Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Мирзиёевдан навоийшунос олимни озод этиш сўралди

Мирзиёевдан навоийшунос олимни озод этиш сўралди
08 Şubat 2019 - 17:34 'да юкланди ва 314 марта ўқилди.

Алишер Навоийнинг навбатдаги таваллуд санаси арафасида юзлаб фаоллар Ўзбекистон қамоқхонасидаги ёш навоийшунос олим ва блогер Акром Маликни озод қилиш ҳақидаги петицияни имзолашган.

Акром Малик 2016 йилда собиқ МХХ томонидан қўлга олинган ва давлат тузумига тажовуз қилишда айбланганди.

Change.org сайтида 3 февраль куни жойлаштирилган петиция муаллифлари Навоий ижодига доир ўнлаб тадқиқотлари билан танилган Акром Маликнинг “жойи қамоқ эмас, озодлик” эканини таъкидлашган.

“МХХ Акром Маликни Жиноят Кодексидаги энг оғир сиёсий моддалар билан айблаб, олимни 6 йилга қамашга эришган.

Муҳтарам президент, бир адабиётшунос ўзининг танқидий мақолалари билан давлатни ағдаришига Сиз ишонасизми?

Биз ишонмаймиз!

Шунинг учун ҳам Акром Маликни озодликка чиқаришингизни сўраймиз. Бу хайрли ишингиз Сиз бошлаган ислоҳотлар сиёсатига ҳам тўғри келади.

Акром Маликнинг жойи қамоқ эмас – озодлик, колония эмас – тилшунослик илмий институтлари эканлигига унинг илмий мақолаларини ўқиб, ишонч ҳосил қилиш мумкин. Уларда ёш олим: “Турли даврларда Алишер Навоийнинг шахси ҳам, ижоди ҳам атайлаб мафкуралаштирилган. Масалан, коммунистлар Навоийни коммунист бир шоир қилиб кўрсатишга уринишган. СССР қулагач, мустақилликчилар ундан мустақилпараст арбоб, динчилар – диндор уламо образини ясашга уринишган. Навоийнинг ижодини ва шахсини мафкуралардан ҳоли ўрганиш вақти келди” – деган янги қарашларни илгари суради.

Муҳтарам президент!

Алишер Навоийнинг таваллуд куни арафасида навойишунос олим Акром Маликни озодликка чиқаришингизни илтимос қиламиз!

Акром Малик Сизнинг хайрли ташаббусингиз билан озодликка чиқарилса, мамлакатимиздаги навоийшуносликка катта ҳисса қўшиб, юртимиз фанининг илғор намояндаларидан бири бўлишига ишончимиз комил”, – дейилади петицияда.

“Абдуллоҳ Нусрат”

Акром Маликнинг 2016 йилнинг 22 июлида ҳибсга олингани орадан қарийб бир йил ўтиб, ўртага чиққанди.

Акром Малик мухолифатдаги Ўзбекистон халқ ҳаракати сайтида “Абдуллоҳ Нусрат” тахаллуси билан Каримов тузумини фош этувчи мақолалар чоп этиб келган.

Courtesy
Акром Малик Навоий ижодига доир 100 дан ортиқ тадқиқотлар муаллифи

МХХ уни Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 244-модда, 1 ва 2-бандлари (жамоат хавфсизлигига таҳдид солиш) , 159-модда 3-қисми билан (давлат тузумига тажовуз) айблаган.

2017 йилнинг 20 декбарида Тошкенгт вилоят судида ўтган маҳкама жараёнида прокурор унга 12 йиллик қамоқ жазоси беришни сўрайди.

Суд 13 январда Акром Маликка 6 йиллик қамоқ жазоси тайинлаш ҳақида ҳукм чиқарган.

Акром Малик Тоштурма ва Навоийдаги қамоқхоналарда шафқатсиз қийноқларга тутилгани хабар қилинган.

Ўтган йил 22 августида Оҳангарондаги 64/9 манзил колониясига ўтказилган Акром Малик Ўзбекистон қамоқхонасида қолаётган сўнгги блогердир.

Халқаро ташкилотлар Мирзиёев ҳукуматини 28 ёшли Акром Маликни озод этишга чақиришган.

Акром Маликнинг жазо муддати расман 2022 йил 6 августида тугайди.

Қуйида Акром Маликнинг Алишер Навоий ва Лев Толстой ижодининг қиёсий таҳлилига бағишланган мақоласини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Муаллифнинг изоҳига кўра, мақола 2013 йилда Россия ФА Шарқшунослар конференцияси тўпламида эълон қилинган.

СУҚРОТ ОБРАЗИ НАВОИЙ ВА ТОЛСТОЙ ТАЛҚИНИДА

Суқрот фалсафа тарихида ўз концепциясига эга, янги фалсафий йўналишга асос солган шахс сифатида из қолдирган. Унингча, инсон руҳиятининг ҳаловатига сокинлик, жасурлик ва адолатнинг уйғунлиги билан эришилади .

Суқротнинг инсон руҳияти билан боғлиқ қарашлари кўплаб ижодкорларнинг Суқрот шахсиятига қизиқишини уйғотган, Шарқу Ғарб адабиётида унинг бадиий образ сифатида танланишига сабаб бўлган. Европа ёзувчиларининг Суқрот бош қаҳрамон сифатида олинган романларида файласуф ҳақгўй, виждонли ва донишманд қиёфасида намоён бўлади . Суқрот образига рус адиби Лев Толстой ҳам ўзининг “Греческий учитель Сократ” фалсафий қиссасида мурожаат қилади.

Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонидаги Суқрот тимсоли адабиётшунослигимизда махсус тадқиқ қилинмаган эди. Бу масаладаги биринчи жиддий талқинни олим Нажмиддин Комилов ўзининг “Суқрот – комил инсон тимсоли” мақоласида амалга оширди. Олимнинг фикрича, Суқрот Ҳаққа етишган комил инсон тимсолидир. Фарҳод эса ундан сабоқ олувчи солик образида намоён бўлади.

Эллик тўрт бобдан иборат достоннинг қарийб ярми – йигирма беш бобида Фарҳод Суқрот билан учрашувга тайёрланади. Бу ҳам маълум маънода Н. Комилов қарашларининг ҳақ эканини тасдиқлайди ва Суқрот образи достоннинг ғоявий маркази сифатида намоён бўлади.

Толстойнинг диний-фалсафий қарашлари акс этган “Греческий учитель Сократ” (“Юнон муаллими Суқрот” ) асари 1885 йилда ёзилган. Бизнингча, асардаги ижтимоий ва диний қарашлар мазкур асарнинг дастлаб Чор Россияси даврида, кейинчалик собиқ ССР даврида эълон қилинишига тўсқинлик қилган. Шунинг учун “Юнон муаллими Суқрот” кенг аудиторияга, жумладан, ўзбек адабиётшунослиги учун ҳам деярли номаълум асар. Қолаверса, 1991 йилдан кейинги рус адабиётшунослигига доир тадқиқотларда ҳам бу асар ҳақида етарлича маълумотлар учрамайди.

“Юнон муаллими Суқрот” асарининг қайси жанрга тегишли эканини муаллиф белгиламаган. Шунинг учун асар жанрини қуйидаги хулосаларимиздан келиб чиқиб шартли равишда белгилаб олишга қарор қилдик:

Асардаги фалсафий-ижтимоий хулосалар Толстой услубига хос бадиият билан уйғунлашиб кетган. Адибнинг бошқа йирик эпик асарларидан фарқли ўлароқ асар махсус номланган кичик ҳажмдаги ўн уч фаслдан иборат. Асарнинг ҳажмини ҳисобга олиб, уни шартли равишда фалсафий қисса деб аташ мумкин.

Қиссада Суқрот ижтимоий ҳаётда ўз таълимоти билан инсонларни ҳар томонлама юксалтиришни мақсад қилган маънавий йўлбошчи сифатида намоён бўлади. Унинг яшаш тарзи, ҳаёт ҳақидаги қарашлари Шарқда тасаввуф вакиллари танлаган умр йўлини эслатади.

Толстойнинг Суқроти даставвал ўзини излаётган инсон сифатида намоён бўлади:

“Ҳар бир инсон, – деб ўйлади Суқрот, -қандай яшашни билиши лозим. Биз жуда кўп ўқиймиз, бу билимларнинг эса умуман фойдаси йўқ… Мана, мен ўқидим, ўқидим, аммо мендан инсон қандай яшаши керак деб сўрасалар, жавоб беролмайман. Лекин буни ҳар бир инсон билиши зарур… Менимча, нимадир билсам керак, бу ҳам бўлса, ҳеч нарса билмаслигимни билишимдир…”

Суқротни атрофдаги ноқисликлар қийнайди, у маъбуд ва маъбудаларнинг ниҳоятда кўплигидан ҳайратланади, уларнинг инсонлар каби талашиб-тортишишларини ақлига сиғдиролмайди. Суқрот ўзининг ягона Худосини излайди ва ниҳоят қалбидан Худонинг овозини эшита бошлайди:

“…Суқротга ўзи истаган сир очилди.

Суқрот юнонлар ҳам билмайдиган, фақат ўзи ахтарган Худосини ўзидан топди. Суқрот излаган Худо унинг қалбида мавжуд эди… у қалбидан Худонинг нидосини ҳис этди. Агар Суқрот яхши иш қилишга чоғланса, бу нидо “Бажар, Суқрот!” дер, мабодо номаъқул иш бўлса, “Воз кеч!” деб буюрар эди. Нидо ҳамиша Суқротга ҳамроҳ эди, уни тарк этмади. Суқрот унинг буйруқларини адо этишга чоғланса, барчаси эзгулик билан рўёбга чиқарди. Суқрот ҳайратга ботиб, узоқ хаёлга чулғанди: “Бу хайрли Нидо. Лекин бу – мен эмас, у ҳолда ким? Ахир, у ҳамиша ҳақиқатдан дарак бермоқда. Ҳаёт ҳақиқатларидан менга хабар бераётган Нидо Худонинг нидоси эканига шубҳа йўқ!”.

Навоийнинг Суқроти комиллик даражасига кўтарилган ва унинг бу даражага қандай эришгани бевосита кўрсатилмаган. Достонда у тўғридан-тўғри муршид тимсолида намоён бўлади, Толстойда эса Суқрот, юқорида айтиб ўтилганидек, Фарҳод каби ўзлигини ахтаради.

Навоий Суқротнинг Фарҳодга насиҳатлари орқали достоннинг яхлит ғоявий концепцияси ҳамда Суқрот тимсолининг аниқ қиёфасини ёритади.

Навоий Суқротининг

Агар топса Сикандар мулки зотинг,

Гар ўлса Нуҳ умрича ҳаётинг.

Чу кетмоқлик керактур бот, агар кеч,

Ҳамул давлат била бу умр эрур ҳеч,

деган фикри Толстой Суқротининг қуйидаги ғояларига ҳамоҳанг:

“…Иккисидан бирини танла: Адолат ёки Бойлик. Токи вақтинг бор экан, ҳал қил. Агар биринчисини танласанг, ҳаётинг машаққат ичра кечади, аммо ниҳояда бахт бор; иккинчисида бахтли яшашинг мумкин, бироқ унда на Худони, на ўзингни… топасан…”

Толстойнинг Суқроти ўз фақирона ҳолатини қуйидагича изоҳлагани ҳам юқоридаги қарашни тасдиқлайди:

“…Бир қараганда… менинг ҳаётим жуда оғир туюлиши мумкин, – деди Суқрот. – … Сизларнинг бахтингиз нимада эканини яхши ҳис этаман ва шуни билиб ҳам ундан яхшироғи – ўз йўлимга содиқман. Сизлар эса бизнинг бахтимизни ҳис этишдан маҳрумсизлар…”

Навоий Суқротининг

“Муни билким жаҳон фонийдир асру,

Ҳақиқат аҳли зиндонийдур асру…

Эрур Ҳақ амриға маъмур бўлмоқ,

Бу ишдан ўзгадин маъзур бўлмоқ “

деган таълими Толстой Суқротининг суддаги қуйидаги сўзига мос келади:

“Мен ҳаётимни зулматда, қатлга маҳкум ҳолда тугатяпман… Мен умр бўйи одамларга қалбимдаги Худонинг нидоси буюрган ҳақиқатни англатишга интилдим… Агар шунинг учун ўлиш керак бўлса, бир марта эмас, минг марта қатл этишларига ҳам розиман… “

Навоийнинг Суқроти ҳам комиллик даражасида ўлимдан ҳам юксалган, унга ўлим таҳдид қилолмасди, чунки

…Вагар қайди ҳаёт ичра эмастур,

Кишига не ғаразким мултамасдур.

Таважжуҳ чун анинг руҳига қилғай,

Гириҳлик риштаи банди очилғай…

Фарҳод Суқрот билан учрашганида муршид унга

Эшит, бир неча сўзким вақт эрур танг

Ки, айлармен бақо кўйиға оҳанг,

деб ўлими яқин қолганини айтиб ҳам қўйган эди.

Қиёсий ўрганишлар натижасида Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” ҳамда Толстойнинг “Юнон муаллими Суқрот” асаридаги Суқрот тимсолининг умумий ҳамда фарқли жиҳатлари қуйидагиларда намоён бўлади:

1.Иккала асарда ҳам Суқрот тимсоли комил инсон, донишманд, Ҳаққа етишган, йўл кўрсатувчи устоз сифатида тасвирланади.

2.Навоий ва Толстой тасвирлаган иккала Суқрот ҳам мол-дунёга ружу қўйишдан қайтаради ва дунёдан юз ўгирмай Худога етиб бўлмаслигини уқтиради.

3.Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонида Суқротнинг комиллик даражасига қандай эришгани тасвирланмайди, балки у достонда тўғридан-тўғри муршид сифатида намоён бўлади, Толстой асарида эса Суқротнинг қандай қилиб ўзини излагани ва топгани ёритилган.

4.Иккала асарда ҳам Суқрот ўлимни оддий ҳодиса деб қабул қилади, жисмдан кўра руҳнинг олий эканини эътироф этади, балки ўлим ҳаққа етишиш учун ташланган илк қадам деб қарайди.

5.Навоий ҳам, Толстой ҳам Суқрот образи орқали инсонларни комилликка, маънавий ҳаловатга, жамиятда якдил бўлишга, инсоний фазилатларни йўқотмаган ҳолатда яшашга чорлайди.

Акром Малик, Ўзбекистон Миллий Университети

Қаранг: http://philosoff.ru/rus/philosophy/history/antique/filosofij_sokr/filosofij_68.shtml

Мисол тариқасида чех ёзувчилари Йозеф Томан, Мирослава Томановаларнинг “Суқрот” романини келтириш мумкин. Қаранг: http://bookz.ru/authors/toman-iozef/sokrat_913/1-sokrat_913.html

Қаранг: http://tululu.ru/b65646/ Асардаги барча парчалар шу манбадан олинди.

Қаранг: Комилов Н. Суқрот комил инсон тимсоли // Тасаввуф. – Тошкент: “Movarounnahr” – “O’zbekiston”, 2009.

Асар ўзбек тилига таржима қилинмагани сабабли бу ишни ўзимиз шартли равишда амалга оширдик.

(Изоҳлар муаллифники-таҳр)

Манба: Би-Би-Си Ўзбек

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort