қўрғони мудофаасини мустаҳкамлаш эҳтиёжларига 100 минг тилла тангани сафарбар қилди. Шу маблағ ҳисобига Жиззах қўрғонини ҳимоя қилувчи иккинчи мустаҳкам девор кўтарилди, девор олдидан чуқур чоҳ қазилди.

Рус қўшинларининг қўмондонлиги бу тайёргарликлардан яхши хабардор эди. Шунинг учун фурсатни қўлдан бермай 1866 йилнинг январида генерал Черняев бошчилигидаги олти ротадан иборат пиёда аскарлар ва олти юз казак ҳамда 16 та замбарак билан Тошкентдан Жиззах сари юришни бошлади. Қўрғон остоналарида бир неча кун давомида қаттиқ жанглар бўлди. Руслар қўрғонни ишғол қила олишмади. Зоминлик Жиянхўжа тўқсабо бошчилигида қўрғон ҳимоячилари кутилмаган вақтда дарвозалардан бирини очиб, рус қўшинларига қаттиқ ҳужум қилишди ва уларни узоққача қувиб боришди.

Ғалабадан илҳомланган Музаффархон русларни Туркистондан ҳам қувиб чиқариш мақсадида мамлакатда умумий ҳарбий сафарбарлик ўтказиб, деярли юзминг кишилик қўшин тўплади. Аммо қурол-яроғ етишмаслиги сабаб кўпчлик қўлбола найзалар ва таёқлар билан қуролланган ҳолда Жиззах сари сафарга чиқди. Қўшинга Музаффархоннинг шахсан ўзи раҳбарлик қилди.

Амир қўшинлари Жиззахдан ўтгач, Сирдарё ўзанига яқин Сассиқкўл мавзейига етиб, бу ерда иккига бўлинган ва Тошкент ҳамда Чордарани душмандан озод қилиш учун йўлга чиқди. Афсуски, Музаффархон душманни осонлик билан енгишга умид боғлади, юришга раҳбарлик қилиш ўрнига сафлар ортидан бориб, шахмат ўйини билан дилхушлик қилди. Рус қўмондонлиги эса юришдан хабар топиб, Бухоро қўшинларига қарши генерал Романовский бошчилигида йигирма саккизта замбарак ва замонавий қурол-аслаҳага эга бўлган ўн тўрт пиёда аскарлар роталарини, беш юз найзалик казак отрядларини пешвоз чиқарди.

1866 йил 8 май куни Сассиқкўл яқинидаги Эржара дарасида икки ўртада қаттиқ жанг бўлди. Табиийки, деярли қурол-яроғсиз душманга рўпара чиққан бухороликлар мағлуб бўлишди. Жанг майдони шаҳидлар жасадлари билан тўлиб кетди. Музаффархон мавжуд қурол-яроғ заҳираларини ҳам душман ихтиёрига ташлаб қочиб кетди. Бухороликларнинг 22 та замбараги, 670 пуд порох, 220 минг милтиқ ўқлари русларга ўлжага қолди. Музаффархон эса шу қочганича қаттиқ жангу жадалларнинг томошабини бўлиб қолди. Энди ҳар бир қўрғоннинг тақдири унинг ҳимоячилари жасоратига боғлиқ эди.

Руслар душман саросимага тушганидан фойдаланиб, ҳужумни давом эттиришга қарор қилишди. 1867 йил баҳорида Туркистон генерал-губернатори фармони билан қўшинлар Бухоро амирлиги ҳудудидаги йирик шаҳарларни забт этиш учун турли йўналишлар бўйлаб юришга сафарбар қилинди. 19-майдан 20-майга ўтар кечаси улар Хўжанд қўрғонини замбараклардан ўққа тутиб, деворларига шикаст етказгач, шаҳар ичкарисига босиб киришга муваффақ бўлишди. Кўча жангларида 20 мингдан зиёд хўжандлик ҳимояличилар ҳалок бўлишди. Орадан бир ҳафта ўтгач, Хўжанддан Жанубдаги Нав қўрғони ҳам шундай ишғол қилинди.

Октябрнинг дастлабки кунларида генерал Крижановский бошлиқ рус қўшинлари Ўратепа қўрғонини эгаллаб, 11-октябрда яна Жиззах остоналарига келишди. Руслар биринчи навбатда Жиззахликларни сув манбаидан кесиб, қўрғонга оқиб келадиган анҳорни бошқа томонга буриб юборишди. Шундай бўлишига қарамай, ҳимоячилар бир ҳафта давомида душман билан қаттиқ олишдилар. Воқеанависларнинг ёзишларича, рус қўшинлари шаҳарга босиб киришга муваффақ бўлганларида истеҳкомларнинг усти ўликлар ва ярадорлар билан тўлиб кетганди. Ғолибларни ҳайратга солган нарса, ярадорларнинг барчаси оғриққа чидаб, фақат ичмоқ учун бир қултум сув сўраши эди.

Худди шу вақтда Самарқандда шаҳарни душмандан ҳимоясини ташкил қилиш ўрнига фуқаролар ўртасида уруш бошланган эди. Шаҳар ҳокими Шерали иноқ билан Самарқандлик уламолар ўртасида низо чиқиб, ҳоким бошчилигидаги шиалар суннийларга ҳужум қилишди. Икки ўртада катта хунрезлик бўлиб, бундан фойдаланган руслар шаҳар деворларига яқин келишди. Мағлубият аламини чекиб, эс-ҳушини йиғишга улгурган Музаффархон минг сарбоз, саккиз минг туркман чавандози, шахсий гвардиясидаги 250 афғон аскари, 15 минг Бухоролик кўнгилли билан янги қўрғон яқинида русларга орқадан ҳужум қилиб, Самарқандликлар ўзаро низони бартараф қилиб, ўзларини ўнглаб олишларига имкон яратди.

Янгиқўрғон яқинидаги қаттиқ жангларда русларнинг қўли яна баланд келди. Генерал Абрамов бошлиқ рус аскарлари 1867 йилнинг 5 июлида бухороликлар сафини пароканда қилиб, Янгиқўрғонни ишғол қилишди. Туркистон генерал-губернатори Кауфман бошлиқ қўшинлар эса бу орада Самарқандни ишғол қилишга муваффақ бўлишди.

Амирликнинг энг йирик шаҳри душман қўлига топширилгани Музаффархонни яна изтиробга солди. У “Оллоҳ Самарқанд шаҳрини душманга топширгандан кўра, менинг жонимни олиши маъқул эди”, – дея йиғлаган экан. Шундан кейин қисқа муддатда рус қўшинлари Ургут ва Каттақўрғонни ҳам ишғол қилиб, Бухоро пойтахтига яқин келиб қолишди. Душман устунлигини тан олиб, тинч музокаралар олиб боришдан бошқа илож қолмаганди.

Аҳмад Дониш манғит сулоласининг тарихига бағишланган рисоласида нақл қилишича, ўшанда Туркистон генерал-губернатори Кауфман Музаффархондан руслар урушда кўрган талофатлар эвазига 170 минг тилла танга товон пули тўлашни ва амирликнинг рус императорига қарамлигини тан олиш масаласини қўйди. Амир сулҳнинг бундай шартларини қабул қила олмас эди. Уламо ҳамон бухороликларни ғазотга кўтариб, босқинчиларга қарши курашни давом эттиришни талаб қилмоқда эди. Уларнинг даъвати билан найза ва болтадан бошқа қуроллари бўлмаган минглаб ғазотчилар Чўли Малик қўрғони атрофида тўпланишди.

Музаффархон машварат учун барча амалдорлар ва саркардаларни Арки олийга тўплади. Обрў-эътиборли амалдорлардан бири бўлган Усмонбек тўқсабо бир вақтлар рус амалдорлари зулмидан Бухорога қочиб келган рус казакларидан эди. У ҳам бу ерда қўлини ҳалол қилиб, мусулмонликни қабул этган ва амирликда юксак лавозимлардан бирига муносиб топилган эди. Унинг тарафдорлари таъсирида Музаффархон қайтадан урушга ҳозирлик кўра бошлади.

Руслар ишғол қилган Каттақўрғондан ўн икки чақирим жанубдаги Зирабулоқ тепаликлари атрофида ўн беш минг туркман чавандози, олти минг пиёда аскар тўпланиб, улар ихтиёрига амир аслаҳахонасида қолган ўн тўртта замбарак берилди. Қўшинлар икки гуруҳга ажратилиб, бирига Усмонбек тўқсабонинг ўзи, иккинчисига Хўжа тўқсабо лашкарбошиликка тайинланди.

Музаффархон лашкар ҳузурига бориб, ҳимоячиларга шундай мурожаат қилди:

– Биз Амир Темур ҳазратларининг авлодлари бўламиз. Шундай экан, Бухорои Шариф ерларини ғайридинлардан қайтариб олиш шарафли бурчимиздир!

Ҳукмдор бу қутлуғ курашда ҳалок бўлганлар хотирасига келажакда жанг майдонида буюк бир мақбара барпо қилинишини, душманга берилиши керак бўлган 175 минг тилла танганинг эса 125 мингтаси бу муқаддас жангда шаҳид бўладиганларнинг оила аъзолари ўртасида тақсимланишини маълум қилди. Унинг бу сўзлари шарафига замбаракдан ўқлар отилди. Бундай оташин даъватлардан кейин ҳимоячиларнинг сафи кўнгиллилар ҳисобидан 50 минг кишидан ортди. Улар кетма-кет турган икки сафга уюшиб, босқинчилар йўлида қалқон бўлдилар.

Генерал Кауфманнинг қўшинлари бу вақтда Зирабулоқ тепалигига етиб келиб, икки ўртада қақшатқич жанг натижасида бир ярим минг рус аскари ҳалок бўлди. Иккинчи тўқнашувда душман талофоти янада кўп бўлди. Ғалаба лаҳзаларига яқин қолган эди. Лекин шу пайтда Усмонбек тўқсабо шоҳкарнай орқали ҳимоянинг чап қанотида турган ўз қўшинларига чекинишга буйруқ берди. Оқибатда жанговар сафлар бузилиб, душман бухороликларни тепаликдан ҳайдаб туширишга муваффақ бўлди.

Усмонбек тўқсабо ўшанда жангнинг ҳал қилувчи пайтида нега чекинишга буйруқ берганлиги ҳамон жумбоқ бўлиб қолмоқда. Тарихчи олимларнинг аксарияти бу хиёнат натижаси, деб ҳисоблашади. Балким генерал Кауфман собиқ қочоқ казак кўнглига йўл топиб, император ҳазратлари унинг гуноҳидан кечишини, катта бойликни ваъда қилгандир, ёҳуд бунга бошқа сабаб бордир. Қандай бўлмасин, Усмонбек тўқсабо ўша мағлубиятдан кейин сарбозлар томонидан қўлга олиниб, Музаффархон фармони билан сотқин сифатида Арк майдонида осиб ўлдирилди. Лекин, мустамлакачиларга нисбатан қаршилик ҳаракати шу билан тўхтаб қолгани йўқ. Кўп ўтмай генерал Кауфман қўшинлари Самарқандни тарк этганликларидан фойдаланган шаҳарликлар қўзғолон кўтариб, маҳаллий маъмурлардан ғайридинларга қарши ҳимояни ташкил этишни талаб қилишди. Қўзғолончиларга шаҳрисабзлик Жўрабек ва Бобобек қўшинлари ҳам келиб қўшилишди. Босқинчилардан халос бўлиш учун яна бир имконият туғилди. Бироқ, қўзғолонга умумий раҳбарлик йўқ эди. Шаҳрисабзлик саркардалар уларга нотаниш шаҳар ҳимоясини ташкил қила олмадилар, рус маъмурларига содиқ қолган маҳаллий раҳбарлар эса бу сафар ҳам Самарқандни душман қўлига топширишни афзал кўришди.

Нажот йўли қолмаган эди. 1868 йилнинг 23 июнида Музаффархон рус маъмурлари билан сулҳ шартномасини тузиш мақсадида ўз вакилларини Самарқандга юборди.

Генерал Кауфман икки ўртада сулҳ тузилмаса, ҳали яна кўп йиллар икки томондан ҳам хунрезликлар давом этишини яхши тушунарди. Руслар Бухоро амирлиги ҳудуди маданий қисмининг асосий улушини ишғол қилиб, мақсадларига эришган эдилар. Шунинг учун руслар товон пулини қисман камайтиришга рози бўлишди. Тузилган сулҳ шартномасига биноан, император ҳазратлари ҳазинасига Аркдаги заҳирадан 125 минг тилла танга топширилди. Амирлик ҳудудидаги Самарқанд, Каттақўрғон шаҳарлари, Зарафшон дарёси юқори оқимидаги барча ерлар Россия таркибига ўтди. Шартномага асосан, рус савдогарларига Бухоро амирлиги ҳудуди бўйлаб эркин ҳаракат қилиш, кўчмас мулкни харид қилиш ва унга эгалик қилиш ҳуқуқлари берилди.

Музаффархон эса қарам юрт ҳукмдори сифатида хорижий мамлакатлар билан мустақил дипломатик алоқалар қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилди.

Ҳукмдор қарамликка тез кўникиб қолиб, чор маъмурларининг барча талабларини бекаму кўст бажарди. Аммо бир қатор эркпарвар беклар, шу жумладан амирнинг тўнғич ўғли Тўрабек эса исён кўтарди. Тўрабек, Бобобек, Жўрабек ўз ихтиёрларидаги Қарши, Шаҳрисабз, Китоб бекликларида халқни қўлга қурол олишга даъват этиб, амир жанобларини хоинликда айблашди. Уларга қарши лашкар бошлаб борган Музаффархон исёнчиларни енга олмади. Шундан кейин у амирликнинг тоғлик ҳудудларида тартиб ўрнатиш учун генерал-губернатор Кауфманга ёрдам жўнатдилар. 1870 йилнинг ёзида исёнчилар тор-мор этилди. Шундан кейин Музаффархон бож ва хирожларни кўпайтириб, анча бўшаб қолган хазинани қайта тўлдириш тараддудини кўра бошлади.

Биз қисқача баён қилган бу даҳшатли воқеаларнинг бевосита гувоҳи бўлган Аҳмад Дониш ўзининг “Манғитлар сулоласининг тарихи” рисоласида, Абдулазим Сомий Бўстоний “Туҳфаи шоҳ” асарида келгуси авлодлар огоҳ бўлиши учун батафсил ёзиб қолдиришган.

Хусусан, Мирзо Сомий бу воқеалар тўғрисида шундай деб ёзган: “Шу нарса доно воқеанигорлар, одил зотлардан махфия пардаси ортида яширин қолмасинким, бу мамлакатда давлат ва мусулмонлар жамоаси инқирозининг сабабияти, айрим ўткир ақл ва кордон кишилар аниқлаганларидек, амир Насрулло тахтга чиққан давридаёқ, зуҳур бўлгандур. Улар фикрича, бунинг энг бирламчи сабаби амир ўрнатган тартибда, яъни разил – жирканч одамларга ҳомийлик, муносиб-муҳтарам кишиларни оёқ ости қилмоқликдан иборат тартибдадур. Бироқ, мазкур бадбахт тартиб-қонунлар кўчати марҳум амир Музаффарнинг суғориб парвариш этиб туриши туфайли илдиз отиб, мева тугди. Ҳозирги олиймақом ҳукмдорнинг тинч осойишта даврида эса ул дарахт мева бериб, сояси қуюқлашиб, ушбу тартибот одатий бир ҳолга айланмишдир”.

Мирзо Сомий бу ерда Музаффархоннинг тахтга ўтирган ўғли Абдулаҳадхонни назарда тутмоқда, албатта. Муаллиф асарининг давомида нақл қилишича, янги ҳукмдор халқнинг эркини қайтариш ўрнига ўз маишатини ўйлади. Босқинчиларга ҳам худди мана шундай ҳукмдор мақбул эди.

Бу ерда Қуръони Каримнинг Мулк сурасини эсламоқ жоиздир. Унда нақл қилинишича, Аллоҳ юлдузларни уч мақсадда – осмонга зийнат, шайтонга отиладиган тош, бандаларига йўл кўрсатувчи аломатлар сифатида яратган экан. Парвардигор 1866 йилнинг муборак Ражаб ойининг олтинчи кунида Бухорои Шариф узра юлдузлар жаласини қуйиб, иймон-эътиқодни унутиш катта кулфатлар олиб келишидан огоҳ этмаганмиди?! Лекин бу нарса манғитлар сулоласи сўнгги ҳукмдорларини ҳушга келтирмади. Улар шайтонга тош отиш ўрнига ҳамон ўз маишатларини ўйламоқда эдилар.

Рус императори Александр III Музаффархон вафотидан кейин Бухоро тахтига ўтказилган Абдулаҳадхонга ўз фармони билан генерал унвонини берди. Ялтада амирнинг муҳташам ёзги саройи қурилишини бошлашига рухсат этилди. Бухорода жазирама иссиқлар бошланишидан анча илгари Абдулаҳадхон Аркдаги хазинадан ботмон-ботмон тилла тангаларни олиб, энг яқин мулозимлари билан Қораденгиз бўйига ошиқиб, рус ҳурлиқолари билан айшу-ишрат қилиш одатини чиқарди. Бир неча йилдан кейин у умуман барча давлат ишларини бошқаришни ношуд кишиларга топшириб, ўзи Кармана яқинидаги ёзги саройида муқим яшай бошлади. Тахт валиаҳди деб эълон қилинган ўғли Саййид Олимхонни оврупача таълим олиш учун рус подшоси ҳузурига юборди…

Нусратилло Наимовнинг “Амирнинг хазинаси” китобидан фойдаланилди.

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort