Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Олий суднинг ўзида адолат қачон ҳукмронлик қилади?

Олий суднинг ўзида адолат қачон ҳукмронлик қилади?
15 Mart 2019 - 19:30 'да юкланди ва 671 марта ўқилди.

ОЛИЙ СУДНИНГ ЎЗИДА АДОЛАТ ҚАЧОН ҲУКМРОНЛИК ҚИЛАДИ?

Олий суд раисининг ўринбосари Баҳодир Деҳқонов кетганидан бери, раҳбариятимиз саросимага тушиб қолди. Раис Козимжон Комилов ва унинг қолган иккита муовини ўзидан қўрққанидан барча судья ва ходимларга нисбатан шубҳа билан қарай бошлади.

Бунинг оқибатида судья ва ходимлар Интернет ва Телеграм тармоқларидан узила бошлади. Бинога мобил телефон билан киритиш таъқиқланди. Кираверишда барчамиз ўз мулкимиз ҳисобланмиш телефонларимизни милиция ходимларига қолдириб киришга мажбурланмоқдамиз. Ишдан кечки соат 20.00 га қадар кетмаслик бўйича норасмий буйруғи берилган.

Олий судда бўлаётган гаплар ташқарига чиқиб кетмасликни раҳбарият ўзига бош мақсад қилиб қўйди. Ҳозирда эса Олий суд биноси миш-мишлар конига айланиб, ҳеч бир судья ва ходим тайинли иш билан шуғулланмасдан, фақатгина ғийбат қилиш билан овора. Жамоанинг аксарияти Деҳқонов ортидан раиснинг ўзи ҳам, қўпол қилиб айтганда, йўқолиб кетишини истамоқда. Фақатгина Комиловнинг ўзига содиқ югурдаклари, раис Олий судга абадий раҳбарлик қилади деган фикр билан юришибди. Афсуски, жамоамиз нақд бири-бирига душман бўлиб қолган икки қисмга ажралиб кетди. Буни олдини олиш эса фақатгина жамоани бирлаштира оладиган, раҳбарлик фазилатлари юқори бўлган инсоннинг қўлидан келади. Қатъият билан айтиш мумкинки, Козимжон Комилов бунинг уддасидан чиқа олмайди.

Ўз ҳавотирини билдириб қўйишдан чўчиган Комилов, ўринбосари Деҳқоновнинг кетганидан кейин бирон-бир мартта ҳақиқий раҳбар сифатида жамоа билан учрашмади. Кичик бир мажлис қилиб, жамоанинг руҳини кўтаришга уринмади ҳам. Ўзидан ва соясидан қўрққан Комилов кун бўйи хизмат хонасидан чиқмай қолган. Фуқароларнинг қабулига ҳам мажбурлигидан тушаяпти.

К. Комилов ва унинг муовинлари нимадан қўрқаяпти? Бу ўринли саволга жавоб борми? Нимага ўз жамоасидан шубҳаланади? Нимамизга шубҳаланади? Ўзидан шубҳаланса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Кадрлар бошқармаси ходимлари келиб-келиб бир ҳомиладор ходимага, у саломатлиги туфайли келолмаган кунларига пул тўлаб, келган ва тўлиқ ишлаган кунлари учун эса иш ҳақи тўламасликка боришди. Раисга кириб шикоят қилмоқчи бўлган аёлни, Комилов ҳузурига йўлатмасдан, ҳеч бир жойга шикоят қилмасликка ундашмоқда. Идорамиздаги ноҳақликларни кўрсатиб берувчи бу фақатгина биргина мисол.

Кучи аёлларга етган Комилов 8 март байрами билан табриклашда ҳам номардлик қилди. Аёл судья ва ходимларга “булар ойликни катта олишади” деб, аёлларга фақатгина бир кичкинагина гулдаста тақдим этиш билан кифояланди, холос. Бирон тийин пул мукофоти ҳам ажратмади.

Ваҳоланки ўзига содиқ гап ташувчи иғвогар ва лўттибоз одамлари ойлик маошидан икки ёки уч баробар ортиқ мукофотларни ҳар ой кечикмасдан олиб туришибди. Бу инсофсизлик бўлмай, нима? Икки қатор гапли ҳужжатларни ёза олмайдиган ходимлар нега 10-15 миллионлаб ойлик олишади? Комилов етиштирган ва ўргатган мутахассислар судьяликка ўтиш имтиҳонларида “2” баҳодан юқорига ўтолмайди, аммо ўз раҳбарига содиқлиги учун судьяларга тегишли хонадонларда бемалол яшаб юраверишади. Вилоятлардан келган судьялар эса ижарага ўз ҳисобидан пул тўлаб юраверади.

Бугунги кунда Козимжон Комилов ва у кишининг муовинлари Холмўмин Ёдгоров ва Бахтиёр Исоқов юритаётган раҳбарлик сиёсати суд тизимини берк кўчага етаклаяпти десак, асло адашмаймиз.

БИЗНИНГ КАТТА УМИДИМИЗ ДАВЛАТИМИЗ РАҲБАРИ ШАВКАТ МИРОМОНОВИЧ МИРЗИЁЕВДАН. ПРЕЗИДЕНТИМИЗ ОЛИЙ СУД РАИСИ ВА УНИНГ ИККИТА ЎРИНБОСАРИ ФАОЛИЯТИГА ЎЗ ЎТКИР НАЗАРЛАРИ БИЛАН ҚАРАБ, АДОЛАТЛИ ЕЧИМ ТОПИШЛАРИГА ИШОНАМИЗ.

Олий суднинг жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатларининг бир гуруҳ судьялари ва ходимлари

Таҳририят почтасига келгган мактуб

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort