Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Олтин ҳақида нималарни биламиз?

Олтин ҳақида нималарни биламиз?
07 Şubat 2019 - 10:00 'да юкланди ва 727 марта ўқилди.

Олтин минг йиллардан буён бойлик, молиявий қудрат рамзи бўлиб келмоқда. Олтин инсоният тараққиётининг янги босқичи – металлар эрасини бошлаб берган, деб ҳисобланилади. У жуда нодир ва қимматбаҳо металлдир. Шунинг учун айнан ундан тўлов воситаси сифатида фойдаланила бошлангани бежиз эмас. Археологлар Болгариядаги Варна некрополидан эрамиздан 4600 йил аввал тилладан ишланган қадимий буюмларни топган. Шумер тамаддунига оид бир неча минг йиллик тилла тақинчоқлар ҳам тарих довонларидан ўтиб, бизгача етиб келган. Улар инсоният кўплаб асрлардан буён олтин билан муомала қилиб келаётганидан дарак берадиган шу турдаги энг қадимий топилмалардир.

Олтин тарихи

Олтин узоқ ва мураккаб тарихга эга. У илк даврлардаёқ бойлик тимсоли ва қудрат кафолати бўлган. Бу қимматбаҳо металл қадимий тамаддун ва маданият ўчоқларининг емирилишига, бутун-бутун халқларнинг қирилиб кетиши сабабчисидир. Зеро, бизнинг замонамизгача бу кўҳна замин неча минг урушларни кўрмади дейсиз. Мазкур урушлар учун баҳоналар ҳам қанчалик минг турли бўлмасин, барчасининг асл мақсади барибир бойлик эди. Шунинг учун кўп олтинга эга бўлиш қанчалик муҳим ва обрўли ҳисобланмасин, шунчалик хавфли ҳам эди. Масалан, ўз даврининг энг бой давлатларидан бири бўлмиш Миср олтини аввалига оссурийлар, сўнг эса форслар, юнонлар, охир-оқибат римликлар қўлига ўтиб кетган.

Au – олтин формуласи

Турли мамлакатларда олтин турлича номланган. Мисрда у “нуб”, Месопотамияда “хурешу”, қадим герман халқларида “гело” (немис ва инглиз тилларидаги “гольд” сўзи шундан олинган), яъни “сариқ” деб аталган.

Алкимёгарлар олтин учун ўнлаб номларни ўйлаб топган. Уларнинг аксариятида олтин номи қуёшга боғлиқ ҳолда келтирилган. Шунинг учун олтиннинг алкимёвий белгиси қуёшни эслатувчи белги – ўртасида нуқтаси бор доира шаклига мос келади.
Олтиннинг умумэътироф этган, Менделеев даврий жадвалида келтирилган Au кимёвий белгиси лотинчадаги “аурум” сўзидан олинган. У “сариқ” деган маънони билдиради ва сўзсиз мазкур металлнинг сариқ ранги билан боғлиқ.

Олтинга ишлов бериш жуда осон. Уни шундай даражада юпқалаштириш мумкинки, ҳатто орқасидаги нарсаларни кўрса бўлади. Тилланинг бундай хусусияти уни заргарлар учун энг муҳим материалга айлантирди. Ғайриоддий ташқи барқарорлиги, яъни ҳавода оксидланмаслиги, мавжуд кислоталарнинг аксариятида парчаланиб кетмаслиги ўтмиш олимларининг уни энг мукаммал металл – металларнинг шоҳи, деган тўхтамга келишига сабаб бўлган.

Кўплаб халқларда “олтин қўллар”, “олтин сўзлар”, “қора олтин” каби тушунчалар мавжуд. Ўзбеклар эса пахтани “оқ олтин” деб атайди. Олтин нодир қадр-қиммат рамзи сифатида мақол ва маталлар, эртак ва қўшиқлардан жой олган. Жамият учун фойдали бўлган улкан ютуқлар, спортдаги энг юксак натижалар олтин медаллар билан баҳоланиши сабаби ҳам шудир.

Олтин изидан

Инсоният олтиннинг қанчалик қимматга эгалигини англаб етганидан сўнг олтин излаб бормаган жойи қолмаган. Илк олтин бу қимматбаҳо металлга бой қумликлар, дарё ирмоқларидан олинган. Узоққа бормайлик, юртимизнинг Зарафшон дарёси ҳавзасидан қадимдан тилла олингани ҳақида маълумотлар бор.

Йиллар ўтиб, йирик-йирик олтин конлари очила бошланди. Масалан, 1471 йилда ҳозирги Гана ҳудудида, кейинроқ Мексика, Чили, Перу ва Бразилияда, 1745 йилда Уралда, 1823 йилда Канада ва АҚШда, 1851 йилда Австралияда, 1884 йилда Жанубий Африка Республикасидаги конлардан олтин қазиб олиш ишлари кенг кўламда бошлаб юборилган.

Бу даврга келиб дунё олтинни пулнинг эквиваленти сифатида тан олиб бўлганди. Шунинг учун уни янада кўпроқ қазиб олиш ишлари авжига чиқиб бораверди. 16-асрда дунё бўйича жами қарийб 763 тонна олтин қазиб олинган бўлса, 19-асрга келиб бу кўрсаткич 11616 тоннага етди.

Шу кунгача инсоният бутун тарихи давомида қазиб олган олтин миқдори турли манбаларда турлича келтирилади. Баъзилар бу кўрсаткич 200 минг тоннага яқин, деб ҳисоблайди. Агар бу миқдор олтин бир жойга йиғилса, бор-йўғи ҳар бир томонининг узунлиги 20 метр келадиган кубга жо бўлади.

Олтин қандай олинади?

Табиатда олтин соф ҳолда учрайди. Тоғ жинсларида у фоизнинг ўнлаб миллион улуши миқдорида мавжуд. Океан сувларида ҳам тилла бор (турли концентрацияда, бир тонна сувда 65 мг. гача). Табиий ҳолатда олтин турли шаклдаги заррачалар кўринишда учрайди ва аксарият ҳолларда уларнинг усти бошқа металлар оксиди ёки сульфидининг юпқа қатлами билан қопланган бўлади. Айрим ҳолларда йирик соф олтин ҳам учраб туради. Оғирлиги 112 кг.гача келадиган соф олтинлар топилгани ҳақида кўплаб маълумотлар тарқатилган.

Олтин рудалардан ажратиб олинади. Одатда олтин мис ва полиметалл рудаларида аралаш ҳолда кўп учрайди. Шунинг учун бундай конлардан олтин билан бир қаторда бошқа металлар ҳам олинади.

Олтинни саноат усулида олиш жараёни қимматбаҳо металлни ундаги турли-туман бирикмалардан ажратишга асосланган. Оддий, ибдидоий усулда тилла олиш усули эса минг йиллардан бери қўлланилади. Тиллага бой қумларни сув билан ювиш орқали қимматбаҳо металлни ажратиб олишда шу усулдан фойдаланилиб келинган. Бизнинг замонамизда ҳам якка тартибда, кўпинча ноқонуний равишда тилла олишда мазкур усул қўлланилмоқда. Қум сувда ювилганда олтиннинг оғир зарралари пастга чўкади ва аста-секин турли аралашмалардан алоҳида ажралиб қолади.

Олтин бугунги кунда

Олтин илинжида одамлар дунёнинг энг узоқ ва бориш қийин бўлган ҳудудларини ҳам забт этди. Бу жараёнда кишиларнинг феъл-атвори, давлатларнинг ўзаро муносабатлари кўп бора синовдан ўтди. Мазкур жиҳатлар кўплаб бадиий адабиётларда ўз аксини топди. Хусусан, Жек Лондоннинг асарларини ўқисангиз, олтиннинг кишилар муносабатларига қай даражада кескин таъсир этишига гувоҳ бўласиз.

Бугунга келиб дунё миқёсида олтин васвасаси анча босилган бўлса-да, у ҳали ҳам ўз таъсирини йўқотгани йўқ. Гарчи сўнгги вақтларда ер юзида олтин конларини топиш анқонинг уруғини қидиришдек қийин иш ҳисобланса-да, бу қимматбаҳо металлга бўлган эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Айниқса, фазовий тадқиқотлар, тиббиёт, электроника ва саноатнинг бошқа тармоқларида ундан фойдаланиш тобора кенгайиб бораётир.

Шунингдек, дунё молиявий бозоридаги беқарорлик кўпгина давлатларни ўз олтин захираларини бойитиб боришга ундамоқда. Демак, инсоният тараққиётининг ҳозирги энг юқори босқичида ҳам бу қимматбаҳо металл жаҳонда ўз таъсирини ҳали-бери йўқотмайди.

“Менинг мулким” газетасидан олинди

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort