Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Амир Темур даврида маданий дипломатия ва унинг ўзига хос хусусиятлари

Амир Темур даврида маданий дипломатия ва унинг ўзига хос хусусиятлари
24 Ocak 2019 - 15:04 'да юкланди ва 409 марта ўқилди.

Амир Темур халқаро муносабатларни ривожлантиришда маданий дипломатиянинг “юмшоқ кучи”дан самарали фойдаланилган.

Маданий дипломатия азалдан одамлар, онг ва қалбларни бирлаштирувчи муҳим куч ҳисобланиб келган. Бир юртимизда содир бўлган IX-XII асрларда содир бўлган Уйғониш даврида ҳам ана шу “юмшоқ куч” ушбу жараённи кучайтирувчи муҳим омил бўлиб хизмат қилганини кўришимиз мумкин. Бугунги кунда “юмшоқ куч” деб таърифланаётган бу соҳа мамлакатлар ўртасида муҳим кўприк вазифасини бажариб келмоқда. Айниқса, бу омил урушлар ривожланган даврда дипломатик муносабат ўрнатишнинг муҳим инструменти ҳисобланган.

Ўша даврда Амир Темурнинг маданий дипломатияси Шарқнинг турли давлатлари манфаатларини ривожлантириш, интеллектуал элита ва халқлар ўртасида ўзаро мулоқотни яхшилаш учун дипломатиянинг муҳим қисми бўлиб келган. Амир Темур турли давлатларга борганда ўша ерларнинг нуфузли шахслари, сиёсий элитаси ва уламолари билан мулоқотга киришган, уларга алоҳида эътибор қаратган. Амир Темурнинг илм-фан ва маданият вакилларига бўлган эътибори албатта кишилар онггига кучли таъсир кўрсатган ва унинг давлатининг обрў-эътибори ошишига хизмат қилган.

Шунингдек, у маданий ва интеллектуал элитанинг энг билимдон ва тажрибали вакилларинии Самарқандга таклиф этган. Самарқандда уларга махсус уй-жойлар қурилган, юқори маошлар тайинланган, илмий лойиҳаларига ҳомийлик қилинган. Унинг бу ҳатти-ҳаракатлари оқибатида давлат ва давлат раҳбари ҳақида Шарқ дунёсида тасаввур ва илиқ муносабатлар пайдо бўлган. Шу туфайли кўплаб олимлар ўзлари истаб маданий дипломатиянинг муҳим марказига айланган Самарқандга келишган. Аслида бу ҳатти-ҳаракатларда халқ дипломатиясининг катта ўрни яққол кўриниб туради. Темурийлар даврида маданий дипломатия кучли ривожланганди. Улар ҳам турли олимлар, санъат ва маданият намояндаларини Самарқанд, Хирот ва Шерозга таклиф қилишган ва уларга етарли шарт-шароитлар яратилган.

Баъзи олимлар “юмшоқ куч” номини олган маданий дипломатия “яқин икки юз йилдан ошиқ вақт мобайнида пайдо бўлган” деб ҳисоблашади. Аслида дипломатиянинг бу соҳаси чуқур тарихий илдизларга эга. Амир Темур даврида қўлланилган “юмшоқ куч” давлат манфаатларини ривожлантириш, ижтимоий-маданий ҳамкорликни кенгайтириш ва мамлакатлар ва халқлар ўртасида ўзаро тушунишни яхшилаш учун муҳим дипломатик амалиётга айланди.

Амир Темур даврида бошланган кенг масштабли қурилиш ва иқтисодий муносабатлар, барча соҳаларга бўлган талабларнинг ортиши хорижий кадрларни жалб қилишни талаб қилди.

Ушбу давр мобайнида маданий мулоқот амалиёти кенг тарқалди. Шарқ интеллектуал элитаси – таниқли олимлар, меъморлар, уста-ҳунармандлар, табиблар ва бошқа жамоат арбоблари ўзларининг кўзлари билан “буюк ижтимоий тажриба”ни кўришга интилганлар. Ўша пайтда Ғарб ва Шарқда муҳим маданий ва илмий марказ ролини бажарган Самарқандга олимларнинг ўзи ҳам ҳавасманд эди. Самарқанд, Хирот, Шероз ва бошқа шаҳарлар ҳақида тарқалган ижобий маълумотлар муҳити бунга сабаб бўлганди. Амир Темур ва Темурийлар билан бирга мамлакатда фаолият юритган хорижлик олимларнинг ўзлари ҳам халқ дипломатияси намоёндалари сифатида ўзлари кўрган-билган, эшитган олимлар билан мулоқотга киришиб, ишончли кишилари орқали ва шахсан ўзлари турли шаҳар ва ўлкаларнинг машҳур ва билимдон олимларини Самарқандга таклиф қилишарди. Бу ҳолат маданият, ҳунармандчилик, меъморчилик ва санъатда ҳам кузатилганди. Амир Темур давлатида халқ дипломатияси ўзининг юксак равнақига эришганди.

Маданий дипломатия доирасида меҳмондўстликнинг ўзига хос техникаси алоҳида аҳамиятга эга эди. Самарқанд сиёсий элитаси билан меҳмонларнинг учрашувлари, мунозаралар, улуғвор тантаналар ташкил этилди. Шахсан Амир Темурнинг ўзи маданият ва илм намоёндалари билан доимий мунозаралар қилиб турар ва уларнинг ҳурмат-иззатини ўз жойига қўяр эди. Айниқса, мамлакат равнақи ва эришган улкан ютуқлар, чиройли иншоотлар қурилган ерларда турли мамлакатлардан келган элчи ва дипломатик корпус олдида намойиш қилинди. Бу омиллар Амир Темур давлатининг ижобий қиёфасини яратиш учун муҳим восита бўлиб хизмат қилганини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчимиз.

Амир Темур ана шу олимлар, маданият ва фан соҳаларининг вакиллари билан учрашувлар ўтказиб, турли масалаларни муҳокама қилгани ҳақида тарихдан кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Унинг мажлислари аслида маданий дипломатиянинг муҳим кучи бўлиб хизмат қилганди.

Амир Темур ва Темурийлар давлатида маданият, фан ва санъат орқали халқаро майдонда давлат манфаатларини илгари суриш ва тарғиб қилиш нуқтаи назаридан маданий дипломатия ривожлантирилган.

Қизиғи шундаки, Амир Темурнинг маданий дипломатияси Шарқ давлатларида истиқомат қилаётган халқлар томонидан фаол қўлланила бошланди. Жамият аъзоларининг айнан ўхшаш эътиқод, моддий қадриятлар, мафкура, урф-одатлар ва турмуш тарзи ҳам ана шу соҳанинг гуллаб-яшнашида муҳим омил бўлиб хизмат қилган.

Бу жараёнларнинг информацияларининг тарқалишида Буюк ипак йўлидан турли мамлакатларга борган ва келган элчилар, сайёҳлар, савдогарлар, ҳарбий қисмлар ва бошқа табақа вакиллари муҳим рол ўйнаган эдилар. Ўша даврда глобал тармоқлар ва транспорт воситалари оддий бўлган бўлса ҳам мамлакатлар ва халқлар ўртасида бошқа давлатлардаги аҳвол ҳақида овозалар тез тарқалган. Бу ҳам ўрта асрларда Шарқ дунёсида информация алмашинуви яхши бўлганини англатади.

Шунингдек, Амир Темур даврида кечган миграция тўлқинлари ҳам ана шу жараёнларнинг тарғиботида муҳим омил бўлиб хизмат қилган.

Маданий дипломатия асосий мақсадларга эришиш ва Амир Темур ташқи сиёсатининг самарадорлигини оширишга катта ҳисса қўшган. Ташқи сиёсат механизмининг мослашувчан ва самарали воситаларидан бири бўлган маданий алоқалар бутун дунёда Амир Темурнинг ижобий ва обрў-эътиборини шакллантирган.

Шу маънода, маданият, ташқи сиёсат воситаси сифатида, шу жумладан, инсонлар ўртасидаги узоқ муддатли алоқаларни йўлга қўя олган.

Турли мамлакатлардан йиғилган, бир хил ва ўзларига яқин бўлган соҳа вакилларининг ўзаро тушуниши, ахборот олиши, қадриятлар, анъаналар, эътиқодлари, шахсий ва маданиятнинг бошқа жиҳатларини уйғунлаштирилиши ҳам маданий дипломатиянинг муҳим қисми ҳисобланган.

Аслида маданий дипломатия давлат дипломатиясининг ажралмас қисми бўлиб, халқлар ўртасидаги маданий ҳамкорлик соҳасидаги стратегик ва тактик мақсадларга эга бўлган амалий ҳаракатлар мажмуи ҳисобланади. Маданий дипломатия Амир Темур даврида элита дипломатикаси кўринишида ҳам мавжуд бўлган. Хусусан, сиёсатчилар, элчилар, сайёҳлар ва бошқалар билан бирга миллий дипломатия тобора муҳим аҳамиятга эга бўлган ва бу муносабатлар оддий одамлар ўртасида кенг миқёсдаги маданий мулоқотларга самарали таъсир кўрсатган.

Амир Темур салнататида глобал маданиятнинг илк куртаклари шаклланган. Юқорида таъкидлаганимиздек, маданий дипломатия орқали Амир Темур давлати ҳақида ижобий маълумотлар тарқалган. Энг муҳими турли минтақалардан келган олимлар ўзаро бир-бирларини тушуна олишган ва улар бир мақсад йўлида бирлашишган.

Амир Темур даврининг маданий дипломатиясининг асосий хусусиятларидан халқ дипломатияси орқали узоқ муддатли алоқалар ўрнатиш, маданий ва илмий алмашинувларни таъминланганлигидадир. Ана шу маданий алоқалар халқ дипломатиясини ҳам ўзида ифода этар эди. Амир Темур давридаги маданий фаолият маданий сиёсатни ўзида ифодалар эди.

Аслини олганда, “маданий дипломатия” “таъсир дипломатияси”га айланганди. Амир Темур маданий дипломатия орқали давлатнинг мувофиқлаштирувчи ролини бажарди. Амир Темур маданий дипломатиясининг устувор йўналишларидан бири маданий, илмий алоқаларнинг доимий равишда кенгайиб боришига эришиш ҳисобланар экан, биз бу жараёнларни Самарқанд, Ҳирот, Шероз, Қобул ва Ҳиндистон мисолида кузатишимиз мумкин.

Ўлжаева Шоҳистахон Мамажоновна
Тарих фанлари доктори, профессор
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти “Гуманитар” фанлар кафедраси

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort