Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Машъум режа…

Машъум режа…
04 Şubat 2019 - 8:00 'да юкланди ва 448 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

Феълим менинг, аъмолим менинг… 

Субҳаноллоҳ, бу не нафси лаим,
Нафсни қўйгил, не азоби алим.
Рўзи учун мунча фусунсозлиқ,
Мансаб учун мунча дағобозлиқ.

Алишер Навоий

Олтинчи боб – 2

Ота-онамиз фақат  қариндош бўлганлари учунгина бизнинг бошимизни қовуштирмаётган эдилар. Отам калхўзда бош ҳисобчи эди. Омбор мудири билан қуда бўлса, ишлар ими-жимида ёпти-ёпти бўларди. Улар айбларини бирга яширсалар, тунлари бехавотир ухлардилар. Ичқирларини битта қилмасалар, бири иккинчисини сотиб қўйиши мумкин эди. “Камунистча ҳушёрлик” дея аталадиган бу усулни иттифоқда биринчи бўлиб бизникилар ўйлаб топганди. Камунистларни қисқа вақтда тасарруф этган бу усул сотсиалистик мамлакатларга шиддат билан ёйилди…

Чимилдиққа киргач, гап йўқ, сўз йўқ, шишакўз ўлгур чироқни ўчириб, мени кўрпачага кўтариб босди. Кўкрагимнинг очилиб қолган жойидан, қулоғимнинг орқасидан ўпа кетди.

– Тур-э, кучук, илгари ҳам биров билан ўпишиб кўрганмисан, деб қулоқ-чаккасига шапалоқ тортиб юбордим! – денг.

Сапчиб туриб, учиб кетган кўзойнагини сармалаб[1] топиб кўзига илди.

– Сиздан бошқасини кўрмаганман! – деди ҳаром ўлгур ғилжайиб.

– Кўрмаган бўлсанг, сўра, тилинг узулмагандир, ёшсан, кўрасан! – дедим жаҳлим чиқиб. – Одам деган бундоғ ширин сўзлар билан эркалатади, у ёқ-бу ёғини силаб-сийпалаб, қитиғини ўлдиради. Нозиклик билан қучоғига тортиб, икки кўзидан, бурнининг учидан, лабларидан ўпади…

Бу гапларни жон қулоғи билан эшитган ўлгур юз марта қайтарганда ҳам мен бир марта ёйилмадим. Усул қўлласа, мўллинг кўзлари ва киприклари пирпираб, кир боғлаган тишлари тиржаяди. Кутубхонадаги суҳбатлар эсимга тушиб, димоғимга ҳожатхонанинг ҳиди ўтиргандек бўлади… Алалхусус, кечани аросатда оттирдик. Эртаси оғзига қарасам, кир тишлар ўрнида садафдек тишлар пайдо бўлиб қолипти. Сонсиз чўппи, ийдираман, дея, дуч келган жойимдан ўпавериб, кирларини баданимга суркаб ташлапти. Кафтим билан юзларимни силасам, бармоқларимга сузмага ўхшаш бир нима илашди. Қўлимни суркагандим, қора кастумининг ранги ўзгариб қолди. Қўйинг-чи, бир ҳафта чилла ўтириб, мен ёйилмадим, у ойилмади. Жимжилоғига игна санчиб, келин кўйлакни қонга бўядик. У кўнгил сандиғимни очиб, жавоҳирлар териш бахтига мушарраф бўлмаган бўлсаям,  дидимга ўтирадиган баъзи бир жиҳатлари йўқ эмасди. Унинг Иличникига ўхшайдиган бир жуфт қора кастум-шими, увадаси чиққан қора тўни ва қасноғи тўрт бармоқ келадиган кепкаси бор эди. Ухлашга ётишдан олдин янгиларини чиқазиб, эскиларини киярди. Кўйлаги ёқасини галустук билан бўғиб боғламаса, ўн кун шифтга термулиб ётса ҳам киприги илинмасди. Доҳийнинг мўмиёланган мурдаси сингари у ёнбошимда оқ кўйлак қора кастум-шимда, галустук боғлаб, қўлларини кўкрагига қўйиб ётарди. Шундай пайтларда нақадар бахтли эканлигимни ҳис қила бошлардим. Ичимдан аллаким, “Сен Гулбика эмассан, Надежда Крупискаясан. Ёнингда ўлмасдан туриб тобутга кирган доҳий ётипти. Тошкентга қайтиб, Филисқулига иффатингни ҳадя этсанг, бариси яхши бўлади”, деётгандек туюларди. Қаттиқ ҳаяжонланганимдан қулоқларим эшитмасдан, кўзларим кўрмасдан қоларди. Илоҳий шарпа шунчаки соя бўлмай, жисмимга кирган доҳий руҳи эканлиги менга аён эди. Шунда биринчи марта Матёқубнинг дўнг пешонасидан ютоқиб бўса олгандим. Исқирт кепкасидан ҳақиқатан Лениннинг захчил ҳиди анқиганди. У ҳам мендан Надеждахонимнинг ифорини туйиб, ҳусунбузар босган бурнини кўкрагим орасидаги бодоқчага[2] тиққанди. Қулоқларини оқ қуёнчалардек шалоплатиб, роса эркаланганди. Ғилай кўзларидан шодмонлик учқунларини сачраганида, ўзимда йўқ яйраб кетгандим…

Қиё жиннининг миясини ғовлатган шаҳват димланиб, чиқишга йўл топмагач, сўниб, оғир тошдек руҳини эзиб борарди. У Гулбика билан бевосита сўзлашаётгандек, ҳар бир сўзга хаёлан муносабат билдирарди. “Вой-вой, хонимнинг аскиргилари келиб қолдими? – деярди, ичида. – Мени хотинчалиш шишакўзинг билан адаштирма. Ақлини чайиб ичган аҳмоқнинг кўзларидан ўпармишман. Ёғлиқ бурнининг учидан муччи олиб, жинни қўйнинг лабларига ўхшаш бўрсилдоқ дудоқларидан сўрармишман. Керак бўлса, ўзинг ўпиб, ўзинг сўрасан. Нима, мен чумолихўрманми? Мени чангютгич деб ўйлаяптилар. Ўпсам, тишларим оппоқ садафдек бўлармиш. Тиш чўткасимисан? Тонггача ялаб-юлқасам ҳам ёйилмасмишлар. Ленинни писанда қилиб, менга мурдасан демоқчими? Ҳар иш қилсанг қил, доҳий номини орага суқма. Оқибати ёмон бўлади. Мендан Филисқули ясамоқчилар…”

…Ўқишимни сиртқига ўтказгани борганимда, ўзимнинг Филисқулим кутиб олди. Рухсат бердим. Ишларни битириб, орқамга қайтдим. Эрим эски ашуласини бошламоқчи бўлди. “Овора бўлманг, йўлни инқилоб жосуси очди, орқа-олдингизга қарамасдан босаверинг. Даҳлизда сизни тўхтатадиган мард учраса, Бериянинг номини айтиб ўтиб кетаверасиз”, дедим ҳурматини жойига қўйиб.

Хароб бўлгур шишакўз қани энди тинчлик берса денг. Ҳар йигирма дақиқада сувсарга ўхшаб, кепка-пепкаси, кўзойнак-бўзойнаги билан ичимга уриб киради. Нафасим тиқилганда, ғоввосдек бошини чиқариб, кўзидан кўзойнагини олиб, галустугини елкасидан оширадида, пишган калладек ғилай кўзларини ўйнатиб тиржаяди. Тоғни уриб талқон қилгандек, шўнғишдан олдин, “Ничик” деб қўяди…

Арим ўққишини битириб, туман газетинда иш бошлади. Икки йил ўтиб, манам карректир бўлиб ишға гирдим. Худдоға шукур, ина шу гунларда хатлар бўлими мудири бўлиб фаолят гўрсатаётирман. Уч қизимиз бор. Арим ният қилғанидейин, уллусини одини Умида, ўртанжисини одини Умидахон, киччисини одини Умидахоним дап, Надеждахониминг одина чолим барсин учин айқаштирдим. Ёмони, сўнгги пайтларда арим билан ўнгишмийдирғон пес одат чиқардик. Ман сўйламасам, дурип билмийман, арим сасими эшитса, гўззи гўрмин қоладурғон бўлди. Тўвба-ҳей, оздирмағайсан, яшийверсанг, дурли-дурлисини гўрар акансан. Арим қизларини жониннанам ортиқ ёхши гўради. Улара, жиллихонаға бориб, акаларингизи тез-тез гўриб дуринглар дасам, “Сасингизи эшитмасак, бориб-галанимизча ўлиб қоламиз”, дайишади. Учоласиям сасиминг хумори, соғ вўлгирлар. Дўрт-баш гун ина шу жоя галиб, дам олиб гидиш учунам сасими магнитапона ёзиб дашлаб қойтдим. Эшитмасалар, бетоб бўлиб қоладилар. Бориға шукур. Сизлари табиб дап айтадилар. Арими тузатип барсаларингиз, ўйларингиза боранларингизча оёқларингиз деггина дўлдир ёзар адим, лекин. Гидса ўн дўлдир гидар, алли дўлдир гидар, бор барака, юз дўлдир гидар. Киссангизинг дўшигиннан душмин қоланлариям едди авлодингиза етиб ортади. Ина, йўлларам очилиётир, нима, ман дўлдири сотин алар адимми…

– Арийинг касалини довоси бор! – деди Қиё жинни охир-оқибат Гулбикани тумшуғидан илинтирадиган жой топганидан суюниб.

Унинг шевада гапираётгани, назарича, эриётганидан далолат эди.

– Нови довоси бор акан? – қизиқсиниб сўради Гулбика. – Духтирлар, довоси ўлим дап адилар-ху. Тўвва-ҳей, машейник-пашейник зот амасмисиз, ишқилиб, мулло?

– Машейник бўлғанимда, қўлимнан на иш галар ади? Бори будинг юз дўллиринг бор акан. Санингдейин тилло ёнинда на вўлибди юз дўллир? Жоним пидо, умрим пидо санингдейин тиллочага! – деди Қиё жинни булбулдек сайраб.

– Арими нишетиб яхши этажоқсиз? Шуни гапиринг, бемаза гап-сўзларингизи қўйинг, мулло! – деди Гулбика эрига даво топилаётганидан ҳайрон бўлиб. – Сиз учун юз дўлдир пул пул амасдир. Алиминан ушлаб гўрмаян бўлсаям, журналистлар учун юз дўлдир катта пул. Сиз арими тузатинг, Комилжон устанинг ашулласи бор-ху, “Етса мол, етмаса жон”, деян. Қолғонини ҳисови чиқади. Балли бўлмаса, бозоркўми райиси Отажанўпдан қарз гўттараман!

– Қулпи санинг иччингда, очари манинг ичимда!

– Ов, жилли-пилли амасмисиз? Нишетиб манинг ичимда бўларакан?

– Нача пулли ишинг бор? Туззатиб барсам бўлдими?

– Бўлди-ов, гулдейин бўларди. Рўзиғори ўзим тортаман, у гўттини босиб, ўя қаравул бўлиб ўтирса бўлғани. Ўлмаса, йитмаса, гўрдан дашори. Қолғанини ўзим бир амаллаб эплайман-ху!

– Иша гиришаверийми?

– Ажаб бўлар ади!

Алалоқибат, қўзғатиб бўлмайдиганга менгзаб кўринган муз ўрнидан кўчиб, Қиё жинни ҳаракатга тушди.

Қиё жинни ўрнидан туриб, Гулбиканинг устига келди.

– Кўзларингизни юминг, журналистхоним! – деди у қўлларини сеҳргарга ўхшатиб ҳавода учираркан. Парво этмаган Гулбика Ленин ҳақидаги афсонасини бошлади. Бўлавермагач, Қиё жинни уни сенсирашга ўтди. – Олақанотга ўхшаб кўпам шақиллайвермасдан жим бўл, дедим, сенга. Бўлмаса, эрингни даволаш фикридан қайтаман.

– Ов! – деди Гулбика. – Даволамасанг, гўри кўҳнага давола. Ўлиб турган жойим йўқ. Ҳуккининг олдига бораман, қарри бўлсаям, зўр даволар эмиш. Дугонам ҳаммасини айтди. Ўзинг билан олиб кел, деган экан, қанжиқ рашк қиляпти.

Қиё жиннининг ичи аламга тўлди. У шу топда, қўлидан келса, Ҳуккини тилка-пора этишга тайёр эди. У шарт ечиниб Гулбиканинг ёнига кирди. Унинг адёли четини кўтаргани далда бўлди шекилли, жанговорлик туйиб, муз қотаётган баданига илиқлиқ югурди. Носини пўлга тупириб, уни ёнбошлатиб, ниманидир қидира бошлади. Гулбикка хижолат тортиб, қўлини сурди. Сўнгра, думи чопилган қанжиқдек отилиб, жон аччиғида илон чаққан эчки каби чинқирди. Кекирдагига чанг солган Қиё жинни ўзини унинг сонлари орасига урди. Кекирдагини қўйиб юборганда, Гулбиканинг боши “шилқ” этиб ёнбошига тушди. Шунда Қиё жиннининг юрагига ваҳима оралади. Унинг бурнини қисиб, оғзи билан ўпкасига ҳаво ҳайдади. Совуй бошлаган елкаларидан ўпиб, “…илтимос, ўлма,” дея жаврашга тушди. Гулбиканинг вужуди жонсиз буюм сингари қимирламасди. Бирон иш чиқара олмаган Қиё жинни қўллари билан бошини чангаллади. Кўзларига қамоқхона эшиги кўриниб, отасиз қолиб кетадиган болаларини ўйлади. Кўзларини ишқалаб, тили остига Сувон бангининг машҳур кул носидан бир чеким отди-да, кафтини кафтига ишқаб, бурнини қоқиб, ҳўнграб юборди. Оғзидан чеккан носи учиб, чиқиб, кўзини юмиб ётган Гулбиканинг юзларига сачради. Кенг дунё бир замон ичида торайиб кетиб, унинг учун ёруғ олам зимистонга айланди. У оғзидан оққан носга қоришган сўлагини кафти орқаси билан артаркан, қўлини Гулбиканинг устидаги кўрпага суйкади…

У уч ёшидан нос чекишни одат қилганди. Нос бўлмаса, ўзини оловга ҳам отадиган Ҳукки, унга нос чекишни атайлаб ўргатган эди.

– Ҳанг, сиза на вўлди, мулло! – деган Гулбиканинг овозини эшитгач, у бўйи баравар учиб тушди.

Кафтлари билан юзларини артаётган Гулбика, юзига Қиё жинни ўпганда нос илашган деб ўйларди.

– Энангники бўлди! – деган Қиё жинни баттар қўрққанидан қотиб қолганди.

 Қўлларини Қиё жинни каби устидаги кўрпага суйкаган Гулбика қолган жойидан ҳикоясини давом эттирди.

…Доҳий қора нондан сиёҳдон ясаб, сиёҳ ўрнига сут қуяди. Жимжилоғининг тирноғини сиёҳдонга ботириб, мактуб битади. Ҳар сафар хатни қамоқхона бошлиғи ўз қўли билан Надеждахонимга олиб борарди. Доҳийнинг Надеждахонимга оқ қоғоз жўнатишдан муроди нелигини у тушунмасди. Тўрт сўм пора унинг кўзларини боғлаганди. Битикни Надеждахоним кўзини нурини тўкиб, бошқа қоғозга кўчиради. Канвертга солиб, палавўй пўчта орқали патпўляга чекинган камунистларга жўнатади. Пашша қўриб ўтирган ўртоқлар фармони олийни олгач, жонланадилар. Пралетарларга хушхабар етказиш учун дунёнинг тўрт буржига оқ кабутарлар мисоли учадилар…

Қўрқувдан кейинги шодлик Қиё жиннининг шаҳватини баттар қўзитди. У ўзини юз йил зиндонда ётиб озодликка чиққан кимсадек ҳис эта бошлади. Торайган дунёси кенгайиб, зулматга ботган борлиғи ёришиб кетди. Хумори қўзиб, тилининг тагига яна бир отим нос ташлади.

…бир гал доҳий Надеждахонимга ишқий мактуб битаётганда, тиш-тирноғигача қуролланган жандармлар темир эшикни қўпориб, қўққисидан камерага бостириб кирдилар. Улкан иқтидор ва мислсиз тафаккур эгаси Илич нима қилади, денг. Сиёҳдонга қоғозни ўраб ютиб юборди. Буни кўриб жандармларнинг кўзлари оқиб тушай, деди. Барчалари юрак ўйноқи бўлиб қоладилар. Шунда қамоқхона бошлиғининг дунё матбуоти саҳифаларида “Сиёҳдонга қоғозни ўраб ютган доҳий” номли мақоласи босилиб чиқади. Мақолани ўқиб ер юзининг тенг ярмидан уч баравар кўпроғи, ўйлаб ўтирмасдан, камунистик партия сафларига ўтади. Афсонавий қуролни кўрган очкўз ва юҳо импералистларнинг пайтавасига қурт тушгач, мийиғида кулган Илич, “Етар, бас.., бир қадам олдинга, икки қадам орқага” дейди. “Нима қилмоқ керак?” номли маърифий-мафкуравий, ижтимоий-сиёсий асарини ёзиб ташлайди…

– Асалатим, шакалатим, илтимос! – деди қора терга ғарқ бўлган Қиё жинни оғзидаги носни тупираркан. – Хаёлимни бузяпсан…

– Мулло, қизиқ жойига энди келдим! – деди у ҳам. – Бир кечамга чидаш беролмаяпсиз. Эримнинг отасига минг раҳмат, неча йиллар чидади.

Қиё жинни чорасиз эди. У аламидан яна оғзига кафтини қопқоқ этиб, янгидан нос ташладида, деразадан шоғолникига ўхшаш кўзлари билан тунги чироқлар ёритиб турган ҳовлига боқди. Шунда токчада турган тангаларга кўзи тушиб, мияси ишлаб кетди. Чўзилиб, улардан бирини олиб, Гулбиканинг тилининг тагига қўйди. Кафтини оғзига босди. Типирчилаган Гулбика бирпасдан сўнгра тинчиб, унинг юз-кўзларидан силаб-сийпалади. Елкаларига юзини босиб, ором олди, дамини ичига ютиб унга суйкалди. У шу чоққача бунақанги ҳаловат туймаганди. Қиё жиннининг ўрнида эри бўлганда у ҳикоясини тўхтатмасди. Эри эса ҳар гал мияси ачиб, ҳушини йўқотар, “Доҳий ўлмаган” дея, алжирашни бошларди. Ҳар сафар туғишганлари эртаси кун уни жиннихонага олиб бориб ташлардилар.

 Гулбика гапириб қўйиб оғзидан тангани туширмаслик учун тишларини қисди. Қочиб кетадигандек, Қиё жиннини бағрига босди. Қиё жинни ҳам ҳайвоний ҳирс билан инсонийлик орасида масофа борлигиги пайқай бошлаганди. У хотини билан ҳайвонлар каби алоқада бўлгани боис, инсоний лаззатни авваллари бу қадар теран ҳис қилмаганди. У англаб бўлмас ҳислар ичра лаззат туйгач, руҳиятида аллақандай илгари кўрилмаган ёруғлик пайдо бўлди. Кўнгли равшан тортди. Барчасига Гулбикани сабабчи деб ўйларкан, хотинидан ноўрин ўпкалади. У ўзидан нуқсон излаши лозим эди. Аслида Гулбика иккаловлари бироз инсонларга хос тийилиш орқасида бир дамга ойилгандилар, холос. Бу рисоладаги кимса учун ҳеч нарсани англатмасди. Тутақсалар, улар барчасини унутардилар.

Аслига қайтаётган Қиё жинни Гулбикани ўзининг зўр табиб эканлигига ишонтириш учун чора қидиришга тушди. Унинг қувонишига сабаб йўқ деб айтиб бўлмасди. Келажакдаги омадли юришларини таъминлайдиган ушбу лаҳзалар уни Гулбиканинг лабларидан сўришга мажбур этди. У умрида илк бор инсон билан ҳайвоннинг фарқига бораётганди.

– Оғзингни оч, лўлакини бер, гўзалим! – деди у оғзида нос, феълига хос бўлмаган юмшоқлик билан.

– Лўлакининг ҳази бошқача бўларкан, мулло. Нима, бу нарсанинг оти лўлакими? – деди Гулбика энди тил чиқазаётган боладек ҳижжалаб. – Носни кайфи ҳам шунақа бўладими?

– Шунақа бўлмаса, нос чекармидим? Лўлакини илгари эшитмаганмисан? – деб сўради Қиё жинни “лўлаки” деган сўз оғзига қаердан келганига ўзи ҳам ҳайрон, Гулбиканинг тангага кўзи тушмаганига ишончи комил бўлиб. – Бу зормандани Мўлтонистондан  олиб келишади. Қўлимга теккач, филягага солиб қудуққа ташлайман. Қирқ кеча-кундуз тинмай ўқиб, қудуқ бошида туриб дам ураман. Шундан кейин лўлаки маккораликлари билан ерни ўқи атрофидан чиқариш салоҳиятига эга аёлларга таъсир ўтказадиган самовий кучга эга бўлади. Уни белгиланган муддатдан ортиқ тил остида ушлаб бўлмайди. Соқов бўлиб қолиш ҳеч гапмас.

– Шунақаси ҳам бўлганми? – дея Гулбика оғзини очди. Қиё жинни бармоғи билан тангани илиб, рўмолчасига ўрагач, шимининг чўнтагига тиқиб қўйди. – Гапиролмай қоладиганларга ҳам даво бордир, мулло?

– Бор, ажалдан бошқасига даво топса бўлади! – деди Қиё жинни адёлга қайтиб кираркан. – Ҳукки мулло оғзига тупурса ҳар қандай кимса ўнгланади. Сайроқилиги аввалгилардек бўлмаса ҳам, сўзларни бир амаллаб гапира олади. Бироз ақлу ҳушини йўқотади, холос.

– Ленин ҳақидаги ҳикоялардан кўра менга шуниси кўпроқ маъқул бўлди! – деди Гулбика унинг бўйнидан қучоқлаб, лабларидан чўлпиллатиб ўпаркан. – Шундай маза турганда ақл-ҳушни бошимга ураманми? Йигирма йил ҳаз этганим бир ёна бўлди, бу бир ёна бўлди. Мулло, жонимни суғурдингиз, қойил-ҳей!

– Доҳий ҳақидаги ҳикоялардан бу қизиқарлироқми? Негадир унинг номини қулоқларим эшитмаяпти!

– Туғилганимизда унинг номини айтиб танглайимизни кўтарганлар. Ҳаётда шу важдан бошқа руҳий далда берадиган, суянадиган нарсанинг ўзи йўқ. Хўш, нима қилиш керак?

– Илтимос, мени мулло деб чақирма! – деди Қиё жинни. – Мулло десанг, мени ҳамма Ҳукки мулло билан алмаштиради.

– Ўзим ҳам шуни ўйлаб тургандим. “Қиё табиб” сарлавҳаси остида газетимизда мақола эълон қиламан. Буёғига сизни ҳеч ким мулло деб чақирмайди…

Тонг отмасдан ўғри мушук каби хонадан пусиб чиққан Қиё жинни ярим кечада Гулбиканинг олдига кириб келди. Тик оёқда кутиб турган бечора уни қучоқлаб, бағрига босди.

– Соғинганимдан ўлар ҳолатга келдим! – деб йиғлаб юборди.

– Менчи, мен?! – деди Қиё жинни овози титраб. – Мен соғинмадимми? Ҳароми Ҳукки қўйиб юборса…

Улар қирқ йиллик эр-хотинлар сингари бир-бирларини пинжларига олдилар. Қиё жинни уни рисоладаги эр каби “сен”сираб, у андомли хотинлардек Қиёни “сиз-сиз”ларди. Икки тийинлик мис тангани Қиё жинни обдон эговлаб, олтиндек ялтиратгач, рўмолчасига ўраб, чўнтагига солиб қўйганди. У Гулбикани куйиктирмоқчи эди. Қовушиш учун ўлиб-тирилаётган эса-да, ишни оғир-босиқлик билан пишитмоқчи бўларди.

– Қиё табиб, келинг, жонгинам, тезроқ! – деди Гулбика. – Ҳидларингизни соғиндим, ўлиб қоламан ҳозир…

– Оғзимдаги нос эрисин, бироз суҳбатлашайлик, жоним! Доҳий Ленин ҳақидаги ҳикояларингни эшитгим келяпти.

– Ўлиб кетсин ўша доҳийсиям, Иличиям, Маркси билан Энгилисиям. Филисқулининг тилининг тагига чечаклар, Сталиннинг орқасига чирваклар чиқсин. Кун бўйи хаёлимдан кетмадингиз. Ленинни ўйламапман ҳам денг. Бошимнинг ғувуллашлари тиниб, қулоқларимга ҳар хил шовқинлар эшитилмайдиган бўлди. Кўзларим қум тиқилгандек ачишиб азоб берарди. Бинойидек очилиб, яхши кўрадиган бўлиб қолди.

У тонг отгунча лўлакини тилининг тагига босиб ётди. Бир оғиз ҳам сўз айтмади. Гапирса Қиё жинни ташлаб қочадигандек, унинг саволларига жавоб ҳам қайтармади. Қиё жиннининг ҳам гапиргиси келиб, ичи ёнса, нос чекиб хуморини ёзди.

Лўлаки туфайли у йигирма йилга яшаргач, туман газетасининг биринчи саҳифасида “Қиё табиб” номли мақола босди. Қиё жиннининг оғзида нос, кулиб турган сурати мақоланинг таъсирчанлигини орттирди. Мижозлар чумоли каби ёғилиб келгач, Ҳукки унга алоҳида ишлашга рухсат берди. Гулбика ўз ишини ташлаб, Қиё жиннининг хизматига ўтиб олди. Ҳуккининг дастёрлигини сухандон қиладиган бўлди. Қиё жинни икки тийинлик тангалардан ҳафтасида юзларчасини силлиқлаб, лўлаки ясаб сотарди. Сиҳат талабида келган ҳар бир эчкичакак аёлни ўқиб, дам ургач, тилининг остига лўлаки қўярди. Эвазига йигирма беш рубл ундирарди. Пулни чўнтагидан зўрға чиқарадиган мижозлар, бунақа табибни елкамни чуқури кўрсин, дея кетиб қолардилар. Аммо орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан, сиҳат топиб, икки букилиб қайтиб келардилар. Шунинг учун ҳам унинг донғи етти иқлимга ёйилди. Мишмишлар унинг жирканч номини афсонага айлантираёзди. Икки тийинлик тангани икки ярим минг марта қимматига пуллаётган фирибгар, ўша кунлардан бошлаб, Ҳуккининг ортиқчалик қилаётганини ҳис этди. Бу дард Қурёзагулники билан қўшилиб, унинг кўзларини кўр қилди. У Ҳуккини йўқотиш пайига тушди. Қурёзагулга ширникиб, онасини ажалидан беш кун олдин ўлдирган Ҳукки унинг ёруғ оламдаги биринчи рақамли душманига айланди.  Бу иш амалга ошиши учун оз эмас, кўп эмас, икки йилга яқин вақт кетти.

Машъум режанинг амалга ошиши тафсилотларини бироз ортга суриб, ҳикояни қолган жойидан давом эттирсак…

[1] Сармалаб – пайпаслаб.
[2] Бодоқ – боғни оралаб ўтган кичик ариқча.

(Давоми бор)

islomxolboy.blogspot.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort