Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Шу йўл билан лавозимга, мол-давлат, шон-шуҳратга эришардилар…

Шу йўл билан лавозимга, мол-давлат, шон-шуҳратга эришардилар…
03 Şubat 2019 - 10:00 'да юкланди ва 710 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

Феълим менинг, аъмолим менинг… 

Субҳаноллоҳ, бу не нафси лаим,
Нафсни қўйгил, не азоби алим.
Рўзи учун мунча фусунсозлиқ,
Мансаб учун мунча дағобозлиқ.

Алишер Навоий

Олтинчи боб

Шўролар замонида Ҳуккига ўхшаганлар эл-юрт кўзида бахтли инсонлар ҳисобланардилар. “Ҳуккичилар” қўлида мансаби борларни едириб-ичириб, хотинларига қўшар ёки уларнинг хотинлари билан қўшилишга зўр берардилар. Шу йўл билан лавозимга, мол-давлат, шон-шуҳратга эришардилар. Орттирган ҳаром-ҳариш амаллари туфайли бошларини тик тутиб, гердайиб юришни ўз ҳаётларининг мазмуни дея билардилар. Умрларининг энг гуллаган чоғларини ҳавога совуриб, паймоналари тўлганда, дунёдан армонсиз кўз юмардилар. Динидан, қадрятларидан тобора узоқлашаётган миллат учун бу каби иллатлар маданиятга, урф-одатга айланиб борарди. Куфр ишларни оламшумул ғалаба дея баҳолайдиган одамлар гуноҳлардан ташқарида олам-олам эзгуликлар борлигини умрлари бино бўлиб, эшитмагандилар. Миллат раҳнамолари дея кўрилган раҳбарларнинг ақл-савиялари эса Ҳуккиникидан фарқланмасди.

Ҳукки “сўпичам” деб эркалатадиган Қиё жинни воҳада “Қиё табиб” номини орттирди. Бунга сухандон сабаб бўлди. Мазахўракка ўргангач, у Ҳуккининг қучоғидан чиқолмайдиган касалликка чалинганди. Учинчи одам ортиқчалик этгач, у бош ҳакимга беш рубл пора беришга мажбур бўлди. Қиё жиннини сухандоннинг хонасига ўтказган бош ҳаким, “Жой алмашганларингизни ҳеч ким пайқамасин”, деди. Шунга кўра сухандон билан Қиё жинни кечки ўн иккидан ўтгач, ўрин алмашардилар.

Сухандоннинг шериги Гулбика деган мияси суюлган бир аёл эди. Туман газетасида мухбир бўлиб ишлайдиган Гулбика Ленин хусусидаги афсоналарнинг бирига мингни қўшиб вайсашни суярди. Чакаги бир зумга тинмайдиган бу балойи азимдан автоматнинг ўқи яхшироқ эди. Қиё жинни биринчи кун хонага кирганда у икки қўлини кўксига қўйиб салом берди. Алик олган Қиё жинни балоларга қолганидан бехабар, сухандоннинг тўшагига чўзилди. Дарҳол бидирлашни бошлаб юборган Гулбика тонггача тинмади. Бир дақиқа сайрамаса ўлиб қоладиган Қиё жинни йўталиб ҳам қўймади. Уни олти соат эшитиб, на “ҳа”, на “ҳу” дея олди. Эртасига мижозларни тартибга сололмасдан, кунни мудраб ўтказди. Итдек ҳориб-чарчади, уйқусизлик тинкасини қуритди. Кейинги кун ундан бешбаттар бўлди. Азбаройи кўзларига қум тўлган чўпон сингари тентираб, боши ёстиққа етса, мириқиб ухлашни орзулади. Қулоқлари остида жаранглаётган Гулбиканинг товушидан кўнгли озадиган одат чиқарди. Кўзлари олдига тинмасдан маърайверадиган эчкининг сурати келди… Базўр кунни ботиргач, ичкаридан эшикка илгак солди. Пулларни санаб дасталагач, оғзига бир чакас нос отиб, ёстиққа бош қўйиб, донг қотиб ухлаб қолди. Соат миллари тунги ўн иккини кўрсатганда эшик тақиллади. Ҳукки туриб эшикни очганда, сухандон катагидан қочган товуқдек лип этиб ўзини ичкарига урди. Ҳуккининг бўйнидан билакларини ўткариб, бошини пасга эгди. Оёқларининг учида туриб, лабини унинг лабларига босди. Ҳукки уни кўтариб тўшакка ташлади. Сухандон шаҳватнинг зўридан кўзларини юмиб, тилларини чиқарди. Сув парисидек тўлғаниб, кўкракларига чанг сола бошлади. Ҳуккининг жони бўғзига тиқилди. Ичида тўфон тургач, бориб оғзидан нос оқиб ухлаб ётган Қиё жиннини тўшаги билан кароватдан ағдариб ташлади. Қиё жинни ирғиб туриб, кўзларини ишқади. Ўзига келгач, ташлаб қочилган калтакесак думидек товланаётган сухандонга кўзи тушиб, қўрққанидан бақириб юборди. Оғзини кафти билан ёпган Ҳукки уни эшик олдигача судраб бориб, хонадан итариб чиқарди ва:

– Бор, ўрнингга бориб ёт, овсар! – деди.

Қиё жинни эшикни очишга юраги бетламай, бир соатча деворга суяниб турди. Унинг мўлжалича, соат бирдан ошса, Гулбика тугул итбика ҳам донг қотиб ухлаб қолган бўларди. Соат бирдан ошганда у эшикни суриб, мушук сингари товуш чиқармасдан ичкарига мўралади. Гулбиканинг ухлаганига амин бўлгач, ечинса у уйғониб кетадигандек, кийимлари билан кўрпага кирди. Ўрнашгунча нафас чиқармади. Оёқларини чўзиб, деворга ўгирилгач, ўтириб қолган ҳавони тишлари орасидан чиқаришни бошлаганда, Гулбиканинг чийиллаган товуши янгради.

…Владимир Илич Ленин гимназияда ўқиб юрган чоғларидан жуда ақлли бўлган. Жандармлар ушлагани келганда ўн тўртига кирмаган зийрак Валўдя жандармлар чоти орасидан пусиб ўтиб, қочиб кетади…

Дамини қайтиб ютган Қиё жинни, аввалида, қулоғимга шунчаки йўқ овозлар эшитиляпти, чарчаган бўлсам керак, деб ўйлади. Овоз сурункали эшитилавергач, бошини кўтариб ҳамхонасига иркилди.[1] Гулбиканинг лаблари жунини чайнаётган жинни қўйнинг лабидек титраётганини кўриб:

– Уф-ф! – дея бошини ёстиққа ташлади.

…Дзержинский амир Олимхоннинг оқ сурпдан тикилган иштон кафанини киймаганда, Ленин бобомиз ҳалигача ўлмаган бўларди. Сталин сингари зўр сиёсатчи Гуризиядек олис бир ўлкадан давлат бошига келмасди. Улуғ ватан уруши юз бермасди, Гитлер билан Мусалимбойни рус разведкаси гумдон қиларди. СССРни сотмоқчи бўлган Хурушчўпни Суслип тўхтатиб қололмаса, Ленин Берияни ёрдамга юборарди. Шунда Суслип ташқи ишлар вазири Мулатовнинг хотинидан дашном эшитмасди. Ленин ўлиб, қанақанги яхши-ёмон ишлар бўлмади, дейсиз. Бойларнинг мол-дунёсини, ер-сувларини қўлларидан тортиб олиб, калхўз туздилар. Ҳокимиятни йўқсилларга бериб, камунистлар текин савобнинг тагида қолди. Ўттиз еттинчи йилда мана шуларни амалга оширган Акмал Баҳром, Файзулла Хўжа, Усмонносир Юсупов ва Йўлдош Охунмуқимовларга Сталинни гиж-гижладилар. Қай бирини отиб ўлдирдилар, қай бирини уриб майиб этдилар. Ленин ўтмаганда, бутунлай бошқача ҳаёт бўларди. Номардлар…

Ҳуккини – худо, Ленинни пайғамбар дея талқин этадиган Қиё жиннининг қалбида камунистларга чуқур эҳтиром бор эди. Мавзу унга маъқул эса-да, Гулбиканинг меъдага тегадиган қуруқ овози бу қадрятлардан унинг ҳафсаласини пир қилди. Шўро республиклари орасида воҳаликлар Ленинга биринчи бўлиб кўкрак нишони бергандилар. Буни яхши биладиган Ҳукки “Ақли-ҳушлари жойида бўлганда, нишонни менинг кўкрагимга тақиб қўйишарди”, дея улардан норози эди. Унинг сўзларини эслаган Қиё жинни Гулбикага қайрилди. “Ичларида соғломлари кам топилади. Беруний, Ал Хоразмий каби азизларнинг ҳам насли-насаби Бойқулободдан бўлса керак”, деб ўйлади. У яна амир Олимхоннинг оқ сурпдан тикилган иштонини Дзержинский киймаганида, Лениннинг нима учун тирик қолишини тушунмаётганди. Гулбика унинг фикрини уққандек, шу мавзуга кўчди.

…Дзержинскийнинг қанақа айби бор, деб ўйлаётган бўлсангиз, бунинг ҳайратланадиган жойи йўқ. Гўринда тик ўтиргур хотинбоз Олимхон Петрбургга бориб, бир бетайин франсуз-испан хонимчадан сўзак испитисини[2] юқтириб, Бухорога ғозий бўлиб қайтади. Наҳс босган фоҳиша чотининг айрисини оқ сурпдан тикилган зардўзи иштон билан артгач, шубҳаланган оқ пошшо уни Германияга экспиртўзага жўнатганди. Иштондан испитининг захм тури топилади. Руслардан аламзада немислар, атайлаб, “Иштонингиз Исо Мусонинг онасининг бахмал лозимини оғидек тоза экан”, дея Олимхонга ёлғон хабар жўнатадилар. “Бахт ва омад келтирувчи иштонингизни масжид пештоқига илдиртирсангиз, бало-қазолар ва мустамлакачилар амирлик ҳудудларини четлаб ўтади” қабилида мактуб ҳам битадилар. Кўча кўрган Олимхон диплўматик ҳурмат-эътибор рамзи сифатида иштонини пештоққа осиш учун кўп уринади. Мутаассиб эшончалар ва насли айнаган хўжачалар унга қарши чиққач, жадидлардан ҳайиққан Олимхон ишни вақтинчалик тўхтатади. Душманлари билан муросаю мадорага  боради. Фатвоси бир пул бўлган шайхулраиснинг унинг олдида юзи шувут бўлгани қолади. Оқ сурпдан тикилмай қолгур иштон кафанни сандиқлардаги дур ва жавоҳирларга қўшиб қўядилар. Фитратнинг шогирди Пайзулин Папая деганлари жадидлар ва “Ёш бухороликлар” билан тил бириктиради. Бухорони икки ярим тонна бомбага сотиб, кулини кўкка совуради. Амирликни золимлар зулмидан қутқарган Фрунзе билан Қуйбешип хазинани ярим ёввойилар талон-тарож қилмасин, деган мақсадда, ўн саккизта вагўнга жойлатади. Уларни “қизил вагўн”лар доҳий Ленинга – Маскўпияга олиб кетадилар. Отаси сотиб олиб берган уввадаси чиққан қора кастум-шимини ва исқирт кепкасини кийиб юрадиган камтарин доҳий мингямоқ пайпоқ кийган оёқларига шиппак илади. Кремлнинг олдида бойликларни мамнунлик билан қаршилаб, таъсирли нутқ сўзлайди.

– Бутун Русияни сотиб олишга етадиган асрлар давомида йиғилган бу бойликлар мазлумларнинг қора терлари ва қонлари эвазига бунёд бўлган. Бу бойликларни кўз қорачуғидек асраб-авайлаб, озодликка эришган ишчи-деҳқонларга етказишимиз керак! – дейди у. – Камунистлигимиз ва ҳалоллигимиздан дунё пралетарлари лол қолсинлар. Яшасин ишчи ва деҳқонлар. Яшасин мазлумлар ва йўқсиллар. Бутун дунё пралетарлари, бирлашингиз. Бойларга ва муллоларга ўлим! Ур-ра-а.. ур-ра-а-а.. ур-р-р-а-а-а…

 Киприк қоқмасдан бир маромда сўзлаётган Гулбика ўрнидан сакраб туриб, Қиё жиннига мушт ўқталди. Томоғини йиртиб, жони борича “Ура-а-а” дея бақира бошлади. Ҳуккининг олдига келадиган ақлдан озганларни кўравериб кўзи пишган Қиё жинни қилт этмай турарди.

– Астахпирил-ло-о, оздирмагийсан! Ҳуккининг ўйида бўланингдаттинг, занжира боғлаб, қўлима хипча осам, кашкаша[3] сичиратимку-у, во-хх, доғ армон, жойи амасдо, қўлим калта! – деди сўнгра тишларини ғижирлатиб.

Унинг жаҳли чиққанда шевада сўкинадиган одати бор эди. Уни Гулбика тушунмадими, муносабат билдирмади. Қиё жинни “тўвба-а”, дея ёқасини ушларкан, адёлни бошига тортди.

…Ўн саккиз вагўн хазинани доҳий кароватнинг тагига яширади. Омонатга хиёнат тубанлик эканлиги унга болалигидан уқтирилганди. Ўз вақтида Русияни вайрон қилиш учун немислар бир вагўн пул таклиф этганда, у ифлос пуллар эвазига ватанини вайрон қилмаслигини айтганди. “Чор Русиясини ҳалолдан топиб, қора терим эвазига эришган пулларим ҳисобидан йўқ қиламан”, деганди. Ўшанда немислар кансилагерияси умри бино бўлиб бунақанги ҳалол инсонни кўрмаганини тан олиб, ҳўнграб йиғлаганди. Яна шунақанги бир инсон дунёга келармикан, деб ўйлаб қоламан. Келмаслигини билиб, тунлари билан немисларнинг кансилагериясига ўхшаб йиғлаб чиқаман. Эсим қурсин, сизга оқ сурп иштон кафангинанинг қинғирлик билан тарих ғилдирагини бошқа изларга солганлигини айтмоқчи эдим. Сизга айтсам, ҳаётда аёл кишига ишониб бўлмайди. Дунёни урғочи бузади, деган гап ўрнида топиб айтилган. Сўзимни аниқ далилар билан исботлаб беришимга рухсат этсангиз бас?!

– Рухсат этмагнимда қўлимдан нима келарди? – деди бошини адёлнинг остидан чиқарган Қиё жинни тўнғиллаб. – Вох, Қораҳожига бир марта борсанг борми, бошингни қора қумга кўмиб, орқангни кўл этмасам, Исо масиҳ деган отимни бошқа қўярдим. Доғ армон, жой тор!

Гулбика уни эшитмасди. Эшитса ҳам, сўзлашдан тўхтамасди.

…қўшнисининг икки ярим яшар ёш қанжиғига танда қўйган доҳийдек одамнинг завжаю муҳтарамаси Надеждахоним Филисқули Дзержинскийнинг ёшликдаги ўйнаши бўлган. Хавфсизлик идораларида кайф қилиб юрган ичпиён ўлгурга бу камдек, инқилоб ғалаба қозонгач, яна эски одатини қолган жойидан давом эттиради. Содда доҳий халқ ғамида сувга қотган нонни бўктириб, полга Қоплоннинг ўқи тешган қора тўнини тўшаб ётаверган. Надеждахоним атайлаб эшикнинг илгагини ташламасдан, деразаларни очиқ қолдираркан. Филисқули ичкарига ошиб кириб, ишини битиргач, Бухоро амирининг сандиқлардаги дур-жавоҳирлардан чўнтакларини тўлғазиб чиқиб кетавераркан. Уйида ўлмагур, ўрис эмасда. Ўрис бўлганда, Надеждахоним, бутун баданим қуртлаб, қичиқ босяпти, деганда ҳам, унга бармоғининг учини теккизмасди. Водкасини ичиб, лиқиллатаманистонга доҳийнинг ўзини олиб бориб келгандаям, хотинига хиёнат этмасди. Нимага деганда, ўрислар через чур чесни. Тан олмай иложимиз йўқ. Аммо Филисқули ҳам бекорга “чапдаст чекис” дея ном чиқармаган. У учига чиққан каззоб бўлмаганида, биринчи президентимиз Йўлдош отага ўхшаб фронтга туршак билан олма қоқи ташиб юрарди. Ёки иккинчи президентимиздек оғзига келганни вайсаб, ичиб, бошини туалетнинг тосига уриб, ичбуруқдан ўлиши ҳам мумкин эди. Хуллас, бутун бойликни чўнтакларида ташиб қуритган Филисқули, охирида, Олимхоннинг зар босиб тикилган сурп иштонини ўмаради. Ўғирладинг, ўғирладинг, ҳалолинг бўлсин, сандиғингга олиб бориб ташлаб қўй, нон-ош тиламайди, туради. Ўлгур, табаррук, деб иштонни кийиб олади. Кийдинг, кийдинг, орқангга қайтиб, нима учун Надеждахоним билан қовушасан?! Ўшанда оқ подшо қулагандан буён хотинини қучоғига тортмаган доҳийнинг кириб келгани ёмон бўлади. Филисқули сакраб тушиб, каравот тагидаги сандиққа кириб олади. Доҳий кела-сола, “ҳе” йўқ, “бе” йўқ, одатига хилоф ишини битиради. Хотин эрининг бу ғайратидан ҳайрон қолади. Писмиқ ҳароми ғинг демасдан, чала жойидан кайфини давом эттираверади. Ўта ҳушёр доҳийни ғафлат босиб, ҳўллигига парво қилмаганини қаранг. Омад бир кетса кетаверарканда. Зардўзи иштон кафанга ўтган захм Филисқули орқали Надеждахонимга, ундан инқилоб доҳийсининг миясига юқтирилади. Ойбек домла қўқон араванинг ғилдирагига таёқ тиқиб тарихни ўзгартиргани каби, Олимхоннинг оқ сурп иштони дунёни остин-устин этиб юборади. Ҳисобни тўғри оладиган немислар бу гал ҳам нишонга бехато ургандилар. Захмдан доҳийнинг миясига нуқсон етади. Оқ иштоннинг атторнинг қутисига сиғмайдиган қора ишларига ақл бовар этмайди…

Хотинларга ишонмаган одамнинг умри узун бўлади. Крупская бўлмаганида доҳий Ленин ҳозигача яшаётган бўлиши ҳам мумкин эди. У ўлиб, ким рўшнолик кўрди? Ҳеч ким! Таёқ бизларнинг бошимизда синиб ётипди. Гидлян билан Иванўп ўз уйимизда ўзимизни ясаяпти. Камунистик партиянинг адолатли қиличини яланғочлаб, ўзлари ўйлаганларидан кўра беш баттар қилмишларимиз учун қонимизни ичяптилар. Ванга деган бир кўр Шўроларнинг инқирозга учрашини башорат этяпти. Унга кўра Ўзбекистонга Гитлердан юз чандон жоҳил бир кимса президент бўлармиш, ўзбекларни қўйдек ҳайдаб, қамоқхоналарга тиқармиш… Доҳий ўлгач,  ҳаммалар оқил бўлиб, бизлар аҳмоқ бўлдик. Сулаймон ўлиб, девларга дунё кенг қолди деганлари шуда…

Ҳар тун уйқуси расво бўлаётган Қиё жиннининг кўнглига шайтон оралади. У Гулбика билан қовушишни режалай бошлади. Унинг маза-матрасиз овозини ўчиришнинг бошқа иложи йўқ эди. Ақлдан оздиргувчи қуруқ овоз қулоққа чалинаётгани билан маъно англатмасди. Эшитгувчини шаҳват ўтига доғларди. Миясини ғовлатиб, қулоқларидан ҳовур чиқарарди. Ҳуккининг акси ўлароқ у хотинидан бошқа билан қовушиб кўрмаганди. Шунинг учун нимадан бошлашни билмасди. Таваккалчилик ишни бузиши мумкин эди. Аммо унинг ичига олов тушганди. Шаҳват тан-баданини ўтга доғлади. Икки орада бир ярим қулочлик жой бўлсаям, биринчи қадамнинг умри асрларга тенг бўлди. Висол умиди тутуни билан қатронланган ҳижрон машаққати унинг наздида тоғларни қаритишга етарли эди. Унга Гулбика эришиб бўлмайдигандек маҳобатли туюлди. Томирлари кўпчиб, юраги бўғзига қайтаркан, отаси “Қиё” деб қўйган исми ёнига “жинни” лақабини тиркаган Ҳукки ким ўзи, деган савол биринчи марта уни безовта этди. У йиғламасдан туғилган, ўн тўрт кун оғзига кўкрак олмаганди. Ўшанда Ҳукки, “Исми ёнига “жинни” деб қўшиб айтсангизлар, бола ўзига келади. У жинлар ва девлар туғилган лаҳзаларда туғилган”, деб, чақалоқнинг оғзига тупурганди. Шунда чақалоқ биринчи марта чинқириб йиғлаб, онасини эмганди. Шу-шу, уни Қиё жинни деб атардилар. “Жинни” демаганни у тавбасига таянтирарди.

“Ҳукки ким ўзи?”, деган ўй бошига келган Қиё жинни таажжубга тушди. Узоқларда қолган болалиги кўзлари олдига келиб, хаёли қочди.

…Эсини танигандан бери унинг қучоғида ётишни хуш кўрадиган болакай, Ҳукки ўнгидан чапига ағдарилса, уйғониб кетарди. Унинг ҳушёрлигини биладиган Ҳукки, ярим кечадан ўтгач, кўрпасидан илондек сирғалиб чиқар, товуш чиқармасдан эшикни очарди. Ўзини ухлаганга солиб ётадиган Қиё жинни, у келиб қўлтиғига олмагунча уйқуга кетмасди. Тўртига қадам қўйган кунларнинг бирида Ҳукки арвоҳ сингари ётоқхонадан чиққач, Қиё биринчи марта унинг орқасидан тушади. Ҳуккиникида қаердан келиб қолганини ҳеч ким билмайдиган бир ароқхўр рус аёли яшар, у ичкари ҳовлидаги қора ишларни бажариб юрарди. Кир-чир ювар, тандир-ўчоқнинг кулини оларди. Бўш қолди дегунча молларнинг тагини тозалаб, томорқага гўнг таширди. У  бир вақтлар кечалари Қурёзагулнинг бобоси ётган оғилхонада ётар, овқатини ўша жойда еб, ароғини ҳам ўша жойда ичарди. Унинг ўзи билан ўзи суҳбат қурадиган одати бор эди… Ҳукки тўғри оғилхонага боради. Эргашиб келган соянинг орқасидан кирганини сезмайди. Шу-шу, Қиё жинни пойлаш ҳаддисини санъат даражасига олиб чиқди. Вақт ўтиб, Ҳукки уни сезганда, ўзини билиб-билмасликка олди. Қиё жиннининг назаридан қочирмаслиги унга ёғдек ёққанди.

Ҳукки ён-атрофдан ёғилиб келадиган хотинлардан ташқари, уй юмушларини бажарадиган беш-олти чўрининг маллагини[4] Худо берган куни бир айланиб чиқарди. Қайси кунлар ўзига бағишланганини яхши биладиган Қиё жиннининг онасигина белгиланган кунларда унинг олдига ўзи кирарди. Навбатни бетоқат кутадиган Қиё жинни, гал етса, онасидан кўра кўпроқ суюнарди.

Қиё жинни ўйлаб қараса, Ҳукки хусусида шу кабилардан бошқа маълумотга эга эмасди.

…Иккинчи босқичда ўқиб юрган кезларим отам билан онам Матёқуб деган қариндошимизнинг тўйи бўлаётганини айтиб, мени Тошкентдан чақириб олди. Кела-келгунимча, юзига мошдек-мошдек ҳусунбузар тошиб юрадиган ўша шишакўзга қайси бахтсиз қиз турмушга чиқаётган экан, деб ўйлаб келдим. У узоқ қариндошимиз эди. Туғилганда кўзларида кўзойнак билан тушгандек, чап кўзига минус икки, ўнг кўзига минус бир кўзойнак тақиб юрарди. Қизлар уни “шишакўз” деб чақирардилар. Ленинга ўхшаш учун у қора кастум-шим ва оқ кўйлак киярди. Бошига доҳиёна кепка қўндириб, бўйнига галустук боғлашни ёқтирарди. Устидан кулсалар, жаҳли чиқиш ўрнига, пишган калладек уялмасдан тиржаярди. Сап-сариқ тишлари бирор марта мисвок кўрмаганидан, ириган сузмага ўхшаб замбуруғ боғлаганди. Ёқадиган тарафи, у ҳам доҳий Владимир Илични жон-дилдан севарди. Еттинчи синфда ўқиб юрган кезларида доҳийнинг бутун асарларини калхўзда омбор мудири бўлиб ишлайдиган отасининг кичик кутубхонасига жамлаганди. Кутубхона ҳожатхона ёнбошидаги дон сақлайдиган омборнинг бир чеккасида жойлашганди. Аслида отаси китоб ва газетларни ҳожатхона эҳтиёжлари учун йиғарди. Ақл-фаросати жойида бўлгани боис, у иложи борича ўғлининг жавонидаги китоблардан фойдаланмасди… Зарурат туғилмаса, у томонларга оёқ босмасдим. Доҳийнинг меҳри тортиб бориб қолсам, Матёқуб ўзини қўярга жой тополмасди. Пайдо бўлишим билан кўзойнак остидаги шишакўзларини ўйнатиб, ўқдек киприкларини пирпиратиб, довдираб қоларди. Бу менга ёғдек ёқсаям, ўзимни бепарво кўрсатардим. Ҳеч нимани сезмагандек, китоб титкилашга тушардим. Юраги ичига сиғмагач, у югуриб чиқиб, қўлтиғида битта нон, иккита лопкосада сут кўтариб кирарди. Икковлон маза қилиб сут ичиб, доҳий Ленин ҳақида суҳбат қурардик. Доҳийнинг ва сафдошларининг сомоншувоқ деворга осилган расмларини томоша этиб, хаёлан ўша даврларга саёҳат уюштирардик. Унинг чайлада кечирган машаққатли кунларини эслаб, бойларга ва муллоларга нафратимиз қўзирди. Эзувчилар синфига ғазабимни тўкиш учун аввалига оғзимга келган сўзлар билан мен сўкинардим, юмруқларини юмуртқадек туккан Матёқуб давом эттирарди. Сўка-сўка хуморимиздан чиққанимиздан сўнгра, навқирон Валўдя билан гўзалликда тенгги йўқ Надежданинг буюк муҳаббати ҳақида суҳбат бошланарди. Ҳар-ҳар замон оёқлари учида кириб, товуқларга дон ёки ҳожат учун қоғоз олиб чиқадиган Матёқубнинг онаси бу гапларни эшитиб, чеҳраси гулибеордек очиларди. Бизларни порлоқ келажак кутаётганини сезиб турган ҳассос юраги, сўниб бораётган кўзларидан ғариб кутубхонага шуъла таратарди. У кутубхонага қандай кирган бўлса, шундай, оёқлари учида, орқаси билан юриб чиқиб кетарди. Баъзида қийшайган эшикка боргач, тўхтаб, қоларди. “Эсим қурсин, хаёл билан бўлиб қоғоздан оз олипман. Матёқубнинг отаси кеча ичиб келиб, қусуғига беланиб ётганди. Ҳожатга чиқса, беш-ўн варақ камлик этади, кечирасизлар”, дерди. Аллақандай китобдан шариллатиб йиртиб, кейин қўли кўксида, чиқиб кетарди. Надежда билан Валўдянинг совуқ чайлада бир-бирини оғушига олиб ётганини, Филисқулининг пистирмадан пусиб келиб бўлажак доҳийни бузганини афсус билан ёд этиб ўтирганимиз туфайли, у кўзимизга пашшача кўринмасди. Бечора, иложи бўлмагач, ичи қотган одамдай ҳожатхонада атай ўтириб, бизларни тингларди. Биз билмаганга олиб, олижаноблик кўрсатардик. Кун келиб, хотини туғса, Матёқуб, “Надеждахонимнинг исмига мазмундош қилиб, қизимнинг отини Умида қўяман”, дерди. Мен тўғридан-тўғри ўғлимнинг исмини Валўдя деб аташимни айтардим. Бир гал ҳожатхонада қулоқларини динг этиб суҳбатимизни тинглаётган онаизор, “Ўзбекка Валўдя исми ярашмайди”, деди. Мен ҳам товушимни баланд қўйиб, “Бизлар ўзбекнинг эмас, доҳий Ленин болаларимиз. Валўдя деган исм ўғлимга узукка кўз қўйгандек мос тушади”, дея манглайқарони икки оғиз сўз билан мот қилдим. Ҳамиша сарғайган тишларини кўрсатиб, кўзойнаги остидан беўхшов куладиган ғилай Матёқуб, ғазабим қўзиганини сезди шекилли, онасига, “Ишингизни битириб чиқиб кетинг. Кутубхонанинг ҳавосини буздингиз. Дунёда Валўдя деган исмдан кўра чиройлироқ исм бўлганда, ўзимиз билардик”, деди…

Хуллас, уйга етгач, билсам, шишакўзга мени узатишаётган экан. Ичим ачиётган бахтсиз келин ўзим эканман. Ҳовли тўла одам. Катта бир сўқим сўйилиб, уч-тўрт қора қозон тўла гўшт қайнаб ётипти. Ҳалитдан калхўз фаоллари маст бўлиб, бир-бирлари билан опичлашиб, ўпишиб юриптилар. “Ўлсам-ўламан, у шишакўз ғилайга тегмайман” деб оёқ тиркаб олдим. Қани биров эшитса. Ҳамма маст-аласт. Ҳамманинг оғзи-қулоғи чаккасида. Бировга бировнинг ичи ачимайди. Ўзим йиғлаб, ўзим овундим. Биров юпатмагандан кейин, ҳиқиллагинг ҳам келмай қоларкан.

[1] Иркилиб – термулиб.
[2] Испити – спид демоқчи.
[3] Кашкаш – тегирмон.
[4] Маллак – ўта шахсий буюм (ер-сув, мол-мулк бўлиши ҳам мумкин).

(Давоми бор)

islomxolboy.blogspot.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort