Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Олтин ўлка

Олтин ўлка
22 Şubat 2019 - 15:37 'да юкланди ва 681 марта ўқилди.

Мен етти кун Жиззах ўлкаси сафарида бўлдим. Сирдарё ирмоқларидан Фориш тумани сари қазилаётган анҳорни, янги бунёд этилаётган Қорамон сув омборини, чўлда яралган боғларни, яқинда очилган конларни ва ишга туширилган завод, фабрикаларни кўрдим.

АЭС ( атом электр станцияси) қурилиши мўлжалланган майдонда тадқиқот ишлари олиб бораётган геолог- муҳандислар билан ҳам қўнишдим.

Қизил Денгиз( Ҳайдаркўл) қирғоқларини ҳам кездим. “ Обод қишлоқ” дастурига мувофиқ қурилган , таъмирланган шаҳар, шаҳарча, қишлоқларда одамлар билан гаплашдим. Уларда ҳозирги сиёсатга ишонч, келажакка умид, ишга рағбат уйғонганлигини туйдим.

Ўлкадаги кўнгилни қувонтирадиган ўзгаришларни қаламга олдим.  Эссе шаклида, кичик – кичик сарловҳалар остида.

Азиз ўқувчи , ҳозирча шулардан тўртасини ( “Минг йилдан сўнг…”, “Хонбанди”, “ Ўрта Осиёда биринчи АЭС”, “Қизил денгизи” ) эътиборингизга ҳавола қиламан.

Эврил Турон
Турон Халқаро Ёзарлар Бирлиги раиси

* * *

ЭВРИЛ ТУРОН
Турон Халқаро Ёзарлар Бирлиги раиси

ОЛТИН ЎЛКА

Тўғри фикр,  
Тўғри сўз,
Тўғри

ЙЎЛДАГИ ЎЙЛАР

 Истак , ғайрат билан битмайдиган иш йўқ.
Амур Темур

 Ҳақиқатни бехато кўрган кишилар улуғ саодатга эришадилар.

Шарқ ҳикмати
Қўшнинг тинч, сен тинч.

Ўзбек мақоли

Энг оғир дамларингда , кексайиб қолган чоғларингда, сени кимдир қўлласа, очун кўзингга гўзал кўринаркан. Шунда дунёга кераклигингни яна қайта ҳис этаркансан. Бундан соғлигингга соғлик қўшиларкан, хатти- ҳаракатларинг жонланаркан, ўзингни тетик сезаркансан.

 Шу туйғу таъсирида мен эрта тонгда тиниқ кайфият , тиниқ руҳ билан Ота маконга йўл олдим. Тангри қўлловини, янги сиёсат мевасини туяроқ…

 Бу – 27 йилдан  кейинги илк сафарим эди. Аҳамиятлиси:

Расмий сафарим…

Мақсадим: Ҳозирча, Жиззах ўлкаси тимсолида , Ўзбекюртдаги ўзгаришларни кўриш ва қоғозга эндириш эди.

 Ўз имконим, ўз қобилиятим даражасида.

Улуғ Шароф Рашид қурган, бошкент билан Жиззах, Самарқанд, Буғора( Бухоро) , Қашқадарё , Сурхондарё, Хоразм, Қарақалпоқ ўлкаларини боғловчи бетон сўқоғидан йўлга тушдим.

 Нисбатан кенг йўл.

Нисбатан текис йўл.

 Икки ёқлама ҳаракат.

  Хавфсиз.

Қулай.

 Сўқоқнинг икки томонида ҳам бўш ер йўқ.

Экинзор,

Оғочзор.

Кўнгил яйрайди.

Минг –минг йилдан бери тинсиз оқаётган , Ўғизхон, Чингизхон, Темур ҳоқонлар кечган Сайхундан кечдим. Юрагимда:

Тўлқин- тўлқин армон,

Тўлқин- тўлқин қувонч,

Тўлқин –тўлқин Турон севгиси…

Ер юзининг зийнати бўлган Турон,

Ер юзининг қудрати бўлган Турон…

 Узоқ кечмишлар…

Орзу бўлиб қолган кечмишлар.

Амалга ошишга умид боғловчи кечмишлар…

“Оққан дарё оқади”…

Дарёдан бир чақирим юришимиз билан сўқоқ айри келди. Тўғрига Шароф Рашидов қурган йўл. У 40 км узунликда қозоқ даштини кесиб ўтади. Яқин йўл.

Сўлга ( Гулистон шаҳари ёққа) Ислом Каримов қурдирган сўқоқ. Айланма, узоқ йўл, 89 чақирим зарарга.

89 чақирим!..

 Бундан улус қанча зарар кўради?

Йиллар чиқими:

 Трилён- трилёнлар.

Вақт ютқизиғи!..

Асаб ютқизиғи!..

89 чақиримдан кейин ( Оқолтин тумани ҳудудида) айри йўл тўғри йўлга қўшилади.

Ўзбек билан қозоқ бир туғишган эл. Умуман, Ўрта Осиё улуслари қондош улуслар. Ғаним босқинидан сўнг бир бутун турки ҳудуд бешга бўлинган ва беш ном билан атала бошланган.

Ўзбек,

Қозоқ,

Қирғиз,

Туркман,

Тожик.

Туғар ( Шарқий Туркистон) Туркистонимиз, уйғур қондошларимиз Хитой чангалига берилган. Мақсад, келажакда, оға- ини эллар:

Ўзликдан айрилиши,

Ётлашиши,

Ёвлашиши,

Ер талашиши учун.

40 чақиримлик масофа ўша ёвуз ғоянинг бир кўриниши…

Ўрта Осиё эллари – қондош эл экан, ўзаро ўртани бузиш нечун?

Узун – узун юз йилликлар синовлардан ўтган мақоллар мағзини чақинг:

“ Қўшнинг тинч сен тинч”,

“Қўшничилик минг йилчилик”,

Ким буни ўзгача ўйласа, демак, унинг :

Қони бошқа,

Қўнгли бошқа,

 Йўли бошқа…

 Қўшнилар билан тинч – тотув бўлишни , Шавкат Мирзиё амалда кўрсатди. Бундан, менимча, кўпни кўрган оқсақол Нурсултон оға кўп қувонди. Қирғиз, Туркман, Тожик президентлари ҳам. Айниқса элларимиз севинчлари чексиз бўлди.

 Қондош халқлар аро: “ Сендан мен зўрман!..” деган фикрни ким келтириб чиқарса, у элбошими, олимми, ойдинми, оддий юртдошми (фуқороми), кимлигидан қатъий назар, уни “ Халқ ёви”деб аташ лозим. Одатда бундай гап:

 Худбинлардан,

 Калтабинлардан чиқади. Оқибат, бундан:

Эллар зарар кўрадилар,

Давлатлар зарар кўрадилар.

Қозоқ даштини кесиб ўтувчи сўқоқ масаласи юртбошилар ўртасида( Шавкат Мирзиё, Нурсултон Назарбой) расман ечилган. Бироқ , 40 чақиримлик йўлга 7 та назорат постлари ўрнатилган. Буни қандоқ тушуниш мумкин?  Ўртага кимлар ғулғула солаяптилар? Турли сабаб, важларни:

Тўқиб,

 Бичиб,

 Бўрттириб…

Улар текшир- текшир касалига йўлиққанлар. “Сендан мен камми?” деган касалга. Саотлаб (камида 2 соат. Шахсан бунинг гувоҳи бўлдим) вақтни оладилар.

Ўзбеги ҳам,

 Қозоғи ҳам,

Шу боис бу сўқоқдан авто улов юрмайди. Узоқ бўлса ҳам айланма йўлни маъқул кўради.

Бу борада Оврўпа давлатларидан ибрат олмаймизми? Улардан чегараларни кесиб ўтувчи сўқоқлар масалаларида муаммолар йўқ. Ўрисча айтганда, йўллар “ зелённьй”. Оврупаликлар:

Инсон қадрига етадилар,

Вақтни қадрлайдилар.

СССРни ёмонлаймиз. Шўро даврида машиналар фақат шу йўлдан қатнардилар. Текширувлар худди Оврўпадагидек оний тезликда ўтарди.

Энди?..

Мен умид қиламан: бу масала давлат миқиёсида қайта қўрилади ва ҳал этилади.

Тўғри сўқоқнинг биринчи постида текшир- текширдан зада бўлдик.  Ярим соат вақтимизни шамолга совурдик . Айланма йўлга қайтдик. Манзил узоқ.  Мени хаёл қуршайди. Енгиб бўлмас хаёл…

 Менимча жуда кўп нарсалар хаёлда пишади, туғилади:

 Фикрлар,

Ихтиролар,

 Кашфиётлар,

Асарлар…

Бир хил манзара, узоқ йўл сабабли, хаёлим чуваланади.

Жиззахга анча йўл. Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё!..

Э-ҳе, қанча масофа! Улардан-да нарида Хоразм, Қорақалпоқ!..

Юзлаб чақирим!

Минглаб чақирим!..

 Гўё ернинг нариги томонидагидек туюлади менга.

Тошкент қайда?

 Ўзбекюртнинг энг чекка қисмида.

Қозоқюртнинг биқинида.

Ул олис ўлкалардан Тошкентга келишгунча,

Қанча вақт,

Қанча маблағ,

Қанча ёқилғи кетади?

Водийдан-чи?

Худди шундай харажат. Яъни:

 Трилён,

Трилёнлар!

Бунга завод, фабрикалар, шаҳарлар қуриш мумкин.

Давлатчилик тарихи шуни кўрсатади:

Бошкент- юртнинг ўртароқ қисмида бунёд этилади.

Ўрис ўз бошкентини( бошкент –эски турки сўз) Бош- кент. Яъни бош шаҳар. “ Пой” нима?  “ Тахт” нима? Улус тушунмайди. Пойтахт ўрнига бошкент ишлатилса, элга тушунарли бўлади) Петрбургдан Москвага бежиз кўчирмаган. Чунки, Санкт-Петрбург чет эл биқинида жойлашган эди.

Мен шундай таклиф киритаман:

Ўзбекистон иқтисодий қудрат чўққисига чиққанда,

Бошкентни мамлакатни нисбатан ўрталиғи бўлмиш- Жиззах ўлкасига кўчириш керак. Хусусан:

Ғаллаорол- Булунғур туманлари оралиғидаги бепаён ( Юқори нуқтагача) бўшлиққа. Аниғи: Помир тизмаларидан Ғўддим тоғига қадар ястаниб ётган водийга,

Гўзал Зомин тоғлари этакларига,

Боғдон( Фориш, Фориш туманига Боғдон номи берилса, тарихий ҳиқиқат тикланади)нинг Қизилденгиз ( Ҳайдаркўл) билан туташган ясси тоғлар оралиғидаги афсонавий чўлларга.

Сув масаласи нима бўлади?

Ўзбекистондек давлатга , бу , деярли муаммо туғдирмайди.

Тоғлардаги булоқлар, жилғалар, сойлар кучи аниқ, тиниқ ҳисоб – китоб қилинади. Сўнг қатъий режа асосида ўзанларга бурилади. Ўзанлар эса улкан ўзанда бирлашади. Бундоқ ҳолда бир томчи сув ҳам исроф бўлмайди.

Бахмал( Сангзор), Зарафшон дарёларидан ҳам ирмоқлар тортилади.

Ер ости дарёлари ер устига оқизилади.

 Қизилденгиз ( Ҳайдаркўл) суви чучуклаштирилади.

 Бир неча миллион кишининг чанқоғини қондирадиган УЛУҒ СУВ ҳавзаси қурилади.

Бу масалада Араб Бирлашган Амирлигида , бир гиёҳ ўсмайдиган , бир томчи сув йўқ ёввойи саҳрода, яъни Абу-Дабидаги Лива чўли остида қурилган, чучук сув билан  тўлдирилган сунъий резервуар  (дунёда энг катта) бизга мактаб бўлади, деб ўйлайман.

Резервуар 80 метр чуқурликда жойлашган.

 Лойиҳа 315 қудуқдан иборат тармоқлардан ташкил топган.

 Улар орқали ( Шувайҳадаги сувни чучуклаштириш станциясидан ) резервуарга ҳар куни 232 минг тонна сув кириб тушган.

Резервуар 27 ой давомида тўлдирилган.

Шундай йўл билан Бирлашган Араб Амирлигида 26 миллион куб метр миқдорда чучук сув заҳираси яратилди.

Лойиҳа қиймати 435 миллион доллар ($) га баҳоланди.

Қайтараман: Тошкент- юртимизнинг энг четида қарор топган. Шу ноқулайлик билан бирга лойсувоқ кулбалар пала – партиш ва зич қурилган. Янги бинолар бунёд этиш учун уларни бузиш, кулба эгаларини яшаш жой билан таъминлаш лозим . Бунга қанча пул кетади? Менимча:

Милиардлар…

Агар бошкент Ғаллаорол, Зомин ва ёхуд Боғдон ҳудудларида қурилса, миллард – милиард ($)лар  тежалади. Чунки бузиладиган уйлар йўқ. Ўнлаб Тошкент жойлашадиган:

Бўш ерлар,

 Баҳово ерлар,

 Гўзал ерлар мавжуд.

 Юқорида мен: “ Ўзбекистон иқтисодий қудрат чўққисига чиққанда, бошкентни мамлакатни нисбатан ўрталиғи бўлмиш –Жиззах ўлкасига кўчириш керак” дедим. Шубҳасиз, Жиззах ўлкаси:

Саодатли ўлка,

Тупроғи олтин ўлка,

 Ер ости базалт, темир, қўрғошин, руҳ, оҳак, мармар, гранит, кумуш, олтин…ларга бой ўлка.

Ўн миллионларни боқишга қодир ўлка.

 “ Шундоқ экан, ҳозирнинг ўзида ҳам янги бошкент қурулишини бошлаш мумкин.

 Қандоқ,

 Қўйидаги-ча?

Ер ости, усти бойлиги тежаб ишлатилса;

Ўмарилган миллиардлар ($)ўзбек ғазнасига қўйилса;

Йигирма беш йиллик олтин Ватанга қайтарилса;

Коррупция илдизи таг- туги билан чопилса;

Юртда шаффоф декларация ўтказилса;

 Ҳашарга чет эл давлатлари тортилса…

Айтишга осон.

Қозоқ саҳрода бошкент ( Остона) қурди-ку. Ўзбек ундан ибрат олади, деб ўйлайман. Бугун бўлмаса эртага…

 Истак бўлса бас.

 Ғайрат бўлса бас.

Очунолар Темур сўзи:

Истак, ғайрат билан битмайдиган иш йўқ.

 Жалоллиддин Рўмий сўзи:

Гўзал кунлар келишини кутма,

Унга томон боришни унутма.

Мен бошкентни Остонадан-да маҳобатли кент бўлганлигини, ундан Ғарб ҳам ҳайратга тушганини кўраяпман.Хаёл кўзи билан. Яна Америкадек қудрат отига минганини ҳам кўраяпман. Хаёл кўзи билан.

Мен, замон келиб, шон- шуҳратга тўлғувчи бу бошкентга шундай ном берилишини истайман:

ТЕМУРКЕНТ!

Бу олтин тупроқда кўп салтанатлар қурилган . Жумладан:

Ўғизхон империяси,

Қонғлилар империяси,

 Кушонлар империяси,

Қорахонлилар империяси,

 Темур Ҳоқон империяси …

 Буюк Темур 34 ёшида (1374 йилда) Кешда Туркистон салтанатига асос солади. У бир туғ остида 27 давлатнинг бошини қовуштиради. Юртлар тўкин ўзгаришлардан гуллаб, яшнайди.

 Бироқ очуноларнинг оти ҳанузгача абадийлаштирилмаган:

Шаҳрисабз- Темуркент  деб аталса, тарихий ҳақиқат тикланади.

 Халқаро ҳоволанга Темур номи берилса, улуғворлик кашф этади.

Ўз замонида Темур ҳоқон асос солган Бошкент –Самарқанд  донғи оламга ёйилади. Унга турли юртлардан минглаб, миллионлаб кишилар келиб, кетишган:

 Сайёҳлар,

 Элчилар,

Олимлар,

Ёзарлар,

Режиссёрлар,

Актёрлар,

Давлат арбоблари…

Ҳануз шундай.

Ҳинд подшоҳи Жавоҳарлал Неру Самарқандга ташриф буюрганида, 4300 йил илгари бобо- момолари шу юртдан Кашмирга (Ҳиндистонга) ҳижрат қилишганини фахр ила айтди.

Донгли кино артист Раж Капур ҳам ота макони Самарқанд( Ургут)  эканини меҳр билан тилга олди.

Сўнгги умринг Туркияда яшаб ўтган буюк астроном олим Али Қушчи ҳам таг- тугли Самарқандлик бўлади.

Темур ҳоқоннинг набираси Мирзо Улуғбек дунёда илк марта Самарқандда “ ҲИСОБЛАШ МАРКАЗИ”ни яратган. Унинг астрономик маркази Оврўпага кўприк бўлган.  Таърифлашда давом этсам, китобга сиғмайди.

 Тарихда шахснинг ўрни буюк.

 Темур айрим бекларнинг қаршилигига қарамай, Самарқандни бошкент айлади. Янлишмади. Такрорлайман:

Ўзбекюртнинг нисбатан маркази: Жиззах воҳасидир. Бу саодатли ўлкада бошкент қурилса, Самарқанд каби унинг довруғи достон бўлади. Буни мен борлиғим билан ҳис қилаяпман. Ақл кўзим билан кўраяпман.

Ойдинлар президент Шавкат Мирзиёевда Амир Темур ғайрат, шижоатидек ғайрат,шижоат бор дейишади. Бунга улар унинг икки йилда қилган ишларини мисол келтиришади:

 “ Мамлакатимиз бўйича кўнгил қувонадиган ишлар бўлаяпти. Буларни телевединияда кўриб бораяпмиз. Пойтахнинг ўзида, икки йил ичида:

 Сирғалида шаҳарча,

 Тошкент сити,

Муз сарой,

Очиқ метро,

Кўприклару йўллар қурилди. Мисли кўрилмаган тезликда. Булар тарихий воқеалар…”

Ойди  нларнинг гаплари таъсирида, Ўзбекистон Ёзарлар Бирлигининг Жиззах ўлкаси бўлми бошлиғи Меҳрибоннинг сўзи эсимга     тушди:

“ Яшин тезлигида десам , лоф бўлмас, вилоятимизда Гагарин, Манас, Хонбанди каби шаҳар, шаҳарчалар қайта янгиланди. Яна қанча қишлоқлар обод этилди. Тағин, шунингдек, 9 та:

 Ип йигирув,

Тўқимачилик,

Тикувчилик фабрикалари қурилди. Улар Немис, Австрия, Туркия, Италия, Швецария технологиялари асосида ишга тушурилди, тушурилмоқда.

9 та!..

Айтишга осон.

 Амалда…

 СССР даврида юртимизда 4-5 та текистил фабрикаси бўлган. Энди … Бундан ўзингиз хулоса чиқариб олинг.

Вилоятимизда яна учта фабрика қурилади…

Мен буни бир чимдим ҳам пахта, ипакни чет элга хомашё сифатида чиқарилмасликка қатъий қарор ,деб биламан. Тарихда бунақаси бўлмаган “.

Меҳрибоннинг гапи сабаб: Юртбошимизнинг элимиз дарди қотилган шу сўзи ёдимга тушди:

 “ Тақдиримиз, Эркимиз кимларнинг қўлида эди?”

 Шундан келиб чиқиб қаралса, туб мақсад аён бўлади. Қарамлик йилларимиз кўз олдимизда жонланади.

Юртимиз, юртимиздаги бутун бойликларимиз кимларнинг қўлларида эди? Аниғи: Қишлоқ хўжалик маҳсулотларимиз, жумладан : ипак, пахта, жун каби хомашёларимиз кимларнинг қўлларида эди?

 Ёт қонларнинг.

 Улар совуқ юрт саноатини ривожлантириш, кишиларни иш, маош билан таъминлаш учун оққан.

Тинимсиз оққан,

126 йил оққан.

 Ер ости қазилма бойликларимиз, жумладан: олтин, кумуш, мармар, гранит, қўрғошин, руҳ…ларимиз кимларнинг қўлларида эди?

Ёт қонларнинг.

Улар совуқ юрт қудрат , шонини ошириш учун оққан. Тинимсиз оққан…

 126 йил оққан.

 Биргина олтинимизнинг ўзи бир дунё бойлик.

Тасаввур қилинг: Ер юзи мамлакатлари ичида энг кўп олтин кони бизда мавжуд. Яъни 63та.

Фикримнинг исботи учун икки мисол келтираман: “ Ўрта осиё- Рус тождаги энг қимматбаҳо дур”…

 Вишнегородский,

Россия Империяси молия нозири.

“ Россиянинг келажаги Ўрта Осиё билан…”

   Горчаков,

 Россия империяси Ички ишлар нозири.

Бу гаплардан яққол аён-ки: Россия 126 йил , Туркистон бойлигига эгалик қилган. Ундан кўнгли тусаганча фойдаланган ва шу туфайли қудратга кирган.  Эгаликни қўлдан чиқармаслик учун элга ёвузлик қилган.  Бу  Лениннинг сўзидан  ҳам кўриниб турибди:

“ Чор Россия -халқлар турмаси”.

Бунга Туркистон генерал губернатори Фан Кауфманнинг сўзи ҳам гувоҳлик беради:

 “ Ўрта Осиё халқларининг маданиятини, ижтимоий тараққиётини уч юз йилга орқага суриб ташладик”.

“ Суриб  ташладик” дегани , Туркистонни иложи борича узоқроқ қарамликда сақлаш, узоқроқ ғарот қилиш ва элларига қирон келтириб туриш дегани.

Агар ёв ёвуз йўл тутмаганда, ҳозир Туркистон ҳалқи уч юз миллиондан ошарди. Бу дегани: Ҳозирги Россия аҳолисидан икки марта кўп аҳолига эга бўларди дегани.

 Достоевский сўзи:

 “ Ҳақиқат Россиядан улуғ”.

 Ҳақиқат Россиядан улуғ бўлса, мен айни ҳақиқатни айтдим.

Зинҳор- зинҳор у зулмларни, у талонларни унутмаслигимиз лозим.

У билан манфаат юзасидан муомула қилганимизда, эҳтиёт бўлишимиз, оралиқ сақлашимиз, илиқ сўз , ваъдалари остида нималар борлигини аниқ билишимиз, сўнг саломига баландламай, пастламай, теппа- тенг асосида жавоб қайтаришимиз керак.

Айниқса, Хитой билан…

Уйғур қондошларимизни не ҳолга солаётган Хитой билан…

Ҳозирча, очунда АҚШ, Оврўпа цвилизациясидан ўзар цвилизация йўқ. Ўрта Осиё халқи улардан ёмонлик кўрмаган. Улар билан тенглик асосида дўстлик алоқаларини мустаҳкамласак, хайрли бўлади. Чунки Оврўпа, АҚШдан ўрганадиган нарсаларимиз кўп. Ўрис ҳам улардан ўрганиб олға силжиган.

Пётр 1 нинг Ўрисияга қилган бебаҳо хизматини эсланг. У стартни Оврўпадан олган. Россиянинг парвози Оврўпа цвилизациясидан бошланган…

Менинг  профессор Абдураҳмон Ражаб, академик Зариф Бакир, профессор Маҳмуд Йўлдош, академик Зоир Зиёт, давлат арбоби Ўриш Ҳамид, профессор Мавлон Умрзоқ, доцент Улуғбек Найман, Ўзбекистон Халқ артисти Аҳмаджон Шукур каби фикрдошларим бор. Улар : “Президент Шавкат Мирзиёев  Ўзбекистонни энг қудратли давлатлар қаторига олиб чиқади” деб айтаяпти.

Юқорида мен 63 та олтин конимиз бор дедим. Бироқ геолог ўртоқларимнинг хомчўтларича яна шунча олтин кони бор. Улар еримиз остидан ёруғликка чиқишни кутиб ётибди…

Ўзбекистондек бой юрт очунда кам. Агар у олмон , жапўн, ингилизлардек ишбилармонларда бўлганда эди, юртимиз чин маънода жаннатга айланарди. Энг қашшоқ ўзбек ҳам:

 Қасрда яшарди,

 Юртимиз беқиёс қудратга минарди.

Америкача қудратга

Ҳатто…

Бундоқ тақдирда ўзбек дунёга сочилиб кетмасди.

Аёллар издан чиқиб кетмасди. Бунга:

Ким сабабчи?

Нима сабабчи?

Йўқлик.

Йўқлик эса очкўзлик, иш кўзи ва юртни бошқара билмасдикдан вужудга келади. Яна:

Худбинликдан,

Худоликни даво қилишдан… Яна:

Ҳиссизликдан,

Иккиюзламачиликдан,

Сўзда турмасликдан,

Ўзига бино қўйишликдан…

Мунофиқликнинг энг иркит кўриниши:

Сохта мақтов,

Сохта чапак…

Одамни йўлдан оздирадиган шу, шулар.

 Йўлдан озган кас эса эл- юртга кулфат келтиради.

Битмас- туганмас кулфат…

 Юртимизда ер ости, усти бойликларимизни Ватанмиз ўсуви йўлида ишлата биладиган кишиларимиз етарли. Менимча, бунинг учун уларга:

Фикр,

Сўз,

Қалб эркинлигини беришимиз лозим. Бу ҳол давлатимизни юксалишга бошлайди. Ўйлашимча, элбоши сиёсати шунга олиб келади.

 Фикрлардан давлат ривожланади.

Тошкент масаласида мен ўз фикримни айтдим. Нисбий фикримни.

Қарамлик даврида Бошкент Москва  ниқтови билан шошилинч тарзда Тошкентга кўчирилган. Теранроқ ўйласангиз, бунда Кремлнинг макрини сезасиз…

Бошкент, ҳатто, Тошкент ўлкаси туманларига ҳам четда жойлашган эди. Бу хато 126 йилдан кейин президент Шавкат Мирзиё томонидан тузатилди. Вилоят маркази Тўйтепага кўчирилди.

 Бошкент масаласида мен ўртага фикр ташладим. Буни қабул қилиш, қилмаслик эса халқимиз , ойдинларимиз, юртимиз бошлиқларига боғлиқ. Узоқни ўйловчи инсонлар мени қўллашади, деб ўйлайман. Юрак, мияларини қурум босган мечкайлардан буни кутмайман.

 Агар мурод ҳосил бўлса, улуғвор Тошкент улуғворликгача қолади.

 Олмаота мисол,

 Нъю- Йорк мисол,

Петрбург мисол.

Шу ўринда Элбошининг қўйидаги сўзини келтираман:

“ Биздан келажак авлодларга янги шаҳарлар қолади”.

 Эл кўнглини илитувчи бул фикрга қўшимча қиламан: Олтин воҳада бошкент қурган шахс ҳам тарихда қолади. Мангу қолади. Самарқандни қурган АЛП ЭР ТЎНҒА( Афросиёб) мисол.

ХАЙРЛИ ТАКЛИФЛАР

Шундай иш қилгинки. Чиройли бўлсин…

Ҳузурга бир сабаб бўлсин, нафосатга йўл очсин, завқ берсин, ҳақиқатга ишора берсин.

 Шарқ ҳикмати.

Ҳақни ортидан қув.

 Юсуф Таваслий.

 Айланма йўлдан айлана- айлана буюк Шароф Рашид қурган ўқдек тўғри сўқоққа чиқдик. 89 чақирим ортиқ масофа кечиб. Кўнглимни айтсам: Худбинлик ва қўшнилар билан соз бўлмаслик оқибати бу. Бундан йўловчи зада бўлади ва ихтиёрсиз бир тарзда сўкади:

“ Бузуқи!…”

Шарқ ҳикматлари: “ Оламга бир кўз билан қараган киши ютқазади”.

“ Ўзини доимо яхши ва ҳақ деб билган кас албатта алданади”.

Буюк Шароф Рашид бу буюк сўқоқни УЛУҒ ИПАК ЙЎЛИ лойиҳаси асосида қурган. Лойиҳа очунолар Темурда сақланган. Қонли парчаланишлар силсиласида у ўз даврининг етук инсони Файзулла Хўжа қўлига ўтган.

Файзулла хўжа Сталин қаҳрига йўлиқади. Акмал Икром сабабли… Лойиҳа унинг иккинчи хотини Фотима ( озор қизи) хоним ( мен бу хонимнинг Москвадан унга узоқ бўлмаган уйида қўноқ бўлганман)да қолади. Фотима хоним эса лойиҳани Шароф Рашидга беради.

 Буюк Шароф Рашид оламшумул тарихга эга бўлган сўқоқни замонавий усулда қайта қуради. Мен бу улуғ сўқоққа шу икки номдан бирини берилишни таклиф қиламан:

 УЛУҒ ИПАК ЙЎЛИ,

 ШАРОФ РАШИД ЙЎЛИ .

Ўзбекистон Москва тизгинида бўлса ҳам, Шароф Рашид ўз милати учун буюк хизмат қилган шахсдир. Унинг мана бу ишлари айниқса беқиёсдир:

 ТОШКЕНТ   МЕТРОСИ,

ТОШКЕНТ ТЕРМИЗ йўли.

Халқни уйқудан уйғотувчи:

КАШМИР ҚЎШИҒИ…

Шарқ ҳикмати:

 “ Ҳақиқатни бехато кўрган кишилар энг улкан саодатга эришадилар”.

Мен элсевар Шароф Рашидни  ҲАҚИҚАТНИ бехато кўрган инсон деб биламан.

Йўл – йўлакай кўп эски замонларда Улуғ Ипак Йўли ёқаларида пишиқ қирпиш ( ғишт)дан  қурилган сув сақлагичларни

( сардобаларни) зиёрат қилдим. Оқолтин, Пахтакор туманларида жойлашган бу сув сақлагичлар ўз қадимий довруқ ва қўркларини қўмсаган ҳолда кўзлардан четда мунғайиб турибди.

 Зинҳор унутмаслигимиз лозим: булар шонли кечмишимиздан бизгача етиб келган ноёб ёдгорликлардир.

Ҳозир президентимиз шарофати билан Туризмга кенг йўл очилаётир:

 Сайёҳлар сони икки баробарга ошди.

Қўниқлар ( отеллар) сони икки мингта етмоқда.  Бу йил  45 давлат кишилари юртимизга тўсиқсиз ( визасиз) кириб келадилар. Бундай давлатлар сони ҳозир 64тага етди .

Ватанимиз тарихида бундай қутлуғ онлар бўлганми? Буни ичи қора каслар кўра билмайдилар.  Пана – пасқамлардан иғво қиладилар:

“ Мамлакатда ҳеч қандай ўзгаришлар бўлмаяпти” …

Бутун дунё Ўзбекистондаги:

Сиёсий,

Иқтисодий,

Ғоявий,

Маънавий,

Руҳий ўзгаришларни тан олиб турганда, буни кўрмаслик :

Сўқирлик.

Унитмайлик, куни кеча Ўзбекистон дунёдан узилиб қолган авторитар давлат эди.  Уни ривожланган олам нохуш сўзлар билан тилга оларди:

Тоталитар тузм,

Зўравон тузм,

Қамоқхона…

Энди , мана , Ўзбекистон очунга ўз эшигини очди.

Энди, мана, Ўзбекистон ер юзи давлатлари билан иноқ.

Энди, мана, Ўзбекистон тараққиёт йўлига кирди.

Буни жаҳон тан олмоқда.

Тангри насиб этса, буни мен Жиззах ўлкасидаги ўзгаришлар мисолида ёзаман. Аниқ далиллар билан.

Оқни оқ деб,

Қорани қора деб.

 Қўрқув замонлари кўмилмоқда. Энди ҳар бир ўзбек  яхшини яхши , ёмонни ёмон дейишга одатланса, Юртда барака бўлади, юксалиш бўлади.

Шарқ ҳикматлари:

 “ Қўрқоқлик инсонни ваҳимага солади”.

“ Ваҳима қалбни бузадиган маънавий заҳардир”.

“ Инсон учун жасурлик – шараф , қўрқоқлик- ордир”.

“ Зафар ҳам , ҳақ ҳам кучли бўлган кишиларга ёрдир” .

Ватанимизда туризм ой сайин камол топаркан, қанча – қанча юзйилликларда қанча – қанча карвонларни сув билан таъминлаган сардобаларни ўз ҳолига ташлаб қўйишимиз ачинарли.

  Узоқ, жуда узоқ кечмишимиздан ёдгорлик бўлмиш бул сув сақлагичларни илк ҳолатига қайтариш вақти етилди. Замон шуни талаб қилаяпти. Улар улуғ усталар томонидан таъмирланса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Сув сақлагичларнинг тегралари кўркам оғочлар( дарахтлар) , турли тус чечаклар ва майин майсалар билан безатилса, ажиб манзара вужудга келади.

 Сайёҳларни қувонтирадиган манзара!

 Шарқона қўниқ,( отел)

Шарқона фаввора,

Шарқона ҳовуз ( бассейн),

Шарқона ошхона,

 Замонавий ёзилма( туалет),

Олмонча йўл, йўлаклар қурилса, сайёҳлар яйрайдилар. Мен бу ерда Малик чўлидаги ( Навоий вилояти) сардобани ҳам назарда тутаяпман.

 Бу хайрли ишлар кечган замон… бойлари ҳисобига амалга оширилса, Тангри савоби вожиб бўлади.

Кечган бойлар…

 Ўзбекни ўмарган бойлар,

Ўзбекни хонавайрон қилган бойлар…

Қутургандан – қутуриб яшаётган, ўтган замонни қўмсаётган ,  ҳозирги…сиёсатни кунилаётган очкўз бойлардаги бутун молк- мулкларни давлат ҳисобига қайтариб олиш керак.

 Шунда кескин тенгсизлик мавҳ этилади.

 Шунда адолат қарор топади.

Сардобалардан Улуғ Ипак Йўлининг бир тармоғи бўлмиш- Зомин , Бахмал давонлари оша Самарқандга сайёҳлар сўқоғини очиш керак. Бу саодатли йўл бор. У таъмир талаб. Оврўпача таъмир… Мен Тангрига яқин бу қадим сўқоқдан ўз машинамда талай марта Самарқандга саёҳат қилганман.

Қор аримас тоғлар,

Арчали ўнгурлар,

 Ҳайбатли чўққилар,

 Виқорли қоялар,

 Ёввойи оғочлар,

Муздек булоқлар,

 Тиниқ ҳаво, саболар,

 Кўм- кўк ўтлару чечаклардан завқ олароқ саёҳат қилганман. Ўз йўлдошларим билан бирга. Такрорланмас даражада  гўзал бу табиатни бир кўрган киши яна ва яна  кўргиси келади. Келаверади. Кўрган сайин тўймайди. У оҳангрободек ўзига тортаверади.

 Агар сайёҳ шаршара, булоқ, арчали ўрмонни оралаб ўтувчи сўқоқдан юқорига бироз ўрласа, унга очунда ҳам кам учрайдиган афсонавий Супа давони юз очади.

 Тоғ тепасида ҳайҳотдек текис майдон.

Бир замонлар буюк Шароф Рашид беқиёс бу ошёнга Халқаро чанғи мусобақаси ўтказиладиган мажмуа қурилиши масаласини ўртага ташлаган.  Буни Брежнев қўллаган. Бироқ казо- казо… шовинистлар бу масалани орқага сурганлар.

  Мен буни давлат арбоблари : Сарвар Аъзам, Бектош Раҳим, Тўрақул Йўлдошлардан эшитганман.

Леонед Брежневнинг вафоти, Шароф Рашиднинг заҳарлаб ўлдирилиши сабабли бу иш амалга ошмай қолган.

Ёзарларнинг Жиззах- Зоминда ўтказилган кўчма тўплантисида, айнан Супада Сарвар Азим бу ошённи “ Ўзбек Швецарияси” деган эди. Ўшанда ҳинд ёзари Дугалнинг Сарвар оғага айтган жавоби ҳам эсимда қолган: ” Швецариядан-да гўзал!”

Буюк Шароф Рашиднинг фожеали ўлимидан сўнг ўзларини Осмон билишган нафслари ғор каслар бу ҳақда ўйлаб ҳам кўришмаган.

 Тузатишлар осон кечмайди.

 Сиёсий емрилишлар,

Иқтисодий емрилишлар.

Миллий емрилишлар,

Ижтимоий емрилишлар,

Маънавий емрилишлар  тикланмагунча.

Одил ойдинларнинг айтишларича; яъни 2 йилдан бери:

 Тили,

 Эрки,

Эътиқоди

Бўғовланган эл эркин нафас ола бошлаган.  Энди, буюк Шароф Рашид фикри амалга ошар, деб умид қиламан. Энди, Супада спорт мажмуаси қурилмасада,  у сайёҳларнинг  севимли масканига айлантирилади.

Тангри қўллови, президент журъати билан.

Зомин- Бахмал тоғ йўли кўнгилларни яйратар даражада таъмир этилади. Оврўпа сўқоқлари мисол. Мен буни қалбимдан ҳис этаяпман.

Агар бу сўқоқ, умуман, Жиззах воҳаси ва юрт сўқоқлари хусусийлаштирилса, йўл қурулиши бошқонларию қурувчилари йўлларнинг энию бўйларидан уриб қолишдан, асфалт, бетон, цемент, қум, тошларни “ ейиш”дан маҳрум бўладилар.

Ўзбекистон йўлари лойиҳаларга амал этилмай қурилган. Тор, энига, бўйига урилган, сифатсиз. Шунга тез бузлаяпти, ўнқир, чўнқир бўлиб қолаяпти. Назорот қилувчи ташкилотлар пулга сотилмоқда… Йўқса, бундай ҳол юз бермаган бўларди.

Агар сўқоқлар хусусийлаштирилса, шубҳасиз, йўллар текис , равон, тоза сақланади. Йўл ёқалари ҳам обод бўлади, емоқхоналар, ёзилмалар қурилади.

Одам ўз боласини ўзга боласидан яхши кўради.

Одам ўз томарқасини ўзга томарқасидан яхши кўради.

 Одам ўз мол- ҳолини ўзга мол- ҳолидан яхши кўради.

Тангри одам боласини шундай яратган.

 Демак, инсон ўз боласига , ўз томарқасига, ўз мол- ҳолига бутун меҳри, дили билан қарайди. Шундан:

Баркамоллик,

Сифат,

Мўл- кўллик,

Қут- барака вужудга келади.

 Ҳаёт шу асосга қурилган.

Тириклик шу асосга қурилган.

 Бу Яратганнинг кўзга кўринмас қонуни.

 Одамзот бу қонунни ўзгартиролмайди.

Йўл хусусий мулкка айланса, беқиёс сифатга эришилади.  Бундан эл ҳам , давлат ҳам улкан фойда кўради. Авто ҳолокатлар кескин камаяди.

  РИМГА ТЕНГДОШ КЕНТ

“ Халилиядан , Дизакка келинди. У фурсатда Дизакда Ҳофиз Муҳаммадбек дўлдойнинг ўғли Тоҳир дўлдой қўрғонбеги эди. Семиз этлар ва нон арзон. Чучук қовун ва яхши узумлар фаровон. Ундоқ машақатдан, бундоқ арзончилик ва ундоқ фалокатлардан бундоқ омонликка келдик. Ўлим ваҳимаси кўнгилдан кўтарилиб, очлик шиддати элдан даф бўлди. Умр бўйи омонлик ва арзончилик қадрини бундай билмагандик”.

    Бобур. “ Бобурнома”.

( Бобур Шайбонихон билан савашда Жиззахга келади ва кентда бир муддат дам олади. Эврил Турон изоҳи)

 Жуда эски замонларда Чин билан Римни боғлаган буюк савдо йўлидан ( Буюк Ипак Йўли) Жиззах водийсига кириб бораяпмиз. У шимолда Қозоғистон, Сирдарё, жанубий –шарқда Тожикистон, ботарда Самарқанд, Навоий вилоятлари билан туташган.

Юқорида мен улуғ давлат арбоби, ёзувчи Шароф Рашиднинг уч буюк иши тўғрисида айтган эдим.  Бироз шошибман. Шароф оға яна икки буюк асари билан ҳам тарихда қолади:

 Жиззах ўлкаси,

 Навоий шаҳари.

 Булар унинг қатъий саъий- ҳаракатлари билан яралган. Шундан сўнг Навоий ҳам, Жиззах ҳам тез фурсатда йирик,  муҳташам саноат марказларига айланди.

“ Спарк” русмли авто уловда ( улуғ сўқоқда )еларканмиз, Туркистон- Нурота тоғлари ( Темур қопқасидан чиқарга Туркистон, ботарга Нурота тизма тоғлари қад керган)нинг оралиқ ва этакларида жойлашган Жиззах кечмиши мени ўзига жодулаб тортади.

Яратганнинг карам, каромати кишини ҳайратга солади.  Яхлит тоғ қоқ иккига бўлинган, Илонўтди дараси пайдо бўлган, Помир тизмаларидан келаётган сувга йўл очилган.

Бу – Тангри эҳсони:

Экин – тикин қилиш учун,

 Туёқларни кўпайтириш учун,

 Одам боласини боқиш учун.

Эски замонларда бу сув “ Жиззах дарё”, кейинча Илонўтди, Сангзор номлари билан аталган.

Яхлит тоғ иккига бўлингач, бири Туркистон отини олган. Иккинчиси Нурота. Бўлинган оралиқ эскида “Темур қопқаси “ , дейилган. Ҳозирда “ Темур дарвозаси” дейилади.

 Улуғ Ипак Савдо Йўли ҳам иккала томонини қоятошлар ишғол этган Темур қопқаси аро  оқаётган дарё ёқасидан ўтган. Бу ўлмас қояларга ўйиб ёзилган ўлмас битиклардан иккитаси одамни ўзига жалб этади. Буюк даҳо Улуғбек битиги:

“ Қудратли Тангрининг беадад мадади билан Улуғ Султон, шохлар шохи, Тангрининг ердаги сояси, ислом динининг туғдори, дин ҳомийси, подшоҳ Улуғбек Кўрагоний ( Тангри унинг салтанатини пойдор қилсин) жетелар ва мўғуллар юртига юриш қилди ва бу элдан бешикаст қайтди. Ҳижрий 828 сана”.

 Битикда Мирзо Улуғбекнинг жетелар ва мўғуллар устидан ғалаба қозонгани (1425- 1426) битилмаган. Буюк зафардан сўнг даҳо олим ўз қўшини билан Жиззахга қўнади. Жиззах эли уни қувонч ва эҳтиром билан кутиб олади. Ғалаба шарафига қўйлар сўйилади, дошқозонларда тансиқ таомлар пиширилади. Яна турли пишириқлар… Яна турли ноз- неъматлар… яна қимиз, қумрон, узум сувлари … Яна турли ўйин, беллашувлар ва куй- қўшиқлар ташкил этилади.

 Байрам – сайил уч кеча- кундуз давом этади.

Абдуллахон 2 Улуғбек ҳоқон битиги ёнига ушбу битикни ёздиради:

 “ Бу жойдан ўтган барча сайёҳлар билсинларки, 979 йилда ўттиз минг жанговар қўшин билан Дарвишхон, Бобохон ва Султоннинг бошқа ўғилларига тегишли қўшинлар ўртасида жанг бўлиб ўтди. Бу жангда Соҳибқирон Султон ўғилларининг эллик мингга яқин қўшини ҳамда Туркистон , Тошкент, Фарғона ва Дашти Қипчоқдан келган тўрт юз мингга яқин аскарлар устидан зафар қучди. Уларнинг қўшинига шунчалик кўп ўлим келтирдики, ўлган одамлар қони Жиззах дарёси ( Илонўтди дарёси) устида бир ой мобайнида оқиб ётди. Ушбу жанг барчага маълум бўлсин”.

Қондош турки уруғлар бир – бирларига қирғин ( 1572 – 1573) келтирганликлари ва бу қонли воқеа  қояга мақтанганнома битилгани ачинарли.  Тарихни варақласанг , турк қавмлари ҳамма замонларда бир- бирлари билан савашганлари кўзга ташланади.

Ёвларни қувонтирароқ.

 Бунга Темур – Тўхтамиш – Боязид ҳоқонлар ўртасида кечган урушлар бир мисол.

Яхшими, ёмонми, бу бизнинг кечаги кечмишимиз. Ўрта Осиё давлатлари бундан тўғри хулоса чиқарсалар, ҳар жабҳада бир – бирларини қўллаб – қувватласалар, уларнинг йўллари ёруғ бўлади.

 Президент Шавкат Мирзиё олиб бораётган сиёсат замирида шу нарса сезилмаяптими? Менинг назаримда у Ўрта Осиё эллари билан ҳам, Туркия билан ҳам , умуман , дунё давлатлари билан дўстлик алоқаларини яхшилаяпти.

 Жиззах дарёси бўйларида ҳали Рим кенти ( Римга милоддан аввалги 754 йилда  ака – ука Рамул, Ремлар асос солганлар) яралмасдан узун асрлар олдин ҳам турки қавмлар яшаганлар. Антик ( қадимги) дунё ( Италия) ёзар, тарихчиси Аммиан Марцеллин шундай гувоҳлик беради :

 “ Бу юртда сак, скифлар яшайдилар. Уларнинг ичида энг беозорлари якссартлардир “.

Айрим олимлар араб сайёҳ – жосуслари Шамсиддин Абу Абдуллоҳ ал – Муқаддасий, Абулқосим Муҳаммад ибн Ҳовкал ( тақрибан 990 йиллар)кабиларнинг  асарларига ( Йўллар ва юртлар) таянибми, Жиззах минг ёшда деган ечимга келишган.

Бироқ қўйидаги антик давр олимларининг :

( Птолемей,

Плутрах,

Плиний,

Юстин,

Драйзен,

Страбон,

Тревер,

Табарий,

Наршахий,

Дионист) битикларидан келиб чиқиб қаралса,

Жиззах Римга тенгдош кент эканлигига шубҳа қилишмайди.

“ Жиззах “ атамаси Оқ Хунлар ( Эфталитлар)билан чатишган Суғутларнинг “ Қўрғонча” сўзидан эмас, Жиз- Зах бирикмасидан ҳосил бўлган. Жиз- иссиқ, Зах-нам маънони билдирди. Жиззах табиати ҳам шуни тақоза этади.

 Қондошимиз- Туркия турклари “ иссиқ”ни “ Сижак” дейдилар. Бу – Жиззах, Дизак, Жизах атамаларига “ қондош”. Сиж- иссиқ, ак- зак    (зах)  жонли тилда ( Ўғиз лаҳжасида ҳам) “ з” ҳарфи тушурилиб,

“ак” тарзда талаффуз этилаяпти.

Жиззах ва Жиззах водийсида Тош асридан бери одам яшайди. Буни айрим ойдинлар, ҳатто, етук олимлар ҳам “ лоф” дейишлари мумкин. Ҳар кас ўз ақл, билимидан келиб чиқиб сўзлайди. Мен фикр эркинлигини жон- таним билан қўллайман. Қўлайману ўз сўзимда собит тураман. Жиззахнинг табиати, иқлими, экин учун бўлуқ тупроғи, туёқ учун ўт- ўланга бой яйловлари, ҳайвонот (айиқ, қоплон,тўнғиз,  бўри, жайрон…) ва наботот олами ( юздан ортиқ ўсимлик…), маъданларига бойлиги, сувга мўллиги ( Жиззах дарё, тоғлардан қуйига югураётган жилға, ирмоқ, сойлари), стратегик жиҳатдан қулай ўрни фикримга исбот бўлади, деб ўйлайман.

Янги пайдо бўлган Қизил ( Ҳайдаркўл) денгиз ҳам Жиззах нуфуз, кўркини янада оширмоқда. Ундаги  турли – туман балиқлар, турли- туман қушлар нафақат Жиззах водийсига , балки мамлакатимизга ҳам барака ва зийнат бермоқда.

Тарих шаҳодатича , Жиззах кўп давлатлар таркибида бўлган. Нисбийлик назарияси отаси Алберт Эйнштейннинг шу сўзи тўғри :

“ Хотира – ҳар нарсани ўзида сақлайдиган жамодон эмас” . Мен ҳам бу мақолада Жиззах қанча давлат тасаруффида бўлганини тўлиқ ёзолмайман. Эсимда қолгани шулар:

 Қанғлилар,

Кушонлар,

Оқ хунлар,

Уструшона,

Сўғдиёна,

Аҳамонийлар,

Бақтирия,

 Турк ҳоқонлиги ( Истамихон),

Хоразмшоҳлар,

Сомонийлар,

Қарахонийлар,

Темурийлар,

Шайбонийлар,

Ануштегинлар,

Аштархонийлар,

Чиғатой улуслари,

Манғитлар ( Бухоро амирлиги)

Ўрусия…

Тангрига шукур , энди Жиззах Ўзбекистоннинг гўзал бир гулшани. Мен уни жон – таним билан севаман!

Шароф Рашид каби,

Ҳамид Олимжон каби,

Сарвар Азим каби,

Шароф Убайдулла каби,

Маҳмуд Йўлдош каби.

Менинг дўстларим ҳам  Ватанимизни борлиқлари билан севадилар . Улуғбек Найман ( Зоминлик, ҳуқуқшунос олим) ҳам шундай. Унинг мана бу тўртлигини ўқинг:

 О, сени қанчалар севаман она!

 Ҳеч ким сени менчалик севолмас ёна!

 Жиззахим, сен мени беқиёс ўлкам!

 Сен менинг юрагим, меҳрибон онам!

Жиззах кўп вайрон ва талон этилган.

 Жиззах кўп бузилган ва кўп тузалган.

Энг ашаддий қирғин – баротлар ушбу ёвлар томонидан амалга оширилган.

 Аҳамонийлар( Кир),

Македонлар( Александр Македонский),

 Араблар( Қутайба Ибн Муслим),

Самонийлар( Исмоил Самоний),

Чингизийлар ( Чингизхон),

Ўрислар( Генерал Романовский).

Эски битиклар шундан далолат беради, Жумладан, қўйидагилар:

Гардизий(“ Занул ал- ахбор”),

Ибн ал- Асир( “ Мукаммал тарих”),

Табарий ( “Тарих Табари”),

Шарафиддин Али Яздий ( “ Зафарнома”),

Ас-Самоний ( “ Насабнома”),

Ҳофиз Таниш ( “ Абдулланома”),

Муҳаммад Солих( “Шайбонийнома”),

Насафий( Самарқандия”),

Араб Қатоғон( “ Мусаххир ал билод”),

Мирза Ҳайдар ( “ Тарихий Рашидий”),

Академик Бартолд ( “Туркистон муғуллар босқини даврида”)…

Оқ Хунлар ( Хитой, Ўрта Осиё, шимолий Ҳиндистон, шарқий Эронни ўз ичига олган буюк империя, миллоддан аввал) ва Турк ҳоқонликлар ( Чин деворидан Баспоргача, Энасойдан ( Енисей дарёси ) Жайхунгача ерлар унинг ихтиёрида бўлган 6 аср ) даврларида Жиззах ўлкаси гуллаб, яшнаган . Қанғ, Кушон салтанатлари замонларида ҳам камол топган.

 Эскидан – эски ўша вақтларда ҳам бу воҳада буғдой, арпа, шоли, пахта… экилган,ипак етиштирилган, туёқчилик ҳам гуркираб ўсган. Тоғларда олтин , кумуш, темир, мис… қазиб олинган. Жиззахкентда

Темирчилик,

Мисгарлик, ,

Заргарлик,

Қуролсозлик,

Кулолчилик,

Совунгарлик,

Тўқимачилик,

Кўнчилик ривожланган.

Мато, жун, чармдан кийим –кечаклар тикилган.

Жиззах Улуғ Ипак Йўлида жойлашгани учун унда савдо- сотиқ ишлари равнақ топган. Олтин сирға, ҳалқа, узук, билакузуклар, кумуш тақинчоқлар, мис идишлар, пичоқ, ханжар, қилич, сунгу, ўроқ, теша, болта, кетмонлар, оғочдан ясалган бешик, хонтахта, сандал, эгар, ўғир, ўғирсоплар, чарм, жун, ипак, пахта матоларидан тикилган уст- бошлар на фақат шаҳар биқинидаги Мирасманда кўтарма савдо бозорида, балки,Чин, Рум, Эрон, Араб…юртларида ҳам сотилган. Олимлар ҳоқони Беруний Мирасманда кўтарма савдо бозорининг  бир кунлик харид баҳосини 2 юз минг динор деган. Оламда Ер шари глобусини биринчи яратган даҳо айтган бу гапни мен мутлақ ҳақиқат , деб биламан.

Жизахкентда тижорат гуркираб ўсгани, Мирасманда жаҳон бозори ва айрим тармоқлар ривожлангани  тўғрисида қадим манбаларда қайд этилган. Масалан, Хитой олими Ян-Шоу “ Шимолий хонадонлар” ( 618 -907) асарида бу ҳақда ёзган. Шунингдек, у Жиззахда олтин, темир, мис конлари борлигини ҳам қайд этган. Бу гап Абулқосим Муҳаммад ибн Ҳавкалнинг ( 860-907) гапига ҳам тўғри келади. Яъни у Жиззахда маъдан қазиб олиш ва уни қайта ишла яхши йўлга қўйилганини “ Йўллар ва юртлар” китобида ёзган.

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort