Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Кўҳинур олмоси

Кўҳинур олмоси
13 Nisan 2019 - 12:32 'да юкланди ва 438 марта ўқилди.

КЎҲИНУР ОЛМОСИ
Ҳумоюн хотиралари

Бугунги кунда Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи нафақат юртимизда, балки бутун дунйода ҳурмат билан тилга олинади. Аммо биз унинг тўнғич ўғли шаҳзода Ҳумоюн Мирзонинг ориятига берилган юксак баҳо ҳақида сўз юритмоқчимиз.

Маълумки, Бобур ҳинд тупроғига илк қадам қўйган пайтида Ҳиндистонда ҳокимият парокандаликка юз тутган эди. Хусусан, Гвалиор вилоятида рожа Бикрамадитя ҳокимлик қилаётган эди (у Шамсободда Иброҳим Лоди билан бўлган жангда вафот этади). Панипатдаги ғалабадан сўнг Ҳумоюн бошлиқ қўшин Деҳлидан ўтиб кетма-кет қасрларни ишғол қилиб боради. Ўша қасрларнинг бирида рожа Бикрамадитянинг хотини, бўй етган икки қизи ва бир ўғли яшарди.

Рожанинг 20 ёшлардаги ўғли Ҳумоюнни илиқ қарши олади. Отасининг қотилини ўлдиргани учун миннатдорчилик билдиради. Ҳумоюн ҳам унга ва унинг оиласига илиқ муомалада бўлади. Ўша кеча Вайс исмли бир бекни элликтача йигити билан рожанинг қасрида қолдириб, ўзи қасрнинг ҳовлисидаги боққа чодир тиктириб, ўша ерда тунайди. Кечаси қасрда қўққисдан тўполон кўтарилади. Ҳумоюн тезда қўриқчилари билан қасрга кирса, Вайснинг йигитларидан бири ички эшик олдида қонга беланиб ўлиб ётибди. Иккинчи қаватнинг зинапоясида турган ўн саккиз ёшли гўзал қиз чувалиб ётган ипак сарисини титроқ қўллари билан олиб, яланг елкасига ёпишга уринаяпти.

Маълум бўлишича, Вайс рожанинг шу қизини ёқтириб қолиб, навкарлари ёрдамида уни ўз хонасига олиб келмоқчи бўлган. Қизнинг акаси қаршилик кўрсатиб, бир навкарни ўлдирган. Энди бунинг қасдига навкарлар ёш рожанинг ўзини ўлдирмоқчи бўлиб турганида, Ҳумоюн кириб келади. Рожани озод қилиб, Вайсни ҳибсга олдиради. Қолганларга ҳам муносиб жазо белгилайди. Шунда зинапоядан ёш рожанинг онаси қўлида кичгина садаф қутича билан тушиб келади. У олий табақанинг ўқимишли аёлларидан эди. У Ҳумоюнга юзланиб:

– Шаҳзода, менинг бисотимдаги энг катта бойлигим мана шу қутичанинг ичида. Мен учун фарзандларим дунё-нинг ҳамма бойликларидан азизроқ. Сиз ўғлимнинг жонини қайтариб бердингиз. Мана бу қутичадаги улуғ олмосни сизга атайман, дея қутичани Ҳумоюнга беради. Бу унинг орияти учун берилган юксак баҳо эди.
Афсона

Кўҳинур олмоси ҳақида кўплаб афсоналар юради. Қадимшунос Санскрит бундан 5000 йил олдин Кўҳинур (Сямантака) топилгани ҳақида ёзиб қолдирган. Бир нечта ҳинд мифларида ҳам, Маъбуд Кришна Кўҳинурни Жамабавантадан олгани айтилади. Ривоятга кўра, Кришна олмосни Сатражитнинг укаси Сатражизни ўлдириб олганликда айбланади (аслида у ов пайтида шер ҳамласидан ўлади). Ваҳоланки, олмосни Жамабаванта олган бўлади. Ўзини оқлаш мақсадида Кришна Жамабаванта билан жанг қилади. Кришна Жамабавантанинг қўшинини тор-мор қилиб, олмосни Сатражитга қайтаради. Сатражит уялганидан Кришнага қизи билан бирга Кўҳинурни ҳам таклиф қилади. Аммо Кришна унинг қизи Сатябҳамани қабул қилиб, олмосни эса рад этади.

Тарихий манба

Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Кўҳинур Какатия қироллигининг (Ҳиндистон) Гунтур вилоятида дунёдаги энг қадимий олмос конларидан бирида топилган. Бу кон 1730 йили бразилияликлар томонидан қайта кашф этилмагунча фақат мана шу олмос учун ҳам эсланар эди. Илмий манбаларда “Голсонда” номи билан тилга олинадиган ушбу кон олмослари ўзининг софлиги, шаффофлиги ва тиниқлиги билан бош¬қаларидан ажралиб туради. Улар жуда ноёб ва камёбдир.

Мазкур олмос дастлаб Какатия қироллигининг мулки ҳисобланган. Килжи динас¬тиясига мансуб бўлган бу олмосни Ғиёсиддин Туғлиқ Шоҳ кейинчалик ўз ҳоқони Улуғ хонга юборади. Шу тариқа барча олтин, марварид, фил суяклари билан бирга Кўҳинур ҳам империя мулкига айланади. Кейинчалик бу олмос 1526 йилдан бошлаб то Британия босқинигача империя соҳиби Бобур ва унинг авлодлари ихтиёрига ўтади.

Кўҳинур биринчи марта 1526 йили “Бобурнома”да эсланади. Унда ёзилишича, олмос 1294 йили номаълум Малва рожасига тегишли бўлган. Бобур мазкур олмоснинг қиймати “Тамоми оламнинг икки ярим кунлик сарфига баробар” эканини айтади.

Бобурийлар олмоси

Бобур ва унинг фарзанди Ҳумоюн ўз хотираларида Кўҳинурни “Бобурийлар олмоси” деб эслашади. Ўша пайт¬да олмос Гвалиор вилоятини бошқараётган рожаларга тегишли бўлади. Бобур қўшинига қарши шафқатсиз жанг олиб борган Деҳли султони Искандар Лоди тор-мор этилгач, унинг барча мулклари Бобурга ўтади. Шундан сўнг Ҳумоюн қўшини билан Деҳлидан ўтиб, кетма-кет қаср¬ларни ишғол қилиб бориб, олмосни рожа Бикрамадитянинг хотинидан юксак эътироф ила қабул қилиб олади. Олмос Ҳумоюннинг вафотидан сўнг оз вақт унинг бош вазири Жалолхон тасарруфида бўлади. Ҳумоюннинг ўғли буюк саркарда Акбар умри давомида олмосга бирон марта ҳам қўли теккизмайди. Ке¬йинчалик афсонавий тош Шоҳжаҳон ихтиёрига ўтади.

Маълумки, Шоҳжаҳон машҳур Тож Маҳални қурдиради. Кейинчалик, унинг ўғли Аврангзеб уни Лоҳурдаги Бадшоши масжидига жойлаштиради. Олмос у ерда Нодиршоҳ давригача (1739 йили) сақланади.

Ўз даврида Нодиршоҳ Кўҳинурни “Агар бир одам бешта тош олиб бирини шарққа, бирини ғарбга, бирини шимолга, бирини жанубга ва бешинчисини осмонга отиб, тошлар етган манзил оралиғини олтин, марваридлар билан тўлдирса, Кўҳинур қийматига тенг бойлик бўлади” деган эди.

1747 йилда Нодиршоҳга уюштирилган суиқасддан сўнг олмос Афғонистонга, Аҳмад шоҳ Абдалий ихтиёрига ўтади. 1830 йили Шоҳ Хўжа Афғонистонни босиб олганидан сўнг тош яна Лоҳурга, кейинчалик эса Панжобга Махаража Ранжит ихтиёрига ўтади.

Олмоснинг янги даври

Панжобда ўз ҳукмронлигини ўрнатган Ранжит Синг 1839 йили оламдан ўтади. 1849 йилнинг 29 мартида Лоҳурда Британия байроғи кўтарилади. Бу Панжоб ҳам ўз-ўзидан Британия қарамлигига ўтди, дегани эди.

Маҳаражанинг бошқа бойликлари қаторида Кўҳинур ҳам Британия ихтиёрига ўтади. Бу ишга бош-қош бўлган Лорд Далхаус Кўҳинурни қироличага катта мамнуният билан совға қилади.

Лорд Далхаус ўз эсдаликларида шундай ёзган эди: “Мен олмосни қироличадан хабар келгунича плашимнинг чўнтагида сақладим. Ниҳоят, қироличадан олмосни Британияга олиб бориш тўғрисида мактуб келганидан сўнг чўнтагимни қарасам, олмос йўқ эди. Шунда бир муддат қотиб қолдим ва мункиллаб қолган хизматкор чолни чақириб, ундан чўнтагимдаги нарсаларни сўрадим. У “Ҳа мен олгандим. Хонангиздаги қутининг ичида” – деди бамайлихотир.

– Тезда олиб кел-чи,-дедим ҳаяжон билан. У кичкина қутичани келтирди-да ичидан олмосни олиб менга узатди ва “Шунга шунчаликми, бу оддий шиша-ю, хўжа¬йин” – деди.

Олмоснинг Лондонга саёҳати

Лорд Далхаус 1850 йилда Маҳаражанинг 13 ёшли ўғли Дулип Синг Кўҳинурни ўз қўли билан қиролича Викторияга топшириши учун Британияга сафар уюштиради. Унга Ғарбий Белгияда ҳизмат қилган Доктор Жон Спенсе Логин ҳамроҳлик қилади. Ўша пайтда Логин олмосни 1 000 000 фунтга баҳолайди.Ниҳоят 1850 йил 3 июл куни Кўҳинур тантанали равишда қиролича Викторияга топширилади. Бу хизматлари учун Логин 1854 йили қироллик рицари унвонига лойиқ топилади.

Маълумки, қадимий битикларда Кўҳинур хусусида “Кимки бу олмосга эгалик қилса, дунёга ҳукмрон бўлади. Аммо у фақат худо ёки аёлга тегишли бўлиши мумкин” дейи¬лади. Олмос Британияга келтирилганидан бери қиролликни фақат аёл жинсига мансуб (қиролича)лар бошқариб келмоқда.

Янгича жило ва жозиба

1852 йили Амстердамда шаҳзода Албертнинг техник хизматчиси Жеймис Теннант томонидан олмосга ишлов берилади. Ишлов бериш жараёнида 186 карат бўлган олмос 105 каратгача кичраяди. Бир пайтлар дунйодаги энг катта ҳисобланган Кўҳинур шундан сўнг катталикда ўз қийматини йўқотади.

Қиролича Викториядан сўнг қиролича Александра олмосни янги тожга ўрнатди. Шундан бошлаб, олмос қиролича тожини безаб келмоқда. 2002 йили Она қиролича вафотидан сўнг олмос тож билан бирга “Товер оф Лондон қасрига ўтказилди.

Кўҳинурга тааллуқли даъволар

Кўҳинурга оид даъволар ҳамон тўхтагани йўқ.1976 йили Покистон Бош вазири Зулфиқор Али Бхутто Британия Бош вазири Жим Саллагандан олмосни Покистонга қайтаришни сўраган эди. 1997 йили эса қиролича Элизабета II Покистон ва Ҳиндистон мустақиллигининг 50 йиллиги муносабати билан ташриф буюради. Шунда бир нечта маҳаллий зодагонлар Кўҳинурни Ҳиндис¬тонга қайтаришни талаб қилиб чиқишди. 2000 йили ноябрда эса Афғонистонда ўз режимини ўрнатишга ҳаракат қилаётган Толибон гуруҳи ҳам Британия ҳукумати Кўҳинурни Афғонистонга қайтариши керак, деган қатъий талабни қўйди. Эрон матбуоти эса олмоснинг ҳақиқий эгаси Эрон ҳукумати деган даъво билан чиқишлар қилиб туради.

Аслида унинг ҳақиқий эгаси ким? Бу ўринда Олаф Кароининг “Таймс” газетасидаги фикрларини эслатамиз: “У 203 йил Деҳлида, 66 йил Кандаҳор ва Кобулда, 127 йил Британияда бўлди (Бу мақола ёзилган пайт. Ҳозир эса 160 йил бўлди). Кўҳинурнинг ҳақиқий эгалари туркий қавмга мансуб Ҳиндис¬тон ҳукмдорлари эди, – дея ёзади Олаф Карои ўз мақоласида. Албатта, ҳозирги замонда олмосга очиқча даъво билан чиқиш бемаънилик бўлар, аммо турли соҳаларда таҳсил олаётган бугунги ёшларимиз ўз илми, одоби ва миллий орияти билан Кўҳинурга даъво қила олади деб ўйлаймиз. Келажакда дунё жамоатчилиги ўзбек ўғлонлари илми, одоби ва инсоний ориятига холисона баҳо бериб, Кўҳинурни айнан бизга муносиб кўрса, ажабмас!

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort