Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Темур тузукларидан

Темур тузукларидан
15 Nisan 2019 - 9:16 'да юкланди ва 404 марта ўқилди.

“Темур тузукларидан”: “Бохтарзамин ва Қандаҳорга кетаётиб, Ҳирманд дарёсининг бўйига етганимда тўхтаб бир юрт (қароргоҳ) ясаттирдим. Аскарларимни сийлаш учун бир неча кун ўша ерда турдим. Шу аснода Гармсир вилоятининг ХАЛҚИ ва СИПОҲИДАН қарийб МИНГ ОТЛИҚ ТУРК ВА ТОЖИК ҳам менга қўшилдилар (Таъкид меники. А.Ҳ.). Шу тариқа Гармсир вилояти ҳам менинг тасарруфимга ўтди”.

Бу воқеа 1362 йилнинг кузида содир бўлган. Гармсир – бу бугунги Афғонистон жанубидаги, Покистон ва Эронга яқин туман. Гармсирнинг бугунги аҳолиси 99 фоиз пуштун экан. “Тузуклар”дан англашиладики, ўша пайтлар бу “вилоятнинг халқи ва сипоҳи”нинг кўпчилигини турк ва тожик ташкил этган. Хўш, ўша турк ва тожиклар, уларнинг авлодлари бугунга келиб қаерга кетди? Тарихчиларга кўра, пуштунлар ҳақидаги илк маълумот VI асрга мансуб ва XV асргача улар миллат сифатида шаклланиб борган. Пуштунлар этногенезида асосан уч унсур: ҳинд, турк ва тожиклар иштирок этган, яъни Афғонистон жануби, Покистон ҳудудларидаги кўплаб туркий қабилалар пуштунлашиб кетган.

Маҳмуд Кошғарий “Девону луғотит-турк”да: “Турк бор жойда – тат бор”, деган мақолни бир неча бор ишлатади. “Тат” – бу ерда “форсигўй, тожик” маъносида. Яъни азалдан туркий, форсий элатлар, қабилалар ёнма-ён, бақамти яшашган.

Х асрда, ўша Гармсирдан сал тепароқда, бугунги Афғонистоннинг қоқ ўртасида жойлашган Ғазни шаҳри туркий ҳукмдорлар сулоласи – ғазнавийларнинг пойтахти эди. Ғазнавийлар ўрдуси ёки сипоҳи эса асосан турк аскарларидан иборат бўлган.

Ўша пайтда Ҳиндистонда бошқа бир туркий сулола – туғлуқийлар ҳукмрон эди. Деҳли султонлигига, ўша пайтда, Ҳиндистоннинг энг жанубидаги Мадурай вилоятигача бўлган ерлар, яъни бугунги Ҳиндистоннинг барча ерлари қараган. 1399 йили Соҳибқирон Ҳиндистон пойтахти Деҳлини забт этади. Умуман, Ҳиндистонда туркий сулолаларнинг ҳукмронлиги 1206 йилдан – мамлуклар сулоласидан бошланади.

Бу пайтда Бағдодда чингизий – жалоирийлар, Рум ерларида усмонлилар, Мисрда бошқа бир туркий сулола – мамлуклар ҳукмрон эди.

“Мамлук”ка (مملوك) луғатда “мулкка тегишли бўлган”, “мулк бўлган”, “оқ танли қул” каби изоҳлар берилган. Араб тилида ҳатто шундай ибора ҳам бор экан: (“انه جميل كالمملوك”) “аннаҳу жамилун к-ал-мамлук” – “У мамлукдай чиройли”. “Оқ танли қул” дейилишининг сабаби “мамлук” атамаси занжи қулларга нисбатан ишлатилмаган. Хуллас, Ислом оламида, халифаликнинг дастлабки йилларидан бошлаб ёш болаларни қўл сифатида сотиб олиб, улардан аскар тайёрлаш удуми бўлган. Араб тилида “ғулом” (“غلام”), кўплиги “ғилмон” (“غلمان”) – “ўғил бола”, “ўспирин” каби маъноларни билдиради. Ёшлигида сотиб олиниб, ҳарбийга жалб этилган бундай болаларга нисбатан “ғулом” дейилган. Туркий халқлар жанговар бўлганлиги учун ғуломлар, асосан, туркийлардан бўлган. Хуллас, бунинг натижасида, Ислом оламида барча жанговар кучлар турклардан иборат бўлиб қолганлиги учун, барча минтақалар бирин-кетин туркий сулолалар қўлига ўта бошлаган, ўрта асрларга келиб Ҳиндистон, Хуросон, Бағдод, Миср, хуллас, арабу ажамда туркийлар ҳукмрон эди. Шу боис Фирдавсий ўзининг Маҳмуд Ғазнавийга бағишлаб ёзган ҳажвиясида унинг келиб чиқишига ишора қилиб:

“Шоҳлардан бўлсайди у шоҳга падар,
Кийгизган бўларди менга тожи зар”, –

деб шикоят қилганди.

Аммо бу дегани ҳозирги Афғонистон, Эрон, Покистон, Ҳиндистон ҳудудларига туркийлар шу тарзда пайдо бўлди, дегани эмас. Эрамизнинг IV-VI асрларида бу ҳудудларда эфталлар ҳукмронлик қилган. Эфталлар буддавийлик инончини ўзларига дин сифатида қабул қилган, уларнинг пойтахти Бухоро шаҳри эди, бу шаҳарда буддавийлар монастири – Вхара бўлганлиги учун шаҳар шундай номланган. Л.Гумилёв ўзининг эфталлар ҳақидаги асарида уларни оқ хунлардан эканлигини ёзади. Гумилевга кўра, кўпгина тарихчилар кидарлар, хионалар ва эфталларни, уларни бир-бирларига аралаштирмаган ҳолда, оқ хунларга мансуб қавмлар деб ҳисоблайди. Яъни, мазкур ҳудудларда эроний, туркий қавмлар азалдан бақамти яшаган, айтайлик, Ҳиндистондаги мамлуклар дашти қипчоқдан келмаган. 1206 йили Ҳиндистонда Мамлуклар давлатига асос солган Кутбиддин Айбак Афғонистонда туғилган. “Турк бор жойда – тат бор”, – мақолини XI асрда яшаган Маҳмуд Кошғарийнинг ўзи тўқимаган. Бу мақол ундан олдинги асрларда мавжуд бўлган.

Абдувоҳид Ҳайит

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 1 Yorum )

  • Ахмад ҳожи Хоразмий ;

    Қайсибир манбада ўқиганимга қараганда: 1924 йилгача Ўзбекистонда ўзбеклар салмоғи 50%га ҳам етмаган. 1940 йилларга келиб бу кўрсаткич 60%дан ошган. Мустақилликдан кейин (1989) эса, Ўзбекистондаги ўзбеклар салмоғи 70%дан ошган. Бугунги (2017) кунда эса Ўзбеклар салмоғи 80 %дан ошган.
    Бунинг асосий сабаби эса бошқа миллатлар ҳам миллатини “ўзбек” деб ўзгартираётгани билан боғлиқ.

    15/04/2019 13:10
Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort