Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Феълим менинг, аъмолим менинг…

Феълим менинг, аъмолим менинг…
11 Şubat 2019 - 8:00 'да юкланди ва 232 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

Феълим менинг, аъмолим менинг… 

Субҳаноллоҳ, бу не нафси лаим,
Нафсни қўйгил, не азоби алим.
Рўзи учун мунча фусунсозлиқ,
Мансаб учун мунча дағобозлиқ.

Алишер Навоий

Ўнинчи боб – 2

Ўзидан йигирма яшар ёш Қурёзагулга унинг “Паримомо”жонлаб сайрашлари тешик қулоққа эриш туюларди. Саводсиз бир аёлнинг, домига тўғри бўлса, аждарҳони ҳам ютишга қодир ижроқўм раисасига бас келиши – Охунбобоевнинг Сталинга этигини тозалатгандек бир гап эди.

– Бу таклифингда жон бор! – деди у. – Аммо мен туман қўмпартияси биринчи котиби Дармон Мадоровичга ўхшаган анойилардан эмасман. Чув тушираман дея кўрма. Кавлаган чуқурингга ўзингни кўмиб, занжирли трактирда текислатгач, устингга пахта эктираман. Қидирган кимса Чингизхоннинг гўрини топиши мумкин, сенинг кўмилган жойингни топа олмайди.

– Паримоможон, ҳийла-найранг ишлатиб ўлипман эканда. Дармон Мадоровичга қилган ёмонлигимни, мулло бувамнинг руҳ поклари ҳаққи, шу топда эслай олмаяпман.

– Муғомбирлик қиламан дея кўрма. Ҳаммасини раис айтиб берганди. Замирини ипидан игнасигача яхши биламан. Ўша пайтдаги иккинчи котибни чув тушириш амалиётида бош ролда ўйнаган кимса Шохдор Такаев бўлади. Қобонни рағбатлантирган махлуқ сен бўласан. Ёки нотўғри гапиряпманми? Қани, сасимай ўлгур, ўзинг бир нима дегинчи!

– Сиз тўғри гапиряпсиз. Ижроқўм раисаси буюрмаганда, ҳаддим сиғиб жиноятга қўл урармидим! – деди Шохдор Такаев қимтиниб.

– Сасимай ўл, Шохдор Така! – деди жаҳли чиққан Ўғилой Чўвиш бурнининг учидан оқаётган терни артиб. – Қўзи Шишак билан чорасини тополмай ўтирганимизда, ўзинг йўлини ўргатмаганмидинг? Эркак бўлмай ҳар бало бўлгур, мавриди келди, гапирмасак бўлмайди. Энди тўғрисини гапир-да, сассиқ.

– Тўғрида, сиз қинғир йўлга бошламаганингизда, мен йўлдан озмасдим. Тегирмондек бошинг билан қанорқопдек келадиган қорнингнинг ичида ахлатдан бошқа нарса йўқ, сендан тузук фикр чиқмайди, дея койиганингиз койиган эди. Энди ақлли бўлиб қолдимми? Эскилик сарқити дея мўйловимни мажбурлаб, шийпон қоравулига олдирдингиз. Ўша кун босиб, номусимга тажовуз этдингиз. Ҳукки бувамларнинг ғойибона кўмаклари асқотиб тирик қолмаганимда, Қўзи Шишак каби шишиб ўлганимга олти йил бўларди. Мулло худо бувамларга шукур, болаларимнинг пешонасида бир тишлам нон бор экан…

– Хотинчалиш бўлмай ҳар бало бўлгур, сассиқ! – дея Паримомонинг ҳам ғазаби қўзиди. Унинг оч биқнига ёриқ пошнаси билан аямай тепди. – Ўлгур, эркак деган номинг бор, фоҳиша хотиндек дийдиё қилишдан уялмайсанми? Ундан кўра ўшанда Дармон Мадоровичнинг чойига нима қўшиб ичирганингни сўзлаб бер, қолгани билан ишинг бўлмасин.

Читтакдек бир аёлдан тепки еган Шохдор Такаев қобондек бўла туриб қалтирарди.

– Хўп бўлади, Паримоможон! – деди у. – Энди такрорланмайди. Ўғилой опамлар тўғри айтадилар, миямнинг ўрнига қипиқ тўлдирилган. Бўлмаса, эркак бўла туриб хотин кишининг устидан ғийбат қиламанми…

– Дармон Мадорович билан бўлган воқеа хусусида гапир дедим! – дея Паримомо уни тағин турткилади. – Бошқа нарсалар ҳақда гапирсанг, қўлингни тиққан тешигингга ўзингни ҳам тиқаман. Атрофга син сол, калхўзнинг бутун аъзолари битта ишорамга маҳтал. Бос, десам, ҳаккага тикка этадилар.

– Бўлди, бўлди, Паримоможон! – деди Шохдор Такаев Оқпартовни зағизғонлар билан қарғалар сингари босган оломонга қараб. – Ўшанда Ўғилой опамлар билан раис Дармон Мадоровични илинтира олмадилар. Чиндан ҳам уларга кўмак бердим. Ҳийла менинг йўриғим билан тайёрланмаганди, Паримоможон. Дармон Мадорович бошқа раҳбарлар сингари еб-ичишга муккасидан кетмагани боис, уни илинтириш қийин эди. Шунинг учун хотиним орқали Ҳукки бувамдан чорасини топиб беришини сўрадим. Хотинимнинг белига, Ҳукки бувамга берасан, дея битта қора қўчқорнинг пулини боғлагандим. Пулнинг ярмисини бериб, яримисини чегирган Сипсагул тонг саҳар уйга боғ-боғ очилиб қайтди. Мулло бувамлар қўлига ёнғоқдек тиряк тутқазиб, “Бошида, тариқдек-тариқдек, кейин буғдойнинг кичик донасидек, охирида нўхатдек-нўхатдек қилиб чойига қўшсин. Ҳайдовчиси билан ўзим гаплашаман, сўраганини берса, иккинчи котиб от тепган хўтикдек бўлади”, деб, уни Муччигарга миндириб юборгандилар. Эртаси ҳайдовчига бир нима дейишга юрагим бетламади. Ўзи ёнимга келиб, “Минг боғ беда, икки юзта сараланган бўрикалла қовун, иккита совлиқ қўй ва битта жондори сур қўчқор”, дегач, тилга кирдим. Чорасини тополмай, боши қотиб ўтирган ижроқўм раисаси билан калхўз раисига режамни шипшитгандим, улар ҳайдовчининг шартларига кўниб, қўлимга иккита қўчқорнинг пулини тутқаздилар. “Бос, ҳалолинг бўлсин” дея юзларига фотиҳа тортдилар. Иннан кейин, ҳар чой дамлаганда, Дармон Мадоровичнинг чойига оғу қўшавердим. Ўша куннинг ўзидаёқ унинг авт-ангори ёришиб, мен билан ҳазил-ҳузил эта бошлади. Эртаси кун тушликни илк марта шийпонда қилди. Терисига сиғмай, шўх-шодон бўлиб кетса, десангиз. Учинчи кун шийпонда қўчқор сўйдик. Калхўзчиларнинг кўзларини яшнатган фаоллар бир маишат қилдилар, бир маишат қилдилар… Бутун шийпон жаннатга дўнди. Ароқ-коняк дарё бўлиб оқди, десангиз. Дармон Мадоровичнинг очилганини кўрган фаолларнинг ичганлари бурниларидан оқди, қусиб келиб, тағин ичавердилар. Дармон Мадорович ўша кун Ўғилой опамларга иккита париваш “заказат” этган эканлар. Ярим кечгача жанонлар билан қувламачоқ ўйнадилар. Иккилар чамаси, қаттиқ чарчаган эканлар, тош қотиб ухлаб қолдилар. Шунда Ўғилой опамлар Қўзи Шишак билан икки жононга Дармон Мадоровични қип яланғоч қилиб ёчинтиришни буюриб, менга, “Қозиқ қоқ, қобон”, дедилар. Рад этиб бўладими? Елкамда иккита бошим борми? Париларга ширникиб, ичимдан урниқиб, ўлар ҳолатдаман, десангиз. Доимгидек, калхўзнинг расмчиси Кунботтибой иш устида мен билан Дармон Мадоровични айланиб суратга олиб турди. Шимимни кияман деётганимда, Ўғилой опамлар билан раис буванинг орқа-бўйларини уқалаётган паривашлар жон аччиғида чинқириб, капалагимизни учирди, десангиз. Не кўз билан кўрайлик, Дармон Мадоровичдан қон дарё бўлиб оқарди. Ижроқўм раисасининг буйруғи билан Қўзи Шишак туман туғруқхонаси бош шифокорини уйига бориб, ётган жойидан уйғотиб келди. Бўлмаса Дармон Мадоровичдан айрилардик, Паримоможон. Бош шифокор кела-сола, “Кирава тичения, сурўчни аперасия этмасак бемор ўлади. “Тез ёрдам”га ортинглар”, деди. Дармон Мадорович жарроҳлик амалиётидан яхши чиқдилар. Бир ойдан мўлроқ казо-казоларнинг хотинлари ва келинлари ётадиган икки хонали “супир лукус” хонада ётиб даволандилар. Раисга қўшилиб, мен ҳам ош-овқат кўтариб, у кишини кўришга бориб турдим. Дармон Мадорович уялиб-қимтинмасинлар деб, думбаларини чимчилаб тегажоқлик этавердим. Шундай этмасам, Ўғилой опамлардан кўрадиганимни кўрардим. Ғариб бошимга шунга ўхшаш қанақанги ишлар тушмаган, дейсиз. Ҳар тугул, чиқишларига бир ҳафта қолганда аразлари ариб, салом-алик қиладиган бўлиб қолдик. Ийганларини кўриб, ўзимнинг ҳам ичим ёришди. Аммо лекин, Паримоможон, ўшанда бир қизиқ иш бўлди, десангиз. Ўғилой опамлар билан Қўзи Шишак иккинчи котибни ортиб “Тез ёрдам”да кетиб қолгач, Ҳукки бувамлар қўллаб, икки жонон битта ўзимга қолди. Бўлди бир қиёмат, бўлди бир қиёмат… Бириси қўйиб, иккинчиси сакрайди. Оёқларимни қулоқларимга етираман дея икки буклаб, роса азоб бердилар. Кошки қорин қурғур кичик бўлса, букаверса, ўлгур оғиз-буринга етаркан. Э-ҳе, сўйлайман десам, ҳангома кўп. Нуқтасидан вергулигача баён этиш учун Қаландар бахши “Гўрўғли”дан катта бир достонга тартиб бериши керак. Дунёда неча турли азоб бўлса, икки жонон ҳаммасини менда синади, денг. Бировлар қийнаб кайф-сафо қилса, ўзим у ёқ-буёғи йўқ ҳузур этаман, десангиз. Ўзбек халқи ҳожатбарор, танти бир халқ-да. Бировларнинг мушкулини осон этса, “бошда дўппим, ғоз юрарман, гердайиб” деганларидай, терисига сиғмайди. Емай-ичмай, душманига едиради. Мантиқни, қаранг. Дўст барибир дўст, ҳеч қаерга кетмайди. Душманни дўст қилиш бошқа гап. Отангни ўлдирганга онангни бер, дея бекорга айтишмаган. Ленин қонхўр подшоларимизни, очкўз бойлар ва худбин зиёлиларимизни ўлдиртириб, бизга бахт-саодат йўлини кўрсатди. Йўлдош ота, Усмон оталар бизга бу йўлда раҳнома бўлдилар. Шароф ота республиканинг барча раҳбарлари қилмаган ишни ёлғиз бошига битта ўзи амалга оширди. Сал ўлмай турганларида, Тошкентни СССРнинг пойтахти қилардилар. Халқ фаравонлиги йўлида куйиб-пишадиган раҳбарларимиз, бир-бирларидан бекитиб Москвага совға-салом ташиб юримасдилар. Нима берсалар, шу ерда бераверардилар. Халқнинг ёз-қиш, иссиқ-совуқ демай бола-чақаси билан етиштирган пахта-пилласи борми, олтин-кумуш, нефт-гази борми қўшиб ёзмасдан ҳам улуғ рус халқи биздан Тошкентда туриб ҳам қабул қилиб олаверарди. Афсус, Шароф ота ажалидан беш кун бурун ўлди. Азалдан қонимизда мардлик ва бағрикенглик каби фазилатлар илдиз отиб кетган. Бўлмаса, зараримизга етти ёт бегоналарга шодмонликлар улашармидик? Устимизда тузик кийимимиз йўқ, дунёни кийинтирармидик, уйимизда иссиғимиз, ичарга чучук сувимиз йўқ, бола-чақани совуқда, дийдиратиб, бойликларимизни бировларга текинга берармидик. Халқимиз орасидан бекорга Муқанналар, Маҳмуд Ялавочлар, Охунбобоевлар ва Усмон Хўжаевлар етишиб чиқмаган. Майли, бу гапларни қўяйлик, ўзимизнинг гаплардан гаплашайлик. Туман марказига борсам, ўша қизларнинг қорасини кўрдим дегунча оёқларимни қўлтиқлаб, жуфтакни ростлайман. Ўшанда юрагимни ёмон олдирган эканман, десангиз. Ўлгурларнинг кўзлари менга тушди дегунча орқамдан қувлашга тушадилар. Ҳой анойилар, кўр ҳам ҳассасини бир марта олдиради. Нима, уларга тутқич берадиган “лўх” эканманми? Хи-хи-и, хи-хи-и…

– Бас! – деди Паримомо бачканалашаётган Шохдор Такаевга. – Айтганларинг ростми ўзи?

– Ёлғон бўлса, тил тортмай ўлай агар. Ўғилой опамлар айтсинлар, зиғирча ёлғони йўқ. Ҳукки худдо бувамларнинг руҳ-покларини ўртага қўйиб қасам ич, десангиз, қасам ичаман. Ўзлари кўриб турипдилар.

– Уйингдан Ҳуккиникигача етти-саккиз чақирим бўлса, хотининг ярим кечадан ўтганда у ёққа қўрқмасдан қандай боради?

– Бораётганида Жумавой Қўша кузатарди, ора-орада ишдан эрта қайтсам, ўзим ҳам кузатиб қўярдим. Менга ишонмасангиз, хотинимнинг ўзидан сўранг, Паримоможон. Мен уни баъзи эркакларга ўхшаб ўзининг “хўти”га ташлайдиган ҳувайри-далла эмасман. Боқибеғам кўринганим билан хотинимни ўлиб-тирилиб рашк этаман аммо. Хотин бошидан, бола ёшидан, деганларидек, қаерда юрсам ҳам босган қадамини ҳисоб-китоб қилиб тураман. Тўғри, раис бувамга ўхшаб уни етти девор орасида тутмасам ҳам, ўз ихтиёрига ҳам ташламайман. Инсофни ўзига берсин. У мулло бувамдан олиб, менга ўқиб берган Бакаччўкўр Жованиллонинг “Декаммер-рон” китобини ўқимагансизда. Ўқисангиз, хотинларнинг макри қирқ эшакка юк бўлишини билардингиз. Ўша китобдан тўрттаси Ҳукки худдо бувамларнинг “жалабхона”сида чанг босиб ётибди. Ўша уйга бекорга кирмаяпсиз…

– Хотининг қайтганда уни ким олиб келарди? – дея Паримомо унинг сўзини бўлди. – Мавзудан ташқарига чиқма, сўрасам жавоб бер деяпман, сассиқ қобон!

– Ишлар битгач, Ҳукки худо бувамнинг ўзлари уни Муччигарга миндириб юборардилар. Муччигар етиб келгач, пешонасини дарвозага тиркаб ҳанграрди. Шунда ўзим чиқиб, паризодни эшакдан олиб уйга кўтариб кирардим.

– Муччигарни муллоникига ким ҳайдаб қайтарди?

– Муччигарни қайтаётганда Арманистондан қўйворсангиз, Ҳазар денгизидан кечиб ўтиб ҳам уйини топиб бораверарди. Сиз ёмон кўрадиган ётоқхона эшигига пешонасини тиркаб, навбатдаги хотиннинг чиқишини кутарди. У тарқатавериб, кимнинг уйи қаердалигини билиб қолганди. Жониворни қашқирларга ноҳақ ем қилдиларингиз, эссиз, унақаси энди туғулмайди. Увол кетди. Сиз келин бўлиб тушгач, бувамлар анча тийилиб қолдилар. Бўлмаса, Муччигарнинг хизматларининг санаб адоғига етолмасдингиз. У мулло бувамни бир марта ўлдирган экан, юз марта ўлдирса ҳам ҳаққи кетарди… Их-х, ёмон тепдингиз. Бўлди, ўлдириб қўясиз. Қайтариб олдим, тавба қилдим. Фақат сўраганларингизга жавоб бераман, их-х, ўлдирасиз…

Ҳукки хусусидаги гаплар ёқмадими ёки ўзига тегадиган бирор гап ўтдими, Паримомо Шохдор Такаевни тимдалаб ташлади. У куннинг тиғида қуруқшаб, ўлар ҳолатга келганди. Тинимсиз шишаётган Қўзи Шишакнинг мурдаси чидаб бўлмас даражада сасирди. Мурданинг оғзига кираётган пашша-чивинлар Ўғилой Чўвишнинг оғзидан гала-гала бўлиб учиб чиқарди. Унинг аҳволи оғирлашиб қолган, кўп ичган одамдек лоҳас эди. У ўзидан ўзи гапириб юбориб, нима деганини ўлиб ётган Қўзи Шишакдан сўрарди.

– Хотининг пулнинг ярмини Ҳуккига бермаганини қаердан билдинг, сассиқ қобон? – деди уни тепиб, хумордан чиққан Паримомо.

– Нусхагул ҳар гал унинг ҳузурига сузмахалтасини кўтариб кетарди! – деди чивин-пашшаларга ташланган Шохдор Такаев. – Қайтганида сузмахалтаси писта-бодом, ҳар турли канфетлар, майиз ва ёнғоқмағизларга тўла бўларди. Мулло бувамлар болаларга дея бериб юборардилар. Чарчаб келган хотиним ўзини тўшакка таппа ташлаб, донг қотиб ухларди. Мен сузмахалтанинг боғичини ечиб, насибамни қозиққа илинган кастумимнинг чўнтагига солардим. Эртаси кун дала айланганимда, кун бўйи эрмак қилардим. Ўша тунда сузмахалтани ковласам, пул чиқди. Хотиним кўзимга бир яхши кўринди, бир яхши кўринди, қўяверасиз. Бизлар топганимизни Ўғилой опамларга ўхшаганларнинг оғзидан тиқиб, орқасидан оқизамиз, десангиз. Бечора хотиним тирноқдек нарса топса, болаларимга дея Ҳиротдан кўтариб келади. Бўлди, гапирмайман, ҳозир йиғлаб юбораман…

– Сассиқ қобон, ўнта боланг бор, шундайми?

– Адашдингиз, Паримоможон, ўн бешта. Менинг эмас, муло худо бувамларнинг болалари. Илоё, уларга кўз тегмасин, умргиналари узоқ, бошгиналари тошдан бўлсин. Жўжиққиналаримни Ҳукки бувамларнинг руҳ-арвоҳгиналари қўлласин, омин!

– Ҳукки ўша болаларни дея пулни хотинингга ўзи бергандир. Хотининг пулни чегирмагандир, оти билан айтганда, ўғирламагандир, ҳойнаҳой?

– Балки шунақадир, бувамлар жуда ҳам болажон эдилар. Ўзингизни ҳам болалигингизда қаерда кўрмасинлар, эшакдан ирғиб тушиб, бағирларига босиб, юз-кўзларингиздан ўпардилар. Калхўзимиз болаларини ўзларининг болаларидек кўрардилар. Олчоқ дунёга энди бундақанги жўмард, қадди-қомати букри бўлсаям, ўзи ва сўзи илоннинг оғзидан чиққан пачоқ тухумдек тўғри одам келмайди. Эссиз, шундай одам тирноққа зор бўлиб ўтди. Эҳ, номард дунё, номард дунё. Ҳукм қўлимда бўлса, барчасининг ғижир-мижирини чиқарсам, шунда ҳам юрагим совумайди…

– Қисқа қил! – деди Паримомо. – Муччигар эшикка пешонасини тиркаб ҳанграганда, чиқиб хотинингни олиб кириб кетмасанг, кутиб ўтираверармиди?

– Қайда… Нималар деяпсиз, Паримоможон! У санаб уч марта ҳанграрди. Улгурмасангиз, ҳаром ўлгур қайтиб кетарди. Кейин нима бўларди, биласизми? Ҳукки, гўрида тик ўтиргур, чақиртириб, хотинингизнинг кўзи олдида ўзингизни ясарди. Шундай бўлгандан кейин Муччигар ҳанграганда милтиқнинг ўқидек отилиб чиқмай кўрингчи! Бу ёғини айтишга тил бормайди. Атрофимизни қарғалар сингари ўраб турган калхўзнинг аксар эркаклари, айтмоқликдан истиҳола қилаётганим, ўша жазонинг жабрдийдалари. Ишонмаётган бўлсангиз, анави курк товуқдек ҳурпайиб ўтирган хотинларидан сўранг. Булар, Ҳуккининг йўриғига юриб, бизларнинг бошимизга қанақа кунларни солмадилар. Байтал ўлгурларни ўша айғир ёнига тортса, қолган умримизни бошқа калхўзларнинг эркакларига ўхшаб истироҳатда ўтказардик!

(Давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort