Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Хитой, Ислом ва мусулмонлар: Хитой жаҳаннамида етти кун

Хитой, Ислом ва мусулмонлар: Хитой жаҳаннамида етти кун
12 Şubat 2019 - 15:18 'да юкланди ва 574 марта ўқилди.

(Би-би-си Ўзбек Хизматидан: Дунёда мусулмон давлатлари кўп. Аммо, афсуски, уларнинг орасида уйғурларнинг тақдири юзасидан Хитойга расман норозилик билдирганлари деярли йўқ. Уйғурларни қўллаётган асосан айрим Ғарб давлатлари ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси бўлиб турибди…Уйғур зиёлисининг бу каби фикрлари Хитой ҳукуматининг мусулмон озчиликларга нисбатан “кучайиб бораётган тайзиқона сиёсати” манзарасида янгради. Суҳбатимиз эътиборингизга ҳавола этилаётган қуйидаги мақоладан айри ҳолда тайёрланган).

Aibota Serik
Ойбўта Серикнинг айтишича, отаси Хитойнинг ҳибс марказлари жамлоғида йўқ бўлиб кетган

Хитой ҳукумати уйғурлар сақланаётган жамлоқларни «ихтиёрий қайта тарбиялов марказлари» деб атайди. Бироқ отаси ана шундай «марказлар»нинг бирига жўнатилган асли қозоқ Айбўта Серикнинг айтишича эса, улар қамоқхонанинг ўзгинаси.

Айбўтанинг отаси Кудайберган Серик Шинжондаги маҳаллий имомлардан бири эди. 2018 йил февралида уни полиция олиб кетган. Айбўта ўшандан буён отасини кўрмаган.

«Отамнинг нега ҳибсга олинганини билмайман. У ҳеч қандай қонунни бузмаган, уни судлашмади ҳам,» дейди у кўзда ёш билан отасининг кичик суратини қўлда тутганча.

Бир қанча хитойлик қозоқлар Қозоғистонга қочиб келган. Улар Олма-ота шаҳрида йиғилиб, Қозоқ ҳукуматидан “қайта тарбиялов жамлоқлари”да ғойиб бўлган яқинларини озод этишда ёрдам қўлини чўзишни сўрашмоқда.

БМТнинг Ирқий Дискриминацияни Тугатиш бўйича Қўмитаси Шинжондаги жамлоқларда бир миллионга яқин уйғур, қозоқ ва бошқа мусулмон озчилик вакиллари сақланаётганига оид ишончли ҳисоботларни қўлга киритганини маълум қилган.

Хитойда бир миллиондан зиёд қозоқ миллатига мансуб инсон истиқомат қилади. Совет Иттифоқи қулаши ортидан уларнинг кўпчилиги этник қозоқларни ватанга жалб қилиш сиёсати бўйича нефтга бой Қозоғистонга кўчиб ўтган.

Nurbulat Tursunjan
Нурбулат Турсунжоннинг айтишича, хитойлик масъуллар ота-онасининг паспортларини олиб қўйишган

Нурбулат Турсунжон ўғли Олма-отага 2016 йилда кўчиб келган. Унинг сўзлашича, расмийлар ёши ўтиб қолган ота-онасининг паспортини олиб қўйган ва улар Хитойдан чиқа олмай қолган.

Қозоқ ҳукуматига мурожаат қилаётган яна бир фаол Бекмурод Нусупкан ўғли Хитойдаги қариндошлари телефон ёки ижтимоий тармоқлар орқали алоқага чиқишдан қўрқаётгани ҳақида сўзлайди.

«Уларнинг қўрқуви асосли,» дейди у.

“Қайнотам 2018 йил февраль ойида мени кўргани келди. Шу ердан туриб, у Хитойда қолган ўғлига қўнғироқ қилди, ҳол-аҳвол сўради. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, унинг ўғли Бауржонни ҳибсга олишди. Унга Қозоғистондан икки ё уч қўнғироқ қабул қилганини айтишибди ва уни сиёсий жамлоққа жўнатиб юборишди.”

Human Rights Watch ташкилоти ҳибсга олинган шахсларнинг ҳеч қандай айблов ёки суд ҳукмисиз сақланишини таъкидлайди.

Detention centre in Kashgar, China Расмий Пекин бу жамлоқлар касб-ҳунар ўргатиш марказлари эканини иддао қилади

Этник қозоқ бўлмиш Ўринбек Кўксибек бир неча ой умрини ана шундай оқартув жамлоғида ўтказган.

«Етти кунни дўзах ичида ўтказдим. Қўлларимга кишан урилган, оёғим боғлаб қўйилган эди. Улар мени зиндонга ўхшаш чуқурга ирғитдилар. Мен қўлларимни чўзиб, юқорига қарадим. Шунда устимга сув сепиб юборишди. Қичқириб юбордим.»

«Ундан кейин нима бўлганини эслолмайман. Қанча пайт чуқурда ётганимни ҳам билмайман, лекин ўшанда қаҳратон қиш эди. Улар менинг хоинлигим, икки фуқароликка эгалигим, қарзим борлиги ва қанчадир миқдордаги ерга эгалик қилишимни айтдилар.»

Буларнинг ҳеч бири ҳақиқатга яқин эмас, дейди Ўринбек.

Бир ҳафтадан сўнг уни бошқа жойга олиб кетадилар. Бу ерда Ўринбек хитой тили ва қўшиқларини ўрганади.

Унга 3,000 та сўз ўргансанг, қўйиб юборамиз, дейдилар.

Orynbek Koksybek
Ўринбек Кўксибекнинг айтишича, уни ўрага ўхшаш чуқурга ташлашган

“Расман ҳукумат бу жамлоқларда одамлар саводхонлиги оширилишини айтади. Агар улар чиндан ҳам одамларга билим бермоқчи бўлса, унда нега қўлига кишан солади?” ҳайрон бўлади Ўринбек.

«Улар мусулмон бўлгани учун қозоқларни ҳибсга олмоқда. Нега уларни қамаяпти? Хитойнинг мақсади қозоқларни хитойларга айлантириш. Улар бутун бошли миллатни йўқотиб юборишга қасд қилган.»

Ўринбек Кўксибекнинг айтганларини мустақил тасдиқлашнинг имкони йўқ, лекин унинг ҳикояси тафсилотлари ҳуқуқ фаоллари томонидан ҳужжатлаштирилган бошқа кўплаб ҳолатларга мос келади.

Қозоғистондаги Хитой элчихонаси Би-би-си йўллаган сўровга жавоб қайтармади.

Қозоғистон ҳукуматига кўра, хитойлик фуқароларга нисбатан жорий қилинган ҳар қандай чеклов Хитой Халқ Республикасининг ички ишидир ва Қозоқ ҳукумати бунга аралашмайди. Шунга қарамай, Қозоғистон Хитойда ҳибсга олинган қозоқ фуқароларига кўмак беражагини таъкидлаган.

Манба: Би-Би-Си Ўзбек

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort