Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Бир кун эмас бир кун у умрбод президент бўлади…

Бир кун эмас бир кун у умрбод президент бўлади…
12 Şubat 2019 - 8:00 'да юкланди ва 699 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

Феълим менинг, аъмолим менинг… 

Субҳаноллоҳ, бу не нафси лаим,
Нафсни қўйгил, не азоби алим.
Рўзи учун мунча фусунсозлиқ,
Мансаб учун мунча дағобозлиқ.

Алишер Навоий

Ўнинчи боб – 3

Калхўзнинг меҳнат аҳлини измига бўйсундирган Паримомо форс маликасидан ҳам бахтиёр ва мағрур эди. Унга Турон шаҳзодаси оғиз солганда, кўзларига у товонининг йиртиғича кўринмасди. Ҳукмронлик туйғуси қалбига ҳузур бағишларди. Шу чоққача умри мазмуни дея ўйлайдиган шаҳвоний ўйинлар энди унинг назарида бачканадек туюларди. Устинликни ҳис қилиш уни улканлаштиргандек эди. У девона куч таъсиридан терисига сиғмасди. Барчани кафтига қисиб осмонларга учгиси келарди.

У ғойиб бўлган Нусхагул, Сипсагул ва Шохдор Такаевнинг жиянларини, шамолларга ҳукм қилиб, чақиртириб олди.

– Шамоллар, шамоллар! – дея у дўриллаган овозда чақирди. Шунда ер қаъридан Исрофилнинг сурисига ўхшаш юракни ғашловчи товуш чиқди. Ҳурккан машина от бўлиб кишнади. Йўқолганлар унинг ичида пайдо бўлдилар. Улар дағ-дағ титрар, шўрликлар Тоштурманинг ертўласидан чиққан маҳбусларга ўхшардилар. Нусхагул билан Сипсагул ҳалиям қип яланғоч эди. Улар Дўзахистонни энгил-бошсиз айлангандилар! – Сўзларимни гармселларга етказинглар. Фуқароларимни асл қиёфасига киритсинлар, бўлмаса, Ҳукки арвоҳи ҳаққи, эчки ва қўйларини қўлларидан тортиб олиб, ўзларини Амриқога бадарға этаман. Мексика ҳудудларига ўтолмасдан, Али Каппоний гангистирлари чангалида адойи тамом бўладилар. Ўзбекистон фироқида мумдек эриб, хор-зор бўлиб ўлиб кетадилар!

– Сипсагул, ўзингмисан? Паримомомизга ҳисоб бераман, дея, йўқолганигни пайқамапман, бир қошиқ қонимдан ўт, париваш! – деди офтобда танаси кўмирдек қорайиб, чала жон илондек шалпайган Шохдор Такаев. – Қўзи Шишак ўлди, Нусхагулнинг боши очиқ бўлгач, хоҳлаган хашагини еб, хоҳлаган бедапоясида ағанайди. Мен эса тирикман. Тул хотинга эргашиб, олти соатдан буён қаёқларда санғиб юрипсан, суплик? Айтиб кетсанг, тошинг камаядими? Йигирма йилдан буён олдингни қайтармаган бўлсам, хоҳлаган ўтингни ейишингга имкон туғдирган бўлсам, нима учун мени хафа қиласан? Эр отойи худо, эр рози, худо рози, деб эшитмаганмисан, кўр бўлгур парирў? Сени йўқотганимда ҳар чамандан чимдимлаб йиққан бир этак гўрсўхта етимчаларингни битта ўзим қандай боқардим? Илгарилари йўқолган нарса топилмасди, энди тескариси бўляпти…

– Ҳой чориғини танимаган сассиқ қобоним! – деди Сипсагул қип яланғочлигидан изза тортиб, кафтларини кўкракларига босаркан. – Оғзингизни кўпиртириб, дўст-душман олдида кўпам валдирайверманг. Жаҳаннамдан эсон-омон қайтганимга шукур этиб, машинадан кўтариб олмайсизми? Ҳуккининг арвоҳи чалиб, Юрий Гагарин сингари осмонларда қолганимда шўрингиз қурирди. Муччигарнинг эгаридан кўтариб олган бахтли дамларингизни унутдингизми, бек?

– Менинг қўлим қисилиб ётиптию, бунинг гапини қаранг. Ундан кўра чўк туш-да, Паримомога ялиниб-ёлвор, балолардан халос этсинлар. Кийимларинг бўлмаса ҳам, ихтиёринг ўзингда-ку, олашақшақ!

– Дийдиёни бас қилинг! – деди Паримомо қўлини кўтариб. – Гулдур гуп, сандиқ қулп, ўрага сичқон тушти. Паримомоларингизга садоқат изҳор этинглар, бўталарим. Сўнгра бу ишларга нуқта қўямиз. Эртанги кун ўтказиладиган дафн маросимига ҳозирлик бошланади. Хўжаликнинг арзон ва сифатли пахта етиштирган  фуқароларини бутун иттифоққа танитган донгдор раис – Қўзи Шишак қаҳрамонларча ҳалок бўлди. У беш марта Савет Иттифоқи қаҳрамони, етти марта сотсалистик меҳнат қаҳрамони, саккиз марта Ленин ўрдини давлат мукофотини кавалерияси, уч юлдуз, тўрт юлдуз ва неча-неча саноғи йўқ юлдузли нишонлар соҳиби эди. Уни иззат-ҳурмат билан охирги манзилга жўнатмасак, Ҳукки худо буванинг руҳи-арвоҳи, бизлардан рози бўлмайди. Мана қўлларим!

Шохдор Такаевнинг жиянлари турнақатор бўлиб, унинг қўлларини ўпиб, қайта бошдан садоқат билдирдилар. Ораларидаги энг авбоши ва урушқоқига навбат етди.

– Қўлларингиздан аввал ўпган эдим! – деди у тизза ташлаб. – Энди оёқларингизни ўпишга рухсат этинг, Паримоможон. Мен тикбош ишорангизни кутмасдан, тоғамни ёв босқинидан қутқараман дея шошқалоқлик этиб, кўрадиганимни кўрдим, уни тилка-пора қилишмайдими. Мен говкаллага унинг зўри тушяптими. Бешта тоғамдан биттаси ўлса, осмон узилиб ерга тушмайди, қолганлари етти пуштимизга етиб ортади.

– Эсинг кирипти, бола! – деди Паримомо оёғини тутиб. – Ҳали ақлинг янада тўлади. Тўхсавой масжидининг сўпписидек ўмровимга бош қўйиб ухлайдиган вақтларинг келади. Оёғимни ўпгин-да, сафга тур!

– Хўп бўлади, Паримоможон! – дея у ўпиб, сўнг эмаклаб бориб сафдагиларга қўшилди.

 Партия қўмитаси котибаси, “Раисчилик” институти тўртинчи босқич талабаси Нусхагул тўққизинчи бригада бошлиғи, “Раисчилик” институти абутуренти Сипсагулнинг энсасидан ушлаб, Паримомонинг олдига судраклади.

– Ўп, ношукур! – деди у. – Қулоғингга ленинизм маърифати ва маркисизм маънивиятидан юз бора маъруза ўқисам ҳам, сени тузата олмаяпман. Қазисан, қартарсан, асли наслингга тортарсан, дея Ҳукки бувамлар бекорга жаврамас эканлар. Бир туки қобонникидан фарқланмайди. Иккаласининг жинси бошқа, тупроқлари битта жойдан олинган. Башаранг қурсин, қобонга ўхшаб сасимай ҳар бало бўлгур!

Паримомонинг қўлларини ўпган Сипсагул кафтларини шалвираган кўкракларига босди.

– Ҳукки каби хушмуомала, феъли кенг, қўли очиқ одамни бу дунёда ҳали кўрмадим! – деди у. – Меҳр-муҳаббатини ва кўмагини аямаган Муччигардан ҳам абадул-абад қарздорман. Энди менга сиз оналик этасиз, Паримоможон. Сиз борсиз, эримнинг чивиғи қўлимда бўлади. Ўғилой Чўвиш билан Нусхагулнинг куракда турмайдиган тутруқсиз сўзларини эшитишдан қутуламан. Мулло бувамларнинг дамлари билан дунёга келтирган ўн бешта боламни боқиб улғайтиришимга, уларни уйли-жойли, бахтли-тахтли қилишимга энди кўзим етади. Мен камонингизда ўқланган ўқман, манжалағингизга жойланган тошман. Қайси тарафга ирғитсангиз, ўша томонга учаман. Буюрсангиз, бўйнимдан сарлочиндек ушлаб турган Нусхагулни пора-пора этиб йиртиб, терисидан чакмон тикаман. Патини битталаб юлиб, парини болишингизга тиқаман. Бир умр қонимни ичган эримни эшак этиб, миниб, Ўғилой Чўвишнинг ичини отхонага айлантираман. Қўзи Шишакнинг мурдасини этқиймалагичдан ўтказиб, гўштидан калхўзнинг итлари ва мушукларига этбарак[1] тугаман. Суякларини ҳавончада туйиб, сочиб ташлайман. Бу ҳайвоннинг, калхўзни илғор хўжаликлар қаторига кўтараман, дея бизларга берган ситамларини итлар кўрса, кўзлари оқарарди. Муччигар ўтгач, ўзимни ёлғиз ҳис этардим. На ош-овқатга, на бир оғиз ширин сўзга қонардим. Нусхагулнинг марксизм-лениннизми жонимга текканди. Кўз қувонмаса, юрак яшнамас, қулоқ қонмаса, кўнгил тўлмас экан, Паримоможон. Сизни кўриб борлиқ олам кўзларимда яшариб, қалбимда яшаш ва меҳнат қилиш иштиёқи туғилди…

Сипсагул, самимий гапирарди. Паримомо ийиб кетиб, кўзлари косасида кўз ёшлар ҳалқаланди. У энди шаҳвоний нафс учун бошини ўтга, чўққа урадиган ғўр ва содда бева эмасди. Фуқаролар кўзларига умид билан боқадиган, айтгани оғзидан чиққан заҳоти қонунга айланадиган раҳбар – элнинг раҳнамоси, юртнинг суянган тоғи эди. Золимларнинг бошларида – яланғочланган қилич, ғарибларнинг ёруғ оламдаги ховондори эди. Фуқароларни қаттиққўллик билан муайян қонун-қоидалар асосида бошқаришдан ташқари, уларга меҳр-муҳаббат кўрсатиш зарурлигини у аъло даражада англарди. Қалбига қулоқ тутиб, ўзгаришларни ақл тарозисида тортиб истифода этишни ундан вазиятнинг ўзи тақазо этарди. Тизгинини ҳеч ким ололмаган раҳнамони вазият бўйсундиради, деб тушуниб, вазият пайдо этган имкониятлардан усталик билан фойдаланарди. Нафсиламбирини айтганда, у ўзини таний олмаётганди. Раиснинг ўлими муносабати билан ўртага чиққан ўзгаришларни Ҳуккининг зимдан қўллаб-қувватлаётганига йўярди. Унинг руҳиятида бошқариб ҳузурланиш туйғулари ҳукмрон эди. У ўз ичига Ҳуккининг руҳи кирганига қаттиқ ишонарди. Калхўз фуқаролари ва муллодан туғилган юзлаб болаларга ғамхўрлик қилишни бурч деб ҳисобларди. Ҳуккидан бола орттирган аёлларни кўрганда нафратини ичига ютарди. У барчани қўл остида бирлаштиришга бел боғлаганди. Ҳукки чала қолдирган юмушларни охирига етказишни истарди. Бироқ унинг тирноққа зор этиб ташлаб кетганини эслаб, ғазабдан қақшаб-титрарди. Ёмон хотиралар қалбини зимистонга айлантирганди. Бола кўриши учун Ҳуккидан зўрроғини излаши лозим эди. Унақанги айғирсифатнинг бу дунёда борлиги эса даргумон эди. Аҳволнинг мушкуллигини идрок этган Паримомо шунинг учун вазият юзага келтирган имкониятдан фойдаланмоқчи бўлди. Ҳуккининг руҳи ичимга кирди дея ўзини авраши, фикри ожизича, боши берк кўчадан эшик очарди. Фирибгарликка менгзаш ғафлат уни порлоқ манзилларга етаклаши мумкин эди. Шу боис у калхўздаги икки тирик калла – Нусхагул билан Сипсагулни ўзига оғдирмоқни кўзлади. Фуқаролар қўллаб-қувватлаб турганда, уларни тили қисиқ қилиш Қиё жиннига ўхшаган тузини еб, тузлиғига тупурадиганлар наздида унинг мавқейини оширарди.

– Қани, бўталарим, бу икки муштипарнинг кийинишларига кўмаклашиб юборинглар! – деди у оёғини қучоқлаб йиғлаётган Сипсагулни Нусхагулнинг чангалидан айириб. – Бу бечораларда айб йўқ. Эркаклари тирик ўлган юртда  аёллар хор бўладилар. Болалар қўрқоқ ва олчоқ бўлиб ўсадилар. Эчкилар мушук туғиб, хачирлар қулунлайди. Товуқларни куркалар босиб, ўрдак ва ғозларнинг кетини ёғ боғлайди. Отларни жин чалиб, эшаклар тахтга ўтиради.

– Оре рост! – дея шунда Қиё жинни пайдо бўлди. – Садағангиз кетай, энажоним! Товонингизни тилларим билан ялаб, ёриқларидаги ёнтоқларни тишларим билан суғурай. Ҳукки худо бувам ҳаққи, ёлвораман, мен кўрнамакнинг гуноҳларимдан ўтинг!

 У шоғол қиёфасига кириб, Паримомонинг ҳар бир қадамини кузатаётган, содир бўлаётган ишлардан тўла хабари бор эди. Шу пайтгача Қурёзагулни ер юзидан супириб ташламоқчи бўлиб юрган эса-да, у Паримомога айлангач, нияти ўзгариб, унинг пинжига кириш учун йўл излай бошлади.

Паримомо беномусларча оёқларини қучоқлаб ўпаётган Қиё жиннининг  бошини кўтарди. Ҳарчанд дарғазаб бўлмасин, етти ўлчаб бир кесмоқ, кесганда ҳам, том жойидан кесмоқ усулининг ҳеч кимга зиён етказмаслигини мулоҳоза қилди.

– Сенинг Тўхта кал билан Темир қийторга ўхшаб ит ўлимида ўлишингни Ҳуккидан сўраб супра муштлагандим! – деди сўнгра кўксига тушган бир ўрим сочини орқасига ташлаб. – Руҳлар, шоғолвачча яшасин, дея ялиниб-ёлворяптилар!

– Шоғолвачча дея кўрманг, энажоним, Паримоможон-ҳей! – деди Қиё жинни тиззаларида туриб. – Мен сиздек бир буюк аёлнинг ва Ҳукки худо бувамларнинг фарзанди аржумандлари бўламан-а. Сўзингизни дарҳол қайтариб олиб, тавба этинг, энажоним.

– Тавба ҳам этмайман, қайтариб ҳам олмайман. Мен сенга қанақасига эна бўламан? Бўйимда ҳомила пайдо бўлмаган бўлса, туғмаган бўлсам. Тўғри, бутун калхўз фуқароларини волидаю муҳтарамалари бўламан, бу муждани ғойибдан Ҳуккининг руҳ-арвоҳи етказганини инкор эта олмайман. Аммо, вақтида Ҳуккининг сонига канадек ёпишган бўлишинг мумкин, менга яқин кела олмайсан. Чучуварани хом санапсан, Паримомонгни анойи ғўр даврлари ўтди. Кўрган толларинг корсон бўлди, бўталоғим!

– Мени нотўғри тушунманг, жон энажоним! – дея Қиё жинни Паримомонинг кўйлагини этаги билан кўз ёшларини артди. – Мен Исо Масиҳман, сизнинг мени туққанингиз ҳаққирост. Беруний билан Ибн Сино гўрда тирилиб, Эрон билан Хуросондан қўл ушлашиб келса ҳам, бу очиқ далилни ҳеч ким инкор эта олмайди. Ҳукки бувамлар ўз қўллари билан ечинтириб, чимилдиққа еталаб кирганлари ёдингиздан кўтарилдими, энагинам?

– У дамларни унутиб бўлар эканми?!

– Ҳайт, жақала-жуқала! – дея Қиё жинни Азим арабга ўхшаб, сапчиб туриб ўйнаб кетди.

– Эсимдадир у дамлар,

Ўзи учар гиламлар.

Мен бир қора кунда туғилдим,

Туғилдиму шу он бўғилдим.

Пушкин эшик қоққан ҳар уйда,

Навоийнинг руҳи барҳаёт.

Шу шеъримга Зулфиянинг бутун бошли ижодини сотиб олсам арзийди. Жақала-жуқала…

– Дуруст, дуруст! – деди Паримомонинг боши қотиб. – Ўзинг тўқидингми, ишқилиб? Сенинг шеър ёзишингга ақлим етмайди!

– Бўлмасам, ким ёзарди? – деди чирпирак бўлиб айланаётган Қиё жинни тақа-тақ тўхтаб. – Ҳамид Олимжон у дунёдан тирилиб, келиб, шеър битиб берардими, энажон? Ичим тўла, ғиж-ғиж истеъдод. Ранг кўр, ҳол сўр, деганларидек, шоғолникига ўхшаш башарамга боқиб нотўғри хулоса чиқарманг. Мол оласи ичида, одам оласи ташида, деганлар. Сизнингдек кибор, оқила ва доно зотларга даҳолар хусусида чалкаш хулосалар ясаш ярашмайди. Қиё табиб деган машҳур номим бўлса, мол-дунё дарёдек оқиб келаётган бўлса, мен шеър тўқимай ким  тўқисин?

 Ўғилой Чўвиш билан Шохдор Такаевнинг аҳволи ўлиб қолган Қўзи Шишакникидан авло эмасди. Улар тирик мурда эдилар. Ўғилой Чўвишнинг юзлари офтобдан қорайиб, қуруқшаган лаблари ёрилганди. Шохдор Такаев сувсаган маккажўхори сингари қовжираб, қўлининг ортиқ безовта этмаётгани уни ваҳимага соларди. У чириш бошланишидан қўрқарди.

– Қани, сафга тизилинглар! – деди Паримомо қош-қовоғини уйиб. – Ўйин-кулги тугади. Бўладиган ишлар билан шуғулланамиз. Ҳим-м, Қиё жинни, муддаога ўт, аравани қуруқ олиб қочиб, бошимни айлантирма, вақт зиқ. Калхўз фуқаролари дафн маросимига тайёргарлик кўришлари керак. Бутун масъулият зиммамда бўлгач, ҳар бир нарса устида бош қотиришимга тўғри келади. Кечадан буён лўнда, қисқа ва аниқ гапирадиганларни ёқтирадиган бўлганман.

– Лўнда, қисқа ва аниғи, мен Исо Масиҳман! – деди Қиё жинни. – Сиз онаизоримсиз. Ҳукки дам урган илк тунда бўйингизда бўлганман. Бошқа айтадиган гапим йўқ, энажон!

– Демак, мен Биби Марям эканманда?

– Шундай, энажон. Мен эса Исо Масиҳман!

– Онанг тириклигида уни ҳам Биби Марям деб эълон қилган эдинг. Тарихда Биби Марямлар кўп бўлмаган-ку. Бу эшитган қулоққа эриш туюлмайдими? Мақсадга кўч, улим?

– Онам ўлди, уни Биби Марям деганимдан нима фойда? Тирилиб, тешик кулча сотиб олиб берармиди? Ҳукки бувам айтганидек, ўликларнинг эмас, тирикларнинг ғамини ейиш керак!

– Шоғол ўлгур, бошинг ишлайдими? Сендан қарийиб ўн беш ёш кичикман, сени қанақасига туғаман?! Эл-олам нима дейди?

– Бошим жуда яхши ишлайди, асосийси, одамларнинг боши ишламайди. Бир-биримизни тушунсак, улар бизларни тушуниб кетаверадилар. Халққа далиллар эмас, ёлғон-яшриқлар муҳим. Ғоз учди, десангиз, қозикалон ўлди деб кетаверадилар, энажон!

– Англадим! – деди юзи ёришган Паримомо. – Бу ҳамманинг олдида ечиладиган масала эмас. Маросим ўтгач, холи гаплашамиз. Сен ҳаққингда ёмон фикрдаман, унгача муносабатимни ўзгартиришни ўйла. Зарур юмуш бор, қойилмақом қилолсанг, ҳамкорлигимизга дебоча бўлади.

– Фотиҳа беринг, энажон.

– Ҳуккини тупроққа топширганимизга яқинда тўрт йил тўлади. Қабри ўпирилиб ётипди. Борадиган жойимиз ўша ер бўлгач, бошимизга балолар ёғилмасдан унинг масканини обод қилишимиз керак. Қўлимизни бурнимизга тиқиб борсак, кунимизни кўрсатади!

– Нима қил дейсиз, энажон?

– Эрта чошгоҳгача унинг устида саккизга ўн олти этиб пишиқ ғиштдан даҳма кўтар. Калхўзчиларнинг изми сенинг ихтиёрингда. Ҳуккининг оёқ учидан Қўзи Шишакка чуқур кавлат, лаҳадгача олти қулоч бўлсин. Ўлмай ўлгурнинг мурдаси машинанинг болонидек шишиб кетди, ҳаромини гўр чиқариб,  гап-сўз кўпаймасин. Устидан ўн-ўн беш харсанг тош ташлаб, кейин кўмамиз. Ҳукки худо буванинг ўнг тарафидан ўзингга, чап тарафидан Нусхагулга ўрин кавлат. Деворини пишиқ ғишдан тердириб, тагига қамиш тўшатиб, кигиз ёздир. Зах ўтмайди. Шохдор Такаевга ҳам жой қолдир. Иложи бўлса, онангнинг мозорини ҳам кавлатиб, даҳмага кўчир, хурсанд бўлади. Бетонлатиб, мармартош тердирсанг, олам гулистон. Муллонинг бошидан мен билан Сипсагулга жой кавлат. Уни ҳам пишиқ ғиштдан ўратиб, туркман гиламларини тўшаттирасан. Кираверишдаги деворга Сафсар тулкининг портретини иласан. Бир кун эмас бир кун у умрбод президент бўлади. Шу пайтдан уни ёнимизга тортиш чорасини кўрганимиз яхши. Кираверишда “Ленин хонаси”даги минбар учун супа қурдир, орқасига коммунизм доҳийларининг расмларини осинглар!                                    

– Барчаси маъқул-куя, ўзимизга қабр кавлатиб нима қилдик? Ҳукки худдо бувамлар қўллаб турса, бизлар ўлмаймиз!

– Тўғри, бироқ вақти-соати етганда, бормасак бўлмайди. Кўчди дегани ўлди дегани эмас. Имкон борида соя-салқиндан жой ҳозирлаб қўйсак, зарар қилмайди…

(Давоми бор)

[1] Этбарак – чучувара.

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort