Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Соҳибқирон хазинабони

Соҳибқирон хазинабони
10 Nisan 2019 - 9:35 'да юкланди ва 435 марта ўқилди.

Ёзувчи Тўлқин Ҳайит – ҳазрат Соҳибқироннинг энг нуфузли мулозимларидан бири. У – Халқаро Амир Темур жамғармасининг мутасаддиси. “Фонд, Жамғарма” – хазина, деган гап. Тўлқин Ҳайит эса етти иқлим ҳукмдори бўлган Соҳибқирон бобомизнинг бугунги хазинабони. Бу ҳазил гапми, ахир!

Мансаб билан улуғмас одам,
Мансаб – одам билан муҳтарам, –

деган ҳикмат айнан шу одамга жуда мос келади. Негаки, Соҳибқироннинг бугунги хазинаси етти иқлимдан тўпланган беҳисоб бож-хирож, кўзни қамаштирувчи лаълу жавоҳирлар билан эмас, балки Тўлқин ака сингари фидойилар ва улар улашаётган маънавий зиёси билан жуда бой саналади.

Очиғини айтганда, Халқаро Амир Темур жамғармаси молиявий жиҳатдан бой муассаса эмас. Агар бой идора бўлганида, Тўлқин Ҳайитдек дилкаш, қалби-ю қўли очиқ, ақчадан кўра илм-маърифатни афзал билувчи зотнинг бу даргоҳда узоқ ишлаши жуда мушкул бўларди. Аксинча, башараси мармардан йўнилгандек совуқ, ҳиссиз, димоғдор ва савлатдор казо-казолар бу жойда мустаҳкам ўрнашиб олишарди. Бу манзилга кириш тугул, яқинлашиш ҳам осон бўлмасди. Муассаса атрофида турли илинжлар билан ўралашиб юрувчилар бисёр бўларди.

Ваҳоланки, “Халқаро жамғарма”, дея жарангдор ном берилган бу идоранинг штат бирлиги, яъни ходимлари сони жуда камтарона – атиги 4-5 кишидан иборат. Боз устига, ушбу бўлинманинг-да ягона ва энг “жанговар кучи” шу ушоқ гавдали баҳодир – Тўлқин Ҳайитнинг ўзи, холос…

Хўш, жамғармада пул бўлмаса нима қипти? Илм-маърифат, тадбир, кенгашу-машварат ва ташкилотчилик қобилияти ҳам – катта бойлик эмасми? Шу ўринда тарих китобларида дарж этилган бир ривоят эсга тушади: олис юртда, узоқ юришларнинг бирида Соҳибқирон қўшинида ақча (пул) тугаб қолади. Навкарларга озиқ-овқат, отларга ем-хашак сотиб олиш зарур. Адолатли Соҳибқирон ҳеч қачон ўзга юртларда зўрлик билан фуқаролар молига назар солмаган. Ҳазрат дарҳол Самарқандга чопар йўллайди. Бибихонимга нома битиб, хазинадан ақча юборишини сўрайди. Оқила малика ўша хатнинг орқасига биргина жумла ёзади-да, чопарни ортга қуруқ қайтаради. Хатда шундай ёзилган эди: “Улуғ амир, агар зарингиз тугаган бўлса, сиёсатингиз ҳам тугадиму?”

Маликанинг оқила маслаҳатини англаган Соҳибқирон, қўшинда сўйилган чорва суякларини йиғдириб, ҳар хил катталикда кесдиради. Уларга муҳр босилади, турлича қиймат белгиланиб, муваққат пул сифатида муомалага киритади. Бу пулларга қўшин учун зарур моллар сотиб олинади. Шаҳар забт этилиб, молиявий муаммо барҳам топгач, суяк пуллар қийматига қараб олтин, кумуш ва мис тангаларга алмаштирилади…

Ҳозирча Тўлқин Ҳайит бу бобомерос усулни қўллагани йўқку-я, лекин асло тинч ўтирмайди. Ишлари жуда кўп. Мактаб ўқувчилари ўртасида темурхонлик танловини уюштиради. Хонасида ўқувчилар ёзган иншолар ва чизган расмлари баъзан шунчалик кўпаядики, уларнинг панасида ёзувчининг ихчамгина гавдаси кўринмай қолади. Бир қарасангиз, коллеж ўқувчилари даврасида, уларга Соҳибқирон ҳақида тўлиб-тошиб ҳикоя қилаётган бўлади. Бошқа гал эса улуғ Соҳибқироннинг бетакрор ҳарб илми ҳақида сўзлаб, қайсидир ҳарбий ўқув юрти курсантларини ўзига сомеъ қилиб турган бўлади… Асосийси – танлов ғолиблари Тўлқин ака ҳузуридан ҳеч қачон совринсиз, яъни китобсиз қайтишмайди. Соҳибқироннинг хазинаси ана шундай, баракали.

Тўлқин Ҳайит ҳеч қачон ишидаги муаммолардан шикоят қилмаган. Доимо очиқ чеҳра ва ўзгача виқор билан юради. Шу боис, Тўлқин Ҳайит чиндан ҳам жуда бой одам эканлиги, унинг хазинаси Темурбек бобонинг беҳисоб жавоҳирлари билан лиқ тўла эканига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Аслида, ҳазрат Соҳибқирондан қолган жавоҳирлар қудрати “хазинабон” Тўлқин Ҳайитнинг ташкилотчилиги ва тиниб-тинчимаслигида, бой тафаккурида эканини жуда кам одам билади. Агар ёзган китоблари бир нусхадан устма-уст тахлаб чиқилса, адибнинг бўйидан анча баланд минора ҳосил бўлади…

Тарих китобларида ёзилишича, Темурбек танлаб олган саркардалар ўзларининг ҳарбий маҳоратларини нафақат уруш кезларида, балки тинч меҳнат чоғида ҳам намойиш этишга тинмай ҳаракат қилар эдилар.

Бу маълумот ҳазрат Соҳибқироннинг бугунги фидойи жангчиларига ҳам бирдек тегишлидир. Ёзувчи Тўлқин Ҳайит фаолияти – бунга яққол мисол бўла олади.

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
xxx video gratis porno italiano