Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Феълим – аъмолим, аъмолим – феълим”

“Феълим – аъмолим, аъмолим – феълим”
18 Şubat 2019 - 8:00 'да юкланди ва 607 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

Феълим менинг, аъмолим менинг… 

Субҳаноллоҳ, бу не нафси лаим,
Нафсни қўйгил, не азоби алим.
Рўзи учун мунча фусунсозлиқ,
Мансаб учун мунча дағобозлиқ.

Алишер Навоий

Ўн бешинчи боб

…Ичавериб ҳушини йўқотган Қиё жинни, орқаси ачишиб, ичида бир нима тўлғонганда, чинқириб юборди. Кўзлари олдини қоплаган ғубор тарқаб,  атрофига назар солди. Расмга олаётган Кунботтибойни кўргач, яна кўзларини юмди. Бирпасдан сўнг кўзларини очганда, чироқ нуридан кўзлари қамашди. У, Ҳуккининг арвоҳи уриб, қўрққан нарсам пешонамга битипди, деб ўйлади. Ёрдам сўраб бақирмоқчи бўлди, овози чиқмади, қимирламоқчи бўлди, қимирлай олмади. Қўл-оёғи боғланган эди.

– Мен қаердаман? – дея сўради у.

– Ертўладасан, жинни болам! – деди биров.

У кўзини қири билан оромкурсида ўтирган Паримомонинг маҳси-кавушини кўрди.

– Энажон, сизмисиз?! Мени нима қиляптилар?

– Сени жарроҳ даволаяпти, ўғлим. Тилинг узун бўлиб кетганини ҳамма эшитипти, мен эшитмапман!

– Жарроҳ ким?

– Генерал Бахилкарим Калбошов!

– Энажон, бизлар ака-ука эмасмизми?

– Ука акани, ака укани итарадиган замонда яшаяпмиз, бўтам! Чўтир болам, давлатнинг бошида турса, Мустақиллик тараққий этиб бораверса, ҳали кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ҳодисалар урчийди.

– Бу кўргуликлар қайси гуноҳим эвазига?

– Қўрс феълинг ва заҳар тилинг бошингга етди.

– Нима?

– Феълинг!

– Тушунмадим!

– Аъмолинг!

– Нима, нима?

– Мол-дунё учун ўғиллар отасининг қотилига айланяпти. Феълинг – аъмолинг, аъмолинг – феълинг, феълинг – аъмолинг…

– Иҳ! – дея чиранган Қиё жинни, у Ҳуккини ўлдирганимни биларкан, деб ўйлади. – Нима қилишим керак? Шартингизни айтинг. Бўлмаса, ўлдириб қўяди…

– Оғзингга қулф соласан! – деди Паримомо.

– Тушундим! – деди у.

– Сўзимни тугатгунимча, тилингни тишлаб ўтир, шоғол! Ароқ ичмайсан, хотинингнинг сўзидан чиқмайсан!

– Вой, секинроқ…

– Қисиб тур, деяпман!

– Қандай қисаман, ўзими укам…

– Қисасан!

– Бўлмаса, гаплашиб олгунимизча, қимирламасин, буюринг!

– Қимирламаса, гапларим у қулоғингдан кириб, бу қулоғингдан чиқади. Укангни танидингми?

– Танидим, энажон!

– Таниган бўлсанг, тишингни-тишингга қўйиб тингла! Гапирсанг, палкўвник билан Эркин ҳам генералга қўшилиб, жарроҳлик амалиётида жонбозлик кўрсатади.

– Энажон, Ҳуккининг руҳ-арвоҳи ҳаққи, тавбалар қилдим!

– Тўй-ҳашамларга рухсатимсиз бормайсан. Шу бугундан бошлаб топган-тутганларингнинг йигирма беш фоизини Эркинга, ўн беш фоизини палкўвник Янгибойга ажратасан. Шарт бузилса, Кунботтибой суратга олаётган тасвирларни Ўзбекистон телевидениясининг “Ахборот” дастури бутун дунё бўйлаб намойиш этади!..

Қиё жинни уйига тонг саҳарда, думи кесилган калтакесакдек судралиб зўрға келди. У хотинини кўриб, ичидан зил кетди.

– Эр оға, қилмаган ишимни қилиб, хил-хил ичимликлардан дастурхон тузадим! – деди хотини. – Сиз айтганимга кирмадингиз. Эшак юкнинг ёнига бормаса, юкни эшакнинг ёнига олиб келиш керак, деган гап бор. Келинг, эр-хотинлар каби елка уриштириб, бир тўйиб ичайлик!

– Феълим – аъмолим, аъмолим – феълим, феълим – аъмолим…, онажониси! – деди ўқни нишонга урган хотинига Қиё жинни овози хириллаб, йиғламсираркан. – Жуда чарчаганман, ювиниб, ётаман…

Тўрт оёғи ва думи билан қопқонга тушган Қиё жинни Паримомони лўлининг эшаги шатталаб ўлдирган кунгача ароқ ичмади.

…Бир кун тушда Паримомо тишлари тушган кундоши “думиузун” дейдиган қоп-қора, узун машинасида уйига қайтди. Дарвозаси олдида ўзини боқиб олган лўлининг эшагида онасини кўргани келган ўн бир ёшли ўспирин турарди. Уни кўриб ҳар туки найза бўлган Паримомо машинадан сакраб тушди. У, жаҳл отига миниб, ҳайдовчиларидан ташқари яна ўн олтита қўриқчиси борлигини унутиб қўйганди. Елпиғичи учини орқасига нуқамасдан, унга эшак жуфт шатта урди. Оғзи-бурнидан қора қон келган Паримомо тил тортмай ўлди. Бошига кулфат тушган президент кела-сола эшакнинг пешонасидан отиб ташлади. У ўспиринни терраризмда айблаб қамоққа олишни, воҳоббийчиларнинг ҳомийлари бўлмиш лўлиларнинг чодирларидан портловчи моддаларни топиб, ўзларини ёқиб юборишни буюрди.

“Анжуманлар саройи”да Паримомо билан уч кун видолашув маросими бўлди. Хотини йўқлигида Қиё жинни уч кун ҳожатхоналарни айланиб, еб-ичиб байрам қилди. У ўзининг Паримомони қарғаб ўлдирганига қаттиқ ишонарди. Дунёдаги битта армони генерал Бахилкарим Калбошевнинг ўлганини кўриш эди. Унинг ўзи ҳам кунида икки марта шайтонлайдиган одат чиқарганди. Аввали: “Феълим – аъмолим, аъмолим – феълим”, дея икки сўзни соатлаб такрорлардида, кейин гурса йиқилиб, тилини чайнарди. Тутқаноғи тутмасдан аввал ўғилари ва невараларининг қўлларида уч-тўрттадан қошиқ, унинг шайтонлашини кутиб турардилар.

…Фалакнинг гардиши билан Паримомо ўлиб, генерал Бахилкарим Калбошев юқоридагиларнинг гизли босими остида “Ёвуз Темурзодалар”ни тарк этиб, Аския бозори паттачилари бошлиғи мансабига кўтарилди. Ўрнига “Ёвуз Темурзодалар”га палкўвник Янгибой Эскибоев бошлиқ бўлиб ўтди. Бир ой кечиб, президент унга эски қилмишлари учун устидан жиноят иш қўзғаттирди. Генерал бутун жиноятларини Паримомонинг зиммасига юклагач, унинг номи мамлакат тарихидан ўчирилиши учун ҳайкаллари олиб ташланди. Номи билан аталадиган кўчалар ўзгартирилиб, шарафига тикланган бутун “Мўда уйлари” ҳар жойда бузуб, текистлаб, остига тариқ экилди. Хавфсизлик ташкилотлари билан ҳамкорлик этган генерал Бахилкарим Калбошевни президент авф этиб, “Буюк хиёнати учун” нишони билан мукофотлади. Чексиз илтифот кўргизиб, уни паттачилар бошлиқлиги лавозимида қолдирди.

Аслида паттачиларга бошчилик қилиш эшак бозорида далоллик қилишдек бир гап эди. Илгариги таниш-билишларининг бирор-биттаси генерални йўқламай қўйганди. Паримомо ўлгач, у етимга ўхшаб қолди. Айниқса, дўсти ва ўринбосари, палкўвник Янгибойнинг орани узгани унга ёмон таъсир қилганди. У, Паримомо ўлгач, отаси билан онасини ҳам кўчириб келди. Ҳовлисида ўзи билан икки чол ва олти кампир бўлди. У неча ойлар қўлларини орқасига қилиб, Паримомонинг ўлимидан изтироб тортиб юрди. Унинг номини сотиб, жонини сақлаб қолгани учун ўзида йўқ ичидан қувонди. Паримомони гўридан кавлаб олиб сўроқ этишлари мумкинлигини ўйлаганда, кечалари ёта олмасдан юрак ҳовучлаб чиқди. Баъзида хотинларига аралашиб қолган отаси Карим карвак билан онаси Нозли чўнтини танимаган кунлари бўлди. Охири ҳар тоши Паримомони эслатадиган ҳовлида камроқ бўлишни истаб, бозорга яқин кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватидан жой сотиб олди. Паттачиликдан бошқа юмуши қолмагач, у секс филмларга ружу қўйганди. Кал бошининг орқасида бир ярим қулоч бўлиб ўсган сочини хотинларига ўрдириб эшилтирадиган одат чиқарганди. Сочлари ўрилиб-эшилаверганидан лайлак уясидек тўзғиб кетарди…

  Тамом. 1 октябр. 2012 йил. Тошкент шаҳри.  

ТУГАДИ

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort