Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Икки “ҳовли” ҳақида икки оғиз сўз

Икки “ҳовли” ҳақида икки оғиз сўз
09 Şubat 2019 - 13:14 'да юкланди ва 897 марта ўқилди.

ИККИ “ҲОВЛИ” ҲАҚИДА ИККИ ОҒИЗ СЎЗ

Охирги кунларда ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида турк киноижодкорларининг “Ҳовли” телесериали кескин танқид қилинмоқда. Сериални намойиш этаётган “ZO‘R-TV” шаънига ҳам кескин фикрлар айтилмоқда.

Танқидчиларга кўра, қамоқдаги аёлларнинг яшаш тарзи ва қисматини очиб берган ушбу сериал, ундаги жиноятчи аёллар образлари ёш ўзбекларнинг миллийлигига ва маънавиятига зарар бераётган эмиш. “Ҳовли” – фаҳш ботқоғи” эмиш.

Хусусан, Facebook ва Telegram тармоқларидаги маълумотларга кўра, фарғоналик Элмурод Солиев “ZO‘R-TV”га телефон қилиб, “Ҳовли”нинг “контент”ини (мазмунини) фильтрлаш зарурлиги ҳақида гапирган ва телеканал муҳаррирларини танқид қилган.

“Ҳовли” атрофидаги машмашалар бошлангач, шу сериалга қизиқиб қолдим. Кеча, 8 февраль куни, уни биринчи марта кўрдим. Тартиб бўйича қайси сериясини кўрганимни билмайман. Лекин, очиқ айтаман, илк кўришимдаёқ “Ҳовли” менда ижобий таъсир қолдирди.

Сериални танқид қилаётган юртдошларимизнинг, айниқса, “ZO‘R-TV”га телефон қилиб, муҳаррир билан бўлган суҳбатни диктофонга ёзиб олиб, ижтимоий тармоқларга қўйган жасоратли фуқароларнинг кўзларига НЕГА ФАҚАТ АЁЛЛАРНИНГ БУЗУҚЛИГИЮ МАЪНАВИЯТСИЗЛИГИ кўрингани менга қоронғу.

Менинг диққатимни эса турк “Ҳовли”сидаги шу ҳолатлар тортди:

1. Маҳкумалар истаган пайтда (!!!), қамоқ маъмуриятидан рухсат сўрамасдан (!!!) ва истаганча муддат (!!!) автомат-телефон орқали яқинларига қўнғироқ қилиб, улар билан гаплашишмоқда.
2. Маҳкумаларнинг адвокатлари ва яқинлари истаган пайтда (!!!), қамоқ маъмуриятидан рухсат сўрамасдан (!!!) ва истаганча муддат (!!!) маҳкумалар билан юзма-юз мулоқот қилиб кетишмоқда.
3. Талабалик даврида қамалиб қолган Азро деган маҳкуманинг университети ўз талабаси қамоқда ҳам таълимни давом эттиришини ва имтиҳонларни ўз вақтида топшириб боришини таъминламоқда. Қамоқ маъмурияти бунга қаршилик кўрсата олмаяпти.
4. Қамоқ муассасасининг карцери (бир кишилик жазохонаси) тўшак ва тўшаксирт/тўшакдеш (“простыня”), кўрпа ва кўрпасирт/кўрпадеш (“пододеяльник”) ёстиқ ва ёстиқсирт/ёстиқдеш (“наволочка”) билан таъминланган.
5. Қамоқхона ва жазо муассасалари Ички ишлар ёки Давлат Хавфсизлиги, яъни тергов идораларига эмас, терговга алоқаси йўқ Адлия вазирлигига қарашли.

Мана шу беш нуқта Туркиядаги жазо муассасалари жаҳонда маҳбус ва маҳкумларни сақлаш бўйича қабул қилинган минимал стандартларга риоя этишидан далолат беради.

Энди эса эътиборни ўзимизнинг ўзбек “Ҳовли”сига қаратамиз:

1. Маҳкумлар фақат қамоқ маъмуриятининг рухсати билан, фақат қамоқ маъмурияти истаган пайтда ва муддатда яқинларига қўнғироқ қилиб, гаплашишади.
2. Маҳкумларнинг адвокатлари ва яқинлари фақат қамоқ маъмуриятининг рухсати билан, фақат қамоқ маъмурияти истаган пайтда ва муддатда маҳкумлар билан юзма-юз мулоқот қилишади.
3. Кимдир талабалик даврида қамалиб қолса, ўқишини қамоқхонада давом эттира олмайди, имтиҳонларини ҳам топшира олмайди. Бу нарса таъқиқланган.
4. Қамоқ муассасасининг карцерида (бир кишилик жазохонасида) тўшак ва тўшаксирт/тўшакдеш (“простыня”), кўрпа ва кўрпасирт/кўрпадеш (“пододеяльник”) ёстиқ ва ёстиқсирт/ёстиқдеш (“наволочка”) бўлмайди.
5. Қамоқхона ва жазо муассасалари терговга алоқаси йўқ Адлия вазирлигига эмас, балки Ички ишлар вазирлиги, яъни тергов органига қарашли.

Кўзи ожиз бўлмаган одамлар ҳам бир хил насаларни кўриб, иккинчи хил насаларни кўрмайди. Кимдир аёлларнинг бузуқлигини кўради-ю, аёларнинг қамоқхонадаги шароитларию ҳуқуқларини кўрмайди.

Бугун оғизларини кўпиртирган ҳолда “Ҳовли” сериали ва “ZO‘R-TV”ни танқид қилаётган ҳар бир ўзбекистонликка саволларим бор.

Турк “Ҳовли”сини ва ундаги маънавиятсиз аёлларни кўрган кўзларингиз, нега турк қамоғидаги шарт-шароитларни ва ҳуқуқларни кўрмайди?

Шунчалик жасоратли экансизлар, миллат ва унинг маънавияти ҳақида жон куйдираётган экансизлар, нега Омбудсманга, Олий Мажлисга, президент маъмуриятига телефон қилиб, “Бизнинг қамоқхоналарда қачон шундай шароит ва ҳуқуқлар таъминланади?” – деб сўрамайсизлар, талаб қилмайсизлар?

Нега сўрамаслигингизни, нега талаб қилмаслигингизни яхши биламан.

Чунки кўзларингиз фақат аёлларнинг маънавиятини кўради.

Чунки жасоратингиз фақат аёлларга етади.

Чунки хориждаги маҳкума аёлларнинг маънавиятсизлиги сизларни кўпроқ ташвишга солади. Ватанингиздаги маҳкумаларнинг шароити ва ҳуқуқлари эса сизларни унчалик ташвишга солмайди.

“Биз ўзимизнинг ёшлар ва уларнинг маънавияти ҳақида қайғураяпмиз”, – демай қўяқолинг: турк “Ҳовли”сини намойиш этаётган “ZO‘R-TV” экран бурчагига “16+” деб ёзиб қўйибди! Яъни бу: “Паспорт олмаганларга сериални кўрсатманглар!” – деганидир.

Эркакларнинг эркаклиги фақат аёлларнинг маънавиятини назорат қилишда намоён бўлмайди. Эркак дегани аёлларнинг ҳуқуқлари таъминланганини ҳам назорат қилади. Таъминланмаган бўлса, таъминланишини талаб қилади.

“Ҳовли” танқидчилари ва “маънавиятчи”лар!

Нигоҳларингизни турк маҳбусаларининг ёмон хулқ-атворидан уларнинг қамоқдаги шарт-шароитлари ва ҳуқуқларга қаратинг! Ва ўзбек “Ҳовли”сидаги аҳвол билан солиштиринг!

Бобомурод АБДУЛЛА
2019 йил 9 февраль

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort