Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Турон, Турк ва турклар

Турон, Турк ва турклар
08 Nisan 2019 - 10:19 'да юкланди ва 769 марта ўқилди.

Турон, Турк ва тур(к)лар

Турк(ий) халқларнинг келиб чиқиши ва илк ватани тўғрисида фанда турли қарашлар мавжуд бўлган. Бу қарашларнинг аксарияти муаммога бир томонлама ёндашган ҳолатда турк халқининг келиб чиқишини нотўғри изоҳлаган. Хусусан, евроцентризм ва эроноцентризм назарияларининг вакиллари ва уларнинг тарафдорлари инсоният тарихида муҳим роль ўйнаган турк(ий) халқларни камситиш билан шуғулланган. Шунингдек, улар ўз асарларида эронзабон халқлар тарихини ҳаддан ташқари улуғлаб, уни кўкларга кўтаришган.

Совет даври тарих фанида ҳам турк(ий) халқларнинг илк ватани – Олтой, турклар айнан шу ўлкада пайдо бўлиб, сўнгра бошқа юртларга тарқалган, деган тасаввур шакл­ланган. Бу тасаввурнинг пайдо бўлишида турк этноними остида Олтой ҳудудида илк ўрта асрларда ҳоқонликнинг дастлаб таркиб топганлиги катта роль ўйнаган.[1] Академик Аҳмадали Асқаровнинг ёзишича, XVIII-XIX асрлар давомида Олтой минтақасида олиб борилган этнолингвистик тадқиқотлар ҳам бундай илмий фаразнинг асосли эканлигини тасдиқлайди. Шундай қилиб, Олтой туркий халқларнинг илк ватани сифатида тилга олиниб, жаҳон тарихий тилшунослигида Олтой тиллар оиласи деган атама пайдо бўлади. Бу тушунчанинг илмий асосланишида этнограф ва тилшуносларнинг бу соҳада олиб борган изланишлари ва туркларнинг келиб чиқиши ҳақида тўпланган турли асотир ва ривоятлар ҳам хизмат қилди.[2]

Маълумки, совет тарихшунослигида хуннлар (гуннлар) туркий қабилалар эканлиги ҳам эътироф этилган. Таниқли тарихчи Л.Н.Гумилёв (1912-1992) “Хунну” (1960) асарида хуннлар Хитой тарихида биринчи бор мил.ав. 1764 йилда, сўнгра мил.ав. 822 ва 304 йилларда тилга олинганини айтади.[3]

Ўзбекистон Республикасининг мустақилликка эришганлиги тарихчи ва этнограф олимлар олдига ўзбек халқининг этногенези ва этник тарихи масаласини жиддий ўрганиш вазифасини қўйди. Айнан истиқлол туфайли тарихий ҳақиқат рўёбга чиқа бошлади. Мустақиллик йилларида қадимги Хитой ёзма манбаларининг объектив таҳлили натижасида бронза давридан бошлаб Урал (Ўрол) тоғ тизмаларидан шарқий ва жанубий ҳудудлар томон чўзилган катта минтақа Русь подшолиги томонидан босиб олингунга қадар бу замин турк(ий) этносга тегишли эканлиги исботланди. Бу ҳудудда қадимдан яшаган Андроново маданияти соҳиблари, яъни Буюк турк чўлининг чорвадорлари бўлган туркий қабилалар туркий тилда сўзлашганлар. Бу минтақалардан топилган археологик ва антропологик комплекслар ҳамда уларнинг қадимги Хитой ёзма манбалари билан қиёсий таҳлили Урал ва Жанубий Сибирь аҳолиси қадимги ва илк ўрта асрлар даврида ҳам туркий тилда сўзлашганлар, деган фикрни дадил ўртага ташлашга имкон бермоқда. Ўзбек олимлари, хусусан, машҳур археолог Аҳмадали Асқаров ва таниқли хитойшунос олим Абдулаҳад Хўжаев биринчилардан бўлиб бу илмий фикрни асосладилар.[4]

Профессор А.Хўжаев ўз тадқиқотларида сўнгги йилларда хитой ва япон олимлари ҳамкорликда қадимги Хитойнинг 24 жилдлик тарихи (“24 тарих”) устида жиддий тадқиқотлар олиб бориб, илмий изланишлар жараёнида Турк атамаси Хитой манбаларига бундан камида 4000 йил аввал кириб келганини аниқлаганликларини таъкидлайди. Хуллас, қадимги Хитой ёзма манбаларига кўра, Шимолий Хитой кичик подшоликларининг шимолий, шимоли-шарқий ва шимоли-ғарбий чегараларида мил.ав. III-II минг йилликлар давомида ху, ди, хунн номлари остида чорвадор қабилалар жамоалари яшаган. Археологик тадқиқотлар натижалари айнан мана шу ҳудудларда бронза даврида Андроново маданияти соҳиблари яшаганлигини тасдиқлайди. Демак, қадимги Хитой ёзма манбаларида тилга олинган ху, ди, туфанг, гуйфонг, теле, челе, рунг, хунн ва бошқа саҳройилар қадимги туркийда сўзлашувчи Андроново маданияти соҳиблари эди.[5] Улар прототурклар, яъни кўҳна турклар бўлган.

Тарихий ва этнографик адабиётларда Евросиё дашт ва чўлларининг, яъни Турон минтақасининг кўчманчилари дастлаб “варварлар” деб аталган. Сўнгги асрларда “Авес­то” илмий асосда ўрганила бошлангач, ана шу варварларнинг жанубга миграцияси туфайли Эрон тоғолди районларида Ариана (Орийлар юрти) ташкил топгани маълум бўлиб, варвар атамаси орий (арий) терминига алмаштирилди. Эрон – Ариана сўзининг янги шакли. Аслида, ҳозирги Эрон ҳудудининг бир қисми бу пайтда Персида ёки Персуа (Форс) деб юритилган.

“Авесто”га кўра, орийлар ижтимоий ҳаётда жамоанинг эркин, озод, жанговар мулкдорлар табақаси бўлиб, улар эл-юрт бошқарувчилари, беклари ва хўжайинлари эди. Мана шу табақа ва унинг аъзолари ўз уруғ-аймоқлари ва бошқа қавмдошларидан фарқли ўлароқ “Авесто”да озодлар, яъни орийлар, деб юритилган. Улар яшаган юрт орийлар ватани, орийлар кенглиги, яъни Арьянам Вайчаҳ, деб номланган. Бу юрт халқининг асосий бойлиги чорва, яъни қорамол, от, туя, қўй-эчки ва эшаклар ҳисобланади. Орийларнинг кундалик турмуш тарзи дашт аҳолисига хос кўчманчи чорвадорлик асосида қурилган.[6]

“Авесто”нинг “Видевдот” китобида орийлар юрти ҳақидаги маълумотларни таниқли суғдийшунос олим Мирсодиқ Исҳоқов ўзбек тилига қуйидагича таржима қилган:

“1. Ахура Мазда Спитаман Зардуштга сўз очиб дейди:

2.“(Дунёдаги) барча ерларни унда яшовчи бандаларим назарида (ўзга ерлардан) яхшироқ қилиб мен яратганман. Ҳар бир ерни ундаги халқлар учун маъқул қилиб яратмасам эди, барча ерлардан одамлар Ерларнинг энг беҳишт – жаннат мисоли этиб яратганим Арйанам-Ваэжў (Эранвеж)га қараб оқиб келаверган бўлар эди…”[7]

Хуллас, Арйанам-Ваэжў эзгулик оламини яратувчи илоҳ Ахура Мазда яратган 16 сарзаминнинг энг бирламчиси ва гўзалидир. Бунга қарши ўлароқ, ёвузлик худоси Аҳриман Аждарҳо, Қиш ва Девни яратади.

“Авесто” ва “Ригведа” китобларига кўра, дастлаб орийлар Эрон ва Ҳиндистонга келганда маҳаллий аҳолига нисбатан бу ном “бегона”, “келгинди”, “босқинчи” маъноларини англатган. Кейинчалик бу ном хўжайин, аслзода маъносини касб этган. Чорвадорлар деҳқонларга нисбатан тез бойиб кетишади. Айнан шу вақтда кўчманчи чорвачиликка ўтишга кенг имкониятлар яратилди. Бу – жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаётида туб ўзгаришлар юз беришига олиб келди. Ана шу туб ўзгаришларнинг меваси сифатида ибтидоий чорвадор жамоалари таркибида бадавлат мулк эгалари – ўнлаб ва юзлаб отарлардан иборат йилқи ва мол-қўйга эга жамоа сардорлари етишиб чиққан.[8]

Демак, орийлар Турон минтақаси чорвадор қабилаларининг иқтисодий юксалишидаги кўчманчилик ҳаёт босқичининг ижтимоий маҳсули, уларнинг ташаббускор ва тадбиркор ишбилармон қатлами, туғилиб келаётган дастлабки синфий жамиятнинг аслзодалар табақаси эди. Хуллас, орийлар туркий қавм орасидаги оқсуяклар бўлган.

Мил.ав. II минг йилликнинг ўрталарида Евросиё чўлларининг орийлари, яъни Турон пасттекислигининг чорвадор аҳолиси ўз чорваларига янги яйловлар қидириб, жанубга томон, нафақат Ўрта Осиёнинг ички районларига, ҳатто Эроннинг адирлик зоналарига ҳам кириб борадилар. Уларнинг Ўрта Осиё ҳудудида яшаганлиги ва бу ердан ўтиб кетганлиги бронза даври археологик ёдгорликларида яхши кузатилади. Улар мил.ав. II минг йилликнинг охирги чорагида маҳаллий аҳолининг шаҳар ва қишлоқларига, ҳатто, “Авесто” маълумотларига кўра, Эрон ва Шимолий Ҳиндистонгача кириб борадилар.

Хуллас, чорвадор туркий орийларнинг Турон минтақасининг шимолий қисмидан келиб Эрон адирларида ўрнашиб қолган жойлар “Авесто”да Ариана номини олган. Аслида, қадимги тарихда бу атама қадимги эроний тиллар тарқалган географик кенглик маъносида ҳам тушунилган. Шу боис фанда орийларнинг Эрон ҳудудида қолиб кетганлари эронийлар, Ҳиндистонга йўл олганлари эса ҳинду орийлар номини олган. Демак, орий атамаси дастлаб ижтимоий маънода қўлланилган, кейинроқ эса орийлар маҳаллий аҳоли билан қоришиб кетгач, бу сўз янги этник маъно ва мазмун касб этди, орийлардан сон жиҳатидан бир неча марта кўп бўлган Эроннинг маҳаллий аҳолиси тил муҳити таъсирида улар аста-секин ўз турк(ий) тилларини йўқотиб, форслашиб ва эронийлашиб кетадилар.[9]

Юқорида келтирилган фикр-мулоҳазаларни умумлаштириб айтадиган бўлсак, туркий халқларнинг илк ватани, азалий юрти Буюк Турк чўли бўлган. Чўлнинг марказида Турон текислиги (Турон пасттекислиги ҳам дейилади) жойлашган. Ҳозирги тасаввурларда бу қадимги туркий қабила ва элатларнинг ватани илмий адабиётларда Евросиё чўллари, деб номланади. Аслида, бу тарихий ва жуғрофий Турон минтақаси ҳисобланади. Унинг ҳудудий доираси жуда кенг – Ғарбда Қора денгизнинг шимоли-шарқий соҳилларидан Шарқда то Жанубий Байкалгача[10] чўзилган чўл ва дашт минтақаларидан иборат. Унинг шимолий чегараси Урал дарёси ва ундан ҳам шимолроққа, қалин тайгага бориб тақалади. Урал тоғи қадимдан то сўнгги ўрта асрларгача славянлар билан туркий қабилаларнинг ҳудудий чегараси бўлган. У жануби-шарқда Шимолий Хитой ва жануби-ғарбда Шарқий Эрон ҳудудлари билан чегарадош бўлган. Антик давр юнон муаллифлари Яксарт (Сирдарё)нинг қуйи оқими суғдийлар билан туркий тилли қабилаларнинг чегара районлари бўлганлигини алоҳида таъкидлашади.[11]

Шу ўринда турлар (турклар) қавмига ҳам ойдинлик киритиб ўтиш лозим. Эҳтимол, турк сўзининг ўзаги турга бориб тақалар. Тур этнонимидан кейинчалик Турон, Туркис­тон атамалари вужудга келган. Тўра сўзининг ўзаги ҳам балки турга бориб тақалар.

”Авесто”да Ўрта Осиёнинг қадимги аҳолиси турлар (туронликлар) сифатида қайд этилган. ”Авесто”да у “Thura” шаклида келтирилади. Дастлаб ”Авесто”да қайд этилган “Тур” этноними кейинчалик Марказий Осиёнинг дашт ва тоғ ерларида яшовчи чорвадор аҳоли билан боғланган. Олимларнинг фикрига кўра, турлар тушунчаси – бу сак-массагетларнинг дастлабки номи бўлиши мумкин.

Бошқа бир талқинга кўра, Тур қадимги эронийларнинг пешдодийлар сулоласидан бўлган шоҳи Фаридун (Траэтона)нинг ўғли. Атоқли форс-тожик шоири Абулқосим Фирдавсий (тахминан 934-1030) қаламига мансуб “Шоҳнома” достонига кўра, Тур туркий халқларнинг бобокалони, акаси Салм (Силм, Сельм) эса сомий халқлар бобокалони ҳисобланган. Дунёнинг тақсимланиши ҳақидаги форс анъаналарига кўра, Фаридун ўз салтанатини ўғиллари Тур, Салм ва Эрож ўртасида тақсимлаган. Катта ўғил Салм – бойлик, ўртанчаси Тур – ҳарбий шон-шавкат, кичик ўғли Эрож – қонун ва динни сўраган. Уларнинг илтимосларига кўра, подшоҳ оталари Салмга Рум ерларини, Турга Туркистон ва чўлу биёбонни, кенжа ўғли Эрожга эса Эрон тахтини ва акалари устидан олий ҳокимиятни топширган.[12]

“Шоҳнома” асарида бу анъана бошқача вариантда сақланган. Фаридун ўз ўғилларини синамоқчи бўлади ва аждарҳога айланиб, уларнинг йўлини тўсади. Салм қочиб қолади, Тур курашга бел боғлайди, Эрож эса ўзининг ақл-заковати, олижаноблиги билан аждарҳони тинчлантиради. Фирдавсийнинг яна ёзишича, Фаридун ўртанча ўғлига ҳўкиз (буқа) маъносини берувчи Тур деган номни беради. Мамлакатнинг шарқий қисми билан Чин Турга тегади ва бундан сўнг Турон деб атала бошлайди.[13]

Хуллас, ”Авесто”да дастлаб этноним номи сифатида келтирилган Тур Фирдавсийнинг “Шоҳнома” достонида курашчан ва ёвуз қаҳрамонга, яъни Турон ва Туркистон ҳукмдорига айлантирилади. Фирдавсий Турни жанговар Турон ҳукмдори сифатида Эрон ва унинг подшоларига қарама-қарши қўяди. Алп Эр Тўнга айнан Турнинг авлодидан туғилган Турон ҳукмдоридир. У ҳам достонда Туроннинг эронийлар назаридаги ёвуз подшоси сифатида кўрсатилган.

Ўз навбатида туркий халқлар тарихи ва адабиётида ҳам Тур(к) номига нисбат берилган турли нақллар ва ривоятлар мавжуд. Шу ўринда Ёфас ва унинг ўғли Турк хусусида қисқача маълумот бериб ўтсак, фойдадан холи бўлмайди.

Қадимги диний ривоятларга кўра, Нуҳ алайҳиссаломнинг уч фарзанди бўлган. Уларнинг исми Ёфас, Сом, Ҳом эди. Оламни сув босиши, яъни тўфондан сўнг омон қолган Нуҳ пайғамбар ўғилларига Ер юзини бўлиб берган. Қуръони каримнинг “Нуҳ” сураси бир неча оятларида тўфон воқеаси Нуҳ пайғамбар даврида содир бўлгани қайд этилган.[14] Бу нақлда мил.ав. учинчи минг йилликнинг охирида Месопотамияда юз берган улкан сув тошқини акс этган бўлиши мумкин.

Абулғозий Баҳодирхоннинг “Шажарайи турк” асарида келтирилишича, Нуҳ пайғамбар “Ҳом отли ўғлини Ҳиндустон юртиға юборди. Сом отли ўғлини Эрони заминга юборди. Ва Ёфас отли ўғлини қутби шимолий тарафиға юборди… Ёфасни баъзилар пайғамбар эрди, теб турурлар ва баъзилар пайғамбар эрмас, деб турурлар. Ёфас отасининг ҳукми бирлан Жуди тоғидан кетиб, Атил (Итил) ва Ёйиқ сувининг ёқосиға борди. Икки юз эллик йил анда турди. Тақи вафот тобди. Саккиз ўғли бор эди. Авлоди бисёр кўб бўлур эрди. Ўғлонларининг отлари мунлор турур: Турк, Хазар, Сақлаб, Рус, Минг, Чин, Камари, Тарих. Ёфас ўларинда улуғ ўғли Туркни ўрнида ўлтуртуб, ўзга ўғлонларига айтдиким, Туркни ўзларингизга подшоҳ билиб, анинг сўзидан чиқманг. Туркка Ёфас ўғлони теб лақаб қўйдилар. Бисёр адаблик ва оқил киши эрди. Отасиндин сўнг ерларни юруб кўрди. Таки бир ерни хушлаб, анда ўлтурди. Бу кун ул ерларни Иссиғкўл дерлар”.[15]

Хуллас, тўнғич ўғли Туркнинг номидан Ёфасни Абу Турк – Туркнинг отаси, деб ҳам аташган. Машҳур давлат арбоби ва тарихчи олим Мирзо Улуғбекнинг ёзишига қараганда, “Ёфас алайҳиссаломга Чин Машриқининг бошқа муҳитлари, Қомарун тоғлари ва рус ерлари охиригача чўзилган оқ чўққилар ва бешинчи иқлимнинг қолган 1/3 қисми то маъмур ерларнинг охиригача ва Шимолнинг зулумотигача ерлар бахш этилганди… Айтдиларки, Туронзамин ва Туркистонни Ёфас алайҳиссалом ўзига асраб қўйганди. Шу сабабли уни Абут-турк дейишган… Ҳазрати Нуҳнинг тўнғич ўғли Ёфас эди, алайҳиссалом. Ҳақ таоло уни расуллик ташрифига мушарраф қилди”.[16]

Қадимда ва ўрта асрларда туркий ўлкаларда ёмғир ёғдирувчи Яда тоши ёрдамида дуо ўқиб осмондан ёмғир-қор ёғдирувчи кишилар бўлган. Мана шу яда илмини Ёфасга отаси Нуҳ алайҳиссалом ўргатган, деган нақл бор. Ёфас вафотидан сўнг Турк отаси ўрнига ўтириб юртни бошқарди. Халқ уни Ёфас ўғлон, деб атаган.

Турк ибн Ёфас, Ёфас ўғлон, Туркхон номлари билан машҳур бўлган Турк қадимги диний ақидаларга кўра, Ёфаснинг тўнғич ўғли ҳисобланган. У отаси вафотидан сўнг туркий ўлкаларни бошқарган улуғ хондир. Туркни кўпроқ ўз халқи Ёфас ўғлон, деб атаган.

Мирзо Улуғбекнинг ёзишича, Туркхон Каюмарснинг замондоши бўлган. Каюмарс Шарқий Эроннинг биринчи ҳукмдори бўлганидек, Турк “Машриқ диёри хоқонларининг биринчи қоони” бўлган. Мирзо Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи” китобида “Турк ибн Ёфас ибн Нуҳ алайҳиссалом султонлиги зикри” деб номланган махсус фасл мавжуд.[17]

Туркхон ўз қавми ўртасида хуш расм-русумлар, таҳсинга лойиқ тартиблар ўрнатган. Нақл қилишларича, у бағоят оқил ва баодоб ҳукмдор бўлган. “Тўрт улус тарихи” муаллифи Мирзо Улуғбекнинг ёзишича, “Хонлик расм-русуми ва жаҳондорлик қоидаларини биринчи бўлиб Машриқ мамлакатларида ижро этди. Айтадиларки, Чин мамлакати сарҳадиданки, уни Хонжу, деб атайдилар, асосий ерлар, масалан, Туркистон замин мамлакати чегарараларигача унинг ҳукумати қўли остида эди. Хиргоҳ удуми унинг ихтироларидандир. Жамиъи турклар орасида инъом қилиш (одатини) ўрнатди. Одил ва комил, кўнгилчан подшоҳ бўлган, дейишади. Раъият борасида кўп риоят қилган… Унинг беш ўғли бўлган. Биринчиси Абилча, иккинчиси Тунг, учинчиси Чигил, тўртинчиси Барсхон, бешинчиси Атлоқ. Таомга туз солмоқ Туркхон ибн Ёфас алайҳиссалом даврида пайдо бўлди… Шунингдек, чорва ва ваҳший ҳайвонлар терисидан либос тикиб кийиш ҳам Турк ҳукмронлиги даврида пайдо бўлди”.[18] Туркхон ибн Ёфас 240 йил умр кўрган.

Хуллас, турлар ва турклар Евросиё минтақасида кўп йиллар умргузаронлик қилишган. Уларда жамиятнинг аслзода қатлами орийлар, деб юритилган. Тур(к)лар яшаган улкан юрт Турон деб аталган. Бу ўринда Турон атамасига қисқача тўхталиб ўтишни лозим топдик.

Турон туркий халқлар яшайдиган улкан ҳудудни англатувчи тарихий атама, ижтимоий-сиёсий ва маданий тушунча бўлиб, у бундан тахминан 3000 йил муқаддам дастлаб тур(к)лар яшовчи юрт – Тур ёки Туркистон шаклида қўлланила бошлаган. “Авесто”да ҳам у шундай маънода ишлатилган. Турон минтақаси жуғрофий жиҳатдан Тинч океанидан Ўрта ер денгизигача, Шимолий Муз океанидан Тибет ва Ҳимолай тоғларигача, Анатолиядан Шимолий Ҳиндистонгача бўлган улкан ҳудудни ўз ичига олади.

Турон ҳудудида яшаган прототурк халқлар кучли бир ҳукмдорга эҳтиёж сезган. Тарихий манбаларда турлича номлар билан аталган, бироқ турк тилининг турли лаҳжаларида гап­лашган чорвадор аҳоли, яъни кўҳна турк қавмлари ягона давлат ва кучли доҳийга муҳтож бўлган. Айнан кўчманчи чорвадор аҳоли ўртасида Алп Эр Тўнга, ўтроқ деҳқончилик воҳалари аҳолиси ўртасида Афросиёб номи билан машҳур бўлган шахс ана шундай мустақил Турон давлатига асос солди ва унинг биринчи қоони (хоқони) бўлди.

Ўз фикрларимизни турклар (туркийлар) ҳақидаги айрим мулоҳазалар билан давом эттирамиз ҳамда турк этноси ва этнонимининг ўрта асрлардаги тарихи ҳамда унинг баъзи жиҳатларини кўрсатишга ҳаракат қиламиз.

Турклар ёки туркийлар жаҳондаги энг қадимги ва йирик этнослардан бири бўлган. Сўнгги даврда жаҳон олимлари, жумладан, ўзбек олимлари томонидан амалга оширилган тадқиқотлар натижасида ва қадимги Хитой манбаларига кўра, турк атамаси бундан тахминан 4000 йил муқаддам расмсимон иероглифлар билан ёзилган битик­ларда тиек ва тиаук шаклида учрайди. Турк сўзи кучли, мустаҳкам, бақувват, баркамол, одиллик каби маъноларни англатади, деган фикрлар мавжуд. Тарихчи олим Абдулаҳад Хўжаевнинг ёзишича, қадимги Хитой манбаларида турклар қиёфаси чуқур кўзли, қирра бурунли, басавлат ва серсоч, деб кўрсатилади.

Бир неча минг йилликлар давомида туркий қабилалар кўп марта бирлашган ва парчаланганлиги туфайли уларниг қабилавий таркиби ҳам ўзгариб турган.[19]

Мил.ав. III асрдан то милодий III асргача бўлган даврда турклар Улуғ Хунн хоқонлиги таркибида бўлганлиги сабабли Хитой манбаларида улар шюнну, хунну деб ҳам аталган. Мазкур хоқонлик емирилгандан кейинги 3000 йилга яқин вақт давомида хитойлар туркларни тиеклэ (замонавий тилда теле) деб аташган.

Милодий VI аср ўрталарида туркларда бўлган Ашина авлоди кучайиб, Буюк Турк хоқонлигини барпо этган. Хитой манбаларига кўра, хоқонлик тугатилгандан кейин тилга олинадиган туркий қабилалар 58 та ном билан ажратилган. Шулардан 22 таси эса уйғурлар (иттифоқчилар), деб номланган. Уйғур хоқонлиги IX аср ўрталарида тугатилгандан сўнг туркларнинг катта бир қисми Олтой ва Шарқий Туркистон ҳудудидан Мовароуннаҳрга кўчиб ўтган. Туркия олимлари асарларида турк қабиласи кўктурк, деб ҳам аталади. Тадқиқотларга кўра, кўктурк сўзи Тангрига, яъни осмонга (кўкка) ишонган турклар, баландлик турклари, кўк бўри тотеми бўлган турклар каби маъноларни англатган. Туркистон минтақаси ҳудудида Турк номи топоним, этноним, гидроним сифатида кўплаб учрайди. Бундан ташқари, Ер юзида ўзаги Тур ва Турк бўлган жуда кўплаб шаҳарлар, вилоятлар, дарёлар, тоғлар, уруғлар, халқлар ҳамда ҳайвон, шеър, мусиқа, куй, дори, ҳарбий усул номлари мавжуд.

Турк этноними тор маънода ўзбеклар (ўзбек халқи) таркибидаги этник гуруҳлардан бирини англатади. У 92 бовли ўзбек қавм (уруғ)ларидан бирининг номи. Турклар тўрт йирик қабила (турк, мусобозори, калтатой ва барлос)дан иборат бўлган. Улар VI-XVI асрларда минг йилдан ортиқ вақт давомида ҳозирги Ўзбекистон ҳудудига келиб жойлашган. Қадимги ва ўрта асрлардаги туркий қабилаларнинг қолдиқларидан турк этник гуруҳи таркиб топган. Турклар таркибига турклашган мўғул қабилаларининг айрим гуруҳлари ҳам кирган. Улар, асосан, чорвачилик ва қисман деҳқончилик билан шуғулланган. Туркларнинг кўпчилиги ХХ аср бошларида тоғлардан воҳаларга кўчиб тушганлар. Улар бу пайтда Бухоро амирлиги ҳудуди, Фарғона водийси, Самарқанд вилояти ва Тошкент воҳасида яшаганлар.

Қаҳрамон Ражабов

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
xxx video gratis porno italiano