Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Каламушлар галаси орасида

Каламушлар галаси орасида
10 Şubat 2019 - 8:00 'да юкланди ва 685 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

Феълим менинг, аъмолим менинг… 

Субҳаноллоҳ, бу не нафси лаим,
Нафсни қўйгил, не азоби алим.
Рўзи учун мунча фусунсозлиқ,
Мансаб учун мунча дағобозлиқ.

Алишер Навоий

Ўнинчи боб

…Яшилбош турна Оқпартовга қўнганда курк товуқ билан семиз ғоз қобоннинг терисидаги зараркунандаларни териб еяётган эди. Сипсагул семиз ғозликни танлаганди. Қўзи Шишакнинг мурдаси асл қиёфасида эди. У тирик каби ётар, кўрки “Учлик иттифоқи” вакилларининг кўзларини яшнатарди. Яшилбош турна хумордан чиқмагунча ҳеч ким унга яқинлаша олмасди.

Яшилбош турна ҳар доимгидек райкомнинг боғидан кестириб келган қирмизи атиргулни ғўза шохига илди. Қўзи Шишак пўстдумба қилинган қўчқордек бўлиб, кўзларини бақрайтирганча кўкка тикилиб ётарди. Ярим соатдан буён томоша қилаётган қобон ҳам таажжубда – барчанинг бу ўзгаришларда Ҳуккининг қўли борлигига гумони йўқ эди. Курк товуқ билан семиз ғознинг унинг танасидаги зараркунандаларга хуружи вақт ўтказишнинг хос усули эди. Ҳеч нимадан хабари йўқ иттифоқдошлар, Қурёзагул “улканлаштириш”нинг йўлини топипти, деб ўйлардилар. Ўғилой Чўвиш эса рўй бераётган воқеъаларга ҳайрон, рисоладаги одамнинг ақли ҳазм қилиши мумкин бўлмаган ҳодисотлар уни қарахт қилганди. “Ириб-чириб, қурт-қумурсқаларга ем бўлди”, дея маломат қилган Ҳуккининг тириклигига ишона бошлаганди.

– Ҳой, қабрида тик ўтирган Ҳукки, мени кечир! – деди у. – Бизларни кўриб турганингни яхши биламан. Шу пайтгача сени камунистлардан қўрқасан, деб ўйлардим. Сени жонини асраб юрган бир ночор, бойлик орттиришнинг ҳадисини олган фирибгар санардим. Адашиб, кўзларим кўр, қулоқларим кар юраверган эканман. Ҳақиқатда худо экансан. Халоскор беванг Қурёзагулнинг қўллари билан Қўзи Шишакни бошқа одамга айлантириб, уни янгидан бунёд этипсан! У шундай деб унга пешонасини бости. – Бундан кейин сенга сиғинаман, мулло буважон. Мени ёнингга торт. Амаллаб ўша ёқда ҳам қўмитага раиса бўлсам, сени қўллаб-қувватлашга сўз бераман. Камунистларни ит каби ишлатиб, “худо йўқ”, “нариги дунё рўё”, деган тилларини кесаман. Хотинлари ва ўғил-қизларини Қурёзагулнинг чўрилари, қулларига айлантираман. Сени кеч англадим. Васлингга етишишдек буюк орзуйим бор. Сени кўр ҳам, кар ҳам, чўлоқ билан мохов ҳам таниган экан. Мен танимапман. Овсаргина мен манглайи оқнинг уйгиналарим куймагур. Уйгиналарим буғдойгиналарга тўлиб, кимга нон берсам экан, деб юрай. Қўлларимга нолакашолликлар билан боққанлар тупиккиналарини ютиб, силлалари қурисин. Сенингдек олампаноҳни кўрмаган кўзгиналарим равшан тортиб, қулоққиналаримга том битсин…

У эри ўлган хотиндек айтиб-айтиб йиғлади. Таъсирланган “Учлик иттифоқи” аслига қайтди. Икки аёл Ўғилой Чўвишнинг билакларидан ушлаганча, “опажон”лаб, юз-кўзларини тимдалаган кўйи, “мулло бувам”лаб аюҳаннос солди. Улар Шохдор Такаевнинг ўлганидан ҳали ҳам бехабар, суюнганларидан жазавага тушгандилар.

 Каламушларга айланган  калхўзчилар ҳақиқатдан воқиф эдилар. Ғўзаларнинг тагларидан пойлаб, Паримомонинг режаси иш бераётганидан мамнун эдилар. Паримомо сариқ қанжиққа айланиб ён-атрофда тентирарди. Ўғилой Чўвишнинг қўзиқоринга ўтиришини кутиб, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган томошалар ёди билан ёнарди.

Ҳуккидан кечирим сўраб йиғлайверганидан кўзларига қон қуйилиб, юзлари рапидадек шишган Ўғилой Чўвишни охир-оқибат икки хотин икки қўлтиғидан кўтариб, …га ўтқазди. Бояқиш аёл олма тишлаган ҳайкалга ўхшаб қолди. Кўзёшлари оқимини ўзгартириб, бурнининг икки чеккасидан сизди. Нималар рўй бераётганига ақли етмаган Шохдор Такаев бармоғининг учи билан илиб, уларни ялаб кўрди. Икки аёл унга тақлид этди. Ўғилой Чўвишнинг соққасида ўйнаётган кўзларига бу қизиқ туюлди, шекилли, у ҳам илиб икки кўзига сурди.

Мурда бузила бошлаган, сассиқ ҳид димоқларни ёрарди. “Учлик иттифоқи” шаҳват ўтида ёниб, ҳиднинг қаердан чиқаётганини сезмасди. Улар, “Сассиқ қобон” деб Шохдор Такаевдан жирканиб бурун жийирардилар. Паримомонинг тузоғига илинганларидан хабарсиз эдилар. Нусхагул билан Сипсагулнинг бор жойи қичишиб, эшканлашни бошлагандилар. Ўғилой Чўвиш мустақил ҳаракатланишдан мосуво эди. Шунда иккаласи икки билагидан ушлаб, уни ўтирғазиб-турғазишга киришди. Унинг учун ҳар сония азобга дўнди. Кўнгли озиб, нарсалар кўзларига ғира-шира кўринди. Нусхагул билан Қурёзагул куйикиб, борҳо жазавага минди… Унинг ҳолати сувга пишган кимсаникидан беш баттар эди. Ичида турган кучли оғриқдан нафас ололмай қолди. У ўлар ҳолатга етиб, таърифлаб бўлмас азоблар ичра қолганди. Умр бўйи эришган рўшноликлари тушга менгзади. Ўзини қоронғи зиндон тубига тушган маҳбусдек ҳис этди. Ҳарчанд, икки аёлнинг қўлидан чиқишга уринмасин, у эплай олмасди… Кўзларига Муччигарга минган Ҳукки кўринди. Тирик қолиш умиди чипакка чиққач, у икки қўллаб ўзининг бўғзига ўзи чанг солди…

– Сени худо деганларнинг падарларига юз минг марта лаънатлар бўлсин, Ҳукки! – деди ижроқўм раисаси охири оғриқларга чидолмасдан. – Сассиқ қобон, қўлингни торт! У яна фикрини ўзгартирганди. Яна камунистга айланиб қолганди. – Нима бўляпти ўзи? – Илонларга ем бўлгур Ҳукки устимиздан куляптими? Шоҳнинг ўғли Шомурод кетиб боради бемурод, Қўлида “Лайли” китоб, ўқиб боради бемурод, деганларидек, ёрилиб, бемурод кетмасам гўрга эди. Сасимай ўлгур! Энди сен ҳам, мен ҳам ўламиз, дунё покиза бўлади…

– Раис бува, десангиз, ўрнингиздан туринг! – деди ойилаётган Нусхагул эрига. – Отилган тўнғиздай ётавермасдан, ўзингизни йиғиштиринг. Ўғилой опамларни ҳаз эттираман, дея эзиб юбордингиз. Инсофингиз борми ўзи? Ҳой эркак, ўзингизни ўликка солманг, Ўғилой опамларнинг юраклари безовта бўляпти, ахир. Ўлиб қолсалар, қамоқда чирийсиз-а. Айтиб қўяй, ноҳақ бўлганингиздан кейин, узатган оёғимни йиғмайман. Мендан ҳимо истаб юрманг… Пуф-ф, Шохдор Такаев бугун ўзгача сасияпти…

– Мен ҳар доимгидек, сасияпман! – деди жони чиққан Шохдор Такаев. – Менга бурнингни жийирганча, эрингга ақл бер. Йиғиштирсин, Ўғилой опамлар ўлиб қолиб, бошимизга балолар ёғилмасин.

Қўзи Шишакнинг бақрайиб қотиб қолган кўзлари тирик одамники каби муғамбир темуларди. Аммо жағи тушганди. Оғзига кириб-чиқаётган чивин-чиркийларни кўрган ҳар қандай анқов ҳам унинг ўлганини сезарди. “Учлик иттифоқи” вакиллари ҳеч нимани пайқамаётгандилар. Улар бақир-чақир қилдилар, шапатилаб уриб, уни чақирдилар, бироқ ундан садо чиқмади.

Шохдор Такаев, қўрқиб қалтирай бошлади. Ҳеч ким эътибор бермагач, бошини хотинининг сонлари орасига тиқди.

– Ўн беш боламиз ҳаққи, хотинжон, мени бу қопқондан қутқар! – дея бўкириб йиғлади у. – Кўнглим сезиб турипти, бу ишларнинг охири яхшилик билан тугамайди. Худо кўрсатмасин, менга бир нима бўлса, сени “Раисчилик” институтига ким ўқишга киритади? Қўлингдан бригадирликни тортиб олиб, кетингга тепадилар. Мен етар-етмасликдан ўқий олмадим, сен ўқишинг керак, хотинжон. Болалар вояга етяпти. Уларни ким уйлаб, ким турмушга чиқаради. Мени ўйламасанг, болаларни ўйла, садағагинанг кетай…

– Ҳаммамизни Ҳукки худо бувам ўйлаяптилар! – деди масаланинг не қадар жиддийлигини идрок этмаган Сипсагул. – Минг муллодан бир худо афзал, деганлар. Менга ялинганингиздан кўра, Ҳукки бувамдан сўранг, муродингизни берсин. Менга халақит берманг, илтимос. Раис бувам кўзларини бақадек бақрайтириб ухлаб қолиптилар. Уйғотмасак, Ўғилой опамлар қалпоқ бўлавериб қийналиб кетдилар. Ҳали Нусхагул опам билан мен навбатда турипман, сиз шошмасангиз ҳам бўлаверади, дадажониси.

– Ҳукки деманглар, илтимос, иттифоқдошлар! – деди Ўғилой Чўвиш чираниб. – Қурёза котанинг ёнини олиб, нима қилса, қилди. Шишиб кетяпман, ёрилиб ўламан. Мени тезроқ эгардан туширинглар, чириб кетгур, бамайлихотир ухлаяпти. Одам ҳам кўзларини бақаникидек бақрайтириб ухлайдими? Нафас чиқармасдан ухлайдиган одамни биринчи марта кўряпман. Во-ой жоним, во-ой жоним, ўзимдан ўтганини ўзим биламан, жоним билади…

Шохдор Такаев ёш боладек пешонасини тириштириб, лабларини чўччайтирди.

– Вой-дод! – деди у. – Ёвоғингни[1] ол, кетмонингни ол, бўлмаса ўроғингни, белингни ол, болтангни ол, тешангни ол, ижроқўм раисаси билан калхўз раиси мени Оқпартовга авраб олиб келди. Хотинимни тортиб олиб, чув туширди. Энди ўлама-ан, ўла-аман…

Каламушлар галаси орасида унинг тўрт-беш авбош жияни бўлиб, телба-тескари ишлари билан элда донгдор эдилар. Паримомога садоқат билдириб қасамёд этган эсалар-да, тоғаларининг ҳўкиздек бошини солиб дод-вой кўтариши уларнинг ҳамиятларини қўзитди. Улар бир ағанаб, асл ҳолларига қайтдилар. Ёпирилиб, “Учлик иттифоқи”ни ғорат этдилар. Қўзи Шишакнинг икки қўлтиғи остидан бири бир томонга, иккинчиси иккинчи томонга тортди. Ўғилой Чўвишни яна бири тортди. Учтаси бир бўлиб, тоғалари бўлмиш Шохдор Такаевни судраклади. Бири кела-сола тоғасининг хотини Сипсагулга ташланди. Новчадан келгани маймундек ирғишлаб, Нусхагулга дўқ урди. Нусхагул новчанинг дастмоясига чанг солиб, уни ҳўкиздек бўкиртирди. Юраги кўтармаган Ўғилой Чўвиш қулоқларига бармоқларини тиқиб, кўзларини чирт юмди. Бўлди бир қиёмат, бўлди бир қиёмат, қўяверасиз… Гидлян Дашноқий Ўзбекистонда оч бўридай кезиб, ўз миллатини қулларча қора меҳнатга маҳкум этган қўшиб ёзувчиларнинг оғзидан кўтанрўдаларини[2] суғирганда ҳам, хаёлига келган биринчи фикрни тўғри деб ўйлайдиган юртбоши мустақиллик йилларида фуқароларни қир-пичоқдан ўтказганда ҳам ҳеч ким бундақанги тўс-тўполонни кўрмаганди…

“Тортма-а, тортма-а”. “Ичак-чавоғим о-оқиб кетади”. “Мени еди-и-и…”. “Шохдор Таканинг жияни, бегона эмассан, ҳайдовчимнинг паттасини бериб, сени ҳайдовчи қилиб оламан…” “Жиян, эҳтиёт бўл. …қўшиб, тўрт бармоғимни сиқиб қолди. Узилади. Опам туққанда сени ердан ўзим кўтарганман. Какалатиб ка-кат-катта-а қил-қилганман, жиян… Ўлдим, ўламан, тортма…” “Тоғанинг хотинига жиян деган бефаросат, шунақа ташланадими? Ҳе, кўзинг ўйилиб, юзингга ўт босилсин. Охирзамон келди. Қайни дегани ҳирс билан боҚўндоқи?…” “Найнов, тур! Куйиккан ғунажинга ўхшама. Оёқ кўтаришга уялмайсанми? Товоним билан эзаман. Кейин тузукроқ вой-додлайсан. Башаранг қурсин, типратиканга ўхшаб ёйилиб-йиғрилмасдан ўл!…”

“Учлик иттифоқи” билан жиянлар бир-бирларига ташланиб, айқаш-уйқаш бўлиб кетдилар. Қўштирноқ ичидагилар уларнинг гап-сўзларидан иқтибослардир. Ўқувчи ўзи ўқиганларидан маъно айираверади…

Бир кечада Қурёзагулнинг нафақат исми, ўзи ҳам ўзгарди. У Паримомога айланди. Феълида ҳар қандай одамни эсанкиратадиган қувлик пайдо бўлди. Воқеа-ҳодисалар энди унинг хоҳиш-истагига монанд эврилади. Қиёфаси Қурёзагулга тегишли эса-да, маккоралиги, нафратли кўз қарашлари, бешафқатлиги ва дийдаси қаттиқлиги шайтонники каби эди. Шаҳвоний ҳирс билан заҳарланган илгариги феъл-атвори ҳозиргисидан минг чандон авло эди. У олдин ўзидан ўзгага зиён етказа олмасди. Энди у қотилликдан шараф ва ифтихор туйишга иштиёманд – ялмоғизга айланди.

“Қани, бўталарим!” дея у айтмоқчи сўзларини хаёлидан ўтказганда, чақириғини каламушлар товушсиз англадилар. Томоқлари йиртилгудек бўлиб, “Лаббай, Паримомо, амрингизга мунтазирмиз!” деганларини ўзлари сезмай қолдилар.

Шунда Оқпартовни қора булутлар қоплади. Чақмоқ чақиб, Зўмлар калхўзи устига тоғлар ёпирилгандек туюлди. Кулли жаҳон момоқалдироққа тутиниб, юлдузсимон учқунлар осмонни рангларга бўяди. Ўтакаси ёрилган каламушлар сариқ қанжиқ хайлидаги Паримомодан нажот истаб, унга ёпишдилар. Улардан дўнглик пайдо бўлиб, Паримомо тагларида кўринмай қолди. У каромат кўрсатадиган пайт етганини англади…

– Қуралайма, буралайма, сўралайма! – деди у дўнглик остидан бош чиқазиб. – Ҳукки мулло, сен ўлдинг, энди мен ҳам ўлайма. Ўлган билан ўлиб бўлмас, кулган билан кулиб бўлмас… Бувам ўлди, момом ўлди, сенинг шохинг бормади? Бувам мени чолга берди, қисиқ жойи бормади?!

Калхўз аҳлига айланган каламушлар қўлларида кетмон-бел, ўроқ ва болта, теша ва белкурак, капгир ва ўқлов кўриб, чўчиб тушдилар. Асл қиёфасига дўнган Паримомо қўлидаги оқ қийиқ билан кўзёшларини сидирди. Дод солиб Қўзи Шишакнинг устига келди. Унинг устида Ўғилой Чўвиш ва қўлини тишлатган Шохдор Такаев қолганди. Қолганлар қаергадир ғойиб бўлгандилар.

– Қурёзагул, сизни етказган Ҳукки худо бувамларнинг руҳ-арвоҳларидан ўргилай. Қиёмат қойим бўлди, десангиз! – деди ранги ўчиб кетган Шохдор Такаев. – Сиз пайдо бўлиб, ур-тўполон тинди-қолди.

– Мен Қурёзагул эмасман! – деди у кўзларидан ғазаб чақнаб. – Яна Қурёзагул деб чақирсанг, тилингни суғураман, сассиқ қобон. Ўз отим билан мени Паримомо дегин, бўтам!

– Тушундим, Паримоможон! – деди бўш қўлини кўкрагига қўйган Шохдор Такаев узала тушиб ётган жойида кўзларини жовдиратиб.

– Қўл тиқишга бошқа жой йўқмиди?

– Ихтиёрим билан тиқмадим, Паримоможон. Ўзи тишлаб қолди. Менга ёмон қараманг, илтимос. Бир умр Ҳукки мулло худо бувамларга ихлос қўйиб, этакларидан тутганимизнинг ҳурмати йўқми? Ёки мендан алам олмоқчимисиз, Паримоможон?

– Сен мени билмайди дейсанми? – деди Паримомо мақсадга кўчиб. – Хотининг билан Нусхагул бу қўлингни тишлатган мода эшак билан тил бириктириб, раис бувамнинг номусига тажовуз этди. Калхўз аъзолари барчасидан хабардор. Мени ўз-ўзидан шунчаки йиғлаяпти, “Учлик иттифоқи”нинг оғир вазиятга тушганига қайғуряпти, деб ўйлама. Емлаб боққан арзандам Қўзи Шишакнинг жабр-зулмларга дош беролмасдан, жон таслим этганига куяяпман. Қасд олиш масаласига келсак, аввалги ишларни унутганман. Паримомо бўлгач, майда-чуйдалар билан ўралашиш менга ярашмайди.

– Қўзи Шишакни ўлди деб сенга ким айтди, мочахар? – деди лол-ҳайрон бўлиб, эгардан туша олмай ўтирган ижроқўм раисаси. – Паримомо эканман деб оғзингга келганини вайсайверма. Миршабларни чақиртириб, қўлларига берсам, туғилган кунингга пушаймонлар ейсан…

– Оғзингни юм, тешик тоғора! – дея Паримомо унинг қулоқчаккасига тарсаки тортди. – Даври-давронинг ўтди. Бундан кейин мен нима десам, шу бўлади?

Ижроқўм раисаси эгардан ирғимоқчи бўлди, бўлмади. У Паримомони тилка-пора этмоқчи эди. Қари қўтос сингари ботқоққа ботганидан бехабар эди.

Унга тарсаки тортган Паримомонинг обрў-эътибори янада ошди. Калхўзчилар гуррос-гуррос бўлиб унга садоқат билдира бошладилар. Улар унинг қўлидан ўпиб, икки сафга тизилардилар. Тонг оқарганда бошланган маросим қуёш тиккадан оғганда ниҳоясига етди. Сўлаклар булоқ бўлиб оқиб, қирқ гектарлик Оқпартовдаги ғўзалар сувга қонди. Уларнинг “Раҳмат, Паримоможон чанқоғимизни қондирдингиз”, дея шивирлашлари калхўз шуароларини тўлқинлантирган бўлса, ижроқўм раисасининг ўтакасини ёрди. У калхўзнинг дўнгпешона раисини ўлдирганига иқрор бўлганди. Шармисор бўлгандан кўра Ҳуккининг ҳузурига борган авло, деб ўйларди. У осон қутулмоқчи эди. Чорасиз қолганда ҳам ақлга таяниш зарурлигини хаёлига келтирмасди. Ғалабадан руҳланган Паримомонинг эса, умрида биринчи марта ақли ишлаб кетганди. Юртбошининг бир кеча-кундузда аниқ вақтни икки марта кўрсатадиган соатидек ишлайдиган ақли уникининг ёнида ҳеч нима бўлиб қолганди.

– Сен содир этган мудҳиш жиноятингга иқрормисан, ижроқўм раисаси? – деди у.

– Ўлгани ростга ўхшайди, Паримомо! – деди Ўғилой Чўвиш. – Бироқ қандай ўлганини билмайман, чин сўзим.

– Сен билмасанг, ким биладур? – дея дарғазаб Паримомонинг қоши қаламлари чимирилди. У Ўғилой Чўвишни эгиб олганидан мағрур эди. – “Учлик иттифоқи” картасининг кўзири ҳам, тузи ҳам сен бўла туриб, сен билмайин, мен биладурменми?

– Паримоможон, адолат этинг!

– Сенга адолат қиладурмен деб, беажал ўлган мурдага адолатсизлик қиладурменму? Адолат қилмоқ дегани асл ҳақиқатнинг остига етмоқ, оқни-оққа, қорани-қорага ажратмоқ дегани эмасму, бўтам? Гуноҳсизни қора куяга бўяб, гуноҳкорни оҳак билан оқлаган билан комилликка эришиб бўлур эканму?  Сен Ҳуккининг руҳ-арвоҳидан мадад сўра. Шоядким у ярангга малҳам бўлса. Тезроқ қовушсанг, ҳузур-ҳаловат топурсен. Сени ўша ер ютгур букридан бошқаси тўйғиза олмайдур, айғир-байтал!

– Ҳукки худо буважон, илтимос! – деди боя ўлим истаётган Ўғилой Чўвишнинг ўлгиси келмай, йиғламсираб. – Буюринг, Паримомо талаффузларини ўзгартирсалар ҳам, мени асло ўлдирмасинлар. Бир ўғлим, уч қизим бор. Уларнинг бирортасини уйли-жойли эта олмаганман. Болаларим Луначарский номли мактабда ўқийдилар. Мени ўз ҳузурингизга тортсангиз, уларга ким қарайди? Ишларим ўлда-жўлда қолгач, мени минг чўқморламанг, жисми-жонимга роҳат татимайди. Айтинг, Қўзи Шишакнинг қозиғидан ечиб, мени уйимга жўнатсинлар. Шу жойларга қайтиб оёқ боссам тил тортмай ўлай…

– Дийдиёни бас қил! – деди Паримомо ўз лаҳжасида сўйлаб. – Азонда Қўзи Шишакни кўриб, Ҳуккини ерда-кўкда қўймай мақтагандинг. Кейин у кўзларингга ёмон кўринди, чорасизлигинг аён бўлгач, яна унга ялиняпсан. Тузоқдан осонгина қутулмоқчимисан?

– Тўғри, Паримоможон! – деган Ўғилой Чўвиш оқиб тушаётган терларини кафти билан сидирди. Бу пайтга келиб Қўзи Шишакнинг оғзида пашша-чивинлар ғужғон ўйнарди. У дам урилган елим қайиқдек шишиб кетган эди. – Мен густоҳнинг бир қошиқ қонимдан кечинг. Бу ёғига ишлар сизнинг буйруғингиз билан амалга ошади. Бўлажак раис номзодини ҳам ўзингиз кўрсатинг.

[1] Ёвоқ – паншаха.
[2] Рўда – ичак,

(Давоми бор)

islomxolboy.blogspot.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort