Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Инсоннинг ақли бовар қилмас ҳодисалар рўй бераётган эди

Инсоннинг ақли бовар қилмас ҳодисалар рўй бераётган эди
08 Şubat 2019 - 8:00 'да юкланди ва 667 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

Феълим менинг, аъмолим менинг… 

Субҳаноллоҳ, бу не нафси лаим,
Нафсни қўйгил, не азоби алим.
Рўзи учун мунча фусунсозлиқ,
Мансаб учун мунча дағобозлиқ.

Алишер Навоий

Тўққизинчи боб

Етти ухлаб тушига кирмаган воқеалар Тарғилнинг бошини гангитди. Бир ағанаб одамга айланса, барчасини унутади. У итлик дунёсида кўрганларини хотирасида сақлашга бекорга уриняпти. Қурёзагул шамоллаш учун чиқмаганда, у яна нима хаёллар билан андармон бўларди, Тангрига аён. Уни кўриб ўйлари увадаси чиққан човутдек тўзғиди. Қурёзагул ҳам турган жойида қотиб қолди. У келин бўлиб тушганидан буён ҳовлига бегона ит ёки мушук йўлаганини кўрмаганди. Қушларнинг безбети зағизғон билан майна Қоратумшуқнинг овозини эшитса, потиллаганча учиб қочарди.

Тарғил аёлнинг кўзларига одамники сингари ўртаниб боқди.

– Тур, йўқол, кўзлари тешилгурнинг нигоҳи одамни кўксини тешади-я! – дея у кўппакка дўқ урди.

Тарғил дўқ-пўписани писанд этмади. Ерга кўксини босиб, думини ликиллата бошлади. Бева қайтиб хонага кириб, очиқ деразадан бошини чиқарди-да:

– Қоратумшуқ, Қоратумшуқ! – дея итини чақирди. Жавоб бўлмагач, уни ваҳима босиб, дераза токачасига кетини қўйди.

 Руҳиятини аллақандай ҳислар қамради. Ҳукки тириклигида ўнлаб хизматкорлар елиб-югурадиган ҳовлида эндиликда Асадбекдан бошқа ҳеч ким қолмаган, у ҳам ҳозир қайгадир ғойиб бўлганди. Чақирса, ҳаллослаб ҳуриб занжирига чиранадиган Қоратумшуқнинг миқ этмаслиги ҳаммасидан ажабланарли эди. Ҳеч нимани тушунмаган Қурёзагулнинг кўзларида кенг ҳовли торайиб кетди. Супадан бир қулоч пастдаги отиз мурдани ютишга чоғланган гўрга ўхшарди. Ўртасидаги лойхандақ лаҳатнинг ўзи эди. У шунда занжирини узган Қоратумшуқни кўрди. Ит девор панасидан уни кузатарди. Нимадандир ҳайиқаётгани милтираётган кўзларидан билиниб турарди.

– Қоратумшуқ, Қоратумшуқ… Бос-бос! – дея у итни Тарғилга тезлади.

Аёл ўз итини кўриб суюниб кетганди. Қортумшуқ думини кетига сиққач, шодлиги ичига чўкди. У Тарғилга совуқ боқиб, “Қоратумшуқ мана шу муштумдек кўппакнинг нимасидан қўрқади”, деб ўйлади. Жавоб тополмагач, токчадан ирғиб тушиб, қўлига супурги олди. Эшикдан чиқиб, важоҳат билан унга ташланганди, бир депсиниб, ўзи сариқ қанжиққа айланди. Тарғил қулоқлари ва думини динг қилиб, ўрнидан ирғиб турди. Унинг атрофини айланиб, думини тагига тумшуғини тиқди. Димоғи яйраб, супада ўйноқлаганча югура бошлади. Қанжиқ ирғишлаб, уни қучоқлаб олди, тантиқланиб, ерга ағанади. Тарғил унинг кўксига кўксини босиб, қулоқлари ва тумшуғидан енгил тишлади. Ийиган қанжиқ бошини тиклаб, унинг юз-кўзларини ялади. Шу пайт қайдандир бегона итлар галаси ҳовлига бостириб кирди. Инсоннинг ақли бовар қилмас ҳодисалар рўй бераётган эди. Улар Тарғил билан қанжиқни ўраб олдилар. Йирик ва баджаҳил Арлон[1] ўртага ажралиб чиқди. Тарғилни кўкраги билан уриб, қанжиқнинг устидан учириб юборди. Оёқларини кўтариб, ётиб олган қанжиқни ҳидлаб, ялаб-юлқади. Бунинг нималигини яхши биладиган Қурёзагулнинг итлик олами ёришди. Ҳукки тирилиб, Шохдор Такаев тимсолида қабридан чиққандай туюлди. Арлон ҳақиқатан итлиги юзага қалққан Шохдор Такаев эди, қобон – Арлонга дўнганди. Қанжиқ адашмаганди. У донгдор раисни итлар галасига айланган бригадирлар ва ҳисобчилар олдида бебурд қилди. Жон-пони чиққан Тарғилнинг ғазаби қўзиди. Ириллаганча ўрнидан туриб, унинг устига бостириб борди. Уни назар-писанд қилмаган Арлон ўзини қанжиққа кўз-кўз этадиган пайт келганини англади. У Тарғилни кўкраги билан чунонам урдики, бахтиқора ит ҳовли ўртасидаги лойхандаққа бориб учиб тушиб, ҳушидан кетди…

У ўзига келганда борлиқда юракни сиқадиган сокинлик ҳукм сурарди. Кўкни сон-саноқсиз юлдузлар қоплаб, ой фонусга айланган кемадек осмонда  сузиб юрар, тун шаҳвоний жомни оташи билан тўлдирган шаробдек масрур эди. У тармашиб зўрға супага чиқди. Итлар ҳалқа қурган эдилар. Ўртада ётган сариқ қанжиқ билан Арлон бир-бирлари билан чатишгандилар. Буни кўриб Тарғилнинг ичидан бир нима узилгандек бўлди. Кўзларидан оққан ёшлари ёноқларини куйдирди. Сариқ қанжиққа айланган Қурёзагулнинг сассиқ қобон билан қовушгани унга алам этди. У Арлон билан қанжиқни иҳоталаган итлар орасидан ёналаб ўтди. Сўйлоқ тишларини кўрсатганча чираниб ириллади. Арлоннинг хаёлни ўғирловчи шаҳвоний ҳидидан маст қанжиқ унга олмос сингари кескир тишларини кўрсатди. “Пуф, сассиқ”, дегандек бурнини жийириб, ўқрайиб қўйди. Ўзини камситилган ҳис этган Тарғил ўйламай-нетмай Арлонга ташланди. Бундай ҳаракат итлик қонун-қоидаларларга зид, илашганларга озор бермаслик итлик оламининг олижанобликларидан энг юксаги ҳисобланарди. Ер юзида қонунларни топташ ва оёқости қилиш бўйича инсонга тенг келадиган жонзод йўқ эди. Ўзлари ўрнатган қонунлар тугул, улар Аллоҳ томонидан азалда тадбиқ этилган қонунларга ҳам сурункали тажоуз этардилар. Сиғинадиган чўққилари топталган итларнинг ор-номуслари қўзғалди. Улар Тарғилга бало-қазодек ёприлдилар. Унинг вужуди гаширдек[2] тўғралиб, бутун териси қонига бўялди. У жонининг борича акиллаб, ғинший бошлади. Шунда устидаги итларнинг пойтеша дамига йўлиққан тарашадек ҳар томонга учаётганини илғади. Қоплондек ташланиб, уларни сочиб ташлаган ит  Қўзи Шишакдан бир умр жабр тортган Қоратумшуқ эди. Ҳамлага дош беролмаган итлар жон сақлаш илинжида дуч келган ёққа қочардилар. Навбат Тарғил етганда, у сўйлоқ тишларини иржайтириб орқага чекинди. Остонага чиқиб, Ҳуккининг кавушига тумшуқ босиб  ётиб олди. Шунда Тарғил, Ҳукки туфайли омон қолдим, деб ўйлади. Қоратумшуқнинг еб қўйгудек ириллаб, кўзларини кўзларига қадаганини хаёлидан ҳайдашга уринаркан, уч сониянинг йилларга тенг бўлганини ўйлаб, думини чотига сиқди. Барчаси Қурёзагулнинг хиёнати орқасидан қўзғалган ор-номус туфайли эканлиги хаёлига келмади. У итлик садоқатини унута бошлаган, ўзини Ҳуккининг руҳ-арвоҳи қўллаганига ишонарди. Одамийлик ҳислари баланд келиб, ичига шайтон кирганди… Итлик шууридан айрилмаганда, у сариқ қанжиқнинг ҳали қабри совумаган Ҳуккига қилган хиёнатини англарди. Итлик расмини қойиллата олмаган Қўзи Шишакнинг депсиниши одамийлик қусурларига бориб тақаларди. Одамийликни ўринлата олмаган кимсанинг қўлидан ҳақиқий итлик ҳам келмасди.

Бекасининг енгилтаклиги Қоратумшуқнинг кўзини қонга тўлдирди. Шу сабаб, у Ҳуккининг шаънини ҳимояга этишга чоғланди. Бундай пайтда Қўзи Шишак тугул, кўзларига Азроил кўринганда ҳам у итлик бурчини адо этишдан тоймасди. Бироқ итлик қонунларини топтаб Арлонга ташланишга юраги бетламади. Аламини бошқалардан олди. Тилка-пора бўлишига бир баҳя қолган Тарғилнинг ҳезалаклиги унинг ҳафсаласини пир қилгани ҳам рост эди. Қўрқиб юриган кимсасининг пасткаш ва юраксизлиги ҳаётга қарашларини бир лаҳза ичида ўзгартириб юборди. Тукига арзимаган одамдан бир умр ҳайиқиб яшаганини билгач, қалбида исён турди. Нафсоният нафратга айланиб, у ўзининг олдида масхара бўлди. Бундан даҳшатлиси йўқ эди.

 Тарғил Қоратумшуққа кўз қирини ташлади. Унинг кўз ёшлари юзларини ювиб, кавушга оқиб тушарди. Бу пайт тонгдан дарак берувчи қушлар чуғури сукунатга ҳужум бошлаган, кўкда юлдузлар ўчганди. Тан-бадани совуқ елдан жунжиккан қанжиқ, илашгани етмагандек, Арлоннинг пинжига тиқиларди. Қоратумшуқнинг индамаганидан Арлоннинг димоғи осмонда эди. У ҳалиям қўрқиб-қақшаётган Тарғилга менсимаслик назари билан разм соларди. Ҳуккининг бевасига илашиши унинг назарида Иккинчи жаҳон урушидаги Қизил империянинг ғалабаси билан тенг эди. Чўтича, бу мувафақият бундан кейинги ҳаёт йўлларида мансаб пиллапояларини ишғол этишида асосий омил бўларди.

Кўп фурсат ўтмади. Узоқ-узоқлардан жуфтидан адашган сассиқпўпишакдек яккаш турнанинг “қур-р-ей, қур-р-ей”лаб келаётган товуши қулоққа чалинди. Бу турнанинг Ўғилой Чўвиш эканлигини Тарғилдан олдин Арлон англади. У сапчиб турганда, қанжиқнинг орқа оёқлари ердан узилиб, тумшуғи ерга тиркалди. Ўзини ўнглай олмагач, қанжиқ жон аччиғида ғиншиб юборди. Жаҳли чиққан Арлон уни тишлаб, тупроққа булғади. Шу пайт яшилбош турна Ҳуккининг ҳудудларидан учиб ўтди. Васвасага тушган Арлон қанжиқни судраб, чел-чаман, паст-тепа демасдан ортидан чопди. У Нусхагулнинг олдига Қўзи Шишакдан олдин етиб бориб, Ўғилой Чўвишни қаршиламоқчи эди. Улар шунга келишган, бу “ғоя” Нусхагулдан чиққанди. Бу калхўз раислигига даъвогарлик дегани эди. У шу йўл билан Ўғилой Чўвишга ўзидаги бошқариш лаёқати амалдаги раҳбарникидан юқорилигини кўрсатмоқчи эди. Мансаб пиллапоялари олдида сариқ қанжиқ кўзига чивинча ҳам кўринмас, оёқлари остида қолиб ўлиб кетиши уни заррача қизиқтирмасди. Тарғилнинг, “Уйимга оёқ боссам, Тарғил отимни Қўзи Шишак қўяман”, дея ичган қасамидан у бехабар эди. У қанжиқни судракларкан, орқасидан отнинг дупури эшитилди. Хўжайини деразадан учиб киргач, отга айланган хизмат машинаси ён-атрофда бировни кўрса, тишлаб-тепарди. Маймунга айланган ҳайдовчи эса осмондан қуш учса, уриб туширарди. Кечикса ичкарига кира олмаслигини билган Арлон қанжиқнинг ўлган-йитганига қарамасди. Етиб боргунча қанжиқ киндигидан узилмаса, у шу ҳолда ичкарига киришни мўлжалларди. Яшилбош турна бу гал Қўзи Шишакка қўшиб Нусхагул, Шохдор Такаевни муҳорабага тайёрлаб турипти, деб ўйларди. У “Рухсатимсиз иш қилганларни кечирмайман, авобошларни қамоқда чиритаман”, дея қаттиқ танбеҳ берганди. Қўзи Шишакнинг кўппакка айланиб қанжиқнинг думининг тагини искаб юргани Шохдор Такаев учун айни муддао эди. У устамонлик этса, Ўғилой Чўвишнинг ишончини қозонарди. Қанжиқ узилиб қолмаса, режанинг чипакка чиқиш эҳтимол ҳам йўқ эмасди. Шунақа бўлса, бошқа баҳона топишига тўғри келарди. У ўзини захкашга отганда, бахти чопиб, мўъжиза рўй берди. Қанжиқ юлғуннинг шохига илиниб, узилиб қолди. Қобонга айланган Арлон пахтазорга уриб кетди. Ҳушидан кетган қанжиқнинг ярми сувда, ярими қирғоқда эди. Ҳаллослаганча изма-из келган Тарғил бир ағанаб Қўзи Шишак суратига кириб, Қурёзагулга айланган қанжиқни кўтариб олди. Унинг тилинмаган, шилинмаган жойи қолмаганди. Бу аҳволда унинг тирик қолиши даргумон эди.

…Қоратумшуқ остонасида тумшуғини кавушга босиб ётган хонада Ҳукки болалигидан ётиб турарди. Уйлангач, у ён томондан Қурёзагулга замонавий услубда янги ётоқхона қурдирди. Қурёзагул “Жалабхона” деб атайдиган, кўпгина воқеа-ҳодисаларнинг тилсиз гувоҳи бўлмиш ушбу хонани жинсий бузуқликлар солномаси битилган тарих китоби деса бўларди. Жараён Ҳуккининг охирги марта сафарга чиқиб келган кунларигача давом этди. Қўзи Шишак қизил қонига бўялган бевани ётоқхонасига кўтариб кирди. Ковушга тумшуқ босиб ётган Қоратумшуқ, уларга қайрилиб ҳам қарамади. У кўзларини чирт юмганча қилт этмасдан ётар, ҳиссиз ҳайкалдан авло жойи қолмаганди. Қурёзагул ҳеч замонда тўшагини йиғиштирмасди. Уни бахтсиз ошиқ авайлаб жойига чўзилтираркан, бу ёғига нима қилишга ақли етмади. Бригадирликни хотинининг йўл-йўриғи билан эплаган хумкалла раисликни Ўғилой Чўвишнинг кўрсатмаси билан амал-тақал этарди. У Қурёзагулни Фаридуннинг “Баҳорий” чодиридек келадиган катта кўрпа билан бостиргач, қўл қовуштирганча қаққайиб тураверди.

Орадан ярим соатлар ўтиб, яшилбош турнанинг “қур-р-ей, қур-р-ей”лаган овози таралди. Турна очиқ турган эшикдан ичкарига учиб кирди. У қанотларини йиғиб улгурмаганди, патлари тўзғиган курк товуқ чақоқлаб, қулоқларни қоматга келтирди. Унинг ортидан хонани тўлдирган, ҳали ўзининг қораси кўринмаган ёввойи қобоннинг сассиғи димоқларни ёриб юборганди. Мияси ачишган Қурёзагул чучкира бошлади. Яшилбош турна Ўғилой Чўвиш бўлиб, тусланмасдан олдин битта патини юлиб, уни елпишга тушди. Ҳар ёмоннинг бир яхшиси бўлади, деганларидек, қобоннинг шарофатидан ойилган курк товуқ Нусхагулга айланди. Зум ўтмасдан у бир коса сув кўтариб кирди. Қобонлик либосини ечган Шохдор Такаевнинг ҳам неклик қилгиси келди, шекилли, беванинг сув сачраган юз-кўзлари ва кўкракларини қасноғи чиққан ола дўпписи билан артиб, бурнига пуфлади. Кўзлари очилиб кетган Қурёзагул панжаси билан юзини елпиди.

– Нафшатир деганлари шуми? Қуриб кетгур, на бунча сассиқ бўлмаса, ҳозир кўзларим билан миям оқиб тушади! – деди у бурнини жийириб.

Уни ўлади дея юраги така-пука бўлиб турган Қўзи Шишакка тил битди ва:

– Ҳукки буважонимнинг руҳ-арвоҳгиналари қўллади, мулло буважонимнинг руҳ-арвоҳгиналари қўллади. Тили тиконгиналаримиз тегмасин-ҳей! – дея ирғишлаганини ўзи ҳам билмасдан қолди. – Ялиниб-ёлвориб мадад сўраганларим бекорга кетмади. Қиё жиннининг, Ҳукки одам эмас, худо деганлари ҳаққирост чиқди, рост чиқди!

У эҳтиросларининг зўридан миннатдорлигини билдириш учун Шохдор Такаевни қучоқлаб ўпди. Хотинига қайрилиб:

– Хотинжон, суюнчи бер, суюнчи! – деди. – Абутурентлик даври ўтди деб ҳисоблайвер. Сен “Раисчилик” институтининг биринчи босқич талабаси бўлдинг. Буни мен айтяпман, Қўзи Шишак айтган сўзига “атвичат” қилади…

– Қулоғим кар эмас, эшитяпман! – деди Нусхагул эрини жеркиб. – Бизлар учовлашиб битира олмаган ишни битта ўзлари эпладиларми? Кўпакка айланиб, кўзингизнинг очилгани муборак бўлсин. Шоғолнинг ит бўлолмаслигини, шоғоллигича қолишини унутманг, раис бува. Ёввойи қобон сузмаганда, кўппакликни эплай олмасдингиз. У барисини мени рашк қилгани учун амалга оширди.

– Қуллуқ, қуллуқ, қадамларига ҳасанот! – деди хотинига нима деб жавоб қайтаришни билмаган Қўзи Шишак. – Барисини келишиб олган эдик-ку. Аммо тезлаштирган мен эмас, Шохдор Такаев.

Ўғилой Чўвиш Шохдор Такаевга еб қўйгудек бўлиб тикилди.

– Итликда ҳар хил ишлар бўлар экан! – деди бригадир сўлоқмондай келадиган қадди-қоматига ярашмайдиган чийилдоқ овозда. – Қурёзагул қанжиққа айланиб, куйиккач, илашмасдан иложим йўқ эди. Мен қобонбашарани кечиринг, туман ижроия қўмитаси раисаси, ҳурматли ўртоқ, жон опажоним. Онамиздек бўлиб қолгансиз, ахир. Бундай қараганингиздан кўра, одобсиз болагинангизнинг рапидадек қалин юзига тарсаки тортганингиз яхшироқ…

Ўзидан бир қулоч баланд бир кимсанинг қўлига дўпписини олиб, ёш боладек бошини хам қилиб туриши Ўғилой Чўвишнинг кўнглини юмшатти.

– Бундан кейин бунақанги номақулчиликлар қайтарилмасин! – деди у қовоғини уйиб. – Юлғичликлар давом қилаверадиган бўлса, ҳеч кимни аяб ўтирмайман! Сўнгра у нигоҳини Нусхагулга қадади. – Бўладиган ишнинг бўлгани яхши. Кўпам диққат бўлаверма, ойнониб кетай, гиргиттон. У “Партшкола”га ўқигани борганда “ойнониб кетай, гиргиттон” деган икки оғиз тошкентча лаҳжани ўзлаштирганди. – Саъй-ҳаракатлар охири барибир шундай якун топарди. Ёшларнинг ўзлари келишган эканлар, бахтли-тахтли бўлсинлар. Сен билан менинг чизиғимдан чиқмасалар, уларнинг кўнгилхушликларига монелигимиз йўқ. Шохдор Такаевга келсак, у “Учлик иттифоқи”га ҳақиқий аъзо бўлиш учун муносиб номзод эканлигини бир неча бора исботлади. У бўлмаса, бугун барчасидан бехабар қолардик. Писмиқ эринг енг ичида иш битирарди. Сасимай ўлгур Шохторвойнинг куч-ғайрати ичига сиғмагач, қувватини жойини топиб сарфлайдида. “Учлик иттифоқи”га тоза ҳаво, ташаббуслар ва кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ҳузур-ҳаловатлар бахш этишга эрингнинг қурби етмай қоляпти. Ҳали Қурёзагулнинг хизматига ярамай қолади. Ўшанда ким ёрдамга келади? Албатта, Шохдор Такаев…

[1] Арлон – эркак ит.
[2] Гашир – сабзи.

(Давоми бор)

islomxolboy.blogspot.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
xxx video gratis porno italiano