Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Собиқ мулозимнинг аёли ДХХни қийноқ қўллашда айбламоқда

Собиқ мулозимнинг аёли ДХХни қийноқ қўллашда айбламоқда
14 Mart 2019 - 20:16 'да юкланди ва 748 марта ўқилди.

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, 49 яшар Сайёра Йўлдошева Тошкентдаги “Гвардейский” номи билан билинган ДХХ ҳибсхонасида ўзига номаълум техника ва кимёвий моддалар воситасида қийноққа солинганини иддао қилмоқда.

Қийноқлар унинг турмуш ўртоғи, Давлат солиқ қўмитаси раисининг собиқ биринчи ўринбосари Абдусалом Йўлдошевнинг ҳибсга олиниши ортидан юз берган.

52 ёшли Абдусалом Йўлдошев Солиқ қўмитасининг қудратли раҳбари Ботир Парпиевнинг истеъфосидан бир неча ой аввал, 2018 йил бошида биринчи ўринбосарликдан олиниб, Қашқадарёга вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи этиб юборилган.

Аммо генерал Парпиевнинг 2018 йил 11 майида юз берган шов-шувли истеъфосидан бир неча кун ўтиб, Абдусалом Йўлдошев ҳибсга олинади.

Бу пайтда муқаддам иқтисодий жиноятларда айбланиб, қидирувга берилгани айтилган Солиқ қўмитасининг жорий раҳбари Бекзод Мусаев биринчи ўринбосар лавозимига тайинланганди.

Маҳаллий нашрлар Йўлдошевнинг қидирувга берилгани ва кейинроқ Фарғона водийси вилоятларидан бирида қўлга олиниб, Тошкентга келтирилгани ҳақида ёзган.

Қочишга уринганмиди?

Яқинларининг Би-би-сига айтишича, Абдусалом Йўлдошев ҳибсга олингунига қадар Қарши шаҳрида, вилоят Солиқ бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб турган.

Courtesy Абдусалом Йўлдошев 2012 йилдан 2018 йилгача Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари бўлган

Уларнинг сўзларига кўра, Йўлдошев 2018 йил 19 май куни Бош прокуратура мулозимининг талаби билан Тошкентга етиб келади.

Яқинлари Бош прокуратура мулозими ҳар 15 дақиқада Йўлдошевга қўнғироқ қилиб тургани, унинг “қайси йўлдан келаётганини мунтазам текшириб тургани”ни айтишади.

Уларга кўра, Йўлдошев Тошкентга етиб келгач, ўзига бириктирилган хизмат машинасидан тушиб қолишини айтишган ва шундан кейин узоқ вақт оила бошлиғининг тақдири ҳақида ҳеч нарса эшитишмаган.

Яқинларининг даъво қилишича, Йўлдошевнинг гўёки Қирғизистон орқали қочишга урингани ҳодисаси “саҳналаштирилган”.

Уларнинг иддаосига кўра, аёли Сайёра Йўлдошева ҳамда ўғли Жавлонбек Йўлдошевлар отасининг ҳибсга олиниши ортидан ДХХ томонидан ушланиб, чегара ҳудудига олиб борилган ва у ерда гумондорлар иштирокида тезкор тадбир ўтказилган.

Би-би-си бу даъвони тасдиқловчи далилга эга эмас.

Бош прокуратура эса даъволарни қатъиян рад этади.

Courtesy Яқинлари Абдусалом Йўлдошевга нисбатан қидирув “саҳналаштирилгани”ни даъво қилмоқда

Абдусалом Йўлдошевнинг ҳибсга олиниши атрофидаги вазиятга доир Би-би-си сўровига жавоб берган Бош прокуратура собиқ мулозим “тезкор-қидирув тадбирлари натижасида” қўлган олинганини айтди.

“Юлдашев Абдусалом ва бошқаларга нисбатан 08.05.2018 йилда Бош прокуратура томонидан ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва бошқа моддалар билан жиноят иши қўзғатилган.Мазкур жиноят иши юзасидан А.Юлдашев терговга бир неча маротаба чақирилган бўлишига қарамасдан, узрли сабабларсиз келмаганлиги туфайли 23.05.2018 йилда А.Юлдашевга нисбатан ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва бошқа моддалар билан сиртдан айблов эълон қилиниб, унга нисбатан қидирув эьлон қилинган ва қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиши ҳақида суд ажрими чиқарилган.Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида А.Юлдашев 25.05.2018 йил ушланиб, унга айб эълон қилинган ва қамоқ тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Яъни, А.Юлдашев чегарада ушланиши саҳналаштириш эмас, Жиноят-процессуал қонуни ва тезкор қидирув фаолияти тўғрисидаги қонун нормалари доирасидаги процессуал чора.Хронологик нуқтаи назардан ҳам, мантиқан ҳам задним числом қидирув эълон қилишнинг имкони ва муҳими, зарурати йўқ”, – дейилади Бош прокуратура баёнотида.

Пора иддаоси

Абдусалом Йўлдошевнинг аёли Сайёра Йўлдошеванинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, у ҳанузгача ўзининг нима учун ҳибсга олингани ва 7 ой мобайнида ДХХ ҳибсхонасида ушлаб турилгани сабабини билмайди.

“Мендан фақат ўзлари ёзиб берган нарсага қўл қўйишимни талаб қилишди. Мен билмасдим нима ёзилганини. Қўл қўясан, деб талаб қилишарди, холос. Мендан ҳеч ким ҳеч нарса сўрамади. ДХХдалигимда бир марта хўжайиннинг иши бўйича чақириб, “неразглашения” (тергов тафсилотини ошкор этмаслик – таҳр)га қўл қўйдирволишди. Бош прокуратурадаги дўқ-пўписадан бошқа бир цивилизованный сўроқ бўлгани йўқ”, – дейди Сайёра Йўлдошева.

Ўзининг сўзларига кўра, Сайёра Йўлдошева 2018 йил май ойи охирида беш кун мобайнида Бош прокуратурада ушлаб турилган.

У Бош прокуратуранинг юқори мартабали терговчиси ўзидан жиноят ишини ёпиш эвазига 1 миллион 700 минг доллар миқдорида пора талаб қилганини даъво қилмоқда.

“Тақдиринг мани қўлимда, ман ҳал қиламан тақдирингни, деди. Сиз Худомассиз-ку десам, Худоман, деди. Столга бир миллион етти юз мингни қўйиб қўясан, кейин гаплашаман сан билан. Это для начало”, – деб айтди Сайёра Йўлдошева.

Қийноқлар

Сайёра Йўлдошеванинг ҳикоя қилишича, у ва оиласи учун ҳақиқий синов ДХХ ҳибсхонасига ўтказилганидан сўнг бошланган.

“Мени 25 май куни кечқурун ДХХ изоляторига олиб боришди. Санкциямизни хўжайин билан қўшиб беришди. Хўжайин ҳам ДХХда ўтирганларини ўша куни билганман. Делони битта қилиб тикишган. Лекин бизни бир-биримизга кўрсатишмади. Суд ҳам изоляторда бўлди. Адвокатларим мени бу ерда ушлаб туриш учун асос йўқлигини айтишди, аммо судъя “бу кишини қўйиб юборсам, мени шаънимга нима бўлади?”, деб айтди. Шу билан бизнинг санкциямиз чўзилди ва мени уч ойга ўша ерда қолдиришди”, – дейди Сайёра Йўлдошева.

Унинг айтишича, ДХХ ҳибсхонасидаги қийноқлар 2018 йил августидан, бир кишилик камерага ўтказилганидан сўнг бошланган.

Image caption Абдусалом Йўлдошев устидан тергов ва суд жараёни махфийлаштирилган. Яқинларига кўра, ушбу сурат суд биноси дарчасидан яширинча олинган

“Йигирма иккинчи августдан бошланди. Бирданига ҳавони совутвориш. Қанчалик совутилганини билмайман, аммо идишларгача музлаб қоларди. Мен бир неча марта операция қилинганман. Айтсам, ишонишмади. Ўзларининг докторларидан текширтиришди. Мени “8-б” камерада 3 ҳафтача совуқда ушлашди. Кейин “15-б” камерага ўтказишди. Ана энди у ерда духовкадай қиздира бошлашди. Сухофруктга ўхшаб қариб кетади одам. Қўллар куйиб кетади. 3 ой бир ўзим ўтирдим. Камераларни алмаштириб туришди. Газ ҳам бериб кўришди. Кечаси ярим тунда “писиллаб” газ киришни бошлайди камерага. Мен химик эмасман. Уларнинг формуласини билмайман. Ундай қилманглар, десам, мени ўзимнинг ақлий ҳолатимдан гумонсирашгача олиб боришди. Шунга тайёрлашди. Сувга, овқатга, ҳатто тиш пастасига ҳам нарса қўшиб беришди. Таблетка, дориларимни узатишадими, ўзлари перчатка кийиб туриб, ҳаммасига суртиб беришди. Охирги уч кун мен тирик қолмайман, деб ўйлагандим. Тинмай камерага сариқ модда сочишди. Полда ҳам худди пахтага бутефос сочгандай асорат қоларди. Ҳамма нарса камеранинг ичида бўлган. Гувоҳсиз. Бошимнинг чап қисмига ток билан уришарди. Ток ҳам девордан келарди. Мен билмайман қандай қилишганини. Камерада кўриб туришса керак, деб ўйлардим. Ҳар-хил овозлар, қулоқни йиртадиган ғалати товушлар, нерв системангизнинг ғашига тегадиган нарсалар қилишарди. Кечқурун ярим кечаси оғриқ билан уйғотишади. Худди суяк синаётгандай бўлади. Синмайди лекин. Эрталаб кўкариб чиққандан кейин “ўзим урволдим” деб ёзиб бер, дейишарди. Ҳеч ким менга қўл теккизмади. Бу ҳамма нарса техника билан қилинди. Прогулкага чиқсам, ҳаво ололмасдим. Ҳаво беринглар, деб йиғлардим. Кислород бор, қайсидир даражада бор. Расман оёғим билан чиқиб келдимми, демак, уларнинг мени нобуд қилиш нияти бўлмаган. Мени қандайдир отклоненияга тайёрлашган. Мен ҳалиям тушунганим йўқ мени нима учун олиб кириб кетишганини. Сўрасам, сўрама, дейишган”, – дейди Сайёра Йўлдошева.

Би-би-сига тақдим этилган ҳукм нусхасига кўра, С. Юлдашева солиқдан қочиш ва иккиламчи ҳисобот юритишда айбланиб, катта миқдордаги (100 миллион сўмдан кўп – таҳр) жаримага маҳкум этилган ва 2018 йил, 18 декабрь куни озодликка чиқарилган.

Эксперт фикри

Тошкентнинг Юнусобод туманидаги “Гвардейский” номи билан билинган ДХХ ҳибсхонаси бундан аввал ҳам қийноқ иддаолари марказида бўлган.

Аммо Сайёра Йўлдошева тасвирлаб берган қийноқ усуллари Би-би-сига таниш эмас.

2017-2018 йилларда 8 ой мобайнида айни ҳибсхонада сақланган собиқ маҳбус ва журналист Бобомурод Абдуллаевнинг айтишича, бу каби қийноқ усуллари ҳақиқатан ҳам мавжуд ва улар жисмоний қийноқ қўллаш хавфли бўлган шахсларга нисбатан қўлланади.

“Махсус бир кишилик камералар бор. Маҳбуслар тилида “одиночка” деб аталади. У ерда маҳбуслар бир ўзи яшагандай яшайди, аммо кўпинча ухлаганда, камерага вентиляцион трубалар орқали иссиқ, совуқ ҳаво жўнатилади. Кимёвий газлар жўнатилади. Бу маҳбусни руҳан синдириш учун қилинади. Терговчи нима деса, нимага қўл қўйиб бер деса, шунга тайёр ҳолга келиб қолади. Шундай газлар жўнатиладики, маҳбусни руҳан туширади. Ҳақ-ҳуқуқлари учун курашолмайдиган даражага тушиб қолади. Бир хил маҳбуслар худди ақли заиф одамлар кўринишига кеп қолади. Полларга олтингугурт, азот моддалари сепиб қўйилади. Менга маҳбуслар гапириб берган, олтингугурт ҳидлагандан кейин ҳавога олиб чиқса, нафас олганда, худди ўпкасини пичоқ билан тилгандай, кесгандай бўлади. Қийин бўлади, яна ўша ерга қайтгиси келаверади”, – дейди Бобомурод Абдуллаев.

Йўлдошевлар оиласи қийноқлар юзасидан Президент Шавкат Мирзиёев ҳамда ДХХнинг янги раиси А. Азизов номига шикоятлар билан мурожаат қилган.

Мурожаатда қийноқ қўллаган шахслар ва пора талаб қилган “коррупционерлар”га чора кўриш сўралади.

Бош прокуратуранинг жавоби

Ўзбекистон Бош прокуратураси Абдусалом Йўлдошев яқинларининг барча иддаоларини қатъиян рад этмоқда.

Би-би-сига йўлланган расмий жавобда Бош прокуратура, жумладан, собиқ мулозимнинг қочиши саҳналаштирилгани ва ундан пора талаб қилинганини рад этиш билан бирга, “туҳмат учун қонунда жавобгарлик кўзда тутилгани” ҳақида ҳам огоҳлантиради.

“Ж.Юлдашев Р.Тураханов билан чегара постидан Қирғизистон Республикасига ўтиб кетишган, С.Юлдашева эса чегарачилар томонидан ушланган (Р.Тураханов, Ж.Юлдашев ва С.Юлдашеваларнинг кўрсатувлари, чегара постидаги кузатув камера тасвирлари билан тасдиқланган)”, – дейилади Бош прокуратура баёнотида.

Бош прокуратуранинг айтишича, на С. Юлдашева ва на унинг ҳимоячилари тергов ва суд жараёнида қийноқлардан шикоят қилган.

“Тергов даврида, қамоқда сақланиши, суд муҳокамаси ва ҳукм эълон қилингандан сўнг ҳам С.Юлдашева ёки унинг ҳимоячиси томонидан ундан ишни ёпиш эвазига пул ёки бошқа қимматликлар талаб қилинганлиги ҳақида бирор бир давлат органига мурожаат қилинмаган ва айнан ҳозирда нима сабабдан бу каби иддаолар илгари сурилаётганлиги номаълум. Бу важ туҳмат, прокуратура ходимининг шаъни ва ишчанлик обрўсига жиддий путур етказувчи бу каби бўҳтон гапларни тарқатиш учун қонунда тегишли жавобгарлик кўзда тутилган”, – дейилади Бош прокуратура баёнотида.

Унда шунингдек, терговда, қамоқда сақланиши, суд муҳокамаси ва ҳукм чиққанидан кейин ҳам С.Юлдашева унга нисбатан ДХХ ҳибсхонасида қийноққа солинганлиги ҳақида “бирор бир давлат органига шикоят қилмаган”и айтилган.

Ҳибсга олинганидан қарийб 10 ой ўтиб, Абдусалом Йўлдошевга нисбатан эълон қилинган айблов тафсилотлари маълум эмас.

Бош прокуратура буни жиноят ишининг махфийлаштирилгани билан тушунтирмоқда.

“Жиноят иши ҳужжатларида давлат сирига молик маълумотлар бўлганлиги сабабли тергов ҳаракатлари давомида жиноят иши махфийлаштирилган бўлиб, унга нисбатан қўйилган айблов моҳияти борасида маълумот беришнинг имкони йўқ”, – деб айтган Бош прокуратура Би-би-сига жавобида.

ЎХҲ ахборот бўлими

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort