Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Хиёнатлар жонидан ўтиб кетган эди…

Хиёнатлар жонидан ўтиб кетган эди…
09 Şubat 2019 - 8:00 'да юкланди ва 545 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

Феълим менинг, аъмолим менинг… 

Субҳаноллоҳ, бу не нафси лаим,
Нафсни қўйгил, не азоби алим.
Рўзи учун мунча фусунсозлиқ,
Мансаб учун мунча дағобозлиқ.

Алишер Навоий

Тўққизинчи боб – 2

Ўғилой Чўвишнинг эътиборидан бир газ ўсган Нусхагул, икки билагини бир-бирига чалиштириб эрига калондимоқлик билан ўқдек термуларди.

– Сассиқ чўчқани елкамнинг чуқури кўрсин! – деди тўшагида ётган Қурёзагул эчкидек жариллаб. – Тарғил бўлмаганда у мени ҳаром ўлдирарди. Илоё, уни Ҳуккининг руҳ-арвоҳгиналари уриб, қўл-оёққиналарини акашак, ўзини кўтарим этсин! Сўзингизни бўлганим учун, Ўғилой опажоним, узр. Бу сассиқ қўтосбашара қайтиб шу жойларга қадам босса, раис бувамга айтиб оёқларини синдиртираман. Гўштини бурда-бурда этиб, Қоратумшуққа едираман. Раис бувамларнинг таклифларига келадиган бўлсак, бу кишига, ўлай агар, кўнглим йўқ эди. Аммо лекин беҳад ботир-қаҳрамонликларини ва мулло буваларига жонфидоликларини намойиш этиб, мени ийитдилар. Ўғилой Чўвиш опажон, иссиқ юз-кўзингиз ва Нусхагул опамнинг ҳаққи ҳурматлари, неча марталаб сўраганларингизда, “йўқ”, “йўқ” дея, берган жавобимга ўзгартиш киритиб, “ҳа”, “ҳа” демоқчиман. Мени муборакбод этинглар. Мулло буваларингизнинг иссиқ тўшаги совумасдан вафодор ёр учратганимдан беҳад хурсанд бўлиб кетяпман. Илоё, унинг руҳ-арвоҳлари биз ёшларни қўллаб, бошимиз бало, танимиз талофатлар кўрмагай. Фалокатлар захкашнинг нари ёғидан айланиб ўтиб, бошқаларга ургай. Омин, ҳамма ўлсин, биз қолайлик, эл-юртда ном чиқарган фолбин, азайимхон бўлайлик. Бизга иши тушмаганларнинг тишлари тушсин, икки кўзи тешилиб, бурнининг учига ўқитма чиқсин. Биз овқат емаган қозонда ахлатгиналар қайнасин. Эшигимизга қуллиқ қилиб келмаганларнинг бошгиналари учсин… Омин!

Ётган жойида дуога кафт очган Қурёзагулга қўшилиб бошқалар ҳам юзларига қўл тортдилар. Титилиб кетган қонли кўйлагининг енги билан кўз ёшларини артган бева ўрнидан турмоқчи бўлиб, кўрпасини кўтарди.

– Ҳой-ҳой, тура кўрманг, Қурёзагулим, сиздан илтимос! – деди шаҳвоний ўйинларнинг бундай бу ёғига Шохдор Такаевсиз ўтиши мумкинмаслигини ўйлаган Ўғилой Чўвиш. – Хабар топгач, одатимизга хилоф иш тутиб, қошингизга учиб келавердик. Муҳорабаларимизнинг қолган қисмлари сизнинг тўшагингизда давом этади.

– Нима?! – дея Қурёзагул тўшагидан сакраб турди – Ўламан саттор, бу номаъқулчиликка йўл қўймайман. Шарманда бўлдим, шарманда!

У қўлини мушт қилиб, орқасини тишлади. Тўзғиган сочларини йиғиб кетига ўгириб ташлади. Ўғилой Чўвишга маъюс тикилиб, ўзидан-ўзи гапираётган одамга ўхшаб, кўзларини ўйнатиб, қошларини учирди. – Шохдор Такаев билан илакишганимизни юзимга рўкач қилманг, ёмон хаёлларга боришга ҳаққингиз йўқ. Менинг булоқ сувидек гард юқмаган шаъним, Сибир қоридек оппоқ иффатим, ҳинд филмларидаги қўшиқлар сингари қувноқ ҳаётим ҳар соатда юз минг марта топталмасин, Ҳукки бувамга содиқман. Ҳовли-жойини, қўллари ва оёқлари теккан ҳар бир хас, ҳар бир гардни ҳимоя этишга шижоат ва ғайрат топа оламан. Номусим топталса, чораси бор. Эримни ҳаром ўлдирган Муччигардан қолган арқонни тутнинг баланд шохасига илиб, ўзимни осаман, сизлар мендан, мен сизлардан қутуламан. Эримнинг ҳузурига бошимни тик тутиб, ёруғ юз билан боришимга имкон туғилади. Барчасини кўриб-билиб ётган букри шунда мендан нозирғанмайди, гумонсирамайди. У ёқдаги хотинларига мени бош-қош этади. Еганим олдимда, емаганим кетимда, таралла бедод қилиб юраман. Қолганларни ҳам Ҳукки мулло худо бувам бу оламда устун қилиб яратмаган, сизлар ҳам орқамдан навбати билан борасизлар. Тўхта кал билан Темирқийторнинг бошига шундай кунларни солайки, оналаридан туғулганларига пушаймонлар есинлар. Қиё жиннини қўяверинглар, уни қирқ қулоқли қозонда доғлаб, гўштини емасам, бўлажак эримга талоқ хати бериб, сассиқ қобонга хотин бўлай…

 Ижроқўм раисасининг энсаси қотди. У, эплаб исмини ёза олмайдиган бир аёл, бунча маҳмадона бўлмаса, деб ўйлади. Унинг ноқулай аҳволга тушганидан суюнган Нусхагул эрининг бежо қадамидан ўксинди. Ноўрин ҳаракат келажакдаги режаларини чипакка чиқариши мумкинлиги учун у портлаб кетишдан ўзини зўрға тиярди. Ўғилой Чўвишнинг сабр косаси тўлиб, тутоқса, у ҳам Қурёзагулнинг бошига қиёмат кунини солишга тайёр эди. Кўп нарсаларни юзхотир қилаётган ижроқўм раисаси, шаддодлигига қарама-қарши, бу сафар оғир-босиқ эди. Шундай йўл тутмаса, “Учлик иттифоқи” барбод бўларди. Ундан ҳам ёмони, Қўзи Шишак раисликдан кечса ҳам, Қурёзагулдан кечмасди. Бу Ўғилой Чўвишнинг республика миқёсида ўсиб бораётган обрўсига путур етказарди. Шохдор Такаевни калхўз раҳбарлигига тайинлаш учун ҳали тўрт-беш қовун пишиғи бор эди.  У етилмаганди.

– Ўзингни бос! – деди у Қурёзагулга. – Ҳуккини бизлар сендан кам ҳурмат қилмаймиз. Аммо у ўлди. Қабрида ириб-чириб, қурт-қумурсқаларга ем бўлиб ётипди. Тана чиригани билан руҳнинг йўқ бўлиб кетмаслиги, нариги дунёнинг борлиги беъмани ва бетутруқ нарсалар. Бу гапларни Ҳуккига бир туки ўхшамайдиган текинтомоқ муллолар ва ҳаромтовоқ бойлар ўйлаб чиқарганлар. Одам маймундан пайдо бўлган. Маймунлар ва ер юзидаги бошқа ҳайвонларнинг келиб чиқиши амёбаларга бориб тақалади. Қандай пайдо бўлган бўлсак, шундай ном-нишонсиз йўқ бўлиб кетамиз. Йўқ бўлишимизни била туриб, “ор-номус”, “шон-шараф”, “Аллоҳ”, “дин-иймон”, деб ўзимизни бўлмағур унсурларга қурбон беришимизнинг нима кераги бор. Худопарастлар билан бизларнинг битта фарқимиз бор: улар Тангрига ишониб, тескари амалларга қўл урадилар, бизлар Тангрининг йўқлигини идрок этиб, диндорлар кўр-кўрона бажараётган ишларни онгли равишда амалга оширамиз. Дунёда, еб-ичганимиз ва ўйнаб-кулганимиздан бошқа тағин нима қолиши мумкин. Давлатимиз, партия-ҳукматимиз кўнгилхушликларни амалга ошириш учун барча ҳуқуқий меъёрларни қўлимизга бериб қўйган. Еб-ичайлик, ўйнаб кулайлик, жинсий ҳамкорлик этиб, ҳаёт лазатларини тотайлик. Ўлиб кетсак, кимлар бизларни ёд этади? Кимлар биз учун лаҳадга кириб, кимлар гўримизга чироқ ёқади? Ҳеч ким! Ҳатто болаларимиз ҳам бизларни унутиб юборадилар. Шу каби қабиҳликларни билган Ҳукки бутун умрини маишатпарастликка, ёлғон-яшриққа бағишлаб тўғри йўл тутган, бола-чақа орттирмаган. Ота-боболарига ўхшаб, “дин-иймон”, “Яратганнинг қаҳри-ғазаби”, “жаннат”, “дўзах”, дея овсарланганда, у ҳам увол кетарди. У ленинизм-марксизм ғояларини англамаганда, бунчалик шон-шуҳратга эришмасди. Қабристонда ётиб-туриб, Худодан ўзгасини билмайдиган Қосим девонага менгзаб, ейишга нон, кийишга кийим тополмасди, уни биров тўй-маъракага, яхши-ёмон кунига чақирмасди. Шундай экан, ўртоқлар, барчамиз азиз ва муҳтарам Ҳуккининг жонларимизга ҳузур-ҳаловат бағишлайдиган ойдин йўлини тутайлик. У каби давру давронлар суриб, одамларга ўхшаб бир-бирларимизга иззат-ҳурмат кўрсатиб яшайлик. “Ҳаловатга дин ва одоб-ахлоқ билан эришилади”, деганларнинг сафсаталари пуч, токайгача хурофотга ботиб яшашдан уялмаймиз. Инсон ўзининг ҳусни-жамолига, куч-қудратига маҳлиё бўлмасдан туриб, ўзининг табиат яратган олий мавжудодлигини қаердан билади? Келинглар, бир-бирларимизни кашф қилайлик. Буюк доҳий Владимир Илич Лениннинг ўгитларига оғишмай амал этиб, депсинмасдан қадамлашни ўрганайлик. Шунда Ҳукки сингари эл-юрт ва раҳбарлар назарига тушамиз. Қурёзагулнинг бу нарсаларга ақли етмаётган бўлса, унга ўртоқларча кўмак кўрсатайлик. У қўпол хатоларини тузатиш учун орамизда дўстона ва соғлом танқидий муҳитни шакллантирсин. Ленинизмнинг қулай жиҳати шундаки, тушунчаси саёз кишилар зўрланмайдилар. Аксинча, улар қайта тарбияланиб, меҳр-муҳаббатга чанқоқ диллари эзгу ғоялар билан суғорилади. Ҳаётда ҳамма нарсаларни тушуниб, англайдиган ва тушуниб, англаганларини ўзи ҳам яхши биладиган ва бошқаларга ҳам ўзидаги хислатларни илинадиган одамлар бор. Ҳамма нарсаларни билиб, мавқейини белгилашга қурблари етмайдиган одамлар бор. Ҳеч бир нарсани билмайдиган ва билмаслигини очиқ-ойдин тан оладиган одамлар бор. Бирор нарсани билмайдиган ва аксига олиб, билмаслигини билмайдиган одамлар бор. Биринчи тоифага кирганимдан мен ҳамиша ифтихор туяман. Бу фикримга бирор-биттангизнинг монелик кўрсата олмаслигингизга ақлимнинг етгани ҳам маймун сифатида, менинг онгимнинг олий даражада одам бўлиб ривожланганлигини акс эттиради. Иккинчи тоифага Нусхагулга ўхшаган тиришқоқ ва шаддод, товуқбоқарлар табақасидан чиққан аёллар мансубдирлар. Унинг ақл-идрокининг шахд билан ўсишда давом этаётгани фикримнинг исботидир. Учинчи поғона Қурёзагулга ўхшаганларга  мўлжалланган. Унинг ўзининг кимлигини билмаслиги айб эмас. Ундаги ўқиб-ўрганиш ва хатоларини тан олиб яшашга бўлган тиришқоқлик унинг фазилатларини ошириб, қусурларини камайтиради. Чунки ҳали ҳеч нимани билмасликни англаш шахснинг жаҳолат ботқоғига батамом ботмаганидан дарак беради. Охирги зинопояда Қўзи Шишак билан Шохдор Такаевга ўхшаган худбин одамлар турадилар. Ҳеч нимани билмасликларини билмаганликларининг ўзи уларнинг жоҳиллигидан далолат беради. Бу тоифа жамият учун ўта хавфли. Уларнинг ўзларида бор нарсаларни жамоат билан баҳам кўрмасликлари, хотинлари ва ўғил-қизларини етти қават пахса девор орасида ушлаб туришга уринишлари жамият оёғига кишан бўлиб тушади. Офтоб кўрмаган бечоралар, бир умр хат-саводи чиқмаган оми, бурнининг остидан нарини кўра олмайдиган жайдари-жоҳил бўлиб етишадилар. Яхшиямки, Нурхон, Майна Ҳасанова, Зулфияхоним, Юлдуз Уммон, Тўрси Содиқ, Ойхон Сурхунча, Тамарахоним ва Мукаррамахоним сингари катта момоларимиз яшаб ўтганлар. Шу туфайли Нусхагул каби фидоий сингилларимизни, инқилоб ғалабасига олтмиш йил ўтиб ҳам, бу юртдан топса бўлади. Унинг иллатларга зарба бериш йўли тимирскиланаётган насллар онгини Илич чироқлари сингари равшанлантириб, орзуларга қанот боғлайди. Қурёзагулга ўхшаган оташ қалбли қиз-жувонларимизни эргаштириб, ҳаётнинг бегона ўтлар ораламоқчи бўлган сўқмоқларини ёт ғоялардан тозалаб туради…

Ўғилой Чўвишнинг нутқи “Учлик иттифоқи”даги ўзгаришларнинг тезроқ амалга ошишини истаётган Қурёзагулга чивин чаққанчалик ҳам таъсир этмади. У умрида биринчи марта мақтовларга бепарво қаради. Икки кимсадан бошқа ҳамма шаҳвоний ўйинларни яна Қўзи Шишакнинг ётоқхонасига кўчиришга чоғланарди. “Учлик иттифоқи” қароридан Қўзи Шишак бўйин товлади. Тонг отишига саноқли дақиқалар қолганди. Ўғилой Чўвиш билан Нусхагул вақт тиғизлигидан асабийлашарди. Фойдаланиб қолиш мумкинлигини тушунган Шохдор Такаев шунда таклиф киритмоқчи бўлди:

– Гапирсам бўладими, ўртоқ бошлиқ? – деди у дўпписини бошидан олиб.

– Нима дейсан, сассиқ қобон? – деди ундан садо чиқади деб ўйламаган Ўғилой Чўвиш, сендан тузук фикр чиқармиди, дегандек, пешонасини тириштириб. – Гапирмоқчи бўлсанг, гапир, тилингни ютиб юборганмисан, нима бало, гапир деяпман-ку!

– Бетутруқ гапириб, хол қўйсам, уришмайсизми, ўртоқ ижроқўм раисаси?

– Тутлиқмайин ўлгур, сассиқпўпишак, чайналмасдан гапиравер. Шу чоққача сендан тузук гап чиқмаган, энди ҳам чиқиши амри маҳол.

– Маслаҳатимни олсангиз, опажон, Ҳуккиникидан ҳам, раисникидан ҳам воз кечиб, Оқпартовнинг қоқ ўртасига “Учлик иттифоқи”ни кўчирсак! Унинг хотини Сипсагул анча пайтлардан буён “Учлик иттифоқи”га аъзо бўлиш иштиёқида ёнарди. Бировларнинг хонадони бу ишга ноқулай бўлиб, у қулай фурсат келганда, ётиб қолганча, отиб қол қабилида иш тутмоқда эди. Таклифи инобатга олинмаганда ҳам у ҳеч нима йўқотмасди.  – Одам бўйи пахтазор, тоза ҳаво, орасида товушқонлар билан беданалар бир-бирларини қувалашиб ўйнаб юрипди. Тепасидан қарғалар билан тустовуқлар учиб ўтади. Оқпартовнинг тўрт томонига тўртта обрўталаб калхўзчи қўйилса, қадам босган кимсани, авчаркага айланиб, бурда-бурда қиладида, гўштини Қоратумшуққа ташлайди. Ғурумсаройликлардан кўзи-қошимиз камми, ақл-идрокимиз, еб-ичишимиз ёки танамиздаги гўштимиз камми? Аграсаноат бошлиғи Аҳмаджон Одилов амалга оширган хайрли ишларни бизлар нима учун амалга ошира олмаймиз? Аҳмаджон Одилов Сулаймон Қурбоннинг эллигинчи йиллардаги синов тариқасида йўлга қўйган ишларини такрорлаяпти, холос. Бутун Иттифоқда шуҳрат қозонган бу ташаббус бойқулободликларнинг ажойиб ва ғаройиб кашфиёти-ку, аслида. Нима, ўзимизга тегишли буюмни кимларгадир бериб қўйиб, олма пиш, оғзимга туш, деб ўтираверамизми?

– Вой хумпар-ей! – деди ундан бундай фикр чиқишини кутмаган Ўғилой Чўвиш. – Сассиқ ўлгур, ичинг тўла ахлатми, деб ўйласам, ғусса чангидек ақлинг ҳам бор экан-ку. Аввал ҳам мана шу ахмоқ бошинг билан Дармон Мадоровични чув туширгандинг. Сенга қилган меҳнатларимиз беҳуда кетмаяпти, яхшилаб боқиб, тарбия берса, қобон сифатли, арлон келбатли, туппа-тузук одам бўласан. Қолган жойидан давом эт, ёмонмас, яхши гаплар айтяпсан!

– Шуда энди! – деди ортиқ бир нима дейишга қийналган Қўзи Шишак мақтовлардан ийиб кетиб. – Тўғриси, ҳаммасини хотиним ўргатди!

– Ҳисоб! – дея чўрт кесди, кайфияти кўтарилган Ўғилой Чўвиш. – Эр-хотин қўш ҳўкиз, икки ярти бир бутун дегаларидай…

– Оқпартовнинг қоқ ўртасига тўшакларни тўшаб, тоза ҳаво – танга даво, деб қолган жойидан давом эттирамиз, – деган Шохдор Такаев дўпписини кийиб олди. – Сиз ҳамишагидек устимизга миниб олиб, ҳам ишлаб, ҳам гардун билан ён-атрофни кузатасиз. Кўзингизга ёққан одамними, отними, эшакними кўриб қолсангиз, мен ушлаб келаман. Она Екатринадан қолишадиган жойингиз йўқ, ҳусн-малоҳатингиз, ақл-фаросатингиз, раҳбарлик қобилятингиз уникидан ўтса ўтади, кам келмайди. Қўзи Шишак Нусхагулдан манжалақ ясаб, сизни манжалаққа солиб туради. Асирни сиз обдон кўрасиз, сўнгра Қўзи Шишакдан манжалақ ясаб, манжалаққа Нусхагулни соламиз. Аммо лекин Қурёзагулга бир нима деб, айта олмайман! У шундай деркан, аёлга қараб қўлларини паншаха қилди. Қўрқаётгандек, ёлғондакамига қалтираб кулиб қўйди. – Оғзи куйган қаттиқни ҳам пуфлаб ичади, деганлар. Мулло бувамнинг парисига энди қўлимни учини ҳам теккизмайман. Бечараҳолларнинг келин-қизлари дуч келса, Лазиз домла билан Озод ака сингари таппа-таппа босиб, ўшаларни раис билан баҳам кўраверамиз. Рўйхатини табилчиларимизга айтамиз, тузиб борадилар. Бизларда нишхўрд қилиш одати шакллантирилмаган, ғарибга сариёғга қорилган лочира, лочира бўлмаса, патир ҳам нон. Яна десангиз, Сулаймон бува билан Аҳмаджон ака даражасига чиққанингизга ўн йиллар бўлди. Энди ўзимизнинг “гестапа”миз, “энкеведе”миз бўлиши керак. Одамларни ўзимиз гуноҳга ботирмасак, ўзимиз қочирмасак, ўзимиз ушлаб, ўзимиз сўроқ қилмасак, ўзимиз судлаб, ўзимиз жазо бермасак, жиловларини тутқазмасдан қўйишлари мумкин. Сиз бош-қош бўлсангиз, қолган ишларни раис бува иккаламиз эплаймиз. Кремлдан Тошкентга қараб Гидлян деган одамхўр йўлга чиқипти эмиш. Бизларни ўша қирқ битта кўзи, қирқ саккизта қулоғи, оғзи икки таноб келадиган ёвуз дашноқ хуружидан асрасангиз, бас. Падари қусур, танлаб, нуқул паловхўр ўзбекларнинг гўштини ейман, деётганмиш. Оти ўчгурнинг номини эшитсам, кўзларимдан уйқу қочади. Ҳаромининг на ўзини, на суратини кўрмаган бўлсам ҳам, тушларимга кириб, қўрқитиб чиқади, Ўғилой опажон…

Таклиф барчага бирдек маъқул бўлди. Қурёзагул таклифни қўллаб-қувватлаган бўлса ҳам, “Учлик иттифоқи”га аъзо бўлишга тайёр эмаслигини айтди. Қўзи Шишак бира тўла қутулиш фурсати етмаганини инобатга олиб, Тарғил кўппакка айлангач, яшилбош турна билан курк товуқ орқасидан тилини осилтириб мажбуран йўлга чиқди. Ёввойи қобонга айланган Шохдор Такаев барчадан олдин бориб, отга айланган машинадан кўрпа-ёстиқларни туширди. Маймунга айланган ҳайдовчи билан “Учлик иттифоқи”нинг йўлига кўз тикди…

Ишлар суръати жўнашиб кетди. Шаҳвоний ўйинлар ёзда Оқпартовда, қишда Шохдор Такаев бошчилик қилаётган бригада дала шийпонида тўрт йил давом этди. Қурёзагул бирор марта “Учлик иттифоқи” анжуманида иштирок этмади. Ижроқўм раисаси арзирли сабаб бўлмаганда, уни бир соатда синдириб, ҳар қанча қайсар бўлмасин,  Ҳуккининг олдига йўллаган бўларди…

…Қурёзагул биринчи бор Қўзи Шишак билан қовушганда, унинг жинсий ночорлигини сезди. У хўрознинг тилича ҳам туюлмади. У қанжиққа айланиб ҳам, одам сифатида ҳам қовушиб кўрди. Ичининг олови тирноқча пасаймагач, ўз ёғида ўзи қовурилди. Бошини қайси деворга урмасин, фойдаси бўлмади. Шохдор Такаевни изласа, қасам ичиб қўйганди, ўйламасдан айтган сўзлари бошига бало бўлди. Бошқасини топай деса, Шохдор Такаевга ўхшагани йўқ эди. Шунинг учун у Қиё жиннини қарғаб кунларини кеч қиларди. Унинг нима айби бор, ўзи билмасди. Вужуди қичишиб, азоб тортган паллаларда унга қўшиб Ҳуккини ҳам ёзғирарди. “Йигит ўлмай, жувонмарг бўлгур, ўларкансан, уйланиб нима қилардинг? Уйландинг, уйландинг, ширинкомага ўргатмасанг, асаканг кетардими? Илоё, гўрингда чириб-ириб, Ўғилой Чўвиш айтганидек, қурт-қумурсқаларга ем бўлгур”, деб қарғар, қуруқ сўздан натижа чиқмаслигини ҳам яхши тушунарди. Бир куни бошига янги фикр келди. Экин-тикинга эътибор билан ёндошсанг, яхши ҳосил оласан, сигирни парваришлаб, вақтида емлаб турсанг, сути кўпаяди. Териси суягига ёпишган буқага меҳр берсанг, семиради, ғунажинни кўрса, жонини киргизади. Қўзи Шишакнининг усти-бошини бутлаб, қорнини тансиқ таомлар билан тўйдирсам, ўзгармасмикан, деб ўйлаб қолди. Албатта Қўзи Шишакнинг егани олдида, емагани кетида, у оч эмасди. Аммо бу каби емишлар ҳар қанча тансиқ бўлмасин, инсоннинг қувватига бевосита таъсири ҳисобга олинмаган эди. Айнан, қувват масаласини назарда тутаётган Қурёзагул, ўша кундан бошлаб унга ҳар саҳарда ўн донадан қора товуқнинг тухумини юттирди. Хархаша бошласа, отанг яхши, онанг яхши, дея авради. Ҳар ҳафтада тухумлар сони биттага ошиб борди. Қўзи Шишакнинг унинг тантиқликларига кўнишдан ўзга иложи қолмади. Икки ҳафта ўтиб, ўзгариш бошланди. Тухум ёнига бошқа масаллиқлар қўшса бўладиган муддат етди. Қурёзагул ун қопидан тикилган рўзғорсумкасини кўтариб туман марказига йўл олди. Қассобхоналардан буқанинг моягини йиғди. Уйига келгач, ошхонага учиб кирган чумчуқларни ушлади. Молҳовлидаги бостирмага ин қўйган чумчуқларнинг инига қўл тиқиб, полопон терди. Полопони йўқ уялардан тухум ўмарди. Полопонларни моякларга аралаштиб, мантиқасқонга қўйди. Чигирткани тухумга булғаб, сариёғда қовурди. Тунда қайтган Қўзи Шишак махсус таомларни паққос тушириб, тонг отгунча ухламади. Ҳовури босилиб, жони ором топган Қурёзагул шу кундан бошлаб ҳар саҳар рўзғорсумкасини кўтариб туман марказига йўл оладиган одат чиқарди. Гўшт дўконларида уни танимайдиган қассоб қолмагани каби калхўз ҳудудларида бирор чумчуқ ёки чигиртканинг жони омон қолмади. У бор меҳр-муҳаббати ва куч-ғайратини, Ҳуккидан қолган бутун мол-давлатини Қўзи Шишакнинг оғзидан тиқиб, кетидан оқизди. Бўлмаганни бўлдирмоқчи бўлиб, биринчи йил озиб-тўзди, иккинчи йил ҳаддига келиб, тўлишиб қолди. Аммо товонларидаги ёриқ-йиртиқлари ўлгунига қадар битмади.

Ўғилой Чўвишнинг Қурёзагулга зуғум қилмагани унинг Қўзи Шишакка меҳр-муҳаббати ва хокисорлиги туфайли эди. Яра-чақалари битиб, ранг-рўйи тозарган Қўзи Шишак семириб, қувватга тўлди. Фаол иштирокчига айланди. Иттифоққа Сипсагул қўшилгач, жонини жабборга бериб Шохдор Такаев билан бақамти турди. У заққум-заҳмат чекмаганида, икки эркакнинг уч еб тўймас байтални эплаши қийин кечарди. Барчасига гувоҳ Ўғилой Чўвиш кўзларига ишонмасди. Қўзи Шишакнинг ўзгаргани ғалати эди. Унинг дағал териси нафислашгани етмагандек, Шохдор Такаевникига тескари ўлароқ, райҳон чайнаган тишларидан баҳор нафаси уфурарди. У ўртада талош эди. Эврилишлар ижроқўм раисасининг руҳиятига таъсир ўтказди. У ҳаёт ва одамлар ҳақидаги қарашларини ўзгартирди. Нариги дунёнинг борлигига ишона бошлади. Хаёлини Ҳуккининг қиёфаси қамради. Қўзи Шишакни муллонинг руҳ-арвоҳи қўлламаяптимикан деган гумон уни жинни этаёзди. Етимликда, оч-наҳор ўсган оми бир қизнинг қўлидан бундай иш келмасди, деб ўйлади. Сипсагулнинг ҳикоялари уни янаям домига чуқурроқ тортди. Камунистик мафкурага зид ўлароқ у жин-ажиналарнинг мавжудлигига ишонди. Азбаройи Ҳуккининг шотисидан еёлмаганидан aфсус чекадиган одат чиқарди. У буни ҳаётидаги энг катта омадсизлик деб ҳисобларди. Назарича, хато қилмаганда, у Олий Савет президиуми раисаси бўларди.

Нусхагул билан Сипсагулнинг айтишига кўра Ҳуккининг айғирникига ўхшаган ҳиди мияни афюн мисол сеҳрларди. Тилсимланган мижоз, шу-шу, оғзининг бўшини бировга бермасди. Девор бўлмаса, кўзлари деворнинг нари ёғидаги нарсаларни кўрарди. Кўзга боқиб одамнинг ичидаги ниятини уқарди. Сиртдан “Раисчилик” институтининг тўртинчи босқичида ўқиётган Нусхагул, еганлари таъсирида аввал бригада бошлиғи бўлиб ишлади. Кейин калхўз парткўми лавозимига кўтарилди. Навбатда уни калхўз раислиги кутарди. Сипсагул ҳам бекордан-бекорга бригада бошлиғи бўлмади. Уни ҳам Ҳуккидан еганлари қўллади. Нияти, Нусхагулга ўхшаб, Тошкент “Раисчилик” институтида сиртдан билимини ошириш эди. Шу каби бўлмағур гап-сўзларни эшитавериб Ўғилой Чўвишнинг Ҳуккининг олдига боргилари келиб кетарди. Орзуси тезроқ у билан жуфтлашиш эди.

 Қурёзагул барибир Қўзи Шишакнинг бир камчилигини бартараф этса, икинчиси чиқарди. Яқинда калхўз бошланғич партия қўмитаси лавозимига ўтирган Нусхагул Товуқбоқаровнанинг ижроқўм раисасига берган иқрорига кўра, Қўзи Шишак ҳеч қачон Ҳуккининг изини босолмасди. Афлотун гўридан тирилиб чиқса ҳам бунинг иложи йўқ эди. “Учлик иттифоқи”дагилар Қурёзагул сингари умид этишдан тийилмасдилар. Қурёзагулнинг ўжарлигидан зада Қўзи Шишак Ҳукки каби букри эмаслигидан азият тортарди. Иложи йўқлигини ҳар ўтириб-турганда эслатадиган Қурёзагул қовушганда Ҳуккининг бўйини туйиш учун ундан айғир терисини топиб келишни талаб этарди. Бу гапни қайта-қайта эшитишдан безган раис калхўздаги якка-ягона отни сўйдириб тинчимоқчи бўлди. Тўшак ўрнига от терисини тўшаган Қурёзагул Ҳуккининг бўйини туя олмагач, охирги чорани қўллади. У бўлажак Туркманбошининг жаҳонга машҳур Оҳолтекин айғирининг сийдигига қоришган тезагини Ғайбулла полвондан топиб келтиришни илтимос этди. Пул учун Чорсунинг ҳожатхонасига калла ташлайдиган полвон одам боласининг қўлидан келмайдиган бу ишни ҳам қойиллатди. Машҳур айғирнинг ҳиди ҳақиқатан бошқача эди. Ҳидлатса, ўлганига минг йил кечган байталга жон инарди. Қурёзагул кўрпа-тўшакларига тезак аралаштириб авра-астар қавиди. Афcус, унинг барча уринишлари охирида яна бекор кетди. Мияни ачитадиган жиҳати Ҳуккиникига чолим берса-да, жинсий жазавани босолмасди. Аксига олиб, ҳидни ёқтирган Қўзи Шишак қанжиққа айланиб қолди. У ялиниб-ёлвориб Арлонни чақириб келишларини илтимос қила бошлади. “Бўлмаса, Шохдор Такаевга кетаман”, дея Қурёзагулга иғвогарлик ҳам қилди. Ҳамияти қўзиган Қурёзагул бошини чангаллаб, кўчага отилди. Не ёзиқ, ҳовлисини ҳам куйиккан байталлар босганди…

Қурёзагул уч йил ўтиб Қоратумшуқнинг қадрига етди. У ўлмаганда, байталга айланган калхўзчиларни ҳовлига йўлатмасди. Айтганимиздек, у ковушга бир тумшуғини босганча қайтиб ўрнидан турмади. Бир ҳафта ўтиб жон таслим этди. Хиёнатлар жонидан ўтиб кетган эди. Тириклигида эшигида еб-ичиб юрганлар, Ҳукки ўлгач, орақасини вайронага айлантиргандилар. Қоратумшуқ ўлимни танламаганда, унинг субутсиз одамлардан фарқи қолмасди…

(Давоми бор)

islomxolboy.blogspot.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort