Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ромитандаги машҳур Чориқулбой кўпригининг тарихи ҳақида нималарни биласиз?

Ромитандаги машҳур Чориқулбой кўпригининг тарихи ҳақида нималарни биласиз?
16 Mart 2019 - 10:23 'да юкланди ва 352 марта ўқилди.

Ромитандаги машҳур Чориқулбой кўпригининг тарихи ҳақида нималарни биласиз?

Ромитанлик сахий ва танти Чориқулбой ҳақида эшитмаган кишилар жуда оз бўлса керак.

Эътиборлиси шундаки, бу инсон оддий подачи бўлишига қарамай, кўпчиликка ўрнак бўлиб саҳий ва ватанпарвар инсон бўлган.

Чориқулбой нафақат Ромитанда, балки Бухоро ва унинг атрофларида ҳам ўзининг тантилиги, сахийлиги, художўйлиги, ҳалоллиги, камбағалпарварлиги билан донг таратган. Айниқса, унинг Зарафшон дарёси устида қурдирган узунлиги 100 метр, эни 8 метрга яқин бўлган машҳур кўприги ҳозир ҳам одамлар кўз ўнгида қад кўтариб турибди.

Чориқулбой Бухоро вилоятининг Ромитан туманидаги Қоқиштувон қишлоғида туғилган. Унинг аждодлари асли чорвадор бойлардан бўлиб, ҳудудда деҳқончилик ва ҳунармандчилик соҳасини ривожлантиришга катта ҳисса қўшишган. Оддий инсон бўлишига қарамай, халқ ичида Чориқулбой номи билан машҳур бўлган ушбу шахс ўзининг қўйчиликдан топган маблағидан қурган машҳур кўприги 1911-1914 йилларга тўғри келади. Бу кўприк Чориқулбой кўприги деб юритилади.

Айтишларича, Чориқулбой қурувчи устани Олмониядан, кўприк лойиҳасини тайёрловчи мутахассисни Чехиядан чақирган. Шунингдек ушбу бунёдкорлик ишларига рус муҳандислари ҳам таклиф қилинган. Кўприк учун тошлар Қоровулбозор ва Ғозғондан келтирилган. Унда асосан оби ғишт, ганч ишлатилган. Тарихий маълумотларга кўра, кўприк қуриб бўлингач Чориқулбой Бухоро амири Олимхонни таклиф қилиб, икки кун тўй бериб кўприкни фойдаланишга топширган.

Чориқулбойнинг сахийлигини кўприкнинг ён томонидаги гумбазга битилган “Мен Чориқулбой, халқнинг ризолиги, дунё ҳаваси ва шавқи, элим осойишталиги ва меҳри учун, инсонлар бахту-саодати, келажагига хизмат қилиши учун ушбу кўприкни қурдим.” деган ёзувлардан ҳам билса бўлади.

Чориқулбой Пирнафасбой ўғли бу ерда кўприкдан ташқари 1924 йилда туман марказида клуб, 1926 йилда эса мактаб ҳам қуриб берган.

Чор Россия ҳукмронлиги йилларида юртимизда жамоалаштириш бошлангач, барча бойлар қатори Чориқулбойнинг ҳам қулоқ сифатида мол-мулки мусодара қилиниб, ўзи сургун қилинади. У сургунда 1934 йили Дарғонотада (Туркманистонда) вафот этади.

Мустақиллигимиз шарофати билан 1993 йили унинг невара ва чеваралари у дафн қилинган жойдан тупроқ келтириб, Ромитан туманининг Қоқиштувон қишлоғида Чориқулбобо хотираси учун мақбара ўрнатдилар. Хозирги кунда вилоятимизнинг барча зиёратгоҳлари сингари ушбу мақбара ҳам ҳар доим зиёратчилар билан гавжум.

Шоҳистахон Ўлжаева

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort