Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ўзбекистон ҳукумати нималарни кўзламоқда?

Ўзбекистон ҳукумати нималарни кўзламоқда?
12 Ocak 2019 - 16:00 'да юкланди ва 560 марта ўқилди.

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, Ўзбекистонда “Ўқитувчининг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилган.

Янги лойиҳа ўқитувчиларни мажбурий меҳнат жалб қилмасликка оид моддани ҳам ўз ичига олади.

Мазкур қонун лойиҳасининг аксарият ўзбекзабон интернет нашрларининг диққатини тортган жиҳати ҳам айни шу нуқтаси бўлган.

12-модда “Мажбурий меҳнатга жалб этилмаслик”, деб номланади.

Унда, “Ўқитувчиларни хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, мажбурий меҳнатга, шу жумладан, туман ва шаҳарлар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари ҳамда бошқа турдаги ишларга жалб қилиш тақиқланиши” ҳақида сўз боради.

Қонун лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида кеча, 11 январь куни эълон қилинган.

Унинг мақсади ўқитувчилик фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий муносабатларни тартибга солиш экани айтилади.

Шунингдек, ўқитувчиларнинг ҳуқуқий мақомини тўлиқ ифодалаш, унинг касбий фаолияти, ижтимоий-иқтисодий мавқеи, ижтимоий ҳимоя кафолатларини жорий этишни таъминлайдиган шарт-шароитларни яратишдан иборат экани англашилади.

Муносабат

Ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг турли кўринишдаги мажбурий меҳнатга сафарбар этилиши яқин-яқингача Ўзбекистонда энг долзарб мавзулардан бири бўлиб келган.

Ўзбекистон билан боғлиқ, йилларки, ҳам маҳаллий ва ҳам халқаро миқёсда танқидларга тутиб келинувчи воқеъликлардан бири саналган.

Болалар меҳнати туфайли эса, Ўзбекистон бойкотлар остида ҳам қолиб келган.

Узоқ йиллардан бери Ўзбекистондаги мажбурий меҳнат билан боғлиқ вазиятни яқиндан тадқиқ этиб келаётган маҳаллий фаол Малоҳат Эшонқулова эса, сўнгги янгиликни савол билан қарши олди.

“Биласизми, аввало мана шу қонунни қабул қилишга эҳтиёж борми?”, деган саволдан келиб чиқиш керак-да. Мана шу пайтгача мамлакатимизда мажбурий меҳнатни тақиқловчи қонунлар йўқмидими, мавжуд эмасмиди?”, – деркан, бунинг мисоли қилиб энг аввало мамлакат конституциясини тилга олади.

“Ёки бўлмаса, Меҳнат Кодексини олиб қаранг. Унда, “Ўзбекистонда мажбурий меҳнат тақиқланади”, деб қўйилган”.

“Биз ҳозир янги қонуности ҳужжатлари ёки янги қонунларни ўйлаб топиш ҳақида эмас, ўша мавжуд қонунларни ҳаётга тадбиқ этиш, этилиши юзасидан назоратни кучайтириш тўғрисида ўйлашимиз керак. Шу ҳақда жонбозлик кўрсатиш керак, деб ўйлайман”, – дейди у.

Ўзбекистон Халқаро Меҳнат Ташкилотининг “Мажбурий меҳнат тўғрисида” 29-сон, “Мажбурий меҳнатни тугатиш тўғрисида” 105-сон, “Энг кичик ёш тўғрисида” 138-сон ва “Болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари тўғрисида” 182-сон конвенцияларини ратификация қилган давлат бўлади.

Ўзгаришлар

Бошқа томондан, сўнгги янгилик Ўзбекистонда мажбурий меҳнат билан боғлиқ аҳвол жиддий яхшиланганига оид халқаро ҳисоботлар манзарасида кузатилган.

Жумладан, Халқаро қулдорлик кўрсатгичининг ўтган йил охирида эълон қилган ҳисоботи бунга далолат қилган.

Янги рўйхатда замонавий қулдорлик бўйича дунёнинг иккита олд давлатидан биттаси сифатида кўриб келинган Ўзбекистон кескин пастлаган, 167 давлат орасидан 67-ўринга тушган.

Халқаро ҳисоботда Ўзбекистон раҳбарияти сўнгги йилларда мажбурий меҳнатни камайтириш йўлида қадам ташлаётгани айтилган.

Ўзбекистон ҳукумати эса, Халқаро Меҳнат Ташкилоти билан ҳамкорликни ҳам йўлга қўйган.

Ўтган йил мактаб ва коллеж ўқувчиларини теримга жалб этмаслик борасидаги ҳукумат қарори бутун Ўзбекистон бўйлаб назорат қилинган.

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳам пахта теришга ҳеч ким мажбурланмаслигини баён қилган.

Халқаро Меҳнат Ташкилоти сўнгги пахта мавсумида 93 фоизи пахтакор ўз ихтиёри билан далага чиққанини айтган.

Ташкилот талаба, ўқитувчи, шифокор ва ҳамширалар пахтага умуман жалб қилинмаганини урғулаган.

Болалар меҳнати борасида, олдинги йилларда бўлганидек, хавотирга ўрин йўқлиги таъкидланган.

Бироқ Халқаро Қулдорлик кўрсатгичи ҳисоботида, “Ўзбекистоннинг бу соҳада ҳали кўп иш қилиши керак”лиги ҳам қайд этилган.

Ўзбекистондан мажбурий меҳнат бўйича ҳали ҳамон бир бирига зид хабар ва далиллар келмоқда.

Айрим ҳисоботларга кўра, Ўзбекистонда сўнгги мавсумда ҳам пахтага мажбурий олиб чиқилган фуқаролар бор.

Ўқитувчилар ва ободонлаштириш ишлари

Самарқандлик ёш педагог Диана Еникееванинг бевақт ва фожеий ўлими ортидан эса, президент Мирзиёев Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасига аҳолини, жумладан, ўқитувчи, шифокор ва талабаларни ободонлаштириш ишларига жалб этишни тақиқлаш бўйича ҳам қарор ишлаб чиқишни топширган.

Унинг ўша пайтдаги матбуот котиби Комил Алламжонов, бундан кейин ҳам фуқароларни жамоатчилик ишларига мажбурлаш ҳоллари такрорланса, жазо қаттиқ бўлишини айтган.

Ёш ўқитувчи билан боғлиқ мудҳиш ҳодиса ўтган йил 14 март куни юз берган.

Ўзбекистондан олинган хабарларда Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд вилоятига ташрифи олдидан кўча тозалашга олиб чиқилган 23 ёшли ўқитувчининг “Камаз” остида қолиб, вафот бўлгани айтилган.

Диана Еникееванинг ўлими маҳаллий нашрлар орқали фаол ёритилган ва у жамоатчиликнинг кескин муносабатларига сабаб бўлган.

Ёш педагог ўлими Ўзбекистонда кенг қулоч отган бюджет ташкилоти ходимларини вазифасига кирмайдиган мажбурий меҳнатга жалб қилиш муаммосини яна бир бор кун тартибига олиб чиққанди.

Аммо ушбу ҳодисада жамоатчилик иккига бўлиниб қолгани кузатилган, маҳаллий масъуллар Диана Еникеева ва бошқа ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб қилинмаганини таъкидлашган.

Сўнггида бу воқеага Шавкат Мирзиёев ҳам эътибор қаратган, ўқитувчи ўлимида Президент сабаб содир бўлгандек айбни ҳис қилаётганини билдирган. Бир маънода, бу каби баҳсу мунозараларга нуқта қўйганди.

Мирзиёев амалдорлардан кўзбўямачиликни тўхтатишни ҳам сўраганди.

Янги қонун лойиҳаси

Муҳокамага қўйилганига кун бўлган янги қонун лойиҳасида, ҳатто, ўқитувчиларни мажбурий обунага жалб этмаслик қадар сўз боради.

Ўқитувчилар иш ҳақининг бошланғич даражаси энг кам иш ҳақининг саккиз бараваридан кам бўлмаган даражада белгиланиши айтилади.

Уларнинг ҳар йили давлат тиббиёт ва профилактика муассасаларида мажбурий бепул тиббий кўрикдан ўтказилишлари ҳақида ҳам таъкидланади.

Давлат томонидан ҳар йили қишлоқ ва шаҳарларда намунавий лойиҳалар бўйича қурилаётган арзон уй-жойларнинг бир қисмини ўқитувчиларга имтиёзли асосларга кўра ипотека кредити сифатида бериш билан рағбатлантирилиши ҳам айтилади.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектларини рағбатлантириш дастурлари доирасида ўқитувчиларнинг оила аъзоларига тадбиркорлик фаолияти учун оқилона муддатларда ўзлаштириш шарти билан белгиланган миқдорда кредитлар берилиши ҳам кўзда тутилади.

Ўқитувчилар маошларини кўтариш ва улар ижтимоий муҳофазасини яхшилаш ҳам сўнгги йилларда Ўзбекистонда қизғин баҳсу мунозараларга сабаб бўлиб келаётган мавзулардан бири бўлади.

ЎХҲ ахборот бўлими

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 1 Yorum )

  • Ural ;

    O’qituvchi oyligini yetarlicha oshirish kerak. Ularga har xil bepul yoki pulli imtoyozlar berish poraxo’rlikga olib keladi. Bunaqa imtoyozlarni planlashtirish boshliqlarga kerak, kelgusida undan g’arazli yo’lda fodalanish uchun. Etarli oyligini ber, o’zi uni qanday foydalanishni biladi. Umuman hech kimga imtoyoz berilishi kerak imas, bu faqat poraxo’rlikni yaratadi.

    14/01/2019 04:32
Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort