Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Имон Каримова: Онам Ўзбекистон ҳукумати билан келишилган шартларни бузмади

Имон Каримова: Онам Ўзбекистон ҳукумати билан келишилган шартларни бузмади
13 Mart 2019 - 18:11 'да юкланди ва 582 марта ўқилди.

Би-би-си билан суҳбатда Имон Каримова ўз онасининг уй ҳибсидан куч билан қайта тутиб олиб кетилганини даъво қилди.

Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримовнинг невараси 20 ёшли Имонга кўра, онаси Гулнора Каримова бир неча шартлар асосида турмадан уй қамоғига 2018 йил июнида кўчирилганди.

Имон Каримова Би-би-сига онасининг уй кийимларида куч билан судраб олиб чиқилаётгани тасвирланган видеони тақдим этган.

Воқеа, унинг айтишича, 5 март куни рўй берган.

Би-би-сининг бу видеони мустақил манбалардан тасдиқлаш имкони йўқ.

Имоннинг айтишича, уй ҳибсига ўтказилиш шартларидан бирига кўра, Гулнора Каримова хорижда сақланаётган ўзига тегишли пул ва мулкларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича ҳукумат билан ҳамкорлик қилиши керак эди.

Бу шартлар орасида Ўзбекистон ҳукуматида ҳозир қудратда бўлган айрим шахсларнинг номларини зикр этмаслик ҳам бор эди, дейди Имон.

Имон ҳикояси

Имон Каримова
Имон Каримова

Музокаралар

“Рустам Иноятов МХХ раислиги лавозимидан олинишидан бир ҳафта ўтар-ўтмай Зангиотадаги турмага икки киши келиб онам билан музокараларни бошлаб юборишган. 2018 йил май ойида прокуратура ходимлари мени турмага олиб киришди. У ерга кириш мумкин эмасди, иккита дарвозадан ўтдик. Менга машинада яшириниб ўтиришни айтишди, чунки бу махфий учрашиш экан. Ниҳоят, онамнинг олдига кирдик, уни бир йилдан бери кўрмагандим.

Бу кишилар онамдан уларга ёрдам беришни, яъни судга мурожаат қилмасликни, билган ва кўрганларини ҳеч қаерда гапирмасликни, ҳозир қудратда бўлган шахснинг исмини тилга олмасликни исташди. Бу уларнинг шарти эди. Музокаралар бир неча кун давом этди, улар ҳар куни онамнинг олдига келишарди.

Улар онамни уй ҳибсига ўтказишни хоҳлардилар. Улар онам бунинг учун кассация аризасини ёзишини сўрадилар. Лекин, турмадаги муддатингиз, айтайлик, ярим йил қолган бўлса, уй ҳибсида у 2 йилга алмаштирилар экан. Онам бунга рози бўлмади, чунки қонунга кўра, 2018 йил декабрида буткул озод бўлиши кутилаётганди. Бу талабларни қўйган киши кейин чиқиб прокуратурага телефон қилди ва онам рози бўлмаётганини айтди. Мен ҳам чиқиб қараб тургандим, у жуда асабийлашиб чўккалаб ўтириб, сигарет чекиб олди. Сўнг у қайтиб кирганида, онам: “Мен сизларга қандай ишонай, сизлар мени алдамоқчисизлар, мени шартли равишда муддатидан аввал озод қилиш ўрнига уй ҳибсига ўтказмоқчисизлар” деб норози бўлди. Онам муддатидан аввал шартли озод қилишларини истаганди.

Гулнора яшаган уй
Гулнора яшаган уй

Бир неча кун ўтгач, мени яна турмага олиб боришди. Прокуратура одамларига телефон қўнғироғи бўлди ва барча томонлар онамни “шартли муддатидан аввал озод қилиш”га келишганлари айтилди. Онамни уйга олиб кетаётганимизда, онам улардан озод бўлиши ҳақидаги ҳужжат нусхасини сўради. Улар эса прокуратурага етиб олсак, нусха олиб беришларини айтишди. Лекин, барибир беришмади.

Онам шартли равишда муддатидан аввал озод бўлиш учун уларнинг шартларига кўнганди ва бу шартлар фақат ярим йил амал қилиши керак эди.

Шартлари қуйидагича эди:

  • Кечки 22:00дан эрталабки 10:00гача уйда ўтириши керак.
  • Жамоатчилик ишлари, конференциялар, митинг, партиялар мажлислари ва бошқа тадбирларда иштирок этмаслиги керак.
  • Давлат идоралари ва бошқа идораларда бошқарув лавозимини эгалламаслиги керак.
  • Пул онам ва давлат ўртасида ўзаро бўлинади.

Онамга телекоммуникация соҳасига алоқаси бўлмаган пулларини сақлаб қолиш, бошқаларини эса давлатга топшириш таклиф қилинди. Улар “Биз сиз бошқа манбалардан ишлаб топган пулларингизнинг бир қисмини ҳам оламиз” дейишди.

Билганим шуки, камида 100 миллион доллар ҳақида гап кетди. Швейцариядаги адвокатларимиз онамнинг пулларини синчиклаб ҳисоблаб чиқишганида, 200 миллион долларни онам умуман телекоммуникация соҳасига алоқаси бўлмаган равишда ишлаб топгани аниқланди.

Бу шартлар ёзма равишда бизга берилмаган. Лекин, улар нимани ваъда қилишгани қоғозга қўл билан ёзиб берилган.

Улар, ўз навбатида, онамнинг Тошкентдаги (биз катта бўлган) уйига, машиналаримизга ва совға қилинган мулкка даъво қилмасликни, ҳамда онамга тиббий муолажа учун Исроилга чиқиб келишни ваъда қилишди. Улар, онам ўзини ҳимоя қилмаслиги шарти билан, Швейцариядаги суд ишини ёпишни ҳам ваъда қилишди.

Умрининг охирги ойларида Ислом Каримов ўз неваралари Имон ва Исломни кўришдан бош тортган
Умрининг охирги ойларида Ислом Каримов ўз неваралари Имон ва Исломни кўришдан бош тортган

Прокуратура онамни эндиликда уй ҳибси шартларини “фаол бузиш”да айблаяпти. Улар бу билан онамнинг Швейцариядаги адвокати билан мулоқотда бўлганини назарда тутишяпти.

Аслида эса, улар онамнинг қўлида телефон бўлганини бир неча марта кўришган. Онам уйда қўл телефони билан юрганини кўришган, интернетга кира олишини билишган. Мен билмайман, нега айнан ҳозир улар бу каби айбловларни илгари суришяпти.

2017 йилда ҳукм чиққанини биз билмаймиз. Аввалги ҳукмлар ҳам шундай бўлганди – битта суд ошхонамизда бўлган, итим ҳам бор эди у ерда.

Турма

Турма раҳбари бўлган аёл онамга қарши кайфиятда бўлиб келган. У онамнинг олдига посилкалар киритилишига рухсат бермасди. Баъзи нарсаларни эса мендан олишарди, кейин эса онамга берилмагани аён бўларди.

Менга бошқалар айтишларича, онамни 1 ойча якка ушлашган, кейин эса 10дан ортиқ аёллар ётадиган умумий камерага ўтказиб, ёмон жойни беришган, шундоққина эшикнинг олдида. Ҳаммага уйларидан иссиқ кийимлар олиб келтирилган, лекин онамга иссиқ кийим олиб келишга рухсат беришмаган.

Турмадаги бошқа маҳбус аёллар онамга нормал муносабатда бўлишган. Бири ҳатто онамнинг хайрия ташаббуслари ёрдамида саратон касалидан омон қолган экан.

Онамнинг пуллари

Онамга тегишли деб кўрилган хориждаги кўчмас мулкларни ҳукуматда ишлайдиган қандайдир одамлар онамнинг имзоси билан бориб, онамнинг ишончли кишиси дея ўзларини тақдим қилиб, ўз номларига ўтказиб олишган. Биз билмаймиз бу мулклар ҳозир кимнинг қўлида эканини.

Биздаги бор маълумотга кўра, ҳозир турмада жазо ўтаётган онамнинг собиқ ходимлари мажбуран Миллий Хавфсизлик Хизмати (МХХ) ходимлари билан хорижга учиб олиб борилганлар, пулларни банкдан чиқариб олиш учун…

2017 йил Лола Каримова билан кўришиш

Бувим мени ҳар-ҳар замон олдига чақириб турарди. 2017 йил августида у яна чақирди. Борсам, онам менга турмадан йўллаган хат бувимнинг қўлида экан. Унда онам бир ойлардан кейин чиқаман, биз келишиб олдик, деб ёзганди.

Бувимнинг олдига келганимда, у ерда Лола ҳам ўтирган экан. Уни чамаси беш йилча кўрмагандим. Нормал ҳол-аҳвол сўрашдик, бироз гаплашдик. Лола менга бобомга ёдгорлик ҳайкали очилаётгани, ва агар мен у билан борсам, онамга қандай ёрдам бериш мумкинлигини ҳам муҳокама қилишимиз мумкинлигини айтди.

Мен ёрдам сўрадим, ҳеч бўлмаса қонуний йўллар билан адвокат ёллашни сўрадим, лекин ҳеч қандай ёрдам бўлмади.

Лола Каримова-Тиллаева нима дейди?

Би-би-сига президент Каримовнинг иккинчи қизи Лола Каримова-Тиллаевага яқин манбанинг билдиришича, Лола ўз жияни Имон билан 2017 йил август ойида Татьяна Каримова хонадонида учрашган.
Лола Каримова ўз жияни Имон билан 2017 йил август ойида Татьяна Каримова хонадонида учрашган.

Лола Каримова-Тиллаевага яқин манбанинг билдиришича, Лола ҳақиқатдан ҳам ўз жияни Имон билан 2017 йил август ойида Татьяна Каримова хонадонида учрашган.

“Имон унга яқинда Гулнора Каримова озод бўлиши ҳақида айтган. У билан суҳбатдан маълум бўлишича, Имон Гулнора Каримованинг Тошкент ва Швейцариядаги адвокатлари билан алоқада бўлган. Ўшанда Имон Гулнора Каримова билан адвокатлари алоқада эканини ҳам айтган. Аммо Лоладан адвокатлар бўйича ёрдам сўралмаган. Икки соатлик учрашув давомида суҳбат 90 фоиз Имоннинг келажаги ҳақида бўлган. Асосий урғу унинг таълим олиши ва ўқишларини тўхтатиб қўймаслигига берилган. Лола Каримова-Тиллаева шунингдек, Имонга отаси Мансур Мақсудий томонидан таклиф қилинган ёрдам таклифини рад этмасликни ва чет элда ўқишини давом эттиришини маслаҳат берган,” – дейди манба.

Гаянэ, Рустам ва бошқалар…

Гаянэ онам билан битта турмада ўтирган. Бир неча марта онам уни узоқдан кўрган, лекин мулоқот қилишмаган, чунки икковига ҳам бу тақиқланган. Гаянэни кўп қўрқитишган. Лекин, уни бир неча бор хорижга ва прокуратурага олиб боришгани бизга маълум. Мақсад – Гаянэ ёрдамда пулларни қайтариш бўлган “…

Гулнора Каримованинг 26 ёшли ўғли Ислом қўшимча қилишича, ўзини “Гулнора Каримова” дея таништирган сохта аёллар, ҳамда онасининг ишончли одами деб ўзини тақдим қилган эркаклар турли компаниялар ва банкларга бориб, Гулнора Каримовага тегишли пулларни олишга уринганлар.

“Ҳар сафар шундай қилишганда, менга у компания ё банкдан телефон қилишарди ва хабардор қилишарди… Гап шундаки, энг бошида Ўзбекистон ҳукумати Швейцариядаги пуллар онамга тегишли эканини исботламоқчи эди. Лекин, ўтган июнь ойида Ўзбекистонда бу пуллар онамга эмас, балки Гаянэ ва Рустам Мадумаровга тегишли деган қарор қилинди. Бундан мақсад, пуллар қайтарилишини осонлаштириш. Онамга тегишли дейишса, қайтариш қийин бўлади,” – дейди Ислом Каримов.

Би-би-си Ўзбек хизмати Имон ва Исломнинг бу даъволарини мустақил манбалар томонидан тасдиқлаш имконига эмас.

Гулнора Каримова нима истайди?

Гулнора Каримова
Прокуратура маълумотларига кўра, Каримова бошқарган жиноий гуруҳнинг 12та хорижий давлатда легаллаштирган маблағлари аниқлаштирилган. Уларнинг умумий миқдори 1,5 миллиард долларга яқин.

Онам мамлакатни тарк этишни ва ўз саломатлигини тиклашни истайди, дейди Имон.

Ислом Каримов ва Имон Каримова ҳозирда Буюк Британияда истиқомат қилишмоқда.

Америка фуқароси Имоннинг Би-би-сига айтишича, унга мамлакатдан чиқиши борасида ҳеч қандай шарт қўйилмаган.

Бундан бир ҳафта бурун АҚШ адлия вазирлиги Гулнора Каримовани халқаро телеком компанияларидан $865 миллион миқдорида пора олишда айблади.

6 март куни Ўзбекистон Бош прокуратураси ўз сайтида чоп қилган баёнотда, Гулнора Каримова “жазони ўташ даврида суд томонидан ўрнатилган чекловларни мунтазам равишда бузиб, ўзига юклатилган мажбуриятларни бажармаган”ини ёзди.

Прокуратура, шунингдек, Каримова “жиноят иши бўйича аниқланган ўзи томонидан етказилган зарарнинг қопланишига фаол тўсқинлик қилган,” дея у яна умумий тартибли колонияга ўтказилиши қарор қилинганини маълум қилди.

Баёнотда айтилишича, “Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2017 йил 18 декабрдаги ҳукми билан 1972 йилда туғилган Каримова Гулнора Исламовнага 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Аммо, инсонпарварлик нуқтаи назаридан ҳамда маҳкума жиноий йўл билан орттирилган пул маблағларини қайтариш ва давлатга етказилган зарарни қоплаш мажбуриятларини ўз зиммасига олганлигини эътиборга олган ҳолда, жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2018 йил 1 июлдаги ажрими билан Гулнора Каримовага тайинланган жазо 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилган. Озодликни чеклаш жазосини ўташ жойи этиб маҳкума Гулнора Каримованинг ўз танловига кўра, қизи Иман Каримованинг яшаш жойи белгиланган.”

Аммо, мазкур ҳукм шу вақтгача прокуратура томонидан жамоатчилик ё матбуотга хабар қилинмаганди.

Икки йил аввал Бош прокуратура ўз сайтида Гулнора Каримова иши ҳақида ёзиб, у 2015 йилда 5 йилга озодлик маҳрум қилингани ва жазони ўтаётганини хабар қилганди.

Би-би-си мурожаатига жавобан, Бош прокуратура 2015 йил ва 2017 йил суд ишлари алоҳида суд ишлари ва алоҳида ҳукмлар чиқарилганини тасдиқлади.

Би-би-си Гулнора Каримованинг қизи Имоннинг даъволари бўйича Ўзбекистон мулозимларига, жумладан Ўзбекистон Бош прокуротурасига мурожаат қилди.

Мурожаатларимизга ҳали жавоб берилгани йўқ.

Манба: Би-Би-Си Ўзбек

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort