Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ҳар қандай одам ота бўлиши мумкин, бироқ ҳар қандай отадан устоз чиқмайди!..

Ҳар қандай одам ота бўлиши мумкин, бироқ ҳар қандай отадан устоз чиқмайди!..
14 Şubat 2019 - 8:00 'да юкланди ва 650 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

Феълим менинг, аъмолим менинг… 

Субҳаноллоҳ, бу не нафси лаим,
Нафсни қўйгил, не азоби алим.
Рўзи учун мунча фусунсозлиқ,
Мансаб учун мунча дағобозлиқ.

Алишер Навоий

Ўн биринчи боб – 2

Бу атрофларда Қосим девонани танимаган кимса йўқ эди. Унинг бир пайтлар Мир Араб мадрасасида таълим олганини ҳам ҳамма биларди. Зукколиги ва тўғри сўзлиги учун бир неча йил қамалиб чиққанидан ҳам барчанинг хабари бор эди. У қамоқдан чиққач, бор дунёсидан этак қоқиб, узлатга чекинди. У ҳофизи Қуръон эди. Румийларни, Ҳофизу Атторларни, Амир Алишеру Машраб, Махтумқулиларни ёд биларди. Қўлидан қўймайдиган бир радиоси бўлиб, шу радиосидан бутун дунёни тингларди. Унинг бир неча тилни яхши билиши, унга дунё эшикларини очганди. У ўпирилган кўрда туриб, дунёларга чиқиб-кириб юрарди…

У, қаҳ-қаҳ отиб кулди.

– Нима, Гамлетга ўхшаб чайналиб-чайналиб доноликлар зоҳир этишимни истайсизми? Менинг Гамлет бўлишим учун халқингиз Шекспир бўлиши керак. Мени Гамлетга айлантириб нима қилмоқчисиз?

– Шунча нарсани биларкансиз, йиртиқ-ямоқ кийимларда, кир-чирга ботиб, қабристонда нима қиласиз? Қабрга кириб ётган билан муаммо ечилмайди. Еб-ичиб, одамдек ётиб-турсангиз, сизга биров халақит берадими? Тўрт кунлик дунёда рўшнолик кўрмасдан ўтиб кетишдан қўрқмайсизми?

– Ҳамма гап шунда-да! Ўзидан бехабарларга ўхшаб, таралло бедод қилиб яшашдан ҳам қўрқаман, ҳам уяламан!

– Кимдан уяласиз, кимдан қўрқасиз? Бирор кимсадан қарзингиз борми?

– Бор-да! Менга тафаккурни, жонни, одамийликни, неъматлар буюги бўлмиш умрни, ота-онани, гўзал хотинни, азиз фарзандларни, қариндош-уруғларни, миллатни, динни, тилни, ғам-ташвишни, шод-хуррамликни, ихтиёрсизликни ва ихтиёрни берган Зотдан катта қарзим бор. Бу қарзни ўзларини танимайдиган, қўлларига киритаётган бойликларнинг шукрини қилмайдиган, йўқотаётган нарсаларининг қийматини идрок этолмайдиганлар билан бўлашиб бўлмайди. Табиатни ғорат этиб, келажакни топтайдиган, худосиз шўролар билан оғиз-бурун ўпишишдан уялмайдиган жамоат билан қарз тўлашнинг иложи бўлмагач, қабрга кириб ётмасдан, дарахтнинг учига чиқайинми?!

– Эти тугул, суяклари чириб хокка айланган мурдалар сизга нима қилиб берарди?

– Бу фикр Ҳуккига бўлган тасаввурларингизга қарама-қарши бўлсаям, замирида чин ҳақиқат борлиги учун жавоб беришга бурчлиман… Ўлганлардан тирикларга талофат ёки наф етмаслиги ислом ақидаларини тўғри англайдиган ҳар қандай бандага маълум. Пайғамбарлар ва авлиёлар ҳам Тангрининг ожиз бандалари. Улар азалида инъом этилган бурч ва вазифаларини ўтаб, дорулфанодан дорулбақога рихлат этарканлар, ҳам жисмонан, ҳам руҳан бу дунёдан узиладилар. Дунёда уларнинг амалга оширган ишлари ва ибратлари қолади. Улар ўлиб туриб ҳам, Ҳуккига ўхшаб, одамлар ҳаётини изга солганларида, Илоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Аллоҳ ягонадир, деган иборанинг бир бурда қотган нонча қадр-қиймати қолмасди. Туғилмайдиган, туғдирмайдиган, завол топмайдиган, бордан йўқ этадиган, йўқдан бор этадиган буюк Зот – ягона Аллоҳ эканми, демак, қолган барча нарсалар, одам тугул, ой, қуёш, юлдузларнинг вақти-соати етиб таназзулга юз тутиши аён ҳақиқатдир. Банда қўлидан Аллоҳ хоҳиш-иродасидан ташқарида бирор-бир иш келганда, у ҳеч қачон ўлмасди, қора тупроққа қоришмасди. Тириклардан ҳам ўзларига, ҳам ўтганларга наф борлиги Яратувчининг синов дунёсида берган имкониятидандир. Бу имконият Қуръони каримни тўғри англашда, Суннатни бекаму кўст бажариб, тариқатдан адашмасликда намоён бўлади. Инсон шу йўл билан ўзини жаҳаннам азобидан қутқаради. Ўтганларнинг хотирасига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб, ўзлигини англайди. Шамга интилган парвона сингари эзгуликлар касб этиб, Яратганнинг жамолига интилади. Супуриб-сидириб, қабрлар бошида Аллоҳ каломидан қироат этиш – тирикликнинг ақл шамчироғини чархлайди, хотирани ўткирлаштиради. Наслларнинг ўтмишлари билан боғлиқлигининг ўчмас рамзи сифатида авлодларга ибрат намунаси бўлади. Тириклар ўликларга эмас, ўликлар тирикларга муҳтождирлар. Ўтганларни яхшилик билан эслаб, дуо этиш уларнинг гуноҳларини кесиб, савобларини оширади. Яхши амаллар икки дунёда ўлмайди. Ҳеч бир иш жавобсиз қолмайди. Имон билан яшаган кимса яхшиликка интилади, Аллоҳ азобидан қўрқади, ёмонликка ботинолмайди. Хиёнатдан, ноҳақ одам ўлдиришдан, порахўрликдан, ёлғончиликдан, ҳасадгўйликдан, иғвогарлик ва риёдан қочади. У  Тангри ҳаммасини кўриб туришини билади. Жазо кунини тан олмаган, Яратганини танимаган жоҳил ҳам ҳаётнинг қисқалигини, ўлимнинг ҳақлигини инкор этолмайди. Шунинг учун у ўлимдан илгари ҳаётдан фойдаланиб қолишга интилади. Ўз қорни ва шаҳвоний нафсининг қулига айланади. Уни дабдабали ҳаёт, шуҳрат ва юзаки обрў қизиқтиради. Шунинг учун Ҳукки каби ўз шахсий манфаати ва обрўси йўлида ҳар қандай разилликдан қайтмайди. Унинг фикрича, чўнтагига ёки шахсиятига нақд фойда келтирмайдиган ҳар қандай одамийлик, эзгулик ва бошқалар ғамини ейиш маъносиз қуруқ сўздир. У виждон амри билан Аллоҳнинг розилиги учун ўз ҳаётини камтарликка, меҳнатсеварликка ва хайрихоҳликка бағишлаган кишиларга масхаралаш кўзи билан қарайди. Бундай шахс ўзгаларнинг ҳам қадр-қимматини бойлиги ва мансабига қараб белгилайди. Унга нафи етмайдиган инсондан ширин сўзини ҳам дариғ тутади. Одамлардан яширинча қўлидан келган ёвузликни қўллаб, ҳавойи нафсини қондириш учун яшаган разил шахс билан бутун вужудини халққа манфаат етказишга ва умрини покликка бағишлаган кишининг оқибатлари бир хил бўлса, иккиси ҳам ҳиссиз тупроққа айланиб кетаверса, унинг руҳи – жинояти жазосини ва бунинг руҳи – меҳнати роҳатини кўрмай қолаверса, жамиятда ўз нафсининг хилофига ўзгага яхшилик қилиш ва озгина ҳалолга қаноат қилиб ўзини ҳаромдан қайтаришнинг қиймати қолмайди. Диний ахлоқий поклик, ҳалоллик ва виждон тушунчалари ҳеч қандай маъно касб этмайдиган қуруқ сўз бўлиб қолаверади. Мўминнинг эътиқодича, у беҳуда яшаётгани йўқ, у маълум мақсад учун яратилган. У энг олий мақсад – Аллоҳнинг розилигига эришиш учун, Аллоҳ буюрганидек ўзини бу тайёрлов курсисида ҳақиқий олий ҳаётга тайёрлаш учун яшайди. Мўмин диний эътиқод туфайли динсизлар фойдаланаётган ҳаёт манфаатларидан ҳеч бирини йўқотмайди, балки пок ва ҳалол бўлгани учун улардан кўра лаззатли руҳий ором ва сукунатли ҳаёт кечиради. Динсизлар ва мунофиқлар мўминнинг қалбидаги абадий ҳаётга ишонч лаззатига ва ўзини қуруқ кимёвий моддалар йиғиндиси деб эмас, балки бутун коинот Яратувчиси тарафидан алоҳида аҳамиятга молик бўлган абадий руҳ ва ақл соҳиби деб қадрлай олиш неъматига ҳеч қачон эриша олмайдилар. Аллоҳга ишонмаслик билан киши дунё кулфати ва ташвишига, оғир касалликлар ва хавф-хатарларига чап бериб қололмайди. Мўминнинг мана шу оғир ҳолатларда топа оладиган тасаллийси, руҳий ором ва саботидан шу бахтсизликни ҳам бахтиёр ҳаёт ўрнида ўтказа олиш имкониятидан бу шўрликлар ўзини маҳрум қилгани қолади, холос. Ислом файласуф шоири Абу-л-ало ал-Мааррий охиратга ишонмаган фикрсиз кишиларга хитоб қилиб айтади. “Мен охиратга ишончим сабабли дунёда сендан кўра бахтсизроқ яшаётган ерим йўқ. Сендан кўра ҳаётнинг ҳамма имкониятларидан яхшироқ фойдаланиб яшаётганимни кўриб турипсан. Сен охиратга ишонмаганинг учун мендан кўра бахтлироқ бўлиб қолганинг ҳам йўқ. Бу қисқагина умрда ҳам шундай экан, сен айтганингдек ўлим билан қисса тамом бўлса, (сенинг ноқис ақлингча) мен ҳеч нарсага куйганим йўқ. Воқелик менинг ишончимга мувофиқ чиқса, ўлганимдан сўнг иккинчи чин ҳаётимиз бошланиб қолса, сен қаерингни чимчилаб қоласан ва вақт ўтгандан кейин нима ҳам қила оласан?!”…

Мавзу бу қадар жиддийлашишини хаёлига келтирмаган Дармон Мадоровичнинг кўксини гумонлар омочдек тилиб, уйғонган ҳислар ичини ўртади. Суҳбатнинг чуқурлашаётгани уни ваҳимага туширарди. Ўғилой Чўвишнинг тузоғига илинганини эслаб, наҳотки буни девона ҳам эшитган бўлса, деб ўйларди. Изза омбур бўлиб унинг халқумига чанг соларди. Эшитаётганлари кўнгил яраларига малҳамдек ёқарди. Хўрликлар безовта этмаганда, бир фақирга тоқат қилмоғи ҳам балки даргумон эди. Балки…

– Имкони бўлса, менга исломдан қисқа маълумот берсангиз! – деди у хайрихоҳ оҳангда.

– Тинглашга тоқатингиз етармикан?

– Нега етмас экан?

– Ана, Қўзи Шишакни ҳам олиб келишяпти, – деди Қосим девона ғилай кўзлари билан қабристон дарвозасидан кўринган оламони кўрсатиб. Тобут ортидан мактаб ўқувчилари гулчамбарлар ва қизил алвонларга битилган шиорларни кўтариб келардилар. Мусиқачилар маросимга кўтаринкилик бағишлаб, қалбларга байрамона қувноқлик бахш этарди. Одамларнинг юзларида хурсандчилик жилвалари кезарди. Қўлларида даста-даста гуллар кўтариб олгандилар. – Сиз раиснинг ўлмас ишлари хусусида маъруза ўқишингиз керак. Нариги дунёда уни Ҳуккининг руҳи қўллаши тўғрисида бир нима демасангиз, Ўғилой Чўвиш билан Паримомодан балоларга қоласиз…

– Нима, улар худомиди? – деб юборганини Хаса Хусаевиич сезмай қолди. – Илтимос, чалғиманг.

– Албатта, – деди Қосим девона. – Бироқ туни билан қўллари-қўлларига тегмай меҳнат қилган қурувчилар сизни кутишяпти. Уларнинг қулоқлари олқиш ва мақтовлар эшитишга кўниккан. Бу ёғи нима бўлади?

– Кутсалар кутаверсинлар! – деди, қўл силтаб биринчи котиб, эътиборини ўзига қараб келаётган Қиё жиннига қаратаркан. Ҳақиқатан, барчанинг нигоҳи Дармон Мадоровичда эди. Қиё жиннидан Шохдор Такаевгача, Паримомодан Нусхагулгача юзлаб одамлар унинг ташрифига мунтазир эдилар. – Ҳой Қиё жинни, ўзларингиз бошлаб юбораверинглар. Маърузачилар номларини ва мансабларини Нусхагул Паримомо билан бамаслаҳат эълон қилсин. Бошда минбарга ўзинг, охирида Шохдор Такаев билан хотини чиқиб маъруза ўқисин. Меҳмонларга ора-орада сўз беринглар, уларнинг сони ўттиздан ошмасин, майит бузилади…

Туман раҳбарининг тентак бўлганига ишонган оломон Паримомо билан бошланғич партия қўмитаси бошлиғи Нусхагул Товуқбоқаровна бошчилигида шиддат билан ишга киришди.

– Ислом дини ҳақида бафуржа айтайми, шунчаки, камунистчасига ўтласам ҳам бўлаверадими? – деди кўнгли тўлиб-тўлмаган Қосим девона.

– “Камунистча”сини ўзим яхши биламан!

– Бу бекорчихўжаларнинг гаплари тугагунча, Каъбани зиёрат қилиб қайтса бўлади! – деди Қосим девона. – Жон қулоғингиз билан эшитинг, эшитганларингиз қулоқларингизга қўрғошин каби ўрнаса, кейин маъно-мазмунини чақиб олаверасиз.

…Ислом – ҳаққоният ва инсонийлик динидир. У поклик, хушхулқлик, ҳаё, инсоф, шижоат, меҳр-оқибат ва ватанпарварлик каби инсоний фазилатларга чақиради. Ислом оқкўнгил, тоза виждонли ҳақиқий инсонни яратишда тарбиянинг икки воситасини қўллайди; илмга асосланган эътиқод ва ибодат.

Илм Аллоҳни танитади. Киши Аллоҳни билиши илмига яраша бўлади. Шунинг учун табиат сирларини кашф этган, аниқ фанлардан тўла маълумотга эга бўлган инсофли табиатшунос олимлар Яратувчининг нақадар буюк ақл ва қудрат эгаси эканлигини бошқалардан яхшироқ тушунадилар. Ибн Сино: “Одам аъзолари илмини ўрганмай туриб киши комил иймонли бўла олмайди”, деган эди. Ислом биносининг беш рукни (асоси, устуни) бор: 1. Иймон (Ашҳаду ал-ла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва росулуҳ), 2. Намоз, 3. Рўза, 4. Закот, 5. Ҳаж.

Иймон. Етти нарсага шубҳасиз ишониш билан киши ислом сафига киради.

Булар: Аллоҳга, фаришталарга, пайғамбарларга, самовий китобларга, қайта тирилишга, охират ҳаётига, тақдирга ишонишдир….

Умуман олганда, буларнинг ҳеч бири Дармон Мадоровичга бегона эмасди. У хотирида хиралашган вайрона бир иморатнинг мукаммал кўринишини ушлаб кўргандек бўлди, холос. Уни жунбушга келтирган ҳис-туйғулар бир замонлар оқишдан тақа-тақ тўхтаган қадрятлар эди. Бу руҳониятга у узоқ йиллар беписанд бўлди. Шўролар иғво қилгандек, унинг эскириши ақлга сиғмасди. Туғилганда унинг қулоқларига азон ўқигандилар. Тили чиқиши билан калимасини ёдлатгандилар.

Унинг даҳма атрофида югуриб-елиб суратга олаётган Кунботтибойга кўзи тушди. Ўша тундаги воқеалар кўз олдига келди.

– Тўғри эшитган бўлсам, Тангрини таниган кимса бировни ноҳақ ўлдирмайди, дегандек бўлдингиз! – деди у. – Исломда одам ўлдириш борми? Отангни ўлдирганга онагни бер, чап юзингга шапалоқ тортганга ўнг юзингни тут, деган панд-насиҳатларни эшитганмиз, холос.

– Ноҳақ қон тўкиш гуноҳи азим, – деди Қосим девона. – Ҳақиқатан, гуноҳсизлар қонини нима учун тўкиш керак, ахир.

– Айби бўлса-чи?

– Айб ҳам ҳар хил бўлади. Кимнидир уч кунга қамалиши керак бўлган жинояти учун ўлдирмайдилар-ку!

– Айб кечирилмас бўлса-чи?

– Ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳақ-ҳуқуқ ва адолат мезони бузулмаслиги учун ишни амалдаги қонунлар кўриши керак. Ҳар ким хаёлига келганини амалга ошираверса, маънавият қаерда қолади? Жиноятчи билан қонуннинг тили бир бўладиган бўлса, бундай жамиятнинг ҳам, мазкур жамиятда яшаётганларнинг ҳам ҳолига вой!

– Одам нима қилса, қалбидаги хорлик азобидан қутулади?!

– Қонун ҳимоя қилмаса, фуқаро жиноятни жазосиз қолдирмаслиги керак. Жиноятчини ҳар қандай йўл билан эртами-кеч қўл урган қинғир иши учун зимдан лойиқ жазога тортиш жамиятнинг юксалишига туртки беради. Жазосиз қолган аксар кимсалар бошлари деворга урулмагунча ёким ўлмагунча жиноятларини давом эттирадилар. Бундай ҳолатлар миллатни тубанликлар сари етаклайди. Инсонларни пасткашликлардан ҳазар этмайдиган, ҳаром амаллардан жирканмайдиган этиб қўяди. Нафратланишдан мосуво миллат охир-оқибат бошқа бир халққа қарам бўлади. Феъл-атворидаги қусурлари учун чексиз азоб-уқубатларга дучор этилади. Ўзлигини, ғайрат-шижоатини йўқотганларга Аллоҳнинг раҳм-шафқати бўлмайди!

– Исломда чумолига ҳам озор етказиш мумкин эмас, деб эшитган эдим. Демак, бу нотўғри эканда!

– Жуда тўғри айтишган! – деди Дармон Мадоровичнинг чайналаётганига тушунмаган Қосим девона. – Чумоли зиён-заҳмат етказмаса, унга нима учун озор бериш керак. У ҳам Аллоҳ яратган бир жонзот. Табиатда унинг ҳам ўз ўрни бор, ўрнини билмаса, қирилиб кетади.

– Баландпарвоз гаплар қаерда қолади?

– Астағфуруллоҳ, йўлингдан оздирмагайсан! – деди ўз фикрини уқтира олмаган Қосим девона. – Устингга мамлакатингга душман бостириб келса, мусулмонман, эзгулик истайман деб қўл қовуштириб ўтирмайсан-ку. Хотинингга, қизингга, оилангга биров кўз олайтирса, мусулмонман дея жон-жигарларингни фосиққа тутмайсан-ку. Биров итарса, чангингни қоқиб кетвормайсан-ку. Авваллам бор исломни ўзлаштирган, диний илмларни мукаммал эгаллаган юртларга бировларнинг бостириб келишларига юраклари бетламайди. Иймони мустаҳкам миллат билан ҳар ким ҳам ўйлашиб гаплашади. Душман ҳарчанд кучли бўлганда ҳам, эътиқоди ҳаёт-момот даражасига кўтарилган кимса билан низога бориб, шарманда бўлишдан қўрқади. Мўминнинг моли жонига кўз олайтириш – ўз-ўзига ўлим ҳукмини ўқиш билан баробар. Ноҳақликларга тоқат этган мусулмон мусулмон эмас. Номуси-ори йўқ мусулмон фосиқ. Фосиқдан ит яхши.  Динингга, миллатингга хуруж қилган ёвни қийма-қийма қилиб ташламасанг, сен қанақанги мусулмонсан? Оилангга кўз олайтирган кимсанинг кўзларини ўйиб олмасанг, қанақа эркаксан? Бу кабиларга қаршилик кўрсатмаган кимса Қуръони каримни етти ёшида ёд олган бўлса ҳам, ҳадиси шарифни сув қилиб ичган бўлса ҳам, қирқ йил тоат-ибодатни канда этмаган бўлса ҳам, мол-дунёсини дин йўлида харжлаган бўлса ҳам, у мусулмон эмас, у исломда эмас, у бизлардан эмас. Жаллодга ялтоқланиш, айғоққа уй тўридан жой кўрсатиш, ёвни азиз меҳмондек кутиб олиш эзгулик ҳам, мусулмончилик ҳам эмас. Бу ўтмишга ва келажакка, миллатга ва динга, ота-боболар руҳига қилинган кечирилмас хиёнат, холос… Нима бўлганда ҳам ўз-ўзича ҳукм чиқариб бўлмайди. Биладиган кимса билан маслаҳатлашиш зарур. Хатони тўғирлаш мақсадида хатога йўл қўйиш айни қабоҳатдир. Бу пушаймонлик ва тубанликка етаклайди!

–  Бундан кейин ўзимни қандай тутишим хусусида ўйлашим керак экан!

– Ғалабалар устоз-шогирдчилик муносабатларидан туғилади. Устоз кўрмаган кимса арзирли мувафаққиятларга эриша олмайди. Ҳатто у жиддий нарсалар хусусида фикр юритишга сабот тополмайди. Абдулхолиқ Ғиждивоний айтганидек, “Аввал дўст, сўнгра йўл излаш лозим”. Тариқатга, яъни йўлга кириш – инсоннинг ўз устидан ҳукмронлигини ўрнатиш дегани. Балким сиз буни англамаётгандирсиз. Устоз топа олмасангиз, яхши дўст изланг, хатоларни камроқ такрорлашга эришасиз. Яхши дўст ўртача устоздан устун туради. Аммо яхши дўст топишдан кўра, бир хуржун олтин топиш осон. Бизнинг замонда олтин топган кимсанинг дўстларидан воз кечиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас!

– Устоз-шогирдчилик муносабатларини унутганимизга қанча замонлар бўлди. Кўп нарсани бой бердик!

– Устоз-шогирдчилик муносабатлари шаклланмаган жамиятларда тарқоқлик, парокандалик ҳукмрон бўлади. Миллат руҳий поракандаликка учраб, мамлакатда маънавий ўпирилиш бошланади. Шу ўринда “Устоз отадан улуғ” иборасига изоҳ бермасак бўлмайди. “Устоз отадек улуғ” деб ҳам айтишади. Биз буни нотўғри ҳисоблаймиз. Шу боис, сўзимизга Ҳазрат Навоийнинг шеъридан икки мисрани тиргак этсак, иддоаларимиз ишончлироқ чиқади.

                 Табиат жоҳидин руҳингни қутқарким, хуш эрмасдур,

                 Қафас қайди аро булбулга бўлмоқ мубтало асру.

“Табиат жоҳидан руҳингни қутқарким” деган сўзлар нимани англатади? Ҳар бир одам туғилганда табиатнинг ўзгармас қонунлари асосида дунё юзини кўради. Унинг феъл-атворида бир маромда такрорланадиган қотиб қолган қонунлар мажмуаси мавжуд. Шеърда, муқаддас китобларда келган ва пайғамбарлар орқали инсониятга туширилган илоҳий қонунлар билан феъл-атворга қўшимча ишлов бериш ҳақида сўз боряпти. Фикр замирида таълим-тарбия ётади. Камолот, охир-оқибат, устозлар сайқал берган одоб ва ахлоққа боғланади. Инсон устозлардан таълим-таърбия дарсини олмаса, у руҳини табиат жоҳилликларидан қутқара олмайди. Умри ғафлатда ўтади. Ҳазрат “…хуш эрмасдур”, деганда, берилган имкониятдан фойдаланмаганлардан надомат туяяпти. Фикрини кучайтириб, Қафас қайди аро булбулга бўлмоқ мубтало асру”, деркан, у устоз кўрган шогирдни жаннат боғларидаги сайроқи булбулга ўхшатади. Уни ортиқ жаҳолатда (қафасда) ушлаб бўлмайди. Жаҳолатга йўғирилган ҳаёт чексиз моддий бойликларга йўл очган бўлса ҳам, яъни (қафас олтин бўлиб, ичида қизил гул битса ҳам) унинг ҳушёр кимса, (булбул) учун танани тирнаб озор бергувчи тиканча ҳам аҳамияти йўқ, дейилмоқда. Комил инсон жоҳилликлардан чекиниб яшайди. Уни жаҳолат ичидаги бойликларга кўмиб, авраб бўлмайди. (Қафасдаги булбулни) “…булбулга бўлмоқ мубтало асру”, ўлим қутқаради. Ҳазрат Навоий эрксиз ҳаётнинг мис чақача қадр-қиймати йўқлигини, бу йўлда ойдинликка бошловчи зот – устоз эканлигини уқтиради. Шу маънода “Устоз отадан улуғ” иборасида олам-олам маъно борлигини англаймиз. Ҳар қандай ота ҳам фарзандини биалўгик жиҳатдан дунёга келтиргувчи манба ҳисобланади. Устоз эса шогирдга унинг ўзлигини англатувчи руҳоний “ота”дир. Камдан-кам оталар фарзандларига устозлик этиш бахтига эришадилар. Шу жиҳатдан устозлик юки оталик юкидан оғир. Шунинг учун ҳам “Устоз отадек улуғ” сўзи қулоққа эриш чалинади. Ота фарзанд учун улуғ ва қийматли зот. Аммо таълим-тарбиясиз фарзандлар оталарини танимасликлари ҳам бор гап. Оталар аниқ мақсад йўлида фарзандлар дунёга келишига камдан-кам ҳолларда сабабчи бўладилар. Устозлар эса аниқ мақсадни кўзлаб шогирд етиштирадилар. Яхши оталар ҳам аслида, устоздирлар. Тагини суриштирсангиз, улар ҳам яхши устозлардан таълим олган бўлиб чиқадилар. Устоз кўрмаганларида, улар яхши ота бўлолмасдилар. Ҳар қандай одам ота бўлиши мумкин, бироқ ҳар қандай отадан устоз чиқмайди!..

(Давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort