Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ўзбекистон яна Россия таъсирига тушадими?

Ўзбекистон яна Россия таъсирига тушадими?
08 Şubat 2019 - 19:53 'да юкланди ва 787 марта ўқилди.

Афғонистон ва у ердаги жараёнларга аралашиш орқали Россиянинг Ҳиндистон, Покистон, Хитой ва бевосита Марказий Осиёга жиддий таъсир қилиш имконияти, салоҳияти ошади.

Москва куни-кеча кутилмаганда мезбонлик қилган ва толибларнинг ҳозирлиги билан кечган илк “афғонлараро мулоқот”га айрим минтақавий экспертларнинг берган баҳоси худди ана шундай бўлди.

Уларга кўра, бу масалада Россияга “Марказий Осиё давлатларининг янги, анчагина мўрт ва Афғонистон таҳдидидан жиддий хавотирда” экани қўл келади.

Жумладан, Франциядан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг айтишича, “Россия учун айнан хавфсизлик нуқтаи назаридан Марказий Осиё давлатларига жиддий таъсир қилиш, ўзининг геоиқтисодий, геосиёсий манфаатларини парваришлаш Афғонистон орқали қулай бир плацдарм, қулай бир платформа ҳисобланади”.

Суҳбатдошимизнинг қайд этишича, “бу нарсани Москва яхши тушунади”.

Москвадаги икки кунлик музокараларга оид хабар Афғонистон Толибон ҳаракати ва АҚШ вакиллари ўртасида Қатарда бўлиб ўтган, музокарачи томонлар “жиддий ютуқ”қа эришганликларини бирдек эътироф этган, минтақавий экспертларнинг қарийб 20 йиллик “афғон урушига чек қўйиши мумкин”, деган умидбахш баҳоларига сабаб бўлган илк мулоқотларидан қисқа вақт ўтмай ўртага чиққан.

Толибон ҳаракатининг сиёсий идораси жойлашган Доҳадаги музокаралар расмий Вашингтоннинг Афғонистондан қолган ҳарбийларини ҳам олиб чиқиб кетиш ва афғон урушига чек қўйиш аҳдида қатъий эканига оид баёноти билан якунланган.

Аммо, таъкидлаш жоиз, қатъий аҳд шаклида тилга олинган бу сафарбарликнинг аниқ санаси тилга олинмаганди.

Ғарб бошчилигидаги хорижий иттифоқ қўшинларининг Афғонистондан буткул сафарбарлиги Толибон ҳаракати баробарида, айниқса, сўнгги йилларда расмий Москванинг ҳам асосий талаб, истакларидан бирилигича қолаётган.

Худди шу нуқтада ҳам Афғонистон, афғон можароси фонида минтақадаги икки асосий ва йирик геосиёсий рақиблар билан боғлиқ воқеаларнинг бу каби ривожи аксарият экспертларнинг эътиборини ўзига жалб этмай қолмаган.

Ўтган икки куннинг ўзида буларнинг барчаси нималарга далолат қилишига оид саволлар ўртага отилган, турли қарашлар илгари сурилган.

Толиблар

Баҳолар…

Айрим таҳлилчиларга кўра, бу – расмий Вашингтоннинг афғон можаросига якуний нуқтани якка ўзи қўя олмаслиги, бунинг учун Россия каби минтақадаги глобал ўйинчи давлатлар билан ҳисоблашишга мажбур эканининг далолати бўлади. Ва буни Америка томонининг сўзсиз эътироф этишига тўғри келади.

Худди шу каби фикрларни мантиқан давом этдирган бошқа бирлари наздларида ҳам, минтақада ўзининг жиддий геосиёсий манфаатларига эга Россия Америка Қўшма Штатларига Афғонистон, афғон можароси масаласида сўнгги сўзни айтиш ҳуқуқи, имкониятини шундоққина бериб қўймайди.

Худди шу манзарада узоқ йиллик истаги ва ниҳоят амалга ошиб, расмий Вашингтон билан музокаралар олиб бориш, аллақачон уларнинг Афғонистондан буткул сафарбарликка оид қатъий аҳдларини қўлга киритишга муваффақ бўлган Толибон ҳаракатининг нега ҳеч қанча вақт ўтмай Москвага йўл солиб қолганига ҳам диққат қилган экспертлар топилган.

Афғонистон Толибон ҳаракати Россия пойтахтига Доҳадаги сиёсий идораси раҳбари Шер Муҳаммад Аббос Станикзай бошчилигидаги ўн кишилик ҳайъат билан ташриф буюрган.

Улар Москвада Афғонистондаги деярли барча миллат вакилларини намоён этувчи энг йирик сиёсий партиялар ва вақтида ўзаро рақобатда бўлган қуролли гуруҳ намояндалари билан музокаралар олиб боришган.

Мазкур “афғонлараро мулоқот” Афғонистоннинг толиблар ҳозирлиги билан кечган бу яқин тарихидаги биринчиси ва мисли кўрилмагани сифатида эътироф этилган.

Афғонистондаги барча рақиб томонлар билан тил топишиш уриниши талқинида афғон ҳукумати муқоясасида Толибон ҳаракатининг стратегик ва тактик ютуғи сифатида ҳам эътироф этилган.

Бошқа томондан, “афғонлараро мулоқот” Афғонистон Толибон ҳаракатининг бу гал муқим тинчлик истагида эканининг нишонаси сифатида ҳам кўрилган.

Аммо ҳам Доҳа ва ҳам Москвадаги музокаралар афғон ҳукуматининг иштирокисиз кечган.

Ҳам Қатар ва ҳам Россиядан олинган хабарларга кўра, афғон ҳукуматининг талабига зид Афғонистон Толибон ҳаракати улар билан музокаралар олиб боришга ҳали-ҳануз истак-хоҳиши йўқлигини намоён қилган.

Президент Муҳаммад Ашраф Ғани бошчилиги остида афғон ҳукуматининг ҳар икки музокара ва унинг якуний натижасига муносабати кескин бўлган.

Улар, таъбир жоиз, эришилган ва келишилган барча “ютуқлар”ни бир четга суриб, тинчлик музокараларининг энг аввало фақат ўзлари билан олиб борилишини талаб қилишган.

Ҳар икки гал ҳам Афғонистон Толибон ҳаракати уларнинг бу каби даъват ва мурожаатларини жавобсиз қолдирган.

Умидлар

АҚШ ҳарбийлари

Доҳа ва Москвадаги музокаралар минтақада Россия ва АҚШ ўртасидаги геосиёсий танглик бу яқин йилларда кузатилмаган бир даражада кучайган бир пайтга тўғри келган.

Дастлаб Украина, кейин Сурия, сўнгра АҚШ сайловлари ва алал-оқибат Скрипаллар билан боғлиқ можарода “расмий Кремлнинг тутган ўрни” даъволари фонида сўнгги йилларда айнан Афғонистон томонлар ўртасида янги прокси уруши майдонига айланишига оид хавотирлар пайдо бўлган.

Янги Республикачи Президенти Дональд Трампнинг Афғонистондаги қўшинлари сонини ошириш ва афғон можароси ечимида энг аввало ҳарбий танловни афзал билишига оид стратегияси минтақадаги мавжуд тангликни бундан-да кучайтиришига оид қўрқувларни уйғотмай қолмаган.

Худди шу орада Россиянинг Толибон, Толибоннинг Россия билан “яқинлашиш ҳаракати”да эканига оид хабар ва баёнотлар кўпайган.

Расмий Кремлнинг Афғонистон ва афғон можароси масаласида фаоллашиш ҳаракатида экани кузатилган.

АҚШ томони наздида “яқинлашиш ҳаракатида” экандек кўрилган ҳар икки томон эса, “ўзаро яқинлик интилишлари” фақат ва фақат ягона рақиблари – ИШИДга қарши экани изоҳида бу каби даъволарни такрор ва такрор рад этиб чиқишган.

Аммо минтақавий таҳлилчилар кетма-кет раддиялар манзарасида устма-уст бўй кўрсатаётган бу каби хабарларни икковлоннинг Афғонистон ва умумиятла минтақадан Америка Қўшма Штатларини сиқиб чиқариш ҳаракатларига йўйишган.

Лекин президентлигидан икки йил ўтиб, Дональд Трамп ўзининг яқинда қилган кутилмаган баёноти билан кўпчиликни шошириб қўйган.

Трамп ўтган йил охирида Афғонистондаги қўшинлари сонини қарийб тенг ярмига қисқартириш ва минглаб ҳарбийларини ортга қайтариш истагини изҳор этган.

АҚШ Президенти ўзининг Афғонистондаги тинчлик жараёнларига масъул махсус вакилини тайин этган.

Воқеаларнинг бу каби ривожига расмий Кремль ва Толибон ҳаракатининг расмий муносабати ноаён қолаётган бир пайтда, толиблар ва Америка томонининг музокаралар ҳаракатида эканига оид хабарлар олинган.

Шундан қисқа вақт ўтмай, ҳам Афғонистон Толибон ҳаракати ва ҳам расмий Вашингтон натижасидан мамнун қолган Доҳадаги олти кунлик музокаралар амалга ошган.

Музокаралар ортидан, АҚШ томони Афғонистондан ўз ҳарбийларини олиб чиқиб кетиш аҳдида қатъий эканини изҳор этган бўлса ҳам, расмий Москва бунга ўз муносабатини билдиришга ошиқмаганди.

Мақсадлар?…

Путин ва Трамп

Аммо Доҳадаги ана шу музокаралардан саноқли кунлар ўтиб, Москва афғон можароси тарихида “шу пайтгача кўрилмаган” ана шу “афғонлараро мулоқот”га мезбонлик қилиб ўртага чиққан.

Расмий Кремль бу музокаралар афғон диаспораси вакилларининг ташаббуси бўлганини айтиб, расман ўзини ундан четга тортишга уринган.

Аммо таҳлилчиларга кўра, Москва бу мулоқотларга мезбонлик қилиш билан энг аввало толиблар билан музокаралар жараёнини Америкага “монополия” сифатида бериб қўймаслик, уларда ўзининг иштирокини парваришлашни кўзда тутган.

Бошқа томондан, худди Толибон каби, Москвадаги йиғин воситасида Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиш жараёнини тезлатишда расмий Вашингтонга босим ўтказишни мақсад қилган.

Худди шу ўринда таҳлилчи суҳбатдошимиз Камолиддин Раббимовнинг айтишича, Москвага йўл соларкан, толиблар бу мулоқотлар Америка томони билан олиб бораётган музокараларини мажруҳлантирмайди, унга салбий таъсир қилмайди, деган бир тўхтамга келган.

Унга кўра, “Толибон ва Афғонистон ҳеч қачон ташқи дунёга давлатларнинг давлатчилигини издан чиқариб юбориш даражасида таҳдид бўла олмаслигини яхши тушунган Россия” эса, бу масалада ҳам яна ўзининг геосиёсий манфаатларини кўзда тутган.

“Афғонистон дунёнинг геосиёсий муҳим нуқталаридан биттаси. Афғонистон шаклланаётган янги бир давлатчилик дейишимиз мумкин. Демак, Афғонистон ва у ердаги жараёнларга аралашиш орқали Россиянинг Ҳиндистон, Покистон, Хитой ва бевосита Марказий Осиёга жиддий таъсир қилиш имконияти, салоҳияти ошади”, – дейди суҳбатдошимиз.

“Афғонлараро мулоқот” якунида қабул қилинган қўшма баёнотда ҳам сўз энг аввало “хорижий кучларнинг буткул ортга сафарбарлиги” хусусида боради.

Бундан ташқари, афғон можаросига сиёсий ечим топишда ўзаро ишончга замин яратиши учун Толибон лидерларига қўйилган санкцияларнинг бекор қилиниши, маҳкумликдаги кекса ва хаста толибларни қўйиб юборилиши кераклиги ҳам айтилади.

Москвадаги йиғин ва унинг ортидан қабул қилинган бу баёнотга ҳозирча расмий Вашингтоннинг муносабати маълум эмас.

Расмий Кремль ҳам ҳалича бу хусусда ўзининг расмий мавқеини очиқламаган.

Аммо “афғонлараро мулоқот”нинг якуний, иккинчи куни манзарасида Америка халқига қилган ҳафталик мурожаатида Президент Дональд Трамп Афғонистон ва музокаралар масаласига тўхталиб ўтган.

“Бу музокараларда муваффақиятга эришганимиздан сўнг, биз қўшинларимиз сонини камайтириш ва террорчиликка қарши курашга эътибор берамиз”, – деркан, “Биз келишувга эришамизми, йўқ”, билмайман”, деб айтган.

“Лекин биз 20 йил давом этган урушдан сўнг ҳеч бўлмаганда тинчликка эришиш учун вақт келди, деб биламиз. Бошқа тараф ҳам худди шундай фикрда, деб ўйлаймиз”, – дея ўз сўзларига якун ясаган.

Музокаралар

Шавкат Мирзиёев қудратга келган ўтган икки йил ичида Ўзбекистон ҳам ўзининг афғон можаросини тинч йўл билан ечишга қаратилган саъй-ҳаракатларини қайта жонлантирган. Яна бир бор дипломатик воситачи сифатида ўртага чиққан.

Тошкентда йирик халқаро анжуманга мезбонлик қилишга улгурган.

Ўзбекистон Президенти афғон ҳукумати ва Афғонистон Толибон ҳаракати ўртасидаги бирор бир шартларсиз музокараларга исталган пайтда мезбонлик қилиш истагини ҳам изҳор этган.

АҚШ Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили этиб тайинланиши ортидан, Залмай Халилзод ҳам Тошкентга сафар қилган.

Ўзбекистон раҳбарияти билан музокаралар олиб борган.

Ҳозирда марҳум Президенти Ислом Каримов даврида Ўзбекистон Афғонистондан хорижий иттифоқ қўшинларининг буткул олиб чиқиб кетилишига қарши мавқеъда бўлган.

Бу иш амалга ошган тақдирда, Афғонистоннинг иккинчи Ироққа айланиши мумкинлигидан ўз хавотирларини билдириб келган.

Доҳадаги музокаралар манзарасида минтақавий эксперт Аркадий Дубнов Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев билан суҳбатлашишга муваффақ бўлган.

Ушбу суҳбат тафсилотларидан маълум бўлишича, Ўзбекистон томони АҚШ Афғонистондан ўз ҳарбийларини шоша-пиша олиб чиқиб кетмаслигига ишонишади.

Ўзбекистон шу вақт оралиғида афғон можаросига тинч йўл билан ечим топишга қаратилган “Москва формати” доирасидаги музокараларда ҳам иштирок этиб келган.

Аммо бугун экспертларнинг бир-бирига қарама-қарши таҳлил ва баҳоларига сабаб бўлаётган сўнгги икки музокара борасида расмий Тошкентнинг муносабати маълум эмас.

Афғон томони…

Залмай Халилзод

Афғон ҳукуматининг кескин қарши мавқеига қарамай, афғонистонлик етакчи таҳлилчилар ҳам Доҳа ва ҳам Москва музокараларининг самараси борасида анчайин некбин фикрда.

Жумладан, Би-би-си Афғонистон Хизмати муҳаррири Довуд Аъзамийнинг айтишича, бу икки мулоқот бир-бирига зид эмас.

Унга кўра, афғон ҳукуматининг мавқеи қандай бўлишидан қатъиназар, Доҳа ва Москва музокаралари ҳамоҳангликда расмий Кобулни ҳам ўз ичига олувчи кенг қамровли мулоқотларга йўл очади.

Суҳбатдошимизга кўра, ҳар икки музокарага бу йўлда қўйилган илк умидбахш ва салмоқли қадамлар сифатида қаралмоғи керак.

Унинг айтишича, энг аввало расмий Вашингтон билан музокаралар олиб бориш истагини баён қиларкан, Афғонистон Толибон ҳаракати ҳалича афғон ҳукумати билан мулоқот олиб бориш эҳтимолини буткул назардан соқит этмаган.

Москвадаги йиғин эса, айнан Доҳадаги музокараларнинг мантиқий давоми бўлади, айни мулоқотлар Афғонистондаги барча рақиб томонлар ва миллат вакилларини ўзида намоён қилади.

Довуд Аъзамийнинг айтишича, мантиқан олиб қаралганда, буларнинг барчаси қачон экани ноаниқ эса-да, навбатдаги музокараларнинг айнан афғон ҳукумати билан олиб борилишига далолат қилади.

Худди шу ўринда Франциядан сиёсий таҳлилчи суҳбатдошимиз Камолиддин Раббимовнинг айтишича, толибларнинг бу келишувларга қанчалик содиқ қолиши масаласи ҳам бор.

“Толиблар ўзининг иштирокини бир даражага кўтариб, расмийлаштириб, Афғонистондаги сиёсий куч ўлароқ ҳуқуқий мақомга эришганидан кейин ўзининг манфаатларини қайта талқин қилмайди, янада кенгроқ ёймайди, деган ҳеч қандай кафолат бўлиши мумкин эмас”, – дейди у.

Таҳлилчига кўра, “толиблар ҳар доим сиёсатни, музокараларни катта сиёсий тактика сифатида кўради, холос”.

Эслатиб ўтиш жоиз, Доҳадаги музокараларнинг навбатдаги босқичи шу йилнинг 25 феврал кунига режаланган бўлса, Москвадаги йиғин иштирокчилари ҳам бу каби мулоқотларни давом этдириш кераклигини таъкидлаб қолишган.

Аммо, хабарларга кўра, афғон ҳукумати аллақачон Бирлашган Миллатлар Ташкилотига расман шикоят аризаси билан чиққан.

“Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “қора рўйхати”да эканликларига қарамай, Толибон аъзоларининг нега Россияга киришларига изн берилгани” сабаби билан қизиққан, буни ўрганишларини сўраган.

Уларнинг бу шикоятларига халқаро ташкилот ва унинг Хавфсизлик Кенгаши доимий аъзоларидан бири бўлган Россиянинг муносабати ҳозирча маълум эмас.

Москвага сафар қилиб, ҳаракати тарихидаги илк “афғонлараро мулоқот”да иштирок этиб қайтган Толибон ҳайъати ҳам бу хусусда ҳалича жим.

Манба: Би-Би-Си Ўзбек

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
xxx video gratis porno italiano